Исроил ва Ғазо: Нетаняҳу энди Ғазога киришга иккиланяптими? - Янгиликлар Yangiliklar

Ғазо бўлгаси жанубида Хан Юнисга ҳужумда яраланган бола.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғазо бўлгаси жанубида Хан Юнисга ҳужумда яраланган бола.

27 октябрь, жума

  • Исроил Ғазо бўлгасининг марказий ҳудудига нишонли рейдлар қилгани ва ўнлаб Ҳамас нуқталарига зарба берганини айтмоқда.
  • Исроил мудофаа кучларига кўра, Ҳамаснинг жосуслик қаноти раҳбарининг муовини Шаҳи Баруд нишонли амалиётда ўлдирилган.
  • Исроил Ғазо жанубидаги Хан Юнисга ҳам ҳаводан ҳужум қилган. Исроил ғазоликларни шимолдан жанубга кўчишга ундаганди, аммо жанубни ҳам нишонга олмоқда.
  • БМТнинг инсонпарварлик ёрдами бўйича юқори мулозими Мартин Гриффитсга кўра, Ғазода ёқилғи тугаб бораётгани борасида кунлаб давом этган огоҳлантиришларга қарамай, Ғазога ёрдам деярли кирмаяпти.
  • Европа Иттифоқи лидерлари ёрдам оддий аҳолига етиб боришига имкон бериш учун Исроил ва Ҳамас ўртасидаги жангда "танаффус" қилинишига чақирганлар.
  • Исроилга кўра, Ҳамас 7 окбярда ҳужум қилганида 1400дан ошиқ одам ўлдирилган ва 220дан ортиқ исроиллик ҳозирда Ғазода гаровда ушлаб турилибди.
  • Ҳамас юритувчи соғлиқни сақлаш вазирлиги эса Ғазога Исроил ҳаво ҳужумлари бошланганидан бери 7 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлганини айтди.

Ҳудуддаги муҳарриримиз Жереми Боуэннинг ёзишича, исроиллик ҳарбийлар одатда муаммо чиқиши билан кўп ўйлаб ўтирмай, тез юриш қиладилар. Уларнинг ҳарбий фалсафаси шундай.

Исроиллик асирлар армия юриш қилмаётганига сабаб бўлиши мумкин.
Сурат тагсўзи, Исроиллик асирлар армия юриш қилмаётганига сабаб бўлиши мумкин.

Аммо, бу сафар иккиланишни сезиш мумкин.

Бунга қисман Бош вазир Бенямин Нетаняҳунинг характери сабаб. У қанча қатъиятли эканини намойиш қилишни истамасин, аслида ҳеч қачон Исроилга урушда бошчилик қилмаган.

У ҳар доим оқибатлардан хавотир олиб, эҳтиёткорона қадам қўйган. Бу сафар ҳарбий амалиёт муваффақиятли бўлмаса, сиёсий қувғинга учрашидан қўрқади.

Нетаняҳу Исроил судларида аллақачон жиддий коррупция айбловларига юз тутяпти ва қамалиши мумкин. Шундай экан, унда ўзини сақлаб қолиш ҳисси ишга тушган.

Унинг устига, Ғазода экани айтилган 229 исроиллик асирлар ҳам муаммони чигаллаштиряпти.

Исроилликларда ўйлаб кўришга анча вақт бўлди. Асирлар оилалари ва бошқаларнинг Ғазога кирмаслик ва ўз яқинларини хавф остига қўймаслик чақириқлари ҳам, шубҳасиз, бу иккиланишда муҳим омил бўляпти.

26 октябрь, пайшанба

нонга навбат

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори шимолига мақсадли рейд уюштиргани ҳақида хабар берди. АҚШ Президенти Жо Байден Ғазода ҳалок бўлаётганларнинг сонини шубҳа остига олди.

Ўтган тунда уюштирилган рейдда танклар ҳам иштирок этгани айтилмоқда.

"Тунда Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори шимолида ҳарбий ҳаракатларнинг кейинги босқичига ўтишга тайёргарлик доирасида танклар иштирокида мақсадли рейд уюштирди. Рейд сўнггида аскарлар ушбу жойни тарк этишди ва Исроил ҳудудига қайтишди", дейилади хабарда.

Исроил армиясининг қўшимча қилишича, рейд давомида ҳарбийлар "катта миқдордаги террористлар ҳужралари, инфратузилма объектлари ва ўт отиш жиҳозларини" йўқ қилган.

Олдинроқ Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Исроил армияси қуруқликдан бостириб киришга тайёргарлик кўришда давом этаётганини айтганди, бироқ амалиятнинг аниқ бошланиш вақтини бермаганди.

line

Исроил-Ғазо урушига алоқадор мавзулар:

line

Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича бўйича мухбири Фрэнк Гарднер Исроил мудофаа кучларининг Ғазо секторига рейди ҳақида:

танк

Сурат манбаси, IDF

Исроил бу тунда танклар иштирокида Ғазо секторининг шимолига уюштирган рейди - ҳарбийлар "шаклланаётган" амалиётлар деб атовчи атамага тўғри келади.

Барча кўрсатгичлар шунга ишора қилмоқдаки, бу рейд Исроил ҳукуматининг Ҳамас ҳарбий салоҳиятини "бир деганда ва бутунлай" йўқ қилишга мўлжалланган қуруқликдаги кенг миқёсли амалиётларнинг дебочаси бўлди.

Кечаги амалиёт бир нечта мақсадларни кўзлаганди: Ғазо сектори шимолий чеккасида Ҳамаснинг олд позициялари жойлашуви ҳақида разведка маълумотлари тўплаш; танкларга қарши ўт очиш позицияларни йўқ қилиш ва йўлларни разведка қилиш.

Шу билан бирга жамоатчилик учун сигнал ҳам берилди. 7 октябр куни Ҳамаснинг ҳужум қилишига имкон берган разведка ҳамда хавфсизлик тизимидаги мувафаққиятсизликлардан сўнг Исроил ҳукумати жангарилар билан қатъий жанг қила олишини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Бир неча ҳафтадан бери юзлаб жангга тайёр Исроил ҳарбийлари Ғазо бўлгасига кириш учун буйруқ кутмоқда. Аммо давлат раҳбариятини тўхтатиб турган бир неча омиллар бор. 200 дан ортиқ гаровдагиларни озод қилиш учун оғир музокаралар ҳали давом этмоқда. АҚШ Исроилни икки томондан ҳам катта йўқотишлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда. Бундан ташқари, АҚШ ўзининг Яқин Шарқда жойлашган ҳарбий базалари атрофига ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилувчи воситалар жойлаш учун вақт сўрамоқда. Ушбу базаларга Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган жангарилар дронлар воситасида ҳужум қилиши кутилмоқда.

БМТ: Ғазо секторида хавфсиз жой йўқ

xarita

БМТнинг Фаластин ерларида гуманитар ёрдамлар бўйича мувофиқлаштирувчиси Линн Хастингс Исроилнинг Ғазо шимолидаги туманлардан аