Исроил-Ғазо уруши бошланганидан буён вужудга келган беш вазият - Янгиликлар G'azo Isroil Dunyo Yangiliklar

Ғазолик эркак Исроилнинг Ғазо бўлгасидаги Жабалия қочқинлар жамлоғига ҳаво ҳужумидан кейин юзага келган вайроналар устида ўтириб йиғлаяпти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Жабалия қочқинлар жамлоғига ҳаво ҳужуми оқибати
    • Author, Жереми Боуэн
    • Role, Би-би-си халқаро муҳаррири, жанубий Исроил
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

7 октябрь куни Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми уюштирилгандан буён узатилаётган репортажлар, таҳлил ва шарҳларда умумий манзарани бериш кузатилмаяпти. Уруш майдонига кириб бориб, барча туманларни тарқатиб, борини бордек кўрсатиш осон иш эмас. Исроил ва Фаластин ўртасидаги урушнинг янги қиёфаси хали ўзини тўла намоён қилганича йўқ.

Воқеалар ҳамон юқори суръатда кечмоқда. Уруш кенгайиб кетиш хавфи сақланиб турибди. Яқин Шарқнинг янгича воқелиги қандай бўлиши эса урушнинг бундан кейин қандай ривожланишига, йил охиригача, эҳтимол келаси йилга узанажак жараёнлар силсиласига бевосита боғлиқ.

Алоқадор мавзулар:

Қуйида ҳозиргача нимани аниқ биламиз-у, нимани билмаслигимиз ҳақида сўзламоқчимиз. Рўйхатимиз тугал эмас, албатта. АҚШнинг собиқ мудофаа вазири Дональд Рамсфелд 2003 йили Ироқ уруши бошланганда "номаълум номаълумликлар" ҳақида гапирганда айримлар унинг устидан кулган эди. Дунёнинг бошқа қисмларида бўлгани каби бу қисмида ҳам биз билмайдиган ва билмаслигимизни ҳам билмайдиган номаълумликлар бор ва айнан шулар жиддий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

Исроил учун энг катта муаммолардан бири Ғазо остидаги ер ости йўллари. Бу туннеллар узунлиги умумий ҳисобда 500 километрга тенг бўлиши мумкин. Уларнинг аҳамияти Ҳамас учун жуда катта. Би-би-си Исроил ва Ҳамас урушининг кейинги босқичида бу йўллар қандай роль ўйнашини ҳикоя қилади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

1.

Бир нарса аниқ: исроилликлар Ғазо секторида Ҳамас ва унинг кичик ҳамкори "Исломий жиҳод"ни ағдариш учун урушни қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг ғазаби Ҳамаснинг ҳужумлари, унда 1400 дан ортиқ исроилликнинг ўлдирилгани ва Ғазо секторида гаровга олинган 240 га яқин одамнинг ҳануз озод этилмаганлигидандир.

Исроилнинг Кфар Аза киббуцида ёқиб юборилган уй

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳамаснинг Исроилга ҳужумида аксари Ғазо секторига туташ киббуцларда яшаган 1400 инсон ҳалок бўлди

Мен Исроил армиясининг истеъфодаги генерали Ноам Тибон билан учрашдим. 7 октябрда Ҳамас ҳужумидан кейин у рафиқаси билан Ғазо сектори чегарасидаги киббуц - Наҳал Озга бориб, ташқарида Ҳамас жангарилари айланиб юрганда жон сақлаш учун яширинган ўғли, келини ва икки набира қизини қутқарган. Мен ундан ўз таассуротларини сўрадим.

Тибон нафақага чиққан бўлиши мумкин, аммо 62 ёшида ҳам у анча тетик кўринади. У ўлган исроиллик аскарнинг автомати ва каскасини олиб, бир қанча аскарларни бошқарган ва ўша кунги тартибсизликда киббуцни тозалаган, оиласи ва бошқалар ҳаётини сақлаб қолган.

Генерал эски мактабни кўрган, дангалчи исроиллик зобит.

"Ғазо энди азоб ичида қолади... қайси халқ қўшниси келиб гўдаклар, аёллар ёки одамларни ўлдиришига қўйиб беради. Худди сиз (инглизлар) Иккинчи Жаҳон уруши пайтида душманингизни мағлуб қилганингиз каби. Ғазода шундай қилишимиз керак. Шафқат йўқ".

Ўлдирилган бегуноҳ Фаластин фуқаролари ҳақида нима дейсиз, деб сўрадим?

"Афсус, шундай бўляпти. Биз мураккаб ҳудудда яшаяпмиз, омон қолишимиз керак... биз қаттиқ бўлишимиз керак. Бошқа танлов йўқ".

Кўпчилик исроилликлар унинг фикрига қўшилади: Фаластин тинч фуқароларининг ўлими ачинарли, бироқ улар Ҳамаснинг қилмиши сабабли ўлмоқда.

ВВС муҳаррири Жереми Боуэндан иқтибос

Сурат манбаси, .

2.

