Исроилнинг ердан, кўкдан ва сувдан Ғазога ҳужуми иш берадими? Янгиликлар, Уруш ва Тинчлик

Исроил Ҳамас билан уришиш учун мисли кўрилмаган миқдорда заҳира аскарларини чақирди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил Ҳамас билан уришиш учун мисли кўрилмаган миқдорда заҳира аскарларини чақирди
    • Author, Пол Кирби
    • Role, BBC News

Исроил етакчилари Ҳамас ер юзидан буткул йўқ қилинишини, Ғазо эса аввалгидек бўлмаслигини айтмоқда.

"Ҳамаснинг ҳар бир аъзоси ўлди ҳисоби" деди Бош вазир Нетаняҳу Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ва оқибатда 1300 одам ўлдирилганидан кейин.

"Пўлат ҳанжарлар амалиёти" армиянинг Ғазодаги мисли кўрилмаган режаси бўладиган кўринади. Аммо бу қанчалик реалистик ҳарбий миссия, қўмондонлар буни қанчалик амалга ошира олади?

Ғазога ердан бостириб кириш уйма уй жангга айланади ва тинч аҳоли учун улкан хавф юзага келтиради. Ҳаво ҳужумларининг ўзи юзлаб одамни ҳаётдан олиб кетди, 400 000 дан зиёд одам уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Мавзуга алоқадор мақолалар:

Армия яна Ғазонинг номаълум жойида сақлаб турилган камида 150 гаровдагини озод қилиши керак.

Исроил Мудофаа кучлари (ИМК) штаб бошлиғи Ҳерзи Ҳалеви Ҳамасни "бурдалаб" ташлашга ваъда берди ва бунда унинг Ғазодаги сиёсий раҳбариятини алоҳида таъкидлади. Аммо Ҳамаснинг 16 йиллик зўравон бошқарувидан сўнг Ғазо қандай кўриниш оларкин?

"Исроил Ҳамаснинг ҳар бир аъзосини бурдалаб ташлай олади деб ўйламайман, чунки бу экстремист исломий ғоядир, - дейди ҳарбий таҳлилчи Амир Бар Шалом Исроилнинг Армия радиосига. - Аммо унинг бирор амалиёт бажара олмайдиган даражада заифлаштириш мумкин."

Яҳё Синвар, Ҳамаснинг Ғазодаги раҳбари, Исроил учун асосий нишон

Сурат манбаси, Ahmed Zakot/SOPA Images/LightRocket

Сурат тагсўзи, Яҳё Синвар, Ҳамаснинг Ғазодаги раҳбари, Исроил учун асосий нишон

Бу нисбатан реалроқ мақсад. Исроил Ҳамас билан тўрт марта урушган. Аммо унинг ракета ҳужумларини тўхтатишга уринишларнинг бари муваффақиятсиз тугаган.

Матбуот котиби подколковник Жонатан Конрикуснинг айтишича, жорий уруш ниҳоясида Ҳамас ортиқ "Исроил фуқароларига таҳдид қилиб, ўлдира олмайдиган" бўлиб қолиши керак.

Ердан ҳужум хавфга тўла

Ҳарбий операцияга бир қанча омиллар ҳалал бериши мумкин.

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти Иззиддин ал-Қассом бригадаси Исроил ҳужумига тайёргарлик кўрган. Портловчи қурилмалар ўрнатилган, пистирмалар қўйилган. У яна Исроил кучларига ҳужум қилиш учун ўргимчак тўри бўлиб кетган ер ости йўлларидан фойдаланиши тайин.

2014 йили Исроил пиёда қўшинлари танкка қарши миналар, снайперлар ва пистирмалар сабабли каттагина йўқотишга учраган эди. Камига Ғазо шаҳри шимолида юзлаб тинч аҳоли ҳалок бўлганди.

Мана, нима учун Исроил Ғазо сектори шимолидан аҳолини жанубга эвакуация қилишни талаб қилди.

харита
1px transparent line

Исроилликлар уруш ойларча давом этиши мумкинлигини айтмоқда. 360 000 заҳирадаги аскар тўплангани ҳам хабар қилинган.

Бу ерда масала Исроил халқаро танқидларсиз бу каби кампанияни қанчалик узоқ давом эттира олишидадир.

БМТ Қочқинлар агентлиги Ғазо зумда "жаҳаннамга" айланиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Ўлимлар сони юқори суръатда ортиб бормоқда, сув, электр, ёқилғи таъминоти узилган. Энди эса ярим аҳоли эвакуация қилиниши кераклиги айтиляпти.

"Ҳукумат ва армия халқаро ҳамжамият қўлловини олаётганликларига ишонади, камида Ғарбдаги етакчилар қўллови. Ҳозирги фалсафа шу, "етарли вақтимиз бор экан, сафарбар қилайлик", дейди ҳарбий ва разведка масалалари бўйича етакчи исроиллик журналист Ёсси Мелман.

Аммо унинг ишонишича, эртами-кеч инсоний талафотлар кўпайиб борса, иттифоқчилар ҳам ўртага тушишлари мумкин.

raqamlar
1px transparent line

Гаровдагиларни қутқариш

Гаровга олинганларнинг кўпчилиги исроилликлар, бироқ улар орасида кўп сонли чет элликлар ва икки фуқаролилар ҳам бор, шунинг учун бошқа бир қанча ҳукуматлар, жумладан, АҚШ, Франция ва Буюк Британия гаровдагилар хавфсиз озод этилишини истайди.

Президент Эммануэл Макрон француз-исроил оилаларига гаровга олинган яқинларини қайтаришга ваъда берди: "Франция ҳеч қачон ўз фарзандларини ташлаб қўймайди", деди у.

