Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев Америкада, Россия жим, Хитой қўрқмаса ҳам бўладими? O‘zbekiston Rossiya Amerika Yangiliklar

Сурат манбаси, official
Бунақаси бўлмаган...
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё
- Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради?
- Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон президенти амалий ташриф билан Нью-Йоркда.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги беш йил ичида Америка Қўшма Штатларига иккинчи сафари бўлади.
У Америка Қўшма Штатларининг ҳам республикачи ва ҳам демократчи президенти билан юзма-юз мулоқот қилган илк Ўзбекистон президентига айланади.
Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга 2018 йилги илк расмий ташрифи ҳам шахсан ўша пайтда амалда бўлган АҚШ президентининг таклифи билан амалга ошган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйга илк тарихий ташрифи Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини очиб берган.
Расмий хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда экан, БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлаш баробарида АҚШ президенти билан ҳам мулоқот қилади.
Ўзбекистон президенти Жо Байден таклифига биноан Марказий Осиё ва АҚШ давлат раҳбарларининг CA5+1 форматидаги илк мулоқотида иштирок этади.
Бунақаси эса, мустақил Ўзбекистон тарихида бўлмаган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи Украина уруши ва худди шу уруш фонида Россия баробарида қудратли Хитой ва Ғарб ҳам Марказий Осиёга ҳар томонлама яқинлашиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.
Юзага келган мавжуд вазият, ҳатто, Ўзбекистон бўладими Қозоғистон ёки Тожикистон - аксарият минтақа давлатларининг қудратлар ўртасидаги курашда ким томон эканликларини кетма-кет расман ва ошкора очиқлаб чиқишларига ҳам сабаб бўлган.
Нью-Йоркда 19-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши кутилаётган "Марказий Осиё-АҚШ" форматидаги саммит худди шуниси билан ҳам халқаро миқёсда ўзига эътибор тортган.
Мақсад?..

Сурат манбаси, Rasmiy
Марказий Осиё эса, Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади...
Айнан сўнгги пайтларда минтақада қудратлар ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг янада кучайгани кузатилади.
АҚШ президенти миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг 15 сентябрь кунги брифинги чоғида ҳам худди шунга ўхшаш мазмундаги савол янграган.
Жейк Салливаннинг АҚШ маъмурияти бу саммит билан мазкур блокдан нима истаётгани ва уни Хитойга қарши бир сигнал сифатида кўриш керакми ёки йўқлиги саволига ҳам жавоб беришига тўғри келган.
АҚШ президенти миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўз жавобида Марказий Осиё ва АҚШ президентлари иштирокидаги илк саммит "ҳеч бир давлатга қарши қаратилмагани"ни таъкидлаган.
Саммит ўзлари ишлашни истаган давлатлар билан "ижобий кун тартиби ҳақида" эканини баён қилган.
"Сизнинг натижалар ҳақидаги саволингизга келсак эса, биз саммит якунида асосий йўналишлар бўйича ҳамкорликда ишлаш ва амалга ошириш ниятида бўлган аниқ ишлар баён этилган қўшма баёнот қабул қилинишини кутаяпмиз", - деб айтган у.
Жейк Салливан "буни самарали амалга ошириш учун Америка Қўшма Штатлари маълум ресурслар тақдим этиши"ни ҳам қўшимча қилган.
Аммо "аниқ ишлар" дейиш билан айнан нималарни назарда тутгани ва ўзи Америка Қўшма Штатлари тақдим этишини айтган "маълум ресурслар" мазмун-моҳияти ҳамда кўламига ойдинлик киритмаган.
АҚШ президенти миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг маълум қилишича, илк саммит ушбу давлат етакчиларига минтақавий хавфсизлик, савдо ва алоқалар, иқлим ўзгариши, бошқарув ва қонун устуворлигини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар каби қатор масалаларни муҳокама қилиш имконини беради.
Нью-Йоркда кутилаётган мазкур саммит билан боғлиқ сўнгги янгиликка Россия бўладими, Хитой ёки Туркия - минтақадаги қолган геосиёсий ўйинчиларнинг расмий муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.
АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари лидерлари иштирокидаги Нью-Йорк мезбонлик қилаётган бунга ўхшаш форматдаги саммит ҳалича кўрилмаган.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида, "Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёр" эканини баён қилган.
"Барча шериклари билан тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор" эканликларини таъкидлаганди.
Ҳаммаси мактубдан "бошланган"ди

Сурат манбаси, Skrinshot
Шу пайтгача мисли кўрилмаган саммит ҳақидаги хабар илк бор шу йилнинг август ойида нуфузли Forbes журналида чоп этилган ва АҚШ Президенти Жо Байденники экани айтилган мактуб ортидан ўртага чиққан.
Ўтган ой Forbes ҳақиқийлиги юқори даражадаги тегишли манбалар томонидан тасдиқланганини айтиб, Жо Байденнинг Шавкат Мирзиёевга мактубини чоп қилган.
Нашр чоп қилиш баробарида бугун йўлланаётган мактуб нимани англатишини талқин ва таҳлил этишга ҳам уринган.
Мазкур хабар ўшанда Ўзбекистондаги айрим йирик интернет нашрларида ҳам бўй кўрсатган.
Forbes чоп этган мактуб матнида Жон Байден ўтган бир йил давомида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликларини "янги чўққиларга кўтарганлик"ларини таъкидлаган.
Ўзаро савдо ва сармоявий алоқаларини мустаҳкамлаш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишни шулар сирасида санаб ўтган.
АҚШ президенти бунинг ортидан мамлакати Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини ҳам қатъият билан қўллаб-қувватлашини ҳам баён қилган.
Жо Байден, шундай деркан, Ўзбекистон президентини С5+1-"Марказий Осиё-АҚШ" форматидаги саммитга таклиф қилган.
АҚШ президенти саммит санасини 19 ёки 20 сентябрь ўлароқ тилга олган ва мактуби мазмунидан унинг Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси сессияси теграсида бўлиб ўтиши маълум бўлган.
Жо Байденнинг мактубида айтилишича, саммит чоғида Ўзбекистон президенти ва бошқа етакчилар билан бирга қандай қилиб ҳамкорликда хавфсизлик, иқтисодий ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш масаласи муҳокама этилади.
АҚШ президенти ўзининг сўнгги мактубида шу йил бошида Оқ Уйда қабул қилиш ўзлари учун "шараф" бўлганини айтган Саида Мирзиёева эса, БМТнинг март ойидаги Орол фожеаси оқибатларига бағишланган анжуманида шахсан иштирок этган ва чиқиш қилган.
У анжуманнинг юқори даражадаги ялпи мажлисидаги нутқида Орол денгизи фожеасининг оқибатлари, уларни юмшатиш борасида расмий Тошкент томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва Ўзбекистоннинг бу хусусдаги халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдаги етакчилиги ҳақида гапирган.
У "Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатма" эканини таъкидлаган.
Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг бугун Толибон ҳаракати қўлидаги Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси ҳам бўлади.
"Газета.uz" ўшанда ҳукуматдаги манбаси бундай саммит режалаштирилаётганини тасдиқлагани ва уни ўтказиш ташаббуси билан АҚШ томони чиққанини маълум қилган.
Аммо, шундай деркан, нашр ўзининг ҳукуматдаги манбасини очиқламаган.
Худди шу хабарлар ортидан, шу йилнинг 25 август куни АҚШ Сенати Миллий хавфсизлик ва ҳукумат ишлари бўйича қўмитаси раиси бошчилигидаги АҚШ ҳайъати Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Ўзбекистон президентининг Гэри Питерс билан мулоқоти чоғида саммит тўғрисидаги хабарлар ҳам ҳукумат даражасида расман ўзининг тасдиғини топган.
Президент матбуот хизмати бошқа кўплаб масалалар қаторида, АҚШ президенти ташаббуси билан Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси тадбирлари доирасида ўтказиладиган "С5+1" форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилганини ҳам расман маълум қилганди.
Шавкат Мирзиёев кеча, 17 сентябрь куни Нью-Йоркка етиб борган.
