Янгиликлар: Исроил Ғазони қуршади, бўлгада 9 мингдан зиёд одам ўлдими, ярадорлар сони эса, ўн минглаб – Исроил Ғазони нима қилмоқчи? Isroil G'azo Yangiliklar

G'azoliklar

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳамас назорати остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар сонига оид маълумотларини янгилади. Вазирликнинг билдиришича, 7 октябрдан буён Ғазода 9000 мингдан зиёд одам ўлдирилган.

Сўнгги тафсилотлар.

Алоқадор мавзулар:

Муҳим нуқталар:

  • Ғазо шаҳри тўлиқ Исроил қуршовида.
  • Исроил Ҳамас мавқеълари, қароргоҳлари ва инфратузилмасига зарба бераётганини айтмоқда.
  • БМТга кўра, Ғазо бўлгасидаги бир мактабда 20 киши қурбон бўлган, тўртта бошпана вайрон қилинган.
  • Бугун, жума куни "Ҳизбуллоҳ" лидерининг Исроил-Ҳамас уруши бошланганидан буён илк бор ўз тарафдорлари қаршисида чиқиш қилиши кутилмоқда.
  • Пайшанба куни Рафаҳдан Ғазога яна гуманитар ёрдам юкланган 102 та машина ўтказилган.
  • АҚШ Давлат котиби яна Исроилда. Унинг жангларда гуманитар пауза қилишга чақириши кутилаётир.

Янги рақамлар

G'azo bo'lgasi

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Исроил 7 октябрдан бери Ғазога минглаб ҳаво ва артиллерия зарбаларини берди.

Ҳамас назорати остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар сонига оид маълумотларини янгилади.

Вазирликнинг билдиришича, 7 октябрдан буён Ғазода 9000 мингдан зиёд одам ўлдирилган.

Улардан тўрт мингга яқини болалардир.

Агар, янги рақамларга таянилса, Исроил ҳужумларидан яраланганларнинг сони бундан бир неча баробар кўп ва ҳозирга келиб, 32 мингдан ошган.

"Чегарасиз шифокорлар" халқаро ташкилотининг маълум қилишича, уларнинг 20 мингдан зиёди ҳануз Ғазо бўлгасида қолмоқда.

Миср ҳукуматининг маълум қилишича, чоршанба куни 330 дан ортиқ хорижлик ёки икки фуқаролиги бўлган шахс, 76 нафар оғир яраланган инсон ва беморлар Рафаҳ чегара ўтиш нуқтаси орқали тиббий ёрдам кўрсатиш учун ўз томонларига олиб ўтилган.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Аммо халқаро ташкилот янада кўпроқ одамни эвакуация қилиш, ўт очишни тўхтатиш ва экспертлар гуманитар инқироз авж олаётганини айтаётган Ғазо бўлгасига кўпроқ зарур ёрдам етказилишини талаб қилмоқда.

"У ерда ҳамма овқат, сув сўраётганидан шокка тушдим", - деб айтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уруш бошланганидан бери Ғазога киришига рухсат берилган энг юқори мартабали мулозими Филипп Лаззарини.

Ғазо ва жанглар

Isroil askarlari

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Агар, Исроил Мудофаа кучлари маълумотларига таянилса, сўнгги соатларда Ҳамаснинг 130 нафар расмийси ўлдирилган.

Исроил Армиясининг маълум қилишича, Ғазо шаҳри қуршаб олинган.

Армия матбуот котибининг сўзларига кўра, ҳарбийлари "Ҳамас мавқеълари, қўмондонлик пунктлари, ракета учирувчи майдончалари ва инфратузилмасига ҳужум қилади, "террорчилар"га қарши яқин масофадан туриб жанг қилади.

Исроил Армияси аллақачон ҳарбийлари ер ости туннелларидан ҳужум уюштираётган Ҳамас аъзолари билан тўғридан-тўғри жанг қилаётгани ҳақида хабар ҳам берган.

Агар, Исроил Мудофаа кучлари маълумотларига таянилса, сўнгги соатларда Ҳамаснинг 130 нафар расмийси ўлдирилган.

Ғазода қуруқликдаги операцияси бошлаганидан бери 20 дан ортиқ Исроил аскари ҳам ҳалок бўлган.

Асосий жанглар

Infografika

Сурат манбаси, .

Би-би-сининг сатҳнинг ўзида бўлган мухбири Рушдий Абуалуфнинг айтишича, Ғазо бўлгасида Исроил ва Ҳамас ўртасида бешта асосий жанг кетмоқда.

У бўлгадаги ҳарбий ҳаракатларга оид янги маълумотларни тақдим этди.

Мухбиримизнинг сўзларига кўра:

  • Асосий жанглар бўлга шимоли ва Ғазо шаҳри атрофида кечаётир.
  • Энг йирик жанг эса, бўлганинг "жуда кам одам қолган" шимоли-ғарбига тўғри келади.
  • Ҳамаснинг айтишича, унинг жангарилари танкка қарши ракеталардан фойдаланишмоқда ва Исроил Армияси билан шиддатли отишмаларга киришишган.
  • Пайшанбага ўтар кечаси ҳам ҳарбий ҳаракатлар тинмаган, Исроил Ҳамаснинг мавқеъларига ҳаводан яна зарба берган, иккита касалхонани ҳам нишонга олган. Исроил касалхоналарни бошқа жойга кўчишга чақириб келади.

Уруш узоқ давом этадими?

Жереми Боуэн

Би-би-си мухбири ва эксперти

Infografika

Сурат манбаси, .

Олинаётган маълумотларга кўра, Ғазодаги амалиётларини секинлик билан киришган Исроил олдинга силжий бошлаган.

Мавқеъларига Ҳамаснинг танкларга қарши ракеталари келиб урилиши оқибатида Исроил 17 ҳарбийсини бой беришга ҳам улгурган.

Исроил Мудофаа кучлари кеча, пайшанба куни эрталаб ҳарбийларининг позициялари акс этган бир қанча видеоларни эълон қилган.

Тасвирларга қараганда, Исроил кучлари Ғазо шаҳрига анча яқинлашишган, аммо бу жуда кичик ҳудуд эканлигини ҳам унутмаслик лозим.

Яъни, вазият тинч бўлган пайтда Ғазо шимолидан Ғазо шаҳри марказига бор-йўғи 15 дақиқада бориш мумкин.

Аммо Исроил армиясининг шаҳар дарвозаларига етиб бориши учун бир неча кун керак бўлди, бу уларнинг секин ҳаракат қилаётганини кўрсатади.

Шуни таъкидлаш керакки, бу Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршиликка ўхшамайди. Бу оғир артиллерияси билан бир-бирига зарба бераётган иккита улкан қўшин эмас.

Таҳлилчилар буни ассиметрик, яъни кучсизларнинг кучлиларга қарши уруши, деб аташади.

Шунинг учун ҳам Ҳамас Исроил билан очиқ жангга киришмоқчи эмас. Улар исроиллик аскарларга қарши пистирмадан туриб жанг қилишни афзал билишмоқда, дейди Би-би-сининг журналисти ва Яқин Шарқ бўйича эксперти Жереми Боуэн.

Таҳлилчиларга кўра, Исроил ҳарбийлари Ғазони нима қилишлари - бу ерда энг катта саволлардан бири бўлади.

1 ноябрь хроникаси

Исроил ва Фаластин: Ғазодан фақат ярадор ва чет элликларнинг чиқишига изн берилди

Ғазолик ярадор бола судраладиган кароват устида

Сурат манбаси, AFP

Мисрнинг Ғазо билан чегарасидаги Рафаҳ ўтиш нуқтасидан жароҳатланганлар ва хорижий мамлакат фуқароларининг чиқишларига рухсат берилди.

1 ноябр тонгидан Ғазо бўлгасининг Рафаҳ чегарадан ўтказиш нуқтаси олдида катта сондаги оломон тўпланди.

Би-би-си мухбири Рушди Абуалуф у ердаги 500 тача одам йиғилганини кўрганини хабар берди.

Фаластин тарафида чегарачилар дастлаб 88 ярадор Миср тарафига ўтказилиши, сўнг икки давлат фуқаролиги бор инсонлар Ғазодан чиқарилиши ҳақида айтишган.

