Янгиликлар. Исроил-Ғазо уруши: Путинга энди яхши бўладими? ПОДКАСТ Isroil Hamas Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Стив Розенберг
- Role, BBC муҳаррири
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Стив Розенберг: Путин Исроил-Ғазо урушидан фойдаланиб қолмоқчи.
Алоқадор мавзулар:
- Нега Би-би-си Ҳамас қуроллиларини "террорист" деб атамайди?
- Янгиликлар. Бунақаси бўлмаган: Ҳамас орқасида ким турибди, Исроилни енгиб бўладими, у ердаги ўзбекларга нима бўлди ва Шавкат Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди?
- Янгиликлар. Бугуннинг саволи: Ҳамас шунчалик кучайдими ёки Исроил нега ғафлатда қолди?
- Эрон Исроилга уюштирилган ҳужумга ёрдам берганми?
Нима гап?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Путинни тоғдаги яширин жойдаги бошқарув марказида туриб, дунё бўйлаб тартибсизлик уруғини сочиб ўтирган ёвуз одам қиёфасида тасаввур қилиш осон.
У бир тугмани босса, Болқонда тартибсизлик юзага келади.
У яна бошқа бир тугмани босса, Яқин Шарқ портлайди.
Бундай ўйлаш қизиқ... аммо тўғри тасаввур эмас бу. Бу билан Кремль раҳбарининг глобал таъсирини жуда бўрттириб юборган бўламиз.
Тўғри, Россия Ҳамас билан алоқаларга эга ва Эроннинг яқин иттифоқчиси. АҚШга кўра, Москва ва Теҳрон мудофаа масаласида тўлақонли ҳамкордир.
Аммо бу Ҳамаснинг Исроилга ҳужумида Москванинг бевосита қўли борлиги ёки буни аввалдан билганини англатмайди.
"Россия бирор шаклда бунга аралашганига ишонмаймиз", деди Исроилнинг Москвадаги элчиси Александр Бен Зви "Коммерсантъ" газетасига шу ҳафта берган интервьюсида. Ҳамаснинг Исроилдаги ваҳшийликларига Россиянинг алоқаси бор дейиш "ўта бемаънилик", дея қўшимча қилди у.
"Мен Россиянинг Ҳамасга қурол етказиб бергани ёки Россия ҳарбийлари Ҳамас жангариларини ўқитганига бирорта ҳам далил кўрмадим", дейди Берлинда жойлашган "Ядро қуролларини тарқатмасликни ўрганиш бўйича Жеймс Мартин маркази"дан Россия ва Яқин Шарқ бўйича эксперт Ҳанна Нотт.
"Тўғри, Россиянинг узоқ вақтдан бери Ҳамас билан алоқаси бор. Россия Ҳамасни ҳеч қачон террорчи ташкилот сифатида белгиламаган. Ҳамас делегацияси ўтган йил ҳам, бу йил ҳам Москвага борди".
"Аммо бундан катта ҳарбий қўллов бўлган деб хулоса қилмаган бўлардим. Ҳаттоки Россида ясалган айрим тизимлар эҳтимол Синай орқали ёки Эрон ёрдами билан Ғазога бориб қолган бўлса ҳам."
Бошқача айтганда, Президент Путин "Яқин Шарқ уруши" деб номланган тугмани босмаган.
Аммо у ушбу вазиятдан фойдаланиб қолмоқчими?
Албатта. Қандай қилиб?
Украинадан эътибор чалғиши

Сурат манбаси, AFP
Халқаро янгиликлар кун тартибида Яқин Шарқдаги зўравонлик тургани сабабли, Москва Россиянинг Украинадаги урушидан эътибор чалғишига умид қилмоқда.
Лекин гап фақат янгиликлар йўналишини ўзгартиришида эмас. Россия расмийлари, шунингдек, Яқин Шарқдаги вазият натижасида Ғарбнинг Украинага етказиб бераётган қуролларининг бир қисми Исроилга йўналтирилишига ҳам умид қилмоқда.
"Ушбу инқироз [Украинадаги] махсус ҳарбий операцияга бевосита таъсир қилади, деб ишонаман", деди россиялик дипломат Константин Гаврилов Кремлпараст "Известия" газетасига.
"Украина ҳомийлари Исроилдаги можаро сабабли чалғийди. Бу Ғарб украиналикларни ташлаб кетади, дегани эмас. Аммо ҳарбий ёрдам ҳажми камаяди... ва операциянинг бориши [Россия] фойдасига кескин ўзгариши мумкин. "
Россиянинг орзусими бу? Эҳтимол.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин НАТО мудофаа вазирлари йиғилишида "Биз Украинани қўллаб-қувватлаганимиздек, Исроилни ҳам қўллаб-қувватлай оламиз ва қўллаб-қувватлаймиз ҳам", деди.
Бироқ Яқин Шарқда чўзилган тартибсизлик Американинг иккита алоҳида урушда икки иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш қобилиятини синовдан ўтказади.
Россия воситачими?

Сурат манбаси, .
Россия ўзини потенциал тинчликпарвар сифатида кўрсатиб, Яқин Шарқдаги ролини оширишга ҳаракат қилмоқда.
У минтақадаги можароларни тугатиш бўйича илгариги халқаро саъй-ҳаракатларга ҳам қўшилиб турарди.
"Россия [можарони] ҳал қилишда ўз ролини ўйнаши мумкин ва ўйнайди ҳам, - деди президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков. - Биз можаро тарафлари билан алоқаларни давом эттирамиз."
Шу ҳафта Москвага ташрифи чоғида Ироқ Бош вазири президент Путинни минтақада "ҳақиқий ўт очишни тўхтатиш ташаббусини эълон қилишга" ундади.
Россия тинчлик ўрнатувчими? Қийин масала.
Ахир, Россия ўз қўшнисига тўла босқин уюштирган давлат. Тахминан 20 ой ўтди, Россиянинг Украинадаги уруши бутун дунёни ларзага соладиган миқёсда ўлим ва ҳалокатга олиб келди.
Қолаверса, сиз тинчликка эришишда "роль ўйнай оласиз ва ўйнайсиз ҳам" деганингиз билан бу можаро тарафлари сизни воситачи сифатида қабул қилишига кафолат бермайди.

Сурат манбаси, Reuters
Москванинг доим Яқин Шарқда манфаати бўлган, Совет Иттифоқи арабпараст позицияни эгаллаган эди, Исроил эса АҚШ билан яқин алоқаларни ўрнатган. Кўп йиллар давомида давлат томонидан дастакланган антисемитизм советлар ҳаётига сингган.
Совет империяси парчаланганидан кейин Россиянинг Исроил билан муносабатлари яхшиланди, бу қисман собиқ иттифоқ республикаларидан Исроилга бир миллиондан ортиқ яҳудийларнинг кириб бориши билан боғлиқ.
Аммо Владимир Путин Россияси охирги пайтларда Исроилнинг душманлари, хусусан Эрон билан яқинлашиб, Россия-Исроил муносабатларини хавфга қўймоқда.
Американи айблаш
Кремль бу ерда аввал кўп марта қилган ишини яна такрорлаш имкониятини кўрмоқда - Американи айблаш.
Ҳамаснинг Исроилга ҳужумидан сўнг, Владимир Путиннинг асосий гапи шу бўлди "бу АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати муваффақиятсизликка учрагани далолатидир".
Бу Москванинг "АҚШ гегемонлиги" деб атаган нарсага ҳужумининг умумий йўналишига мос келади.
Американи Яқин Шарқдаги асосий айбдор сифатида кўрсатиш Кремлнинг минтақадаги ўз мавқеини Вашингтон ҳисобидан мустаҳкамлаш усулидир.
Мен Яқин Шарқдаги воқеалардан Россия учун эҳтимолий фойда ҳақида гапиряпман. Аммо хавф-хатарлар ҳам йўқ эмас.
"Эҳтиёткорлик билан созланган турғун беқарорлик Россияга энг яхши хизмат қилади", дейди Ҳанна Нотт.
"Агар бу инқироз эътиборни Украинадан чалғитса ва Исроилнинг Қўшма Штатлар ички сиёсий муҳитида муҳимлигини ҳисобга олсак, ҳақиқий хавф мавжуд бўлса, ҳа, Россия қисқа муддатли фойда кўриши мумкин."
Аммо Россияга кенгроқ минтақа, жумладан, Ҳамасга қурол ва маблағ етказиб берувчи Эронга таъсир кўрсатадиган урушдан фойда йўқ, дейди Нотт хоним.
"Россия Исроил ва Эрон ўртасида кенг кўламли уруш бўлишини истамайди. Вазият шу томонга қараб ўзгарса ва Америка бирданига Исроил томонига ўтиши маълум бўлса, менимча, Россиянинг Эрон томонида туришдан бўлак йўли қолмайди. Россия буни исташига ишонмайман.
Менимча, Путин ҳали ҳам Исроил билан алоқаларини қадрлайди. Россия дипломатияси томонларни бирини танлашга мажбур бўлиб қолишни истамайди. Аммо бу можаро қанчалик кучайса, улар шунчалик босимни ҳис қилиши мумкин".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












