Эрон Исроилга уюштирилган ҳужумга ёрдам берганми? Янгиликлар Yangiliklar Isroil

EPA/EFE/REX

Сурат манбаси, EPA/EFE/REX

Сурат тагсўзи, Эрон Исроилга қарши ҳужумларни олқишлади, аммо алоқадорликни рад этади.
    • Author, Пол Адамс
    • Role, Би-би-си дипломатик масалалар мухбири

Ҳамаснинг Ғазо сектори теварагидаги Исроил жамоаларига ҳужуми бошлангандаёқ Исроилнинг бош душманининг бу ҳодисада қўли бор ёки йўқлиги масаласи муҳокама қилина бошлади.

Wall Street Journal Ҳамас ва Ливаннинг жангари ҳаракати Ҳизбуллоҳ аъзоларидан иқтибосан Эрон ҳужумга бир ҳафта бутун оқ фотиҳа бергани ҳақида хабар берди.

Аммо Вашингтондаги юқори мартабали мудофаа расмийси кейинроқ АҚШда Эроннинг ушбу ҳужумга ёрдам берганини тасдиқловчи далиллар "ҳозир йўқ" деди.

Шунга қарамай, ушбу даъволарнинг чинлиги эҳтимоли катта. Агар бу ҳужумда Эроннинг қўли борлиги аниқланса, можаро минтақавий тус олиши мумкин.

Эрон етакчилари ҳужумларни роса олқишлаётган бўлса ҳам, унга аралашганликларини қатъий инкор этишмоқда.

"Эроннинг эҳтимолий роли ҳақидаги тахминлар сиёсий сабабларга асосланади", дейди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги.

Эрон бошқа давлатларнинг қарор қабул қилишига аралашмайди", дея қўшимча қилди вазирлик сўзчиси.

Аммо буларнинг бирортаси ҳам Эрон амалда аралашмаганини билдирмайди.

АҚШ "ҳозиргача" Эрон ҳужум ортида турганини тасдиқловчи далилга эга эмаслигини айтяпти. Шунга қарамай, давлат котиби Энтони Блинкен "қалин алоқалар бор"лигини таъкидлаган.

Блинкеннинг айтишича, Вашингтон ҳали Эроннинг алоқадорлиги бўйича далил-исботни кўргани йўқ.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Блинкеннинг айтишича, Вашингтон ҳали Эроннинг алоқадорлиги бўйича далил-исботни кўргани йўқ.

Теҳрон кўп йиллардан бери Ҳамаснинг асосий ҳомийсидир, унга молиявий ёрдам беради, катта миқдорда қурол, жумладан, ракеталар етказиб беради.

Исроил Эроннинг Ғазога таъминот каналларини узиш учун анчадан буён ҳаракат қилади. Бу каналлар Судан, Яман, Қизил денгиздаги кемалар ва назоратсиз Синай ярим оролидаги бадавий контрабандистлардан иборат.

Исроилнинг энг муросасиз душмани сифатида Эрон яҳудий давлатининг инқирозга юз тутишидан катта манфаатдор.

"Эрон бу ишларга бош қўшган дейиш муболаға деб ўйламайман", дейди Исроилнинг ташқи жосуслик хизмати Моссаднинг собиқ юқори мартабали расмийси Ҳайм Томер Би-би-сига.

"Бу Эроннинг Исроил ва Саудия ўртасида кетаётган тинчлик музокараларига жавоби."

Аммо жаноб Томернинг айтишича Эрон шанба кунги ҳужумларга буйруқ берган деб айтиш "бироз оширишдир".

"Ҳа, Эрон Ҳамасга асосий қурол-аслаҳа етказиб берувчи ва уларни Сурияда ва ҳаттоки Эронда ўқитгани ҳам бор гап", дейди у.

Унинг айтишича, Исроил сўнгги ойларда Ҳамас расмийларининг ҳаракатларини кузатган.

