Исроил ва Фаластин: Ҳамас ҳаракати етакчилари кимлар?

BBC

Ҳамас 7 октябрь, шанба куни эрта тонгда Исроилга қарши кенг кўламли ва пухта ўйланган ҳужум уюштирганидан бери бутун дунё Исроил разведка идораларини доғда қолдирган бу ташкилот етакчиларига қизиқмоқда.

Ғазо секторини назорат қилувчи Фаластин жангари гуруҳи бўлмиш Ҳамаснинг кўплаб юқори мартабали шахслари баъзан ОАВда юзларини яширган ҳолда пайдо бўлади. Ташкилотнинг бир қанча нуфузли аъзолари эса умрларининг кўп қисмини Исроил разведка хизматларидан яшириниб ўтказган.

Бироқ, бу улардан камида иккитаси Россияда иззат-икром билан қабул қилинишига тўсқинлик қилмади.

Би-би-си Ҳамаснинг энг кўзга кўринган етакчилари - сиёсий арбоблари ва Иззиддин ал-Қассам бригадасининг ҳарбий қўмондонлари билан таништиради.

Муҳаммад Дойф

MEDIA SOURCES

Сурат манбаси, MEDIA SOURCES

Дойфнинг ҳақиқий исми Муҳаммад Диаб ал-Масри (шунингдек, Абу Холид ёки Ад-Дойф номи билан ҳам танилган). У Ҳамаснинг ҳарбийлаштирилган қаноти, Иззиддин ал-Қассам бригадасига раҳбарлик қилади. У 1965 йилда Ғазода туғилган.

Фаластинликлар уни Ҳамаснинг «мияси» деб аташади; исроилликлар уни "Ўлим хабарчиси" ёки "Тўққиз жон билан курашувчи" сифатида билишади.

Дойф Ғазо Ислом университетида бакалавр даражасини олган. Талабалик йилларида у актёрликка (умуман театрга) меҳр қўйганлиги билан танилган ва ҳатто у ерда театр гуруҳини ҳам тузган.

1987 йилда Ҳамас ташкил этилгани эълон қилинганида, Дойф биринчилардан бўлиб унинг сафига қўшилди. 1989 йилда у Исроил ҳукумати томонидан ҳибсга олинган ва 16 ойни панжара ортида ўтказган.

Қамоқхонада Дойф Закариё Аш-Шорбаги ва Салоҳ Шаҳада билан исроиллик аскарларни қўлга олиш мақсадида худди шу Ал-Қассам бригадасини Ҳамасдан алоҳида тузишга келишиб олди.

Қамоқдан озод бўлган Дойф турли хил Иззид-Дин ал-Қассам бригадаларини ягона ҳарбий тузилмага бирлаштирди ва (бир нечта бригадалар раҳбарлари билан бирга) унинг асосчиларидан бирига айланди.

Шунингдек, у назорат-ўтказиш пунктларини четлаб ўтиб, Исроил ҳудудига кирадиган туннеллар қуриш схемасини ишлаб чиқди ва яна кўпроқ ракеталар билан ҳужум қилиш тактикасини ёқларди.

Бироқ, унга қўйилган энг жиддий айб - 1996 йил бошида террор ҳужумлари учун бомба ясаган (автобус портлашида тахминан 50 исроиллик ҳалок бўлган) Яҳё Айёшнинг ўлдирилишига жавобан бир қатор "жавоб операциялари" режасини ишлаб чиққани ва уни амалга оширишга раҳбарлик қилганидир. Шунингдек, 1990-йиллар ўрталарида учта исроиллик аскарни асирга олиш ва ўлдиришда иштирок этган.

2000 йилда Исроил расмийлари уни қўлга олиб, яна қамашди, аммо Дойф Иккинчи Интифада бошида қочишга муваффақ бўлди ва ўшандан бери у ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас: у ўзидан из қолдирмасликка ҳаракат қилади.

Дойфнинг фақат учта сурати исроилликларга маълум: бири кўп йиллар олдин, у ҳали жуда ёшлигида олинган; бошқасида унинг юзи ниқоб билан яширинган; учинчисида фақат унинг сояси кўринади.

Унинг ҳаётига қилинган кўплаб суиқасдлардан энг жиддийси 2002 йилда бўлди: Дойф мўъжизавий тарзда тирик қолди, аммо яралангани натижасида бир кўзини йўқотди. Исроил расмийларига кўра, бошқа суиқасд уринишлари натижасида у бир оёғи ва қўлидан ҳам айрилган, шунингдек, гапиришга қийналадиган бўлиб қолган.

2014 йилда Исроилнинг Ғазо секторида қарийб саккиз ҳафта давом этган операцияси чоғида исроиллик ҳарбийлар унинг хотини ва икки фарзандини ўлдирган, бироқ Дойфнинг ўзи яна қочишга муваффақ бўлган.

У «Масхарабоз» спектаклида шу номдаги образни ўйнагани учун "Абу Холид" лақабини олган. Ҳақиқий Абу Холид тарихий шахс бўлиб, илк ўрта асрларда яшаган шахсдир.

«Дойф» сўзининг ўзи арабча «меҳмон» деган маънони англатади. Ҳеч ерда муқим турмагани учун у ўзига шу тахаллусни олган. Исроил разведка хизматлари уни топа олмаслиги учун ҳар тунни янги жойда ўтказади.

Марван Исса

MEDIA SOURCES

Сурат манбаси, MEDIA SOURCES

Марван Исса ёки "соя одам" - Муҳаммад Дойфнинг ўнг қўли. У Иззиддин ал-Қассам бригадаси бош қўмондони ўринбосари, Ҳамас сиёсий кенгаши ва ҳарбий бюроси аъзоси.

"Биринчи интифада" вақтида Ҳамас билан алоқалари туфайли Исроил разведка хизматлари Иссани беш йил ҳибсда ушлаб турган.

Исроилда у тирик экан Ҳамас билан "интеллект уруши" ғалаба билан тугамаслигини билишади, чунки Исса "пластмассадан металл ясай оладиган даражада ақлли".

Ёшлигида у яхши баскетболчи бўлишига умидлар бор эди, бироқ унинг спорт карьераси натижа бермади, чунки 1987 йилда Исроил разведка хизматлари томонидан Ҳамас билан алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Орадан 10 йил ўтиб, 1997 йилда, бу сафар Фаластин маъмурияти томонидан яна ҳибсга олинди ва уч йилдан сўнг, 2000 йилда, Иккинчи интифада бошланганида озод қилинди.

Қамоқдан чиққанидан кейин Исса Ал-Қассам бригадаси ҳарбий тузилмасини ривожлантиришда муҳим роль ўйнади.

Ҳамасдаги юқори мавқеи туфайли у Исроилнинг энг кўп қидирилаётганлар рўйхатига киритилган. 2006 йилда Ҳамас ҳарбий раҳбарияти йиғилишида Исроил разведка хизматлари унга суиқасд уюштирди, натижада Исса оғир яраланган, аммо тирик қолди.

2014 ва 2021 йилларда Ғазо секторига тўлиқ миқёсли босқинлар пайтида Исроил учоқлари унинг уйини икки марта нишонга олиб вайрон қилган. Натижада Иссанинг укаси ҳалок бўлди, унинг ўзи яна ўлимдан қутилиб қолди.

У Исроил томонидан озод қилинган маҳбуслар Фаластин расмийлари билан кўришганда олинган гуруҳ фотосуратида пайдо бўлгунча, яъни 2011 йилгача разведка хизматлари унинг ташқи кўринишини ҳам билмас эди. Ўшанда Исроил беш йилдан ортиқ вақт Ҳамас қамоқхонасида сақланган аскар Гилад Шалит эвазига минг маҳбусни озод қилган эди.

У шунингдек, Исроил разведка хизматларига Абу Ал-Бара номи билан ҳам маълум. Улар унинг сўнгги ўн йил ичида бир қатор ҳужумларни, жумладан, охирги ҳужумни тайёрлашда шахсан иштирок этганига шубҳа қилишмайди."

