Янгиликлар. Исроил ва Ғазо: 4 яшар Умар ва Умер қандай ўлди ва нима учун ижтимоий тармоқларда буни рад қилишмоқда? Isroil G'azo Yangiliklar

- Author, Марианна Спринг
- Role, ББC дезинформация ва ижтимоий медиа мухбири
Исроил-Ғазо уруши бошларида тўрт яшар икки бола ўлди. Бири исроиллик, бири фаластинлик. Аммо ижтимоий тармоқларда кўрганим постларда бунинг учун қайғурмаётган, аксинча, уларнинг ўлганини рад этишаётгани гувоҳи бўлдим.
Алоқадор мавзулар:
- Исроил ва Фаластин аҳолиси энг даҳшатлиси ҳали олдинда бўлиши мумкинлигидан қўрқиб яшамоқда
- Ўзбекистон ва Ғазо: Ташқи ишлар вазири араб давлатлари ва Исроил элчисини чақирди
- Исроил ва Ғазо: Нетаняҳу энди Ғазога киришга иккиланяптими?
- Янгиликлар: "Ҳамас ҳужуми йўқ жойда пайдо бўлмади" - БМТ Бош котибининг сўзлари Исроил ғазабини келтирди
Умар Билол ал-Банна ва Умер Симан-Тов бир-бирларидан атиги 23 км масофада, Ғазо чегарасининг икки томонида яшашган. Улар ҳеч қачон учрашмаган, аммо иккиси ҳам ўз туғишганлари билан ҳовлида ўйнашни яхши кўрган.
Ижтимоий тармоқларда бу икки боланинг суратларига кўзим тушди. Ҳар иккиси зўравонлик бошланганда ўлган.
Уларнинг оилалари, яқинлари, дўстларини қидирдим. Ҳар икки томоннинг ҳикояси чинакам фожиа эди.
Умер Симан-Тов 7 октябрь куни, Ҳамас унинг уйи жойлашган Киббуц Нир Озга ҳужум қилганда ўлган.
Умар Билол ал-Банна эса орадан тўрт кун ўтиб, Исроил Ғазо шарқидаги Зайтунга авиазарба берганда ўлган.
Ҳар икки боланинг ўлганини ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари рад этишга уриниши эса ахборий урушнинг яққол кўриниши бўлиб, бу уруш ҳар икки томондан олиб борилмоқда.
Ҳар икки томон ўзлари тарафдор бўлган томоннинг болаларга қарши зўравонлигини камайтириб кўрсатишга уринмоқда.
Бу каби сохта даъволар яқинини йўқотган, мусибатда қолганларга оғир ботади.

Сурат манбаси, .
'Бу бола эмас, қўғирчоқ'
"Ҳаётим чироғи", деб ёзган экан Умар Билол ал-Баннанинг онаси Ясмина боласи ҳақида Instagram'да.
Иккита фотосурат уни топишимга ёрдам берди. Ўзимдаги маълумотларни унинг ижтимоий тармоқлардаги профили билан солиштирдим ва у чиндан Умарнинг онаси эканини текшириб, тасдиқладим.
Умар ўлиши олдидан ташқарида акаси Мажид билан ўйнаётганди. Мажид буни тасдиқлагани акс этган видеони ҳам топдим.
У ракета қўшнисининг уйига қандай келиб тушгани ҳақида гапиради. Бино Умарнинг устига қулаган. Мажид ҳам жароҳатланган. Видеода унинг оёғи боғлаб қўйилгани, ўзи эса шокка тушиб қолганини кўриш мумкин.
Умарнинг ўлими ҳақида кўрганим биринчи пост X'даги (илгариги номи Twitter) исроилпараст аккаунт томонидан қўйилган эди. Постга видео илова қилинган бўлиб, кулранг футболкадаги бир одам боланинг оқ матога ўралган жасадини кўтариб олган эди. Бу бола Умар бўлганини кейинроқ аниқладим.
Ушбу видеони улашган одам изоҳ ёзиб қўйганди: "Ҳамас ночор!" У яна "Ўлган фаластинлик бола деб кўрсатилаётган бу жасад, боланики эмас, қўғирочоқ" деб ёлғон даъво ҳам қилган эди.
Бу фойдаланувчи яна бу видео "Ҳамас пропагандаси ва фаластинликлар қанчалик туҳматчи ва ёлғончи эканини кўрсатади", деб ёзган. Улар Ҳамас видеони тарқатгани ва ёлғон бўлгани учун уни кейин ўчирганини ҳам даъво қилишган.
X'га кўра, ўша видео ва унга ёзилган ёлғон даъвони 3.8 миллион одам кўрган. Бу даъвони Исроилнинг X'даги расмий аккаунти ҳам тарқатган.
Ўша аккаунт видеони яна бир марта қўйган ва худди шу видеодан кесиб қолинган парчада боланинг юзини доира билан ажратиб кўрсатган ва шундай изоҳ ёзган: "Ҳамас қўғирчоқ (ҳа, айнан қўғирчоқ) видеосини тарқатиб, бу ИМКнинг (Исроил Мудофаа кучлари) қурбони деб даъво қилди".
Кейинги соатларда X'даги бошқа расмий аккаунтлар - Исроилнинг Франция ва Австриядаги элчилиги ва Ҳиндистондалиги кўринган бир қанча профиллар ўша даъвони яна такрорлаган.
Улар тезда Исроил тарафдорлари ва Ҳамасга қарши аккаунтлар орқали тарқалди.
Ҳар сафар хабарларда боланинг қўғирчоқ эканлиги айтилган. Мен катталаштирилган кадрларни ҳам кўрдим ва видеодан бу ҳақиқий одам эканлиги аниқ кўринади.

Сурат манбаси, MOAMEN EL HALABI
Мен асл кадрларни фаластинлик фотосуратчи Моамен Эл-Ҳалабининг Instagram саҳифасида кўрдим. У Умарни ушлаб турган кулранг кўйлакдаги одамнинг асл видеосини олган ва мен у билан боғландим.
Мен яна бир фотожурналист, AFP ахборот агентлигида ишлайдиган Муҳаммад Обид билан ҳам боғландим. У ҳам худди ўша болани оқ матога ўралган ҳолда ушлаб турган ўша одам суратини олган. Бу сурат кейинчалик Getty Images веб-сайтига юкланган.
Сурат тагида "Ғазо шаҳридаги Аш-Шифа касалхонаси ўликхонаси олди" деб изоҳ ёзилган. Бу 2023 йил 12 октябрь санаси бўлган. Худди ўша куни видеоклипни Моамен Эл-Ҳалаби Instagram'га жойлаган.
Alt News каби бошқа факт текширувчи ташкилотлар ҳам асл фотосуратлар ва видеолар манбасини аниқлади.
Иккала фотожурналист ҳам менга видео ва сурат ўликхона ёнидаги Аш-Шифа касалхонасида олинганини тасдиқловчи қўшимча маълумот беришди. Тафсилотлар орасида ўша кунги шифохонадаги вазият, шунингдек, Умарнинг қариндоши бўлган кулранг кўйлакдаги одам ҳақида маълумотлар бор эди.
Уларнинг иккаласи ҳам менга суратдаги бола қўғирчоқ эмас, ҳақиқий бола - Умар Билол ал-Банна эканлигини қатъий таъкидлади. Улар, шунингдек, боланинг шахсини тасдиқлаш учун Моамен Эл-Ҳалабининг асл видеокадрларига мос келадиган қўшимча суратларни ҳам кўрсатишди.

Сурат манбаси, FAMILY HANDOUT
Суҳбатимиздан сўнг Муҳаммад Обид ўзи олган фотосуратни Instagram'да сторис қилиб жойлаштирди. Сарлавҳада у шундай дейди: "Бу сурат қўғирчоқ эмас, мен уни Аш-Шифа касалхонасида олганман ва бу ҳақиқат".
Афтидан, одамлар болани қўғирчоқ деб ўйлашига сабаб бўлган нарса суратдаги Умарнинг тери ранги бўлган. Аммо жаноб Обиднинг айтишича, у Ғазо ҳужумларида ҳалок бўлган бир нечта болаларни суратга олган ва уларнинг териси бир хил кўринади.
Умарнинг онаси Ясмина ўғлининг ҳаво ҳужумида ҳалок бўлганини тасдиқлаб, "болалар ва бегуноҳ одамлар ўлими ёлғон" деган гапнинг ўзи ёлғонлигини айтди.
"Улар уни қўғирчоқ деб айтишга ҳақлари йўқ", деди у.
"Улар [Исроил ҳукумати] ёлғон гапириб, жиноятлари ва қирғинларидан тонмоқда", деб қўшимча қилди у.
Исроилнинг Буюк Британиядаги элчихонаси матбуот котиби ижтимоий тармоқдаги постлар ёки Умарнинг ўлими ҳолатлари ҳақида тўғридан-тўғри изоҳ бермади. Улар Би-би-сига "дезинформация ҳолатларини кўриб чиқиш жуда муҳимлигини" айтишди, аммо Би-би-сини дезинформация тарқатишда айблашди.
Х ҳам Би-би-сининг изоҳ сўровига жавоб бермади.
'Умер пулга ишлаган актёр'
"Умер фаришта эди. У шу қадар ёқимтой, ақлли ва соф эди... Опалари жуда яхши кўришарди уни. Доим бирга ўйнашарди, ҳамма унга меҳр кўрсатарди", дейди менга Симан-Тов оиласи дўсти Мор Лакоб.
У шанбанинг қуёшли тонгида, Ҳамаснинг қуролланган жангарилари Ғазодан чиқиб келиб, киббуцга ҳужам қилган вақтда WhatsApp орқали улар билан гаплашган. Улар унга бошпанага яширинишгани ҳақида гапиришган, аммо шундан кейин алоқа узилган. Унинг кейинги ёзганларини ҳеч ким очиб ўқимаган.
Мор кейинроқ Умарнинг ота-онаси Тамара ва Йонатан отиб ўлдирилганини билди. Уларнинг уч фарзанди - Умер ва унинг икки опаси Шаҳар ва Арбел уларнинг уйларига ўт қуйилганда ўлган.
Уларнинг ўлими ҳақида кўплаб йирик ахборот каналлари орқали хабар берилди.
Бир суратда Умер ота-онаси ва опалари қуршовида жилмайиб турганини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, FAMILY HANDOUT
Сурат Исроил ҳукуматининг X'даги аккаунти орқали ҳам тарқатилган. Постда "бутун бошли оила Ҳамас террорчилари томонидан ўлдирилган" деб изоҳ берилган эди. Суратни Исроилнинг собиқ Бош вазири Нафтали Беннет ҳам улашган.
Аммо мен унинг остидаги изоҳларни ўқиганимда, кўпчилик шокка тушгани ҳақида гапирган бўлса ҳам, айримларнинг муносабати кутилмаган бўлди.
Ҳамас тарафдори бўлган бир қанча аккаунтларда Умер "пулга ёлланган актёр" бўлган, чунки Ҳамас "болаларни ўлдирмаган" деб даъво қилинган. Бошқалар буни "яҳудийларнинг энг зўр тарғиботи" деб таъкидлаб, на Умер, на унинг опа-сингиллари ўлдирилган дейишган. Улардан бири: "Ҳеч қандай далил йўқ", деб ёзди ва исроилликларга қарата "ёлғон гапиришни бас қилинг" деди.
Турли ижтимоий тармоқларда Симан-Товлар оиласи акс этган яна бир қанча пост ва видеоларни кўриб чиқаётиб, шунга ўхшаш ўнлаб изоҳларга дуч келдим.
Баъзилар уни ва унинг опа-сингилларини "инқироз актёрлари" деб тахмин қилган: улар маълум ҳақ эвазига фожиани ўйнаб берган.
Мен изоҳ ёзган профилларни текширдим. Уларнинг аксарияти дунёнинг турли бурчакларидан ҳақиқий одамлар бўлиб чиқди. Улардан баъзилари Ҳамаснинг фаол тарафдори ва бир қисми Ғарбий Соҳилда яшайди.
Булар обуначиси кўп аккаунтлар эмас эди. Бироқ, уларнинг умумий таъсири ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган эпидемияни кучайтирди. Натижада одамлар, далилларига қарамай, Ҳамас болаларни ўлдирмаган ёки уларга ҳужум қилмаганини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Мен кўрган бошқа ёлғон изоҳлар ўлимлар бўлганини, аммо Ҳамас жангарилари айбдор эмаслигини таъкидлаган. Бир фойдаланувчи шундай ёзади: "Менимча, бу болаларни ўлдирган Исроилнинг ўзи", исроилликлар эса "Ҳамасни айблашга ҳаракат қиляпти".
Сиднейдаги уйидан мен билан суҳбатлашган Мор Лакоб бошига тушган мусибатдан шундоғам азиёт чекаётган бир вақтда бу изоҳлар уни янада зўрайтираётганини айтди.
"Мен шунчаки дунё нима бўлганини эслашини ва билишини хоҳлайман. Уларнинг ўлими мусибатини кўтариш жуда қийин ва бу изоҳларнинг барчаси вазиятни янада ёмонлаштиради.
Нима қила оламан? Уларнинг ўлганини исботлашим керакми?".
У бундай ёлғон маълумотларни "ёвуз ва шафқатсиз" деб атайди.
Ижтимоий тармоқларда Умар каби фаластинлик болаларнинг ўлими ҳам рад этилгани ва шубҳа остига олинганини айтганимда, у яна хафа бўлди.
"Менинг юрагим Ҳамас ҳаракати туфайли ўлдирилган ҳар бир бегуноҳ [одам] учун оғрийди, - дейди у. - Бу адолатсизлик."
Ҳафта қандай бошланди - 30 октябрь хроникаси
Янгиликлар. Ғазо: Россияда тартибсизликлар, Ғазода 8 мингдан ортиқ одам ўлдими, Исроил яна нима қилмоқчи ва Карим Хон огоҳлантирди
Аэропортга "босқин"
Хабарларга кўра, дам олиш кунларида Шимолий Кавказ Исроилга қарши руҳдаги қатор тартибсизликларга саҳна бўлган.
Махачқалъада "исроиллик қочқинларни излаган" оломон ҳатто аэропорт терминалига ҳам бостириб кирган.
Новости ахборот агентлигининг хабар беришича, тартибсизликларда юзлаб одам иштирок этган.
Доғистон Россиянинг Шимолий Кавказдаги аксар аҳолиси мусулмон республикаси бўлади. Аҳолисининг сони 3 миллиондан ортиши айтилади.
Доғистонлик масъулларга кўра, тартибсизликлар чоғида 20 дан ортиқ одам яраланган.
Яраланган 10 киши касалхонага ётқизилган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, жабрланганлар орасида тинч аҳоли баробарида полиция ходимлари ҳам бор.
Россия Федерал Ҳаво транспорти агентлиги аэропортни 6 ноябрь тонгига қадар ёпган.
Агентликка кўра, ёпилишидан бир соатча ўтиб, аэропорт рухсатсиз бостириб кирган одамлардан тозаланган.
Доғистон ҳукумати оммавий тартибсизликлар юзасидан жиноий иш очилганини айтмоқда.
Сабаб
Хабарларга кўра, якшанба куни кундузи Доғистон Телеграм каналларида гўёки республикада яшаш учун Тель-Авивдан исроиллик қочқинлар тушган самолёт келишига оид хабарлар тарқалган.
Кўп ўтмай маҳаллий аҳоли Махачқалъа аэропорт ёнида тўплана бошлаган.
Айрим хабарларга кўра, улар Исроил фуқароларини излаб, аввалига бинодан чиқаётган одамларнинг ҳужжатларини ҳам текширишган.
Кейин эса, аэропорт терминалига бостириб киришган.
Хабарларга кўра, баъзиларининг қўлларида Фаластиннинг байроғи ҳам кўрилган, уларнинг "Аллоҳу Акбар", деган ҳайқириқлари ҳам қулоққа чалинган.
Одамлардан айримлари учиш-қўниш йўлагига чиқишгани, у ердаги йўловчи самолётини қуршаб олишгани ҳам айтилмоқда.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Reuters
Юз берган ҳодиса ортидан Исроил Россияга даъват билан чиққан.
Россияни "барча исроилликлар ва ҳамма яҳудийларни ҳимоя қилиш"га ундаган.
Россия яҳудийлар ва исроилликларга қарши зўравонликка ундашнинг олдини олиш учун кескин чора кўриши шарт эканини айтган.
Исроилнинг айни мазмундаги даъватларига Россия томонининг муносабати ҳозирча маълум эмас.
АҚШ президентининг матбуот воизи Эдриен Уотсон эса, ўзининг твитида мамлакати "Доғистондаги антисемит руҳидаги норозиликларни кескин қоралаши"ни баён қилган.
Доғистон ҳукумати Ғазони қўллаб-қувватлашини билдириш баробарида одамларни осойишталик ва бу каби норозилик намойишларида қатнашмасликка чақирган.
Норозилик акциялари
Хабарларга кўра, шанба куни кечқурун Доғистоннинг Ҳасавюрт шаҳрида ҳам одамларнинг норозилик чиқиши кузатилган.
Улар "исроиллик қочқинлар жойлаштирилган", деган гап-сўзлар сабаб, "Фламинго" меҳмонхонаси яқинида йиғилишган.
Уларнинг акцияси акс этган видео ва суратлар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Яна айрим хабарларда айтилишича, худди ўша куни Қабардин-Болқор Республикасида ҳам антисемит руҳидаги акция кузатилган.
Нальчик шаҳрида қурилаётган яҳудийлар маркази ёқиб юборилган.
Маълум бўлишича, номаълум шахслар машина ғилдирагини ёқиб, қад ростлаётган бино ичкарисига улоқтиришган.
Унинг деворларига ҳақоратли сўзлар ҳам ёзиб кетишган.
Новости ахборот агентлигининг хабар беришича эса, маҳаллий масъуллар буни "қурилиши битмаган бинода қурилиш чиқиндилари ёнаётгани" билан изоҳлашган.
Воқеа оқибатида жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда.
"Вот так" ва "Кавказский узел"нинг ёзишича, Қорачой-Черкесда ҳам беш мингга яқин одам Черкесскдаги ҳукумат уйи қаршисида тўпланишган.
Маълум бўлишича, улар Исроилдан келаётганларни минтақа ҳудудига киритмасликни талаб қилишган.
Кейин бунга барча яҳудийларни Қорачой-Черкесдан чиқариб юбориш талаби ҳам қўшилгани айтилмоқда.
Маҳаллий масъулларнинг айни мазмундаги хабарларга расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.
Ғазода нима гап?

Сурат манбаси, Reuters
- Ғазодаги Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятининг айтишича, Исроил шаҳардаги асосий касалхона бўлган Ал-Қудсни эвакуация қилишни буюрган.
- Ташкилотга кўра, жонлантириш бўлимида беморлар ва инкубаторларда сақланаётган болалар борлиги боис, бу иш имконсиз.
- Касалхона ва унинг ҳудудида яна 14 мингга яқин одамнинг жон сақлаб тургани ҳам ишонилади.
- Исроил якшанба куни Ғазода "ўнлаб террорчиларни ўлдиргани"ни айтаркан, касалхонага ҳаво ҳужумлари ҳам кун бўйи тинмаган.
Қурбонлар сони 8 мингдан ошдими?

Сурат манбаси, Reuters
Ҳамаснинг билдиришича, Исроилнинг Ғазодаги ҳужумлари қурбонларининг сони 8 мингдан ошган.
Ғазонинг Ҳамас назорати остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаро бошланганидан бери бўлгада 8005 киши қурбон бўлган, улардан 3342 нафари болалардир.
Вазирлик Ғазодаги қурбонлар ва яраланганлар сонига оид ягона маълумот манбаи ҳисобланади.
Қолган бошқа ташкилотлар каби Би-би-сида ҳам бу рақамларни мустақил манбалар орқали текшириш имкони йўқ.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден қурбонлар сонига оид фаластинлик масъуллар тақдим этаётган рақамларнинг ҳақиқийлигини савол остига олганди.
Бунга жавобан Ҳамас ўша пайтда сони етти мингдан кўпроқни ташкил этган қурбонлар рўйхатини исм-шарифлари билан бирга тақдим этган.
Аммо АҚШ Давлат департаменти мазкур рўйхатда кўрсатилган исмларнинг ҳақиқийлиги, шунингдек, бу одамлар қачон ва қандай шароитда вафот этганликларини аниқлаш учун уни синчиклаб текшириш лозимлигини айтиб, жавоб берганди.
"Ўт очишни тўхтатинг"

Сурат манбаси, .
Худди шу манзарада Бирлашган Миллатлар Бош котиби яна бир бор Ғазода ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, Ҳамас томонидан гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазога бўлга аҳолисининг эҳтиёжини қондирадиган даражада узлуксиз ёрдам киритилишига чақирган.
У, "Халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган гуманитар танаффус ўрнига Исроил ўзининг ҳарбий амалиётларини кучайтирганидан таассуфда" эканини айтган.
Минглаб одам энг зарур маҳсулотлар илинжида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти омборхоналари ва кўмак тарқатиш марказларига бостириб киришидан кун ўтиб, Мисрдан Ғазога ёрдам юкланган яна 10 машинанинг ўтишига рухсат берилган.

Сурат манбаси, Reuters
БМТ шу дам олиш кунларида гуманитар ёрдам омборхоналарининг талон-тарож қилиниши Ғазодаги оғир инсоний вазиятнинг оқибати эканини айтган.
Омборхонага бостириб кирганлардан айримларининг журналистларга айтишларича, "на ун, на ёрдам, на сув ва на-да ҳатто ҳожатхона бор".
Ҳамас Исроилни ҳужумга тутган 7 октябрдан буён аҳолиси 3 миллиондан ошувчи Ғазога бор-йўғи 80 дан ортиқ ёрдам юкланган машина ўтган, холос.
Исроил Ҳамас гаровдагилар барчаси озод қилинмас экан, бўлгани тўлиқ қамал қилиб туришини айтиб турибди.

Сурат манбаси, .
Ғазо ва Миср ўртасидаги Рафаҳ чегара-ўтиш нуқтасида бўлиб қайтган Халқаро Жиноят маҳкамаси прокурори Карим Хоннинг айтишича, "бўлгага ёрдам етказилишига тўсқинлик қилиш уруш жиноятига тенг бўлиши мумкин ва Исроил ҳаётий зарур юкларнинг киришига рухсат бериш учун ҳаракат қилиши керак".
Унинг сўзларига кўра, "Ҳамас билан урушида Исроил аниқ мажбуриятларга эга. Бу фақат ахлоқий эмас, қуролли можаро қонунларига риоя қилиш бўйича ҳуқуқий мажбуриятлар ҳамдир".
Карим Хон, ўз ўрнида, "бу тамойил Исроилга тартибсиз ракета отаётган Ҳамасга ҳам бирдек тааллуқли" эканини таъкидлаган.
Халқаро Жиноят маҳкамаси прокурорининг бу гапларига ҳар икки рақиб томоннинг муносабати ҳам ҳозирча маълум эмас.
24 октябрь
Янгиликлар. Ғарбий соҳилда яҳудий келгиндиларнинг фаластинликларга зўравонлиги ортиб бормоқда
Жоэл Гунтер
Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили

Сурат манбаси, Reuters
Обид Вадийнинг телефонига хабар келган вақти жанозага бориш учун кийинаётган эди.
Дўсти унга бир сурат юборибди. Суратда қўлида болта, бензин канистери ва арра кўтариб олган ниқобдаги шахслар тасвирланган ва араб ва яҳудий тилидаги ёзув бор эди:
"Қусра қишлоғидаги канализацияларда яшаётган барча каламушлар, сизларни кутяпмиз ва сизларга ачинмаймиз".
"Қасос куни яқин."
Алоқадор мавзулар:
- Исроил-Ғазо уруши ҳақидаги ёлғон ва нафратни интернетда кимлар тарқатмоқда?
- Исроил масжидга зарба берди, ҳужумлари кучайишини айтди, Ғазода кафанлик тугаяпти, Эрон Исроил ва АҚШни огоҳлантирди
- Исроил ва Фаластин: Ҳамас ҳаракати етакчилари кимлар?
- Исроилдаги яҳудий келгиндиларга Chelsea эгаси ёрдам берган
Қусра Ғарбий Соҳил шимолида, Наблус яқинидаги қишлоқ, Вадийнинг қишлоғи. Ўша куни тўрт нафар фаластинликнинг жанозаси бор эди. Учтаси бир кун олдин, 11 октябр, чоршанба куни, исроиллик келгиндилар Қусрага бостириб келиб, бир фаластинлик хонадонига ҳужум қилганда ўлган эди.
Тўртинчиси эса Исроил аскарлари билан тўқнашувда отиб ўлдирилганди.
Кейинги куни қусраликлар ярим соатлик йўлда жойлашган шифохонага бориб, жасадларни олиб келиш тадоригида эдилар. У ерга бориш учун улар исроилликлар манзилгоҳлари олдидан ўтишлари керак эди. Бу жойларда ҳатто одатий тинч кунларда ҳам зўравонликлар бўлиб турарди. Ҳамаснинг Исроилга ҳужумидан сўнг бунинг эҳтимоли кескин ошган эди.

