Фаластин қандай кичрайиб, Исроил қандай кенгаймоқда - тарихий ва бугунги хариталар - Янгиликлар Дунё

Сурат манбаси, Getty Images
Фаластинликлар ва Исроил ўртасида хавфсизликка эришишнинг энг яхши йўли - икки давлат ечими. Қуддусга борган АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкен худди шундай чақириқ билан чиқди ва тинчлик ўрнатиш учун "жадал қадамлар" қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Бироқ Исроилнинг ҳозирги янги раҳбарияти Фаластин давлати тузилишига қарши.
Охирги кунларда кучайган зўравонликлар ҳамда ҳужумларда ҳар икки тарафдан инсонлар нобуд бўлишди.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, EPA-EFE
Исроил ёнида мустақил Фаластин давлати бўлиши муҳимлигини урғулаган АҚШ вакилига кўра, акс ҳолда "Исроилнинг хавфсизлиги ва узоқ муддатли демократик яҳудий давлати сифатидаги ўзига хослигига зарар етади".
Исроил раҳбарияти АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкеннинг икки давлат ечими ҳақидаги чақириғига жавоб бергани йўқ.
Ҳозирги Исроил ҳукуматига келган сиёсий партиялар Фаластин давлати тузилишига қарши ва Фаластин тупроқларида яҳудий масканлари қурилишини кенгайтиришни исташади.
Исроил яҳудийлар учун қураётган масканлар ҳалқаро қонунлар нуқтаи назаридан ноқонуний саналади.
Бироқ ўтган ўн йилликлар давомида Фаластин тупроқлари кичрайиб, Исроил ишғол қилган ерлар кенгайиб борганини кўриш мумкин.
Қуйидаги харита 1920-йиллардаги Британия мандати остида бўлган Фаластин ҳамда Трансиордания ҳудудларини акс эттирган.

Мана бу пастдаги харитада эса БМТнинг Фаластинни бўлиш режаси аксланган.
Унда ҳам араб давлати (Фаластин), ҳам яҳудий давлати (бўлғуси Исроил) ҳудудлари гўё парча-парча ҳолатда режалангандек таассурот қолдиради.
Айни харитада Қуддус халқаро шаҳар сифатида белгиланган.

Навбатдаги харита эса Араб-Исроил урушидан кейинги аҳволни намоён этади.
Хусусан, Иордания ҳамда Миср ишғолини ва сулҳ чизиқларини акслантиради.
Бунда Ғарбий Соҳил ва Ғазо бўлгалари бир-биридан буткул узилган ва ҳудудлари БМТ режасидагидан анча кичиклигини кўрасиз.
Исроил сарҳадлари эса кенгайган.

Қуйида эса 1967 йилги урушдан кейинги тарози палласи қайси тарафга оққанини кўриш мумкин.
Мазкур харитада олдинги Миср ва Иордания ишғоли ўрнида энди Исроил ишғоли тўқ сариқ рангда аксланган.
Унда Исроил Суриянинг стратегик муҳим Жўлон Тепаликларини ҳам босиб олгани кўрсатилган.

1982 йилдаги ҳолатни кўрсатган харита эса Исроил-Миср тинчлик шартномасидан кейинги сарҳадларни чизади.
Бунда Исроил кучлари Мисрнинг Синай ярим оролидан чиқиб кетгани ифодасини топган.

Ниҳоят, пастда ҳозирги харита. У Фаластин фуқаролик назоратини ва тикланган Фаластин ҳудудларини чизади.
Ҳудудлар айқаш-уйқаш ва бир-биридан узилиб қолганини кўриш мумкин.
Айрим фикрларга кўра, бу ҳолатда тузиладиган Фаластин давлатининг яшаб кетиши даргумон.

Фаластинликлар ҳам, Исроил ҳам мустақил Фаластин давлати тузилиши борасида ўз шартларини илгари суришади.
Ҳудудлар, муқаддас гўшалар, фаластинлик қочқинлар, яҳудий масканлари ва яна кўплаб бошқа масалалар назарга олинса, тарафлар айни шартларни қанчалик ва ё қай алфозда қабул қилишади ёки йўқ - аниқ фикр айтиш ўта қийин.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












