Исроил ва Фаластин: Дилшод Мамадалиев Махачқала аэропортида нималарни бошидан ўтказди? Янгиликлар Isroil G‘azo Yangiliklar

Москвада ишлайдиган Дилшод Мамадалиевнинг шахсий архиви сурати

Сурат манбаси, DILSHOT MAMADALIYEV

29 октябр куни кечқурун Тел-Авивдан келган учоқ Махачқалага қўнганидан хабар топган ғазабнок оломон аэропортга бостириб кирган бир пайтда юрак-қон томир жарроҳи Дилшод Мамадалиев ҳам бошқа рейс билан Москвадан келган эди. Оломон Дилшодни исроиллик деб ўйлаб, сўроққа тута бошлаган ва паспортини олиб қўйган. У Би-би-си Рус хизматига ўша оқшомда нима бўлгани тафсилотларини сўзлаб берди.

Дилшод Мамадалиев: "Учоқ Москвадан, Шереметеводан ҳавога кўтарилиб, кечки соат еттиларда Махачқалага қўнди. Тел-Авивдан ҳам (Махачқалага) халқаро рейс бўлганини билмасдим.

Алоқадор мавзулар:

Иккита терминал мавжуд - ички ва халқаро. Мен ички терминалга келдим ва юкимни олдим. Вазият мутлақо нормал эди, менга ўхшаган йўловчилар юкларини олиб, кетишаётганди.

Улар мени олиб кетгани ҳайдовчи юборишганди, аммо у [аэропортга] ўтолмаган, шунинг учун менга назорат ўтказиш пункти томон боришни маслаҳат беришди. Хотиржам қадам билан чиқиш томон юрдим ва у ерда оломон мени кутиб олди.

[Мени] ўраб олишди ва қаердан келганимни сўрашди. Мен Москвадан учиб келганимни айтдим. Улар менга ишонмай, паспортимни кўрсатишимни сўрашди. Мен паспортимни, Смоленск шаҳрида туғилганимни кўрсатдим. Ўша ерда ўсганман. Чамадонда "Шереметево аэропорти" деган ёрлиқ ҳам бор эди.

Лекин негадир улар [менга] ишонишмади. Менинг юзим шубҳали кўринган бўлса керак, шунинг учун паспортим ҳақиқий ёки сохта эканлигини аниқлашга қарор қилишди.

[Бундан ташқари] улар мендан миллатимни сўрашди. Мен ўзбекман, деб жавоб бердим. Бир киши менинг ҳақиқатда ўзбеклигимни текшириш учун менга қумиқ тилида гаплашди. Бу туркий тиллардан бири. Мен унга жавоб бера олмадим."

Дилшод Мамадалиевдан иқтибос

Сурат манбаси, .

29 октябр оқшомида эълон қилинган видеода Дилшод тажовузкор эркаклар қуршовида, баланд овозда гапираётгани, кимдир уни телефонга суратга олаётгани кўринади. "Нима сен ***** бизни алдамоқчимисан?" "[Ундан] чамадонни олинг!"

Дилшод Мамадалиев: "Ҳеч қандай хавф сезмадим. Мендан нима истаётганликларини тушунолмадим. Табиийки, вазият кескин эди. Одамлар менга аниқ салбий қараётганди - улар ҳужжатимни қалбаки деб ўйлашди. Аммо менга ҳеч қандай жиддий тажовуз бўлмади."

Бир пайт Мамадалиевни ўраб олган оломон орасидан бир киши: "Унинг паспорти менда! Қўйиб юборамизми? Буни ҳал қиламиз" деган сўзлар билан у паспортни оломонга узатди. Айни пайтда фуқаролик кийимидаги эркак Дилшодни оломондан ажратиб, узоқлаштиришга ҳаракат қилди. Дилшод ва унинг ҳамкасби бу одам ким бўлганини билишмайди, лекин полиция ходими, ФСБ ёки аэропорт хавфсизлик хизмати бўлиши мумкин, деб тахмин қилишмоқда.

Дилшод Мамадалиев: "Бу менинг қўриқчи фариштам бўлгандир-да. У менга: "Юр бу ёққа, бу ерда ҳеч қандай ишинг йўқ, яхшироқ жойга борамиз."

Буларнинг барчаси беш дақиқа, эҳтимол ўн дақиқа давом этди. Кейин одамлардан узоқроқ бўлганим маъқуллигини айтишди. Мен полиция ходимларидан паспортимни қайтариб беришни сўрадим, улар: "Ҳозир уни оломондан ололмаймиз", дейишди.

Мамадалиевнинг айтишича, воқеа жойида бўлган полиция ходимлари суҳбатга аралашган, аммо уни оломондан ажратишга ҳаракат қилишган. Шундан сўнг Дилшод паспортини йўқотиб қўйгани ҳақида ариза ёзиш учун аэропортдаги навбатчилик қисмига борган. Дилшоднинг ўзи ва уни Махачқалага таклиф қилган ҳамкасби Собир Айдаевнинг айтишича, кечқурун полиция Дилшодга "хавфсизлик сабабли" қисмдан кетмай туришни тавсия қилган.

Эрталаб соат учларда аэропорт ҳудудида намойишчилар қолмаганидан кейин Мамадалиев ниҳоят чиқиб кетган.

Би-би-си мухбири билан суҳбат чоғида Дилшод ҳазиллашади: намойишчилар "мени жуда илиқ кутиб олишни, қучоқлашни, танишишни" исташди. Ҳозир уни кўча-кўйда ўткинчилар, беморлар, умуман олганда кўпчилик танийдиган бўлиб қолишди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.