Матбуот котибининг расман маълум қилишича, Нью-Йорк шаҳрига ташрифи дастурида бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель, Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, "Air Products" компанияси бош ижрочи директори Сейфи Гасемлар билан ҳам учрашади.
Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаевлар ортидан, бугун 18 сентябрь куни Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг ҳам Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетишганига оид расмий хабарлар олинган.
Таҳлил ва талқин

Сурат манбаси, official
Forbes нинг талқинича, мактуб ва таклиф АҚШнинг Ўзбекистон ва минтақага кучайиб бораётган эътиборини ифодалайди.
"Бу Ғарбнинг Ўзбекистон ва минтақага муносабати тадрижий ривожида муҳим лаҳзани ўзида мужассам этади".
"Бу, очиқчасига, қўллаб-қувватлов ва ҳамкорлик баёноти"дир.
Республикачи Дональд Трамп эса, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қудратга келиши ортидан учрашган биринчи АҚШ президенти бўлади.
2018 йилнинг май ойидаги ташриф Дональд Трампнинг таклифи билан амалга ошган, илк учрашувларининг ўзидаёқ томонлар давлатлари ўртасида "стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаганликлари"ни расман ва ошкора эълон қилишган.
Бу амалдаги АҚШ президенти Жо Байденнинг Шавкат Мирзиёевга илк мактуби эмас.
Жо Байден шу йил бошида ҳам Ўзбекистон президентига мактуб йўллаган, унда АҚШнинг Ўзбекистон билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш истаги ҳақида сўз бораётгани кўрилган.
Жо Байден ўшанда ўзининг мактубида Ўзбекистон билан ўзаро шерикликлари мамлакатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишдек БМТнинг асосий тамойиллари асосида ривожланганини хосан қайд этиб ўтган.
Бунинг ортидан ўзининг Марказий Осиёга илк ташрифини амалга оширган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса, Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари билан бирга "С5+1" саммитида иштирок этган.
Минтақанинг икки йирик давлати бўлган Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари билан ҳам учрашган.
Мазкур форматдаги саммит 2015 йилдан буён ўтказиб келинади.
Остонада экан, Энтони Блинкен четдан таҳдид хавфи юзага келганига мамлакати минтақага қандай кўмак бера олишлари масаласига ҳам ойдинлик киритган.
АҚШ Давлат котиби мамлакати минтақа давлатларига ўз хавфсизлиги, иқтисодий фаровонлиги ва жамиятлари барқарорлигини кучайтиришда кўмак қилаётгани, "худди шу нарса ўз ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш қобилияти анча кучли бўлган минтақани яратиши"ни баён қилганди.
Ғарб Марказий Осиё давлатлари ўзларининг Россияга қарши қаратилган сакнцияларини четлаб ўтишида Россияга ёрдам беришидан хавотирда.
Россия Украинага очган уруш билан кечаётган сўнгги икки йил ичида минтақа давлатларини бундай қилмаслик, акс-ҳолда ўзлари ҳам иккиламчи санкцияларга юз тутишлари мумкинлиги билан қайта-қайта огоҳлантириб келади. Қирғизистонни эса, аллақачон жазолаб ҳам бўлган.
Энтони Блинкеннинг ташрифи манзарасида АҚШ Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожи учун АҚШ 25 миллион доллар ажратишини маълум қилган.
Маълум бўлишича, кўзда тутилаётган маблағ Россияга қарши Ғарб санкцияларининг минтақага таъсирини юмшатишни кўзда тутади.
Украина уруши ва Россияга қўлланган халқаро санкцияларнинг Ўзбекистон иқтисодига таъсири ҳам нафақат маҳаллий экспертларнинг ўзлари, балки йирик молиявий ташкилотларнинг ҳам хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.
Блинкен президент Байден администрациясининг Марказий Осиёга келган илк вакили бўлган.
Янгича форматдаги форум Россия Украинада очган уруш манзарасида режаланаётгани билан хос аҳамият касб этган, аммо бу саммит билан расмий Вашингтон айнан нималарни кўзлаётгани ноаён қолган.

Сурат манбаси, .