Вадий телефонини қўйиб, кийимларини кия бошлади. Тўрт фаластинлик жасади касалхонадаги музхонада турибди, уларни олиб келиш керак. Таҳдидлардан қўрқмаслигим керак, деб ўйлади у. Бунақа таҳдидларнинг кўпини илгари эшитганди.
Орадан бир неча соат ўтиб, тобут олиб кетаётган оломон муросасиз исроилликлар билан тўқнашиши, унда акаси ва жияни отиб ўлдирилишини Вадий билмасди.
"Агар бир ё икки кун кечиксак, нимадир ўзгарармиди?" дейди Вадий Қусрадаги уйи ҳовлисида ўтирганча.
"Икки кун кутсак, бу келгиндилар кетишармиди?"
Ҳамаснинг ҳалокатли ҳужумидан кейинги ҳафта Ғарбий соҳилдаги фаластинликлар учун 2005 йилдан бери энг қонлиси бўлди, камида 75 фаластинлик Исроил қўшинлари ёки кўчманчилар томонидан ўлдирилди. Исроилликларнинг зўравонликлари кўпайди.
Фаластин расмийлари хабар қилишларича, 12 октябр, пайшанба куни фаластинлик қочқинлар лагерига уюштирилган бир рейд ва минтақа бўйлаб камдан-кам учрайдиган ҳаво ҳужумида Исроил кучлари камида 12 кишини ўлдирди. Исроил полицияси эса бир зобит ҳалок бўлганини айтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу ҳафта босиб олинган ҳудудда вазият "назоратдан чиқиб кетиши" хавфи катталиги ҳақида айтди.

Ғарбий соҳилдаги фаластинликлар айтишича, бутун дунё диққати Ғазода юз бераётган фалокатга қаратилган бир вақтда, исроиллик келгиндилар бундан фойдаланиб, қишлоқларга бостириб кираяптилар, тинч аҳолини қувиб чиқараяптилар ва ҳатто ўлдираяптилар ҳам.
Камида учта ҳолатда, видеотасвирлар кўрсатишича ёки гувоҳларнинг айтишича, яҳудий келгиндилари ҳужум пайтида ҳарбий кийимда ёки Исроил аскарлари ҳамроҳлигида бўлганлар.
Маҳаллий аҳолининг Би-би-сига айтишича, Қусрада ҳалок бўлган биринчи уч эркак қишлоқ чеккасидаги уйга яҳудий кўчманчилар яқинлашиб, тошбўрон қила бошлаганидан сўнг ёрдамга боришган бўлган.

Сурат манбаси, .
Уларнинг айтишича, кўчманчилар шундан сўнг ёрдамга келган фаластинликларга қарата ўт очган, натижада икки ўсмир ва бир йигит - 16 ёшли Ҳасан Абу Сорур, 17 ёшли Убайд Абу Сорур ва 25 ёшли Мусъаб Абу Ридо ҳалок бўлган ва бир неча киши оғир яраланган. 21 ёшли Муаз Одеҳ кейинроқ аскарлар билан тўқнашувда ҳалок бўлган.
Яқин орадаги тиббий пунктда ярадор ва ўлганларни қабул қилган одамнинг айтишича, ярадорлар орасида ўша уйда яшовчи ота ва унинг олти яшар қизи ҳам бор. Отанинг юзига, қизчанинг эса қорнига ўқ теккан.
Клиникада ёрдам берганлардан бири икки қурбоннинг амакиваччаси Амир Одеҳ эди. Амир 17 ёшли Убайднинг отаси Саид Одеҳга қўнғироқ қилган.
"Мен унга ўғли енгил яраланганини айтдим", дейди Амир сешанба куни Қусрада Саид билан бирга берган интервьюсида. "Мен унга телефон орқали бундай оғир хабарни айтолмасдим."
Саид тиббий марказга югурди. "Улар менга ўғлим жароҳатланганини айтишди, лекин мен уни ўша пайтда кўра олмадим", деб эслайди у кўзларида ёш билан.

"Мен уларга ўғлимни ҳозир кўрмоқчи эканлигимни айтдим ва ўша хонага кирдим ва у Худонинг инояти билан шаҳид бўлганини кўрдим."
Тўрт қурбоннинг дафн маросими эртаси куни ўтказилиши керак эди. Обид Вадий болта ва арра ушлаган ниқобли одамларни хаёлидан чиқарди ва шифохонадан Қусрага жасадларни олиб келаётганларга қўшилди.
Автомобиллар ва тез ёрдам машиналари Наблус-Рамаллоҳ йўли бўйлаб ҳаракатланар экан, улар муросасиз исроиллик келгиндиларнинг пистирмасига учради.
Видеотасвирлар ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, тўқнашувда яҳудий келгиндилари уларни тошбўрон қилган, айрим фаластинликлар ҳам жавобан тош отган. Шундан кейин исроиллик келгиндилар ва аскарлар ўқ узган.
"Бетартиблик ва тартибсиз отишмада" Обид Вадий Фатҳ аъзоси бўлган 63 ёшли акаси Иброҳим ва Иброҳимнинг ўғли 24 ёшли ҳуқуқшунос талаба Аҳмадни йўқотди. Тўқнашувнинг бир қисми акс этган видеотасвирда Аҳмад ва бошқалар ўқлардан қочаётгани ва Аҳмаднинг ўқ тегиб йиқилганини кўриш мумкин.
"Улар менга жиянимнинг қорнига икки марта ва бўйнига бир марта ўқ теккани, акамнинг юрагига текканини айтишди", дейди Вадий.
"Бизда қурол йўқ эди, - дейди у. - Одатда машиналаримиздан Фаластин байроғини кўтарардик, лекин бу сафар қўрққанимиздан байроқни ҳам кўтармагандик."
Қусраликлар бу ҳафта Би-би-сига қишлоқни қўрқув қамраб олганини айтди. Ўтган ҳафта охирида ҳудудда зайтун мавсуми бошланди, бироқ даромади ҳосилга боғлиқ бўлган аҳоли келгиндилар ўққа тутишидан қўрқиб, қишлоқ чеккасидаги боғларига ҳам бормаётганини айтишди.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти маълумотига кўра, бу йил исроиллик келгиндиларнинг зўравонликлари сезиларли ошган.
Ҳатто Ҳамас ҳужумидан олдин ҳам, ҳар ойда 100 дан ортиқ воқеалар ва январь ва август ойлари орасида 400 га яқин одам ўзининг яшаб турган жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Исроилнинг "Битселем" инсон ҳуқуқлари гуруҳининг Би-би-сига айтишича, гуруҳ "исроиллик келгиндилар халқаро ва маҳаллий эътибор Ғазо ва Шимолий Исроилга қаратилганидан фойдаланиб, Ғарбий соҳилдаги ерларни эгаллаб олиш учун келишилган ва уюшган ҳолда ҳаракат қилаётганларини ҳужжатлаштирган."
"Битселем" тўплаган маълумотлар, Ҳамас ҳужумидан кейинги дастлабки олти кунни қамраб олган бўлиб, унда камида 46 та алоҳида ҳодиса қайд этилган. Уларда келгиндилар Ғарбий соҳилдаги Фаластин мулкларига таҳдид қилган, ҳужум қилган ёки зарар етказган.
"Кўплаб чорвадор оилалар ва жамоалар ўтган ҳафта келгиндилар таҳдиди сабабли қочишга мажбур бўлган, - дейди Битселем вакили Рой Йеллин. - Келгиндилар аҳолига чиқиб кетишлари учун муҳлат беришади ва агар кетмасалар, уларга зарар етказишларини айтишади. Баъзи қишлоқлар бутунлай вайрон бўлган."
Ана шундай қишлоқлардан бири Рамаллоҳ яқинидаги Вадий ас-Сиқ эди. Унда илгари 200 га яқин фаластинлик бадавийлар жамоаси истиқомат қилган, дейди Вадий ас-Сиқлик фермер, 48 ёшли Абдураҳмон Каабна.
9 октябр куни 60 га яқин келгинди, кўпчилиги ҳарбий кийимда, жамоага ҳужум қилди, дейди ҳозирда қочқинликда яшаётган уч маҳаллий аҳоли вакили. "Улар бизга қурол билан ҳужум қилишди ва ҳаммани қўрқитишди, - дейди Каабна. - Кейин улар бизга қўйларимизни олиб кетишимиз учун бир соат вақт беришди, агар кетмасак, ўлдирамиз дейишди."

Сурат манбаси, Getty Images
Яна бир фуқаро, 35 ёшли Али Арарнинг айтишича, аҳоли қочиш учун 10 кмдан ортиқ масофани пиёда босиб ўтганлар. "Келгиндилар уйларимиздаги ҳамма нарсани ўғирлашди, - деди у. - Қизим қўрқиб кетди. Улар бизни калтаклаб, ҳеч нарсасиз қолдиришди".
Битселем ва Ғарбий соҳилдаги зўравонликларни кузатувчи яна бир Исроил инсон ҳуқуқлари ташкилоти Йеш Динга кўра, Вадий ас-Сиқда юз берган қўрқитиш ва мажбурий кўчириш 7 октябрдан бери бутун ҳудуддаги бошқа жамоаларда ҳам такрорланган.
Ўтган ҳафта тасвирга олинган энг даҳшатли воқеалардан бирида исроиллик келгинди Фаластиннинг Ҳеврон яқинидаги Ал-Туваний қишлоғига кириб, қуролсиз бир фаластинликнинг қорнига отган. Исроил аскари эса буни кузатиб турган.
Ҳодиса икки нафар қуролланган келгинди бир аскар ҳамроҳлигида қишлоқ четидаги уйга ҳужум қилганидан бошланган, дейди уй эгаси билан бирга ўша ерлик уч турғун.
"Уйимга уч исроиллик келди, улар қуролланган, бири эса ҳарбий кийимда эди", дейди 36 ёшли Мусъаб Рабаий.
"Кўчманчилардан бири уйга кириб, мени турткилади, тўппонча билан бошимга уриб, отиб ўлдиришини айтди".

Унинг айтишича, қўшнилар Рабаийнинг ёрдам сўраганини эшитиб чиқишган.
Улар орасида тўрт фарзанднинг отаси Закриҳа Адра ҳам бор эди.
Адранинг амакиваччаси Базел суратга олган видеотасвирда Рабаийни калтаклаган келгинди ва бир гуруҳ фаластинлик қўшнилар ёнида турган исроиллик аскарни кўриш мумкин.
Шунда қуролланган исроиллик келгинди тўсатдан Адрага яқинлашиб, уни милтиқ билан уради ва бир неча қадам масофадан унинг қорнига ўқ узади.
Бу вақтда Адра ҳеч кимга таҳдид қилмай, қўлларини ёнига тушириб турган эди.
Яқинларининг айтишича, Адра ҳозир шифохонада оғир аҳволда. "У тирик қолди, аммо ўқ унинг ошқозонини қаттиқ шикастлаган", дейди унинг амакиваччаси Базел.
Уйига ҳужум қилинган Мусъаб Рабаийнинг айтишича, бу воқеа келгиндиларнинг таҳдидли ҳаракатлари ва мол-мулкка зарарларининг кульминацияси бўлган.
"Шанба кунидан бери улар қишлоқ атрофида туриб, қуролланиб, бульдозер ёрдамида дарахтларни йўқ қилмоқда, - дейди у. - Қишлоқдаги эркаклар бир неча соатлик навбатчилик тартибида ухлайдилар, шунинг учун келгиндилар ҳужум қилса, доим кимдир ҳушёр бўлади."
Би-би-си Ғарбий соҳил ва бошқа жойлардаги яҳудий келгиндилар ташкилоти Еша Кенгашидан воқеага изоҳ беришни сўради, аммо улар рад этишди. Минтақадаги келгиндилар тамсилчиси бўлган Бинямин Кенгаши раҳбари вазифасини бажарувчи Моти Ёгевнинг айтишича, зўравон келгиндилар жамоадаги маргинал тоифа холос". Унинг айтишича "Агар шундайлар бўлса, уларга бошқа жиноятчилар каби муносабатда бўлиниши керак".
Исроил ҳарбийлари ва Исроил полицияси бу борадаги кўплаб сўровларга жавоб бермади.
"Энг аянчлиси шундаки, бу зўравон келгиндиларнинг ҳаракатларига Исроил ҳарбийлари томошабин бўлиб турибди", дейди Исроилнинг собиқ сиёсатчиси, тинчлик фаоли бўлган Дов Хенин. "Зўравонликнинг ҳам ўз мақсади бор - бу кичик Фаластин жамоаларидан халос бўлиш, уларни ўз уйларидан ҳайдаш".
Кўпчилик фаластинликлар энди Ғарбий соҳилдаги вазият янада ёмонлашишидан қўрқмоқдалар. Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итар Бен-Гвир ўтган ҳафта ҳукумат Исроил фуқароларини, жумладан, Ғарбий соҳил аҳоли пунктларини қуроллантириш учун 10 000 та милтиқ сотиб олишини эълон қилди.

Қусрада Обид Вадий 10 000 та милтиқ ҳақидаги хабарни эшитганини айтади. У бошини чайқади. "Бу Қусра аҳли учун ҳеч нарсани ўзгартирмайди", дейди у.
Вадийнинг атрофида акаси, жияни ва ўтган ҳафта ўлдирилган ҳамқишлоқларининг суратлари турибди.
"Бу кўчманчиларда доим қурол бўлган; улар бизга анчадан буён ўқ узишади", дейди у.
Аммо нимадир ўзгарди, деди у.
Келгиндилар янада тажовузкор, радикалроқ бўлиб қолдилар. "Ферма бинолари ёқиб юборилди, зайтун дарахтлари кесилди, ускуналарни синдирдилар, ерларни тортиб олдилар", дейди Вадий.
"Бу бизнинг қишлоғимиз холос. Қўшни қишлоққа ёки ундан наридаги қишлоққа қарасангиз, ҳар бир одамда ғазаб ва дардни кўрасиз, - дейди у. - Бунинг охирини кўрмайсиз."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
Мақолани ёзишда Алла Бадарна ёрдамлашган. Фото суратлар муаллифи Жоэл Гунтер.

















