Исроил яна Ғазога зарба берди, сулҳ чиппакка чиқдими? O‘zbekiston Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Ғазо шаҳрида яна портлаш садолари қулоққа чалинган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғазо шаҳрида яна портлаш садолари қулоққа чалинган

Бугун тонгда Ғазо яна портлаш садолари ичида қолган. Сўнгги ҳаво ҳужумлари икки томон ўртасида имзоланган сулҳ битимидан саноқли ҳафталар ўтиб кузатилган. Талафотларга оид маълумотлар ҳозирча имконсиз.

Исроил томонининг айтишича, бунга Ғазо Бўлгасидан учирилган оловли шарлар сабаб бўлган.

Хабарларга кўра, ҳодиса кеча, сешанба куни юз берган.

Ғазодан учирилган шарлар Исроилда бир неча ёнғинга сабаб бўлган.

Ўтган ой Исроил ва бўлгани назорат қилувчи Ҳамас 11 кун уришган.

21 май куни зўравонликларга чек қўйишга келишиб олишган.

Ўшандан буён томонлар ўртасида сулҳ битими амал қилиб келаётганди.

Шарқий Қуддус. Ҳам мусулмонлар ва ҳам яҳудийлар учун бирдек муқаддас сатҳ

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Шарқий Қуддус. Ҳам мусулмонлар ва ҳам яҳудийлар учун бирдек муқаддас сатҳ. Бу ерда Маъбад тоғи баробарида ал-Ақсо масжиди ҳам жойлашган

Воқеаларнинг сўнгги ривожи яҳудий миллатчиларининг Шарқий Қуддусдаги сешанба кунги юриши ортидан кузатилган.

Ҳамас бундан аввал юриш амалга ошса, танглик янада кучайиши билан огоҳлантириб чиққан.

Исроил Мудофаа вазирлигининг расман билдиришича, қирувчи самолётлари Ҳамаснинг Хон Юнус ва Ғазо шаҳридаги ҳарбий қисмларига зарба берган.

Вазирлик "бу ҳарбий қисмларда "террористик фаолият" олиб борилганини иддао қилган.

"Ўзларининг Ғазо Бўлгасидан давом этаётган террорчилик амаллари шароитида жанговар ҳаракатларнинг қайта бошланиши дохил барча сценарияларга тайёр бўлганликлари"ни айтган.

Исроилнинг янги ҳаво ҳужумлари қандайдир талафотларга сабаб бўлгани ёки йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Ҳамас ўзининг сўнгги баёнотини кеча, сешанба куни Twitter акаунтида эълон қилган.

Ҳаракат ўз баёнотида, "фаластинликлар далил қаршилик кўрсатиш, ўз ҳуқуқлари ва Қуддуси Шарифдаги муқаддас сатҳларини ҳимоя қилишда давом этаверишлари"ни айтган.

Жангарилар оловли шарлардан кенг истифода этиб келишади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жангарилар оловли шарлардан кенг истифода этиб келишади

Исроил Ўт ўчириш хизматининг даъво қилишича, Ғазо Бўлгасидан учирилган оловли шарлар мамлакат жанубидаги далаларда камида 20 та ёнғинга сабаб бўлган.

Бу Исроилда янги Бош вазир бошчилигидаги коалицион ҳукумат қудратга келиши ортидан амалга оширилаётган илк ҳужумлардир.

Янги ҳукумат шу якшанба куни ўз вазифаси ижросига киришган, Исроилда Биньямин Нетаньяҳунинг 12 йиллик бошқаруви ниҳоя топганди.

Исроил полицияси Шарқий Қуддуснинг миллатчи яҳудийларнинг юриши учун режаланган сатҳларини тозаларкан, 30 дан ортиқ фаластинлик намойишчи яраланган. Яна 20 га яқини қўлга олинган. Полиция уларга қарши товушли гранаталар ва резина ўқлар қўллаган.

Би-би-сининг Ғазо шаҳридаги мухбири Рушди Абу Алифнинг ёзишича, Исроилнинг янги ҳаво ҳужумлари 10 дақиқа давом этган бўлса-да, сўнгги урушдан энди қаддини ростлаётган маҳаллий аҳолига сулҳнинг қанчалик ҳассос эканини яна бир бор эслатиш учун кифоя қилган.

Ал-Ақсо масжиди

Сурат манбаси, EPA/ARXIV

Шарқий Қуддус ва ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазият Ўзбекистон томонининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Расмий Тошкент ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси бу ҳақда устма-уст икки бор расмий баёнот билан чиққан, президент Шавкат Мирзиёев ҳам сўнгги Исроил-Ғазо уруши манзарасида алоҳида эътибор қаратган мавзулардан бири бўлган.

Расмий Тошкент томонларни зўравонликка чек қўйишга ҳам даъват қилган, уларни вазиятни беқарорлаштиришдан сақланишга ундаган.

Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотирда эканликларини билдирган.

"Бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик учун барча имкониятларни сафарбар этишга" ундаган.

"Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлиги - статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблаши"ни расман баён қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёноти сўнггида расмий Тошкентнинг Исроил-Фаластин можароси ечимини борасидаги бугунги мавқеи ҳам очиқланган.

Ўзбекистон томони бу муаммони халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ва "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлаб қолган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳам "ҳозирги қалтис вазиятда давлатлар, миллатлар ва элатлар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблаши"ни баён қилганди.

Исроил ва Ғазо ўртасидаги сўнгги урушга ҳар икки дин вакиллари учун бирдек муқаддас сатҳда жойлашган ал-Ақсо билан боғлиқ можаролар ҳам туртки бермай қолмаганди.

Яҳудийларнинг Маъбад тоғи ҳам жойлашган сатҳдаги Ал-Ақсо масжиди Ислом оламидаги энг муқаддас учта қадамжодан биттаси саналади.

Фаластин-Исроил орасидаги зиддият бир асрлик тарихга эга.

Икки томонни муросага келтириш уринишлари шу пайтгача самара бермаган.

Келажакдаги исталган тинчлик битими ҳам мураккаб масалалар юзасидан ҳар икковлоннинг розилигини талаб қилади.

Худди шу боис ҳам, муаммонинг муқобил ечими борасида тарафлар бир тўхтамга келишмас экан, зиддиятнинг яна давом этаверишига оид қўрқувлар ҳам йўқ эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek