Ўзбекистон ва Ғазо: Ташқи ишлар вазири араб давлатлари ва Исроил элчисини чақирди - Янгиликлар

Uzbekistan Foreign ministry

Сурат манбаси, Uzbekistan Foreign ministry

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, жума куни Тошкентда Бирлашган Араб Амирликлари, Жазоир, Иордания, Қувайт, Миср, Қатар, Фаластин, Саудия Арабистони ва Исроилнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтган.

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўз телеграм каналида берган баёнотидан англашилишича, учрашувнинг асосий мавзуси Ғазодаги нотинч вазият бўлмаган.

"Бошқа масалалар қаторида Ғазо секторидаги мавжуд вазият юзасидан ҳам фикр алмашдик", деб ёзади вазир.

BBC

Саидов, шунингдек, Ўзбекистон тарафи "яна бир бор барча томонларни тинч аҳоли орасида минглаб инсонлар, жумладан, болалар қурбон бўлаётган қуролли можарони тўхтатишга ечим топиш учун фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан фойдаланишга" чақирганини билдирди.

Ғазо ва "Ҳамас" ташкилотини қурол-аслаҳа ва молия билан таъминлаши айтиладиган Эроннинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазирликдаги учрашувда иштирок этгани ё этмагани ҳақида маълумот йўқ.

Бу йиғинда Ғазодаги вазият борасида яна қандай фикрлар ё ечимлар таклиф қилингани, ҳамда муҳокама қилинган бошқа мавзулар ҳақида маълумот берилмади.

"Ҳамас" жангарилари 7 октябрда Исроилга ҳужум қилишидан икки кун ўтиб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот чиқарганди. Унда вазирлик курашаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатиш ва инқирозни сиёсий ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш учун барча чораларни кўришга чақирган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002