Янгиликлар: Ғазо ўликларни қандай санамоқда? Yangiliklar, Urush

falastinliklar

Сурат манбаси, EPA

    • Author, BBC Verify
    • Role, BBC News

Ҳар қандай уруш майдонида ўлик санаш осон эмас. Ғазо ҳам бу борада бошқаларидан мустасно эмас.

Жанглар қизиб борар экан, Исроилнинг тинимсиз ҳаво зарбалари, ердаги ҳужумлар, алоқадаги узилишлар, нуқсонли ва вайрон бўлаётган инфратузилма - буларнинг бари ўлганлар сонини аниқлашни ўта қийин қилиб қўяди.

Фаластин расмийлари айтишича, Ғазодаги алоқа узилишлари сабабли маълумотларни янгилаш жуда қийин бўлиб бормоқда.

Ўлганлар сони бўйича Ғазонинг расмий манбаси Ҳамас назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигидир. Душанба оқшомида 7 октябрдан буён 11240 одам ўлгани ва шулардан 4630 нафари болалар экани хабар берилди.

Исроил бу рақамларга шубҳа билан қарайди. Унинг ўзи ҳам яқинда ўлган исроилликлар сонини 1400дан 1200га туширди.

АҚШ президенти Жо Байден Ғазо статистикасига ишонмаслигини айтди. Аммо БМТнинг Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти каби халқаро институтлар бу рақамларга ишонмаслик учун асос йўқлигини айтмоқда..

line

Мавзуга алоқадор мақолалар:

line

Би-би-си Ғазода ўлганлар сони қандай саналаётганига назар ташлади.

Рақамлар

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги мунтазам равишда ижтимоий тармоқларда қурбонлар сони, жинси, ёши ҳақида хабар беради. Рақамлар ўлим сабабини кўрсатмайди, лекин ўлганларни "Исроил агрессияси" қурбонлари дейди.

Вазирлик ярадорлар ва бедарак йўқолганлар ҳақида ҳам маълумот беради. Фаластин Қизил Ярим ой жамиятига кўра, баъзи жасадлар ҳамон вайроналар остида ётибди.

Соғлиқни сақлаш расмийлари таъкидлашича, ўлимлар тиббиёт ходимлари томонидан қайд этилган ва рақамлар фақат касалхонада вафот этганларни ўз ичига олади. Бу рақамларда ҳарбий ва тинч аҳоли ажратилмайди. Уларда портлашлар содир бўлган жойда ҳалок бўлганлар, жасади топилмаганлар ёки дарҳол дафн этилганлар ҳисобга олинмагани учун асл вазиятдан кам бўлиши мумкин, дейди Ғазо расмийлари.

iqtibos

Ўтган ҳафта АҚШнинг юқори мартабали амалдори қурбонлар сони хабар қилинганидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтганида бу фикрни тасдиқлади.

"Очиғи, улар сони жуда юқори деб ўйлаяпмиз, - дейди Давлат котибининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси Барбара Лиф Вакиллар палатаси Ташқи ишлар қўмитасига. - Улар хабар берилаётганидан ҳам юқори бўлиши мумкин".

Унинг бу гапи 25 октябрь куни "фаластинликлар қанча одам ўлдирилгани ҳақида ҳақиқатни гапираяптими, йўқми, билмайман" деган Байденнинг гапидан кескин фарқ қилади.

Бироқ, президент шубҳалари учун ҳеч қандай асос келтирмади.

Байден бу рақамларни рад этганидан бир кун ўтиб, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўшимча маълумот бериб, 7 октябрдан 26 октябргача ўлдирилганларнинг исмлари рўйхатини эълон қилди. Рўйхатда ёши, жинси ва идентификация рақамлари бўлган 6000 дан ортиқ тўлиқ исм берилган.

Бу рўйхат қандай тузилган? Би-би-си бу маълумотларни тўплаш ва тартибга солиш билан шуғулланадиган одамлар, шунингдек, исмлар рўйхатида дубликатлар бор-йўқлигини текширган олим билан суҳбатлашди.

Шунингдек, биз вазирлик берган рўйхатни ўзи мустақил тарзда ҳужжатлаштирган ўлимлар рўйхати билан солиштирган Airwars тадқиқот гуруҳи ва олдинги можаролар даврида Ғазо секторидаги ўлим кўрсаткичларини баҳолаган БМТ билан ҳам гаплашдик.

Ўлганлар қандай ҳисобга олинади?

odamlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ғазо шаҳар шифохоналарида одамларни даволовчи Чегара билмас шифокорлар ташкилотининг Лондонда жойлашган пластик жарроҳи доктор Ғассон Абу-Ситта каби соғлиқни сақлаш ходимлари бу рақамларни қайд этишда муҳим роль ўйнайди.

Унинг айтишича, шифохона ўликхонаси марҳумнинг шахсини унинг қариндошлари ёрдамида тасдиқлаганидан кейин ўлим ҳолатини қайд этади.

Унинг фикрича, шу кунгача рўйхатга олинган ўлимлар сони аслида ҳақиқатда содир бўлганлардан анча кам. "Ўлимларнинг аксарияти уйда бўлади, - дейди у. - Уларни биз аниқлай олмаймиз, демак, қайд этилмайди."

Бироқ, жасад топилгач, уни "рўйхатга олиш учун шифохонага олиб бориш керак", дейди Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти вакили.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатини ўрганиш учун Би-би-си бизнинг репортажимизда келтирилган марҳумлар исмлари билан қиёслади. Би-би-си хабар қилган шундай ўлимлардан бири доктор Мидҳат Маҳмуд Сайдам бўлиб, у 14 октябрда ўлдирилган. Би-би-си унинг собиқ ҳамкасблари билан суҳбатлашди.

Би-би-си сунъий йўлдошдан олинган суратлар таҳлили унинг вафот этган кунида у яшаган ҳудудга зарар етганини кўрсатади. Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган суратда унинг исми ва тафсилотлари ёзилган жасад қопи акс этган.

bbc

Airwars ҳам шунга ўхшаш шаклда ишламоқда, аммо каттароқ миқёсда. Тинч аҳоли ўлимини текшириш бўйича ишининг бир қисми сифатида у Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатидаги ҳалок бўлганлар исмларини бомбаланган ҳудудлар билан солиштирди. Ҳозиргача Airwars вазирлик рўйхатидан ўзи текширган бешта йўналиш бўйича 72 исмни топди, улар орасида доктор Сайдам ҳам бор.

Текширувда, шунингдек, унинг оиласининг 23 аъзоси ҳам вафот этгани, уларнинг барчаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатига киритилгани аниқланган.

Статистикани таҳлил қилиш

Би-би-си БМТ ва Human Rights Watch билан ҳам гаплашганда, улар Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган рақамларга ишонмаслик учун асос йўқлигини айтди.

БМТ Соғлиқни сақлаш вазирлигига минтақадаги қурбонлар ҳақида маълумот манбаи сифатида таянади.

"Биз уларнинг маълумотларини ҳисоботимизга киритишда давом этамиз ва улар манбага эга", дейилади баёнотда. "Ҳозирда ҳар қандай БМТ тасдиғини кундалик равишда бериб бориш деярли имконсиз."

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларини синчковлик билан ўрганиб чиққанлар орасида Лондон университетидан иқтисод профессори Майкл Спагат ҳам бор, у урушларда ҳалок бўлганлар сонини ўрганувчи Every Casualty Counts хайрия ташкилотига раҳбарлик қилади.

gazo

Сурат манбаси, Getty Images

Унинг айтишича, у ҳамкасби билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларида фақат битта такрорий ёзувни топган - бу 14 ёшли боладир.

Бироқ, бир тафовут қизғин баҳс мавзуси бўлиб қолмоқда - 17 октябрь куни Ғазо шаҳридаги Ал-Аҳли касалхонасида юз берган портлашда қурбон бўлганлар сони. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 500 киши ҳалок бўлганини айтди, бироқ кейинчалик бу рақам 471 га туширилди. АҚШ разведка маълумотларига кўра, улар сони камроқ бўлган, "эҳтимол, 100 дан 300 гача бўлган спектрнинг пастки қисмида". Исроил ҳарбийлари Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги "тинч аҳоли қурбонлари сонини доимий равишда ошириб келмоқда" деган даъвога ал-Аҳли маълумотларини асос қилиб оляпти.