"Биз Солиҳ ал-Арурий (ташкилотнинг ҳарбий қаноти раҳбари) ва бошқа Ҳамас етакчилари каби одамларнинг Ливан ва Эронга тез-тез қатнагани, учрашувлар ўтказаётганини, жумладан [Олий етакчи Оятуллоҳ] Ҳоманаийнинг ўзи билан учрашганини биламиз".

Аммо бу "яқин алоқа" ҳужум вақтини тушунтириш учун етарли эмас, дейди Томер.

"Ҳамас Исроилдаги ички можарога жуда мослашган эди.

Исроилга Ғазодан ракеталар отилиши давом этяпти.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроилга Ғазодан ракеталар отилиши давом этяпти.

Эрон барча логистик ва ҳарбий жиҳатларни қўллаб-қувватлайди, аммо, менимча, бу қарор Ҳамас раҳбариятининг камида 75% мустақил қарори бўлган".

Тел-Авив университетининг Эрон бўйича эксперти Раз Зиммт ҳам шундай фикрда.

"Бу Фаластиннинг ўз ҳикоясидир", деб ёзди у бугун ижтимоий тармоқда.

Wall Street Journal маълумотларига кўра, ўтган душанба куни Байрутдаги йиғилишда Эрон ҳужумга яшил чироқ ёққан.

Номи ошкор этилмаган Ҳамас ва Ҳизбуллоҳ манбаларининг газетага айтишича, Эрон Ислом инқилоби гвардияси корпуси зобитлари шанба кунги ҳаво, қуруқлик ва денгиз амалиётини ташкил қилиш учун август ойидан бери Ҳамас билан бирга ишлаган.

Ҳамас ҳужуми видеоларидан кўриш мумкинки, гуруҳнинг бу сафарги ҳужуми Ғазо сектори атрофидаги Исроилнинг хавфсизлик деворини бузишга ўтмишдаги қўпол уринишларидан анча яхшироқ чиққан.

Ракеталар, дронлар, транспорт воситалари ва двигателли делтапланлардан бир вақтда фойдаланиш операцияни режалаштирганлар гибрид урушнинг бошқа сўнгги усулларини, эҳтимол Украинани ҳам ўрганганини кўрсатади.

Аммо Разнинг айтишича, ҳужум қарорини "Ҳамас Фаластин воқелигини ҳисобга олиб, ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда" қабул қилган.

"Ҳамас Эрон ёрдамидан фойдаланганми? Албатта ҳа. Бу ҳаракатдан Эрон манфаатдор эдими? Ҳа. Ҳамасга Эрон рухсати керакми? Йўқ".

Исроилда ҳозирда 900 одам ҳалок бўлгани тасдиқланди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроилда ҳозирда 900 одам ҳалок бўлгани тасдиқланди.

Ҳамас бир неча йиллардан бери ўзининг элита бўлинмаларини қурмоқда, дейди Моссаднинг собиқ расмийси Ҳайм Томер.

"Улар аввалги даражаларидан яхшироқ ишлашди", дейди у.

Исроил расмийлари ҳозир шимол ва жанубга қараб, бундан кейин нима бўлишини ва Эроннинг иштироки янада ойданлашиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Эроннинг Ливандаги иттифоқчиси Ҳизбуллоҳ аллақачон Исроил томонидан босиб олинган Голан тепаликларига иккита кичик ҳужум уюштирган. Исроил ҳарбийлари Ливандаги нишонларни уриш учун вертолётлардан фойдаланганини айтди.

"Ҳамаснинг ҳужуми Яқин Шарқдаги ҳолатни ўзгартирувчи воқеа бўлиб, у Эронни доимий қўллаб-қувватловчиликдан тўғридан-тўғри иштирокчига айланишга мажбурлаши мумкин, айниқса Исроилнинг жавоби Ҳамас учун жиддий муаммо туғдирса", дейди жаноб Раз.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002