Фаластинликларнинг зарбаси қанчалик кучли бўлгани, бундай кенг кўламли босқиннинг қанчалик ташкил этилганлиги ва зарба берувчи бўлинмаларининг разведка ва техник ёрдам гуруҳлари билан аниқ мувофиқлаштирилганлиги, шунингдек, жангариларнинг аҳоли пунктлари ва ҳарбий объектларга бостириб кириши - буларнинг бари, исроилликларга кўра, "Соя одам" ушбу операцияни режалашда иштирок этганидан далолат беради.

Яҳё Синвар

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳамас ҳаракати етакчиси ва унинг Ғазо секторидаги Сиёсий бюроси раҳбари Яҳё Иброҳим Ас-Синвар 1962 йилда туғилган. У Исроилнинг эҳтимолий агентларини аниқлаш ва Исроил разведкаси ва разведка хизматлари аъзолари ортидан жосуслик қилиш учун «Мажд» номи билан машҳур Ҳамас хавфсизлик хизмати асосчисидир.

Синвар уч марта ҳибсга олинган. Биринчи марта 1982 йилда тўрт ой маъмурий қамоққа олинган.

1988 йилда Синвар учинчи марта ҳибсга олинди ва тўрт марта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бироқ у жазо муддатини ўтаётганда исроиллик аскар Гилад Шалит Ҳамас томонидан асирга олинган эди.

Шалит нормал инсон эди, уни "ҳаммага ёқадиган одам" деб таърифлашарди. Одамлар уни ўз ака-укаси ёки ўғлидай кўрарди, жамоатчилик Исроил ҳукуматига уни озод этиш учун лозим барча амалга қўл уриш керак дея босим қилди.

Маҳбусларни алмашиш йўли билан келишувга эришилди. Бунга айрим фаластинликлар "Озод бўлганлар садоқати" деб ном беришди. Озод бўлганлар қаторида Фатаҳ ва Ҳамас ҳаракати аъзолари бўлган кўплаб маҳбуслар бор эди. Улар орасида Яҳё Синвар ҳам бўлиб, у 2011 йили озод қилинганди.

Озодликка чиққанидан сўнг у ҳаракатнинг кўзга кўринган етакчилари қаторида яна Ҳамас сиёсий бюросида ўз ўрнини эгаллади.

2015 йил сентябрь ойида АҚШ Конгресси Синварни "халқаро террорчилар" рўйхатига киритди.

2017 йил 13 февралида у Исмоил Ҳания ўрнига Ғазо секторидаги Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланди.

Абдуллоҳ Барғусий

AFP

Сурат манбаси, AFP

Барғусий 1972 йилда Қувайтда туғилган, аммо Кўрфаздаги Иккинчи урушдан кейин 1990 йилда Иорданияга кўчиб ўтган.

Иордания фуқаролигини олгач, у Жанубий Корея университетига ўқишга кирди ва у ерда уч йил давомида электротехника бўйича таҳсил олди. У ерда у портловчи моддалар ишлаб чиқаришни ўрганди, лекин охир-оқибат унга Фаластин ҳудудларига киришга рухсат берилганини билгач, диплом олмади.

Атрофидагиларга унинг бомба тайёрлаш маҳорати сир бўлиб қолди Бир куни Ғарбий Соҳилдаги чекка ҳудудга бориб, амакиваччаси Билол Ал-Барғусийга нима қила олишини кўрсатди. Билол кўрганларини қўмондонига айтгач, Абдуллоҳ Барғусийни ал-Қассам бригадаси сафига таклиф қилишди.

У ерда Абдуллоҳ Муҳандис лақабини олди, чунки у нафақат детонаторларни тайёрларди, балки портловчи моддалар ва картошкадан заҳар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйди.

Барғусий ўз шаҳри омборларидан бирида ҳарбий заводни жиҳозлаган.

2003 йилда у Исроил махсус кучлари томонидан тасодифан ҳибсга олинди ва уч ой давомида сўроққа тутилди.

Барғусий ўнлаб исроилликлар ўлдирилганида шахсан жавобгар эканлигига ишонилади ва унга қарши иккинчи судда кўплаб қурбонларнинг оила аъзолари иштирок этди.

У Исроил адлия тарихидаги энг узун қамоқ жазосини олди - эҳтимол, бутун адлия тарихида: 67 карра умрбод қамоқ жазоси ва яна 5200 йиллик қамоқ жазоси.

Бир мунча вақт у бир кишилик камерада сақланган, аммо у ерда очлик эълон қилгач уни камерадан чиқаришди.

Барғусий қамоқхонада худди шу номдаги китоб ёзиб, ўзини "Соя шаҳзодаси" деб атаган. У ерда у ўз ҳаёти ва бошқа маҳбуслар билан қилган ишлари ҳақида гапиради - Исроил ҳарбий назорат пунктлари орқали портловчи моддаларни олиб ўтиши, масофадан туриб портлатишлар ва ҳоказо.

Исмоил Ҳания

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исмоил Ҳания Ҳамас ҳаракатининг сиёсий бюроси раҳбари ва ўнинчи Фаластин Маъмурияти ҳукуматининг Бош вазири

Абу Ал-Абд лақабли Исмоил Абдуссалам Ҳания фаластинлик қочқинлар лагерида туғилган. У Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари ва ўнинчи Фаластин маъмурияти ҳукумати Бош вазири бўлган.

1989 йилда Исроил уни уч йилга қамади ва бу муддатдан сўнг Ҳания (бир қатор Ҳамас етакчилари билан бирга) Исроил ва Ливан ўртасидаги нейтрал ҳудуд бўлган Марж аз-Зуҳурга олиб кетилиб, у ерда яна бир йил ўтирди.

Шундан сўнг у Ғазога қайтиб келди ва 1997 йилда Ҳамас ҳаракатининг маънавий раҳбари Шайх Аҳмад Ясиннинг котиби ва ўнг қўли бўлди, бу унинг мавқеини сезиларли мустаҳкамлади.

2006 йил 16 февралда Ҳамас Ҳанияни Фаластин Маъмурияти Бош вазири этиб тайинлади ва у ўша ойнинг 20-кунида ўз лавозимига киришди.

Бир йил ўтиб, Ҳания ҳукумати Фаластин миллий маъмурияти президенти Маҳмуд Аббос томонидан тарқатиб юборилди, бироқ Ҳамас бу қарорни ноқонуний деб эълон қилди ва вазирлар маҳкамаси ўз ишини давом эттирди ва Ғазо сектори устидан амалда назоратни қўлга олди.

У ерда ҳокимият учун қонли кураш Аббос бошчилигидаги Фатҳ ҳаракати Ғазодан ҳайдаб чиқарилгунига қадар бир ҳафта давом этди. Бироқ ўшандан бери Ҳания бир неча бор Фатҳни сулҳга чақирган.

2017 йил 6 май куни у Ҳамас Сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланди ва айнан шу мақомда 2022 йилда Россияга борди ва у ерда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан қабул қилинди. Ҳамас "ташқи сиёсатда Россия билан кўплаб муштарак позицияларга эга", деди Лавров.

У Давлат Думаси депутатлари билан ҳам гаплашган ва ҳатто Қозонга бориб, у ерда Татаристон раҳбари Руслан Минниханов билан ҳам учрашган.

Тўрт йил аввал АҚШ Давлат департаменти Ҳанияни террорчи деб эълон қилган эди.

Холид Машъал

AFP

Сурат манбаси, AFP

Холид Машъал, яъни "Абу ал-Валид" 1956 йилда Ғарбий Соҳилдаги Силвад қишлоғида туғилган. У ерда у бошланғич таълимни олди, лекин оиласи кўчиб борган Қувайтда мактабни тугатди.

Машъал Ҳамас асосчиларидан бири бўлиб, у ташкил топганидан бери ҳаракат етакчилари қаторида. 1996-2017 йилларда Ҳамас Сиёсий бюроси Президиумини бошқарган, 2004 йилда Шайх Аҳмад Ясин вафотидан кейин эса ҳаракат раҳбари этиб тайинланган.

