Нега Би-би-си Ҳамас қуроллиларини "террорист" деб атамайди? - Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Дунёда кўп одамлар - сиёсатчилар, журналистлар ва оддий одамлар савол беришаяпти: нега Би-би-си Исроил ҳудудида даҳшатли ваҳшийликларни содир этган Ҳамас қуроллиларини "террорчи" деб атамаяпти?
Би-би-си Исроилга охирги ҳужумлар борасидаги хабарларда Ҳамас жангариларини "террорчилар" деб атамаслик қарорини ҳимоя қилди.
Британия мудофаа вазири Грант Шаппс Би-би-сининг мазкур сиёсатини "салкам шармандалик" деди.
Алоқадор мавзулар:
- Исроил Ғазодаги манзара "қабул қилиш қийин" ҳолатга келишини айтди ва қўллаб-қувватланишга умид қилмоқда
- Фаластин қандай кичрайиб, Исроил қандай кенгаймоқда? Тарихий ва бугунги хариталар - Янгиликлар Дунё
- Янгиликлар. Бугуннинг саволи: Ҳамас шунчалик кучайдими ёки Исроил нега ғафлатда қолди?
- Ғазаб ва қасос: Исроил Ғазода кимларни бомбалади?
Би-би-си сўзчиси агар иқтибосан келтирилмаётган бўлса, ушбу атамадан фойдаланмаслик Би-би-си мухбирларининг анъанавий мавқеи эканлигини таъкидлади.
Би-би-сининг фахрий мухбири Жон Симпсон "кимнидир террорчи деб аташ билан сиз тараф олаётган бўласиз" дейди.
Аммо жаноб Шаппс Би-би-си "ахлоқий компаси"ни аниқлаб олиши керак деди.
"Очиғи бу салкам шармандалик. Бу уларни қандайдир тенг кўриш. Улар икки томон бор деб доим айтишади", деди у LBC радиосига.
Унинг айтишича, "бегуноҳ одамларни, болаларни, фестивал қатнашчиларини, пенсионерларни сўйган" Ҳамас Британияда махсус таснифланган, яъни ҳукумат уни террорчи ташкилот сифатида кўради ва уни қўллаб-қувватлаш ноқонунийдир.

Сурат манбаси, .
"Улар озодлик курашчилари эмас, улар шунчаки жангари ҳам эмас, улар тўлақонли ва оддий террорчилардир. Ҳозир ҳам Би-би-си вебсайтига кириб, уларни террорчилар эмас, балки қуролланганлар, жангарилар деб аташаётганини кўриш одамнинг эътиборини тортади", деди жаноб Шаппс.
Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли ва маданият вазири Люси Фрейзер ҳам Би-би-сини ўз сиёсатини ўзгартиришга чақирди. Лейбористлар етакчиси Кейр Стармер эса Би-би-си «нима учун бу сўзни қўлламаслигини изоҳлаши керак» деди.
"Мен "террорчилик" ва "террорчи" дейман. Бу биз гувоҳи бўлиб турган нарсадир", деди жаноб Стармер LBC радиосига.
Бунга жавобан Би-би-си сўзчиси «биз ҳар бир ишлатаётган сўзимизга ўта жиддий қараймиз» деди.
"Бизни кўраётган ёки тинглаётганлар "террорчи" сўзини кўп бора эшитишади. Аммо бу сўзнинг кимдардир иқтибосан ишлатамиз, масалан, Британия ҳукуматидан иқтибосан".
"Бу бизнинг ўнлаб йилларча давом этиб келаётган ёндашувимиздир ва бошқа ОАВлар ёндашуви билан ҳамоҳанг".
"Би-би-си таҳририяти мустақил телерадиокомпания бўлиб, унинг вазифаси «жойида» нима бўлаётганини аниқ тасвирлашдир, токи аудитория ўзи хулоса чиқарсин.»
'Аудитория ўзи хулоса чиқарсин'

Сурат манбаси, AFP
Жон Симпсон танқидга Х да пост орқали жавоб берди. "Британ сиёсатчилари Би-би-си нима учун "террорчи" сўзидан тийилишини жуда яхши билишади. Йиллар давомида ўзлари ҳам бунинг тўғрилигини хос суҳбатларда тан олишган", деб ёзди у.
"Кимнидир террорчи дейиш тараф олиш, вазиятни холис ёритишдан воз кечишдир.
Би-би-сининг иши фактларни аудитория эътиборига ҳавола қилиш, самимий ва босиқлик билан хулоса чиқаришни уларнинг ўзларига қолдиришдир."
Би-би-сининг таҳририй сиёсат ва стандартлар бўйича директори Дэвид Жордан Radio 4'нинг The Media Show'ига айтишича, бу меъёрлар кўплаб йиллардан буён мавжуд ва ундан тарафкашлик олдини олиш кўзланган.
У шундай деди: "Бу барча тоифадаги аудиториянинг биз бераётган хабарга ишончини сақлаш, Би-би-си бир томонга қарши бошқаси тарафда турибди деб ўйламасликларини, жуда мураккаб шароитда журналистларимизнинг тўғри, холис ва ҳаққоний бўлишини таъминлаш учундир".
Бошқа телерадиокомпаниялар орасида на Sky News ва на ITV, Channel 4 ва Channel 5'ни янгилик билан таъминловчи ITN аниқ таҳририй сиёсатга эга эмас ва улар ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида қарор чиқаради. Sky News ва ITV News вебсайтларида Ҳамас асосан жангарилар деб таърифланса ҳам, ITV уларни террорчилар деб ҳам таърифлайди.
Исроил-Ғазо уруши ўтган якшанба, яъни Ҳамас Исроилдаги жамоаларга ҳужум қилиб, камида 1200 одамни ўлдириб, ўнлабини асир олиб кетгандан буён янгиликларда муҳим ўрин эгаллаб турибди
Исроил Ғазони бомбалаш, ҳаво ҳужумларида 1000 дан ортиқ одамни ўлдириш ва электр, ёқилғи ҳамда сув таъминотини узиб қўйиш билан жавоб берди.
Би-би-сининг таҳририй қўлланмасида нима дейилади?
Корпорациянинг таҳририй қўлланмасида "террорчи" сўзи "тушунишга ёрдам беришдан кўра унга тўсиқ бўлади" дейилган.
"Биз ўз аудиториямизга ҳодисаларни тасвирлаш орқали унинг оқибатлари ҳақида тўла маълумот беришимиз керак", дейилади унда.
"Ҳаракатни содир қилувчини "бомбаловчи", "ҳужумчи", "қуролланган", исёнчи" ва "жангари" каби сўзлар билан махсус таърифлашимиз лозим."
"Бошқа одамлар гапини ўзимизники сифатида тақдим қилмаслигимиз керак. Биз обьектив бўлиш, аудитория ким кимга нима қилганини ўзи баҳолашига имкон берадиган шаклда хабар беришга масъулмиз."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













