Яқин Шарқда тинчлик бўлиши пул ва бизнесга боғлиқми? - Yaqin Sharq, dunyo va siyosat

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Самир Ҳашми ва Ян Роуз
- Role, BBC News, Дубай
Яқин Шарқда тинчлик бўлиши пул ва бизнесга боғлиқми? - Тарихий "Иброҳим аҳдлашуви" битимининг келажаги бор кўринади. Битим Исроил ва икки араб давлати ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришни кўзда тутади. Aммо у ўз вақтида озмунча танқидларга ҳам сабаб бўлмаганди.
Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайннинг Исроил билан Оқ уйда тинчлик битими имзолаганидан олти ой ўтмай, Америкага янги президент келди, Исроилдаги янги сайловлар ҳам эшик қоқмоқда.
Аммо Исроил ва икки араб давлати ўртасидаги муносабатларни нормаллаштирувчи, тарихда биринчи марта имзоланган ва "Иброҳим аҳдлашуви" деб аталган битимнинг келажаги бор кўринади.
Ундан кейин нафақат яна Судан ва Марокаш шундай битим имзолади, балки миллионлаб долларлик бизнес шартномаларига ҳам ўз муҳрини босди.
Декабрь ойининг ўзида 60 000 исроиллик сайёҳ Дубайга борди, икки томон ўртасида ишбилармонларнинг қатнови бу ҳисобга кирмайди.

"Муштарак жиҳатларимиз кўп", дейди Қуддус мэри ўринбосари ва БАА Исроил Кенгаши асосчиларидан бири Флер Ҳассан Наҳум.
"Тинчлик эълон қилинган дақиқаданоқ одамлар бир бири билан танишишга ошиқди. "Whatsapp" форумлари, "Zoom" учрашувларини ташкил қилдик ва бунинг ўз суръати ва мароми ҳам пайдо бўлди."
Турли соҳалар - банкинг, футбол, кибер хавфсизлик ва озиқ-овқат технологияси бўйича битимлар имзолангани эълон қилинди.
Дубайда Кошер ресторанлари ва кейтеринг хизматлари, Исроилда ривожлантирилган ўз ўзини ҳимоялаш техникаси - крав магани ўргатувчи спортзаллари очилди.
Айрим ҳисобларга кўра, имзоланган битимлар қиймати $4 миллиард долларга етган.

Ана шундай расмий бизнес битимларидан бири сув таъминоти бўйича "Fluence" компаниясининг Исроил шохобчаси ва Дубайда жойлашган "Al Shirawi Group" конгломерати ўртасида имзоланди.
Компания раҳбарларидан бири Тани Аш Ширавий битимни "кўкда тузилган иттифоқ", деб атади.
"Биз бир тилда сўзлашдик", деди у Би-би-сининг "Talking Business" дастурига битимнинг аҳамиятини урғулар экан.
"Мақсадларимиз муштарак, иккимиз ҳам ўсишни истаймиз. Исроилда технология бор. Сув таъминоти масаласида улар бир неча қадам олдинда."
"Fluence"нинг исроиллик раҳбари Ярон Бар Талнинг ҳам нафақат бизнес битимдан, шу билан бирга, тинчлик ўрнатилганидан кайфи чоғ.
"Бизнес тинчликка ва тинчлик бизнесга йўлдир. Шунинг учун ҳам исроиллик сифатида ва ҳам ишбилармон сифатида маҳсулотларимиз тинчликка хизмат қилишидан фахрланаман."

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо битимдан ҳамма ҳам рози эмас
Фаластинликларнинг жавоби кескин бўлди. Бу битимдан норозилик ўша заҳоти Ғазо кўчаларида сезилди. Фаластин ҳукумати Исроил ишғол қилган ҳудудлардан чиқиб кетмагунча, бошқача ечим йўқ, деб твит қолдирди.
Битим эълон қилингандан кўп ўтмай БААда жойлашган компанияларга кибер ҳужумлар сони 250 фоизга ортди.
Уилям Браун Яқин Шарқда инқироз ва барқарорлик бўйича "Control Risks" консальтинг компанияси раҳбари.
Унинг айтишича, ҳаммасини контекстга қўйиб мулоҳаза қилиш керак. "Биз узоқдан ишлаш одатий ҳолга айланган даврда яшаяпмиз."
"Битимнинг таъсири бўлган албатта, аммо кибер ҳужумларнинг ортишини битимга қарши жавоб дейиш масалани жуда жўнлаштириш бўлади."
Аммо Баҳрайн билан яқин алоқага эга Саудия Арабистони ҳам Исроил билан айни шундай битим тузадиган кейинги давлат бўлиши ҳақидаги фаразлар кучсизланиб бормоқда.
"Саудиянинг ҳозирги қироли назоратида бундай битим тузилиши имконсиз", дейди "Economist Intelligence Unit"дан Адедаё Болажи Адио.
"У Исроил билан ҳамкорлик қилишдан олдин Фаластин масаласини ҳал қилишинг керак, деб ҳисобловчи қарашга содиқ. Шу боис, бундай битимнинг имзоланиши режада йўқ", дейди у.
"Мен Уммон шундай битим имзолаши мумкин деб ўйлайман. Менимча, уммонликлар бу битимларга араб дунёсининг муносабатини кўришни истаяпти."
Йиллар давомида Миср ва Иордания ҳам Исроил билан тинчлик битимига эга эди, аммо бу битимлар БАА ва Баҳрайндаги бизнес доиралари томонидан қўллаб-қувватланганчалик ҳар икки араб давлатида ҳам кенг дастакланмаган.
Ўн йиллар давомида БАА ва Исроил ўртасида норасмий бизнес ҳамкорликлар бўлар эди. Аммо бу ошкор айтилмас, тан олинмасди.
Бу битимлар қай даражада қудратли иттифоқларни пайдо қилиши келгуси йилларда катта таъсирга эга бўлади.
Афтидан, бизнес доиралар аллақачон бу масалани ҳал қилиб қўйган кўринади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