Ғазолик ярадор бола судраладиган кароват устида

Сурат манбаси, AFP

Чегаранинг Миср тарафига "Тез ёрдам" машиналари олиб келинган, айримларининг Ғазо ичкарисига ўтиб ярадорларни олиб келишга кетгани хабар қилинди.

Ярадорлар миндирилган илк "Тез ёрдам" автомобиллари Мисрга ўтган.

Ғазодаги Исроил танклари

Сурат манбаси, Israel Defense Forces

7 октябрдаги Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ортидан бошланган урушдан кейин Ғазонинг Мисрга туташ Рафаҳ чегара пункти ёпиб қўйилган, фақат инсонпарварлик юкларининг ўтказилишига рухсат берилган эди.

Расмийларга кўра, Рафаҳдан ҳар куни 500 инсоннинг ўтишига рухсат берилган.

Ғазо бўлгасида 7000 атрофида икки мамлакат фуқаролиги бор деб кўрилади.

Мухбирлар 20 ярадор ва 100 дан ортиқ хорижий мамлакат паспорти эгалари бўлган инсонлар Мисрга ўтганини хабар қилдилар.

Ғазодан чиқиши мумкин бўлган одамлар ҳақида маълумот

Сурат манбаси, .

Исроил ва Ҳамас урушидаги охирги тафсилотлар:

  • Ҳамас назоратидаги Ғазо тиббиёт вазирлиги хабар қилишича, 7 октябрдан буён Ғазода ҳалок бўлган инсонларнинг сони 8796 га етди.
  • Исроил Ғазо бўлгасида 11 аскари ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.
  • Ғазода телекоммуникация хизматини кўрсатадиган провайдер Paltel бутун бўлгада телефон ва интернет узилгани ҳақида хабар қилди. Фақат мобил телефонида Исроил ёки бошқа хорижий мамлакат сим-картаси бўлганлар телефондан фойдалана олишлари мумкин.
  • Исроил Қизил денгизга ўзининг ракетали кемасини жойлаштиргани ҳақида хабар тарқатди. Бу кема Ямандан учиб келиши мумкин бўлган ракета ёки дронни уриб тушириш мақсадини кўзлайди. 31 октябр куни Исроилдан 2000 км узоқликдаги Ямандаги Ҳусий қабиласи Исроилни ҳужумга тутганлари ва бундан кейин ҳужум қилишлари ҳақида баёнот тарқатган эди.
  • 31 октябр тунида Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида фаластинликларнинг Исроил хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлари давом этган. Фаластин расмийларига кўра, тўрт фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг уч нафари Женинда ва бир киши Тулкаримда.
  • Ғазодаги ҳодисалар туфайли Боливия Исроил билан дипломатик алоқаларини узишга қарор қилганини эълон этди. Унинг ортидан Чили ва Колумбия ҳам Исроилнинг амалларига норозилик сифатида Исроилдаги ўз элчиларини чақириб олишга қарор қилганлари хабарини тарқатдилар.
  • Жабалия қочқинлар жамлоғига ҳужумни Исроил Ҳамас қўмондонини нишонга олгани билан тушунтирди. Исроилга кўра, Ҳамас қўмондони Иброҳим Биарий 7 октябр ҳужумлари тепасида турганлардан бири бўлган ва ҳаво ҳужуми оқибатида Иброҳим Биарий ва у билан бирга туннелда бўлган Ҳамас жангарилари ҳалок бўлганлар. Туннел вайрон бўлгани учун ер юзасида бўлган бинолар ҳам қулаган, оқибатда кўп сонда инсонлар ҳалок бўлган. Дастлаб Ғазо тиббиёт мулозимлари 50 инсон ҳаётдан кўз юмганини хабар қилдилар, шифокорлардан бири 120 одам ўлди, деб айтди. 400 инсон яраланган, жуда кўп болалар танаси қаттиқ куйган ҳолда шифохоналарга олиб борилган. Қатор мамлакатлар, шу жумладан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳамда халқаро ташкилотлар Жабалия ҳужумини кескин қораладилар.
  • Ғазонинг шимолидан жанубга қараб Исроил танк ва зирҳли техникаси ҳаракат қилиб келаяпти, улар Ғазо шаҳри томон силжияптилар. Исроилга кўра, Ғазо шаҳри остида Ҳамаснинг қўмондонлик ва назорат маркази жойлашган туннел тармоғи бор.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002