Исроилнинг Ҳамасга ҳужуми даҳшатли қон тўкилишига сабаб бўлаётгани ҳам аниқ. Ғазонинг Ҳамасга бўйсунувчи соғлиқни сақлаш вазирлиги берган сўнгги маълумотга кўра, фаластинлик қурбон бўлганлар сони 9,000 дан ошди, уларнинг 65 фоизи болалар ва аёллардир.

Ҳалок бўлган эркакларнинг қанчаси тинч аҳоли эканлиги, Ҳамас ёки "Исломий жиҳод" сафида қанчаси жанг қилаётгани номаълум. АҚШ Президенти Жо Байден ва исроилликлар бу вазирлик маълумотларига ишонмайди. Аммо ўтган можароларда халқаро ташкилотлар у берган Фаластин қурбонлари статистикасини тўғри деб ҳисоблаган.

Битта даҳшатли босқич тез яқинлашмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълум қилишича, 21 ой олдин Россиянинг кенг кўламли босқинидан бери Украинада 9700 га яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Ўлган фаластинликларнинг баъзилари Ҳамас аъзолари бўлиши мумкин. Аммо бу улуш 10% га етса ҳам, катта гап. Бу атиги бир ой ичида Ғазода 2022 йил февралидан бери Украинада ўлганлар сонига тенг одам ўлганини билдиради. (БМТ билдиришича, Украина бўйича маълумотлар тўлиқ эмас ва ҳалок бўлган тинч аҳоли сони кўпроқ бўлиши мумкин, айни чоғда Ғазо секторидаги ўлганлар сони ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, чунки кўплаб фаластинликлар вайроналар остида ётибди деб ишонилади).

Ғазо бўлгасида эркак ва аёл гўдакни овутишга ҳаракат қилмоқдалар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, БМТ Исроилнинг Ғазо бўлгасига ҳужуми уруш жинояти деб кўрилиши мумкин дейди

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси Исроилнинг ҳаво ҳужумлари натижасида жуда кўп тинч аҳоли ҳалок бўлган ва яралангани сабабли, ҳужумлар номутаносиблиги ва уруш жинояти содир бўлаётгани эҳтимолидан жиддий хавотир билдирди.

Ҳамас ҳужумларининг дастлабки кунлариданоқ Президент Байден Исроилнинг Ҳамасни ҳокимиятдан четлатиш учун ҳарбий куч ишлатиш қарорини қўллаб-қувватлаб келади. Аммо у буни "тўғри" шаклда қилиш кераклигини ҳам бир неча марта таъкидлаган. У Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилувчи уруш қонунларига риоя қилиши кераклигини назарда тутяпти.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тел-Авивга келди. Кетишдан олдин у шундай деди: "Мен фаластинлик бола - ўғил ёки қиз бола қулаган бино вайроналари остидан олиб чиқилаётганини кўрганимда, исроиллик ёки бошқа жойлик болани кўргандек шокка тушаман".

Охирги 30 йил давомида Исроил урушлари ҳақида репортаж тайёрлаб келаман. Илгари бирор марта ҳам АҚШ маъмурияти Исроил уруш қонунларига амал қилиши кераклигини айтганини эшитмаганман. Блинкеннинг таъкиди Исроил Байденнинг маслаҳатига қулоқ солмаётганини кўрсатади.

3.

Бизга аниқ маълум яна бир нарса шуки, Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу қаттиқ босим остида қолган.

Исроилнинг хавфсизлик ва ҳарбий раҳбарларидан фарқли ўлароқ, Нетаняҳу 7 октябрда юз берган ҳужум ва унда ўлдирилган исроилликлар учун масъулиятни шахсан бўйнига олгани йўқ.

Ўтган якшанба, 29 октябр куни у жосуслик агентликларини айблаганда жиддий норозиликка сабаб бўлди. Нетаняҳу ёзган постини ўчирди ва узр сўради.

Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу Исроил байроғи олдида

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил бош вазири 7 октябр ҳодисаларида бошқаларни айблади

Уч исроиллик - собиқ тинчлик музокарачиси, Шин Бетнинг (Исроил ички разведка хизмати) собиқ раҳбари ва технология тадбиркори Foreign Affairs журналида Нетаняҳу урушга ва ундан кейинги барча нарсаларга аралашмаслиги кераклиги ҳақида мақола ёзди. Исроил Бош вазирининг содиқ тарафдорлари бор, аммо у Исроил ҳарбийлари ва хавфсизлик кучларидаги юқори мартабали шахслар ишончини йўқотди.

Оиласини сақлаб қолиш учун Нахал Оз киббуцига борган истеъфодаги генерал Ноам Тибон Нетаняҳуни 1940 йилда истеъфога чиқиб, ўрнини Уинстон Черчиллга бўшатиб берган Британия бош вазири Невилл Чемберленга қиёслайди.

"Бу Исроил давлати тарихидаги энг катта муваффақиятсизлик. Бу ҳарбий муваффақиятсизлик эди. Бу разведкадаги муваффақиятсизлик эди. Бунинг учун барча масъулият Бош вазир Бенжамин Нетаняҳуга тушади... У Исроил тарихидаги энг катта муваффақиятсизлик учун жавобгардир".

4.