Би-би-си Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланишга бир неча бор уринди, аммо ҳозирча улардан жавоб ололмади.

Профессор Спагат олдинги можароларни ҳам таҳлил қилган ва Ғазодаги соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотлари ўтмишда чиғириқдан ўтганлигини аниқлади.

У 2014 йили Исроил-Ғазо урушида Ғазо бомбардимон қилинганида соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўлганлар борасидаги рақамлари билан ўша йили Ғазода вафот этганларнинг сонини қайд қилган Исроилнинг B'Tselem маълумотларини солиштирган. Профессор Спагат рақамлар бир-бирига яқин эканлигини аниқлаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2014 йили Ғазода 2310 киши ҳалок бўлган. B'Tselem 2185 киши ўлдирилди деган. БМТ эса 2251 фаластинликлар ҳалок бўлгани, шулардан 1462 нафари тинч фуқаролар эканлигини айтган. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги 2014 йилги урушда 2125 фаластинлик ҳалок бўлганини айтган.

Профессор Спагатга кўра, бу каби фарқлилик нормал. Чунки айрим одамлар шифохонада можарага алоқаси бўлмаган ҳолатларда вафот этган бўлиши мумкин.

Босиб олинган Ғарбий Соҳил Рамаллоҳдаги Фаластин Статистика марказий бюроси президенти Ола Авад-Шакшир Ғазода ҳалок бўлаётган борасида сўнгги маълумотларни олиб туради.

Авад-Шакирнинг айтишича, Исроил Ички ишлар вазирлиги Ғазо ва Ғарбий Соҳилда янги туғилган чақалоқларнинг шахсини тасдиқловчи рақамларни самарали назорат қилади. Ҳамас бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги юритаётган ҳалок бўлганларнинг рўйхатида айнан шу рақамлар акс этади.

Исроил аҳолини рўйхатга олиш идораси Ғазо ва Ғарбий Соҳилда юритиладиган рўйхатга мос келувчи маълумотларни сақлайди.

Би-би-си Исроил мудофаа кучлари вакилига мурожаат қилиб, нега Ғазодаги ҳалок бўлганлар борасидаги рақамларни шубҳа остига олаётганини сўради. Унинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳамас филиали ва улар томонидан берилаётган ҳар қандай маълумотга "эҳтиёткорлик билан" ёндашиш зарур. Аммо у Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилаётган маълумотларнинг тўғри келмаслигига доир ҳеч қандай далил келтирмади.

Биз, шунингдек, Исроил Бош вазири идорасидан 7 октябр куни Ҳамас томонидан ўлдирилган исроилликларнинг сони қандай юритилгани ҳақида сўрадик.

Расмийлар ушбу саволга жавоб бермади. Бироқ Исроил сўнгги кунларда ҳужум натижасида ўлирилган одамларнинг рақамини 1400 дан 1200 га туширди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лиор Ҳаят рақамларнинг тушгани ҳужумдан сўнг кўплаб жасадларнинг шахси дарҳол аниқланмаганлиги ва энди эса "уларни исроилликларга эмас, балки террористларга тегишли деб ҳисоблаймиз", деди.

Гарчи айрим Исроил ОАВ ҳалок бўлганларнинг исми, ёши ва ҳалок бўлган жойини эълон қилган бўлса-да, Исроил ҳукумати тинч аҳоли орасида қурбон бўлганларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилмади

Исроил полициясига кўра, 850 дан ортиқ тинч аҳоли жасадлари шахси аниқланди, махсус суд экспертиза услублари билан қолганларининг шахсини аниқлаш давом этмоқда.

Ғазо бўлгасидаги жангларда ҳалок бўлган 48 нафар Исроил аскарларининг рўйхати оммага эълон қилинган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002