Гаровга олинганлар тақдири ҳарбий режаларга қанчалик таъсир қилиши номаълум, Исроил етакчилари ҳам ички босим остида қолган.

Амир Бар Шалом вазиятни 1972 йилги Мюнхен Олимпиадасига қиёслайди. Ўшанда фаластинлик қуролли шахс исроиллик спортчиларни гаровга олиб, 11 кишини ўлдирган эди.

Шундан кейин ҳужумга алоқадор ҳар бир кишини овлаш ва ўлдириш операцияси бошланганди. Амирнинг фикрича, ҳукумат ҳозир ҳам гаровга олиш ортида турганларни овлашни хоҳлайди.

Ғазонинг турли ҳудудларида сақланаётган бунча кўп одамни қутқариш Исроилнинг элита Сайерет Маткал бўлинмаси имкониятидан ташқарида бўлиши мумкин. Ҳамас аллақачон Исроил ҳужумга ўтса, гаровдагиларни ўлдириш билан таҳдид қилган.

2011 йилда Исроил Ҳамас қўлида беш йил ушлаб турилган аскар Гилад Шалитни озод қилиш учун мингдан ортиқ маҳбусни алмаштирган эди. Аммо Исроил яна бу каби йирик алмашувни қилишдан олдин икки марта ўйлаб кўради, чунки ўша алмашинувда озод қилинганлардан бири Ҳамаснинг Ғазо секторидаги сиёсий раҳбарига айланган Яҳё Синвар бўлди.

Қўшнилар яқиндан кузатмоқда

Қуруқликдаги ҳужум қанчалик давом этиши ва унинг натижасига Исроилга қўшни давлатларнинг муносабати ҳам таъсир қилиши мумкин.

У Ғазо сектори билан чегарадош бўлган ва Рафаҳ чегара пункти орқали ёрдам беришга ҳозирданоқ уринаётган Мисрнинг ортиб бораётган талабларига дуч келиши мумкин.

"Исроил ҳарбий кампанияси натижасида ғазоликлар қанчалик кўп жабр кўрса, Миср ўзини фаластинликлардан юз ўгирмагандек кўрсатиш учун шунчалик тер тўкишига тўғри келади", дейди Исроил Миллий Хавфсизлик Тадқиқотлари Институти ходими Офир Винтер.

Аммо бу Қоҳиранинг ғазоликларнинг Мисрга оммавий кўчирилишига йўл қўйишига ёки улар номидан Исроилга қарши ҳарбий ҳаракат бошлашига сабаб бўлмайди, дейди у.

Исроилнинг Ливан билан шимолий чегараси ҳам назорат остида.

Исроил бир неча кундан бери Ғазони ҳаводан ҳужумга тутмоқда

Сурат манбаси, SAID KHATIB/AFP

Сурат тагсўзи, Исроил бир неча кундан бери Ғазони ҳаводан ҳужумга тутмоқда

Ҳозиргача Ҳизбуллоҳ исломий жангари гуруҳи иштирокида бир неча трансчегаравий ҳужумлар кузатилди, бироқ улар Исроилга қарши янги фронт очгани йўқ.

Ҳизбуллоҳнинг бош ҳомийси Эрон аллақачон Исроилга қарши "янги фронтлар" очиш билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳафта АҚШ президенти Жо Байден уларни огоҳлантирди: "Ҳар қандай мамлакат, ҳар қандай ташкилот, ким бу вазиятдан фойдаланишни кўзлаётган бўлса, мен уларга бир нарсани айтмоқчиман: бундай қила кўрманг!"

Буни амалда таъкидлаш учун Шарқий Ўрта ер денгизига АҚШ авиаташувчиси юборилди.

Исроилнинг Ғазо бўйича якуний ўйини нима?

Агар Ҳамас сезиларли даражада заифлашса, унинг ўрнини ким эгаллаши савол остида.

Исроил 2005 йилда ўз армияси ва минглаб фуқаросини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетди ва ишғолчи куч сифатида қайтиш ниятида эмас эди.

Офир Винтернинг фикрича, ҳокимиятдаги ўзгариш 2007 йилда Ҳамас томонидан Ғазо секторидан қувиб чиқарилган Фаластин маъмуриятининг (ФМ) босқичма-босқич Ғазога яна қайтишига йўл очиши мумкин. Жангари гуруҳ бўлмаган ФМ ҳозирда Ғарбий Соҳилнинг бир қисмини назорат қилади.

Миср ҳам прагматикроқ қўшнини мамнуният билан қабул қилади, дейди у.

Ғазонинг вайрон бўлган инфратузилмасини охир-оқибат аввалги урушларда бўлгани каби қайта тиклашга тўғри келади.

Ҳамаснинг Исроилга қарши ҳужумидан олдин ҳам Исроил Ғазога "икки мақсадли товарлар", яъни ҳам фуқаровий, ҳам ҳарбий мақсадда ишлатиш мумкин бўлган маҳсулотларни олиб киришга қатъий чеклов қўйганди. Энди Исроил бундан ҳам қаттиқроқ чекловлар қўйиши мумкин.

Исроил яҳудий жамоаларини кўпроқ ҳимоя қилиш учун Ғазо чегараси бўйлаб кенг буфер зонасини яратишга талаблар бўлганди. Собиқ Шин Бет хавфсизлик бошлиғи Ёрам Коэннинг фикрича, эни 2 километрлик "кўринганни отиш" зонасини қуриш керак бўлади.

Урушнинг оқибати қандай бўлишидан қатъи назар, Исроил ўзига бундай ҳужум бошқа такрорланмаслигини кафолатлашни истайди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002