Яна бир аниқ нарса шуки, эски тартибот йўқолди. Бу тартиб ёқимсиз ва хавфли эди, лекин у қандайдир тарзда барқарор ҳам эди. Тахминан 2005 йилдаги сўнгги Фаластин қўзғолони тугаганидан бери, Нетаняҳу бу тартиб давомий бўлишига ишониб қолганди. Бу барча томонлар - фаластинликлар ва исроилликлар учун бирдек хавфли алдамчи тасаввур бўлиб чиқди.

Бу тасаввурга кўра, фаластинликлар энди Исроилга таҳдид солмайди, улар шунчаки бош оғриғи, вақти-вақти билан оғриқ босиб турилса кифоя. Бу оғриқни эскича усуллар - қамчи ва ширинлик билан ёки "бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил" шаклида босиш мумкин деб ишонишди.

2009 йилдан буён кўп вақт бош вазир бўлган Нетаняҳу - 1996-1999 йиллар оралиғидаги олдинги даврдан кейин - Исроилнинг тинчлик бўйича ҳамкори йўқлигини таъкидлаб келди.

Эҳтимол, шундай бўлгандир ҳам. Ҳамаснинг асосий рақиби бўлган Фаластин маъмурияти (ФМ) касал ташкилот ва унинг кўплаб тарафдорлари кекса президент Маҳмуд Аббос истеъфога чиқиши керак, деб ҳисоблайди. Аммо у 1990-йилларда Исроил билан бирга Фаластин давлатини яратиш ғоясини қабул қилган эди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан қўл бериб кўришаяпти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Жаноб Нетаняҳу Ҳамас билан Маҳмуд Аббос( суратда ўнг томонда, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинекен билан) раҳбарлигидаги Фаластин маъмурияти ўртасини бўлишни истайди

Нетаняҳу учун "бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил" қоидаси Ҳамасга Фаластин Маъмурияти ҳисобидан Ғазо секторида ўрнашишига имкон беришни англатарди.

Исроилнинг энг узоқ вақт хизмат қилган Бош вазири доим оммага айтган гапларига эҳтиёткор бўлса ҳам, унинг йиллар давомида қилган ишлари мустақил Фаластин давлати қурилишига қарши эканлигини кўрсатарди. Чунки Фаластин давлати қурилгудек бўлса, Ғарбий Соҳил ва Исроил ўнг қанот партиялари яҳудийларгагина тегишли ҳисоблаган Шарқий Қуддус қўлдан кетар эди.

Вақти-вақти билан Нетаняҳунинг тор доирада айтган сўзлари чиқиб турарди. 2019 йилда бир қатор исроиллик манбалар у Ликуд депутатларига, агар улар Фаластин давлати қурилишини истамасалар Қатардан келаётган пул Ғазога ўтиб туришига қўйиб бериш кераклигини айтган. У Ғазодаги Ҳамас ва Ғарбий Соҳилдаги Фаластин Маъмурияти ўртасидаги хусумат давлат яратишни имконсиз қилиб қўйишини айтганди.

5.

Америка қўллаб-қувватлаган Исроил Ҳамаснинг ҳокимиятда қолишига тоқат қилмаслиги ҳам аниқ. Бу кўпроқ қон тўкилиши деганидир. Бундан ташқари, унинг ўрнини нима ёки ким эгаллаши номаълум.

Иордан дарёсидан Ўрта ер денгизигача ерни назорат қилиш учун жанжал араблар ва яҳудийлар ўртасида 100 йилдан ортиқ давом этмоқда. Узоқ ва қонли тарих сабоқларидан бири шуки, ҳеч қачон ҳарбий ечим йўқ.

1990-йилларда Осло тинчлик жараёни бошланди. Унда пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган Фаластин давлатини яратиш ғояси илгари сурилди. Кўп йиллик музокаралардан сўнг уни жонлантиришга Обама маъмурияти яна бир бор уриниб кўрди. Ўн йил олдин бу муваффақиятсизликка учради ва ўшандан бери можаро кучайди.

Исроиллик ҳарбий шифокор Ғазода ўлдирилган Исроил аскари дафн маросимида

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ғазода қуруқлик амалиётини бошлаганидан буён Исроилнинг 20 давн ортиқ аскари ҳалок бўлди

Президент Байден ва бошқалар таъкидлаганидек, янги урушлар олдини олишнинг ягона имконияти Исроил ёнида Фаластин давлатини қуришдир. Бу ҳар икки томоннинг ҳозирги раҳбарлари даврида имконсиз. Исроил ва фаластинлик экстремистлар 1990-йиллардан бери бу ғояни издан чиқариш учун қўлларидан келганини қилишди. Улардан баъзилари Худонинг иродаси шу дейди, шунинг учун уларни дунёвий муросага кўндириб бўлмаяпти.

Аммо агар шу уруш сабаб бўлиб чуқур илдиз отган хато ишончлар йўқолмаса, икки давлат ғоясини амалга оширишнинг бошқа иложи қолмайди. Можарони тўхтатишнинг ўзаро мақбул йўли бўлмаса, фаластинликлар ва исроилликларнинг янги авлодлари янги урушларга маҳкум бўлаверади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002