Россия эса, барча Марказий Осиё давлатларининг бирдек стратегик иттифоқчиси, яқин шериги, энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади. Аксарият минтақа давлатлари аҳолиси учун, йилларки, энг йирик меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.
Аксарият минтақа давлатлари Россия шамсияси остидаги минтақавий ташкилотларга ҳам тўлақонли аъзо ёки қошида кузатувчи мақомида.
Улар сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий орбитасига янада кучлироқ тортиш илинжида бўлган мамлакатлар сифатида кўрилишади.
Ўзи Украинага очган уруш сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолиши Россияни айнан минтақа давлатлари билан ҳар томонлама алоқаларини янада кучайтириш, шу йўл билан ҳам жазо чоралари оқибатларини юмшатишга ундаган.
Расмий Кремлнинг бу ҳаракатлари Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги ва суверенитетига таҳдид солиши мумкинлигига оид хавотирлар ва талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Огоҳлик

Сурат манбаси, Reuters
Сўнгги хабарлар, бошқа томондан, Россия бўладими ёки унинг анъанавий иттифоқчиси Хитой - Марказий Осиё давлатларига шу пайтгача кўрилмаган ҳамкорлик лойиҳалари билан чиқаётганига оид хабарлар манзарасида олинган.
Россиянинг Марказий Осиёни Ғарб таҳдиди билан қанчалик тез-тез огоҳлантиришга ўтгани сўнгги ойларда эътиборга тушган воқеъликка айланган.
Расмий Кремлнинг минтақага қаратилган баёнотлари Украина уруши фонида кучайиб бораётгани билан ҳам хос аҳамият касб этган.
Россия томони яқинда Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш ниятида, дейишгача борган.
Жумладан, Россия Мудофаа вазири Америка бунинг учун Афғонистондаги "ноқонуний қуролли гуруҳлар салоҳиятидан фойдаланмоқчи" эканини ҳам даъво қилган.
Сергей Шойгу, "келажакда уларнинг қўшни давлатларга кириб бориши, хусусан, террорчилик ҳаракатлари содир этиши мумкин"лигини ҳам башорат қилган.
Аммо имконли бўлган хабарларда, шундай деркан, Россия Мудофаа вазирининг ўз сўзларига бирор бир исбот-далил келтиргани-йўқлиги ноаён қолганди.
Ҳозир Афғонистонда НАТО ёки АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг бирор бир ҳозирлиги йўқ, ўзининг 20 йиллик ҳарбий иштирокидан сўнг 2021 йилнинг августида мамлакатни буткул тарк этган.
АҚШ Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан минтақанинг икки мустақил давлати - Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудида илк бор жойлаштиришга муваффақ бўлган ҳарбий ҳаво базаларини улар ҳукуматларининг талаби остида бундан ҳам анча аввал ёпишга мажбур бўлган.
Афғонистондан чиқиб кетиши фонида ҳарбий базаларини яна Марказий Осиёга қайтариш уринишлари ҳозирга қадар самара бермаган.
Россия Мудофаа вазири эса, НАТОни, "Шоша-пиша чиқиб кетиши ортидан Афғонистонни қайта тиклашнинг устида ишлашнинг ўрнига, турли йўллар билан Марказий Осиё минтақасида ўзининг ҳарбий ҳозирлигини тиклашга уринаётганлик"да ҳам айблаган.
Сергей Шойгу, "буни КХШТ маконида барқарорликка бевосита таҳдид", деб билишларини ҳам баён қилган.
Шу йил апрель ойида Россия Мудофаа вазири Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларидан ўзининг ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришни сўраганини айтиб чиққан.
Россия Мудофаа вазири ўшанда буни "Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти маконида барқарорликка тўғридан-тўғри таҳдид, деб ҳисоблашлари"ни айтган.
Сергей Шойгу "АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлигини тиклашга уринишлари" фонида Россия ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини кучайтиришини маълум қилган.
Россия Мудофаа вазири, "юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга жавобан бошқа тезкор кучларнинг ҳарбий ҳозирлигини ҳам оширишлари"ни қўшимча қилган.
Аммо Сергей Шойгу, шундай деркан, бу айнан нималарни кўзда тутиши тафсилотларини очиқламаганди.

Сурат манбаси, Vyacheslav Prokofyev/TASS
Минтақага айни оҳангдаги огоҳлантиришларининг сўнггисида эса, Россия Ташқи ишлар вазири Ғарб давлатлари Марказий Осиёда ўз инсонпарварлик ва ҳарбий иштирокларини ўрнатишга ҳаракат қилишаётганини баён қилган.
Сергей Лавров шу йил июнь ойида буни минтақага кириш учун "мақсадли ва қатъий" уриниш, дея тилга олган.
Россия Ташқи ишлар вазири ҳарбий соҳадагисини ҳам назарда тутаркан, Марказий Осиё давлатларини "ғарбликлар томонидан тиқиштирилаётган ҳамкорлик схемаларига танқидий назар билан қараш"га чақирган.
Россия Ташқи ишлар вазирининг бу сўзлари ўтган ой Тожикистон пойтахти Душанбеда янграган.
Сергей Лавров, шунингдек, Ғарбнинг тараққиётга кўмак дастурларига ҳам хосан тўхталиб ўтган.
Россия Ташқи ишлар вазири уларни Ғарб давлатларининг геосиёсий муҳандислари томонидан илгари сурилаётган дастурлар ўлароқ тилга олган.
Унинг фикрича, бу дастурлар "аслида Марказий Осиё минтақаси сиёсий ва иқтисодий ландшафтини ўзига мослаб ўзгартириш ва назорат қилиш учун бир воситадир".
Россия Ташқи ишлар вазири бу, шу жумладан, сувдан фойдаланиш каби муҳим соҳани ҳам кўзда тутишини айтган.
Бу эса, сув тақчил, тобора чўллашиб бораётган, сув тақсимоти ва трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласи ҳассос бўлган минтақада уруш чиқишигача олиб келиши мумкин бўлган соҳа сифатида кўрилади.
Худди шу фонда муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Толибон ҳаракатининг трансчегаравий Амударёдан канал тортиш ҳаракатлари ҳам бугун минтақада алоҳида хавотирга молик масала бўлади.

Сурат манбаси, .
Россия томонининг Марказий Осиё давлатларига огоҳлантирувчи мазмундаги устма-уст баёнотларига Ғарбнинг бирор бир жиддий муносабат билан чиққани ҳалича кўрилмайди.
Россия ва Марказий Осиё давлатларининг ўтган йил Қозоғистон пойтахти Остонадаги худди шунга ўхшаш форматдаги йиғини эса, Тожикистон президентининг Путинга ошкора таъна ва эътирозлари билан ёдда қолган.
Ўшанда президент Имомали Раҳмон Марказий Осиё давлатлари билан "+" саммитларининг қанчалик амалий, самарали эканини ошкора савол остига олган.
Шавкат Мирзиёев эса, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Марказий Осиёга илк ташрифидан кўп ўтмай, Ўзбекистоннинг "ким томон" эканига оид саволга шахсан ўзи жавоб берган.
Шавкат Мирзиёев ўшанда Ўзбекистонни ўз томонларига ўтишга "қаттиқ, қаттиқ даъват қилаётган" мамлакатлар номига тўхталмаган, аммо бу саволга жавоб фақат "битта" эканини таъкидлаган.
"Бир томонман - миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бериши"ни баён қилганди.
Шу пайтгача бирор бир Марказий Осиё давлати Россия Украинада очган урушни на-да ошкора ёқлаган ва на-да қоралаган, нейтрал мавқеъда, Украина ҳудудларининг Россия томонидан аннексиясини ҳам расман тан олмаган.
Етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, ҳозир ҳам транспорт-логистика ва ҳам ўз кун тартибларини шакллантириш нуқтаи назаридан Марказий Осиёда ЕвроОсиё ҳудудида муҳим ўйинчига айланиш, минтақада Россиянинг кучсизланганидан фойдаланиб, баҳамжиҳатликда иқтисодий, сиёсий ва дипломатик жиҳатдан кучайиш имконияти бор.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