1997 йилда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу шахсан Исроил разведкасидан (Моссад) Холид Машъалга суиқасд режасини ишлаб чиқишни сўраган. Орадан кўп ўтмай, 10 нафар Моссад агенти Машъал ўша пайтда истиқомат қилаётган Иорданияга сохта Канада паспортлари ёрдамида кириб, Амманда уни заҳарлашга уринган.

Иордания ҳукумати суиқасддан хабар топган ва Моссаднинг икки зобитини ҳибсга олган. Кейин Иордания қироли Ҳусайн Исроил Бош вазиридан ишлатилган заҳарга қарши дори сўради, бироқ Нетаняҳу дастлаб буни рад этди.

Суиқасд уриниши кучли сиёсий тус олди ва АҚШ президенти Билл Клинтон можарога аралашиб, Нетаняҳуни Иорданияга керакли антидотни беришга кўндирди.

2006 йил март ойида Машъал Ҳамас делегациясини Москвага олиб борган ва у ерда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Бутун Рус патриархи Алексий II билан учрашган. Кейинги йили, 2007 йилда Машъал яна Москвага борди.

Машъал 2012 йил 7 декабрида Ғазо секторига қайтди. Фаластиннинг Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктида уни Фаластин маъмурияти раҳбарларидан иборат делегация кутиб олди ва Ғазо шаҳригача Машъални бутун йўлда уни оддий фаластинликлар қаршилади.

Маҳмуд Заҳар

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Маҳмуд Заҳар 1945 йилда Ғазо шаҳрида туғилган. Отаси фаластинлик, онаси мисрлик. Болалигини Мисрнинг Исмоилия шаҳрида ўтказган.

У бутун мактаб таълимини Ғазода олди, сўнг Қоҳирадаги Айн Шамс университетида таҳсил олди, 1971 йилда умумий тиббиёт бакалавриатини ва 1976 йилда умумий жарроҳлик магистри даражасини олди. Ўқишни тамомлагандан сўнг у Ғазо ва Хон Юнисдаги касалхоналарда шифокор бўлиб ишлади, то Исроил ҳукумати уни сиёсий қарашлари учун ишдан бўшатгунга қадар.

Заҳар Ҳамас сиёсий раҳбариятининг энг нуфузли аъзоларидан бири саналади.

1988 йилда, Ҳамас ташкил этилганидан атиги олти ой ўтгач, Маҳмуд Заҳар олти ойни Исроил қамоқхоналарида ўтказди. У, шунингдек, 1992 йилда Исроил томонидан Марж аз-Зуҳурга олиб кетилган Фаластин етакчилар орасида эди ва улар бир йил давомида кузатув остида яшадилар.

2005 йилда Ҳамас Фаластин маъмуриятидаги умумий сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг, Заҳар Исмоил Ҳаниянинг янги ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллади. Аммо Маҳмуд Аббос уни Ҳания билан бирга истеъфога чиқарди. Шу билан Фаластин иккига бўлиниб кетди.

Бироқ, бундан олдин ҳам, Исроил разведка хизматлари унинг Ғазо секторидаги уйига салкам 500 килограммли бомба ташлаганида, Заҳар суиқасддан омон қолган. Ҳужумда унинг тўнғич ўғли Холид ҳалок бўлган, бироқ унинг ўзи енгил жароҳатлар билан қутилиб қолган.

2008 йилда Заҳар иккинчи ўғлидан ҳам айрилди: Хоссам 15 январь куни Ғазо сектори шарқида Исроил рейди пайтида ўлдирилган ал-Қассам бригадасининг 18 нафар жангарисидан бири эди.

Заҳар бир қанча интеллектуал очерклар, сиёсий нутқлар ва бошқа адабий асарлар муаллифи, жумладан "Замонавий жамият муаммолари... Қуръон нуқтаи назаридан", "Қуёш остида жой йўқ" (Беняминга Нетаняхунинг "Қуёш остида жой" китобига жавобан) ва «Йўлкада» романини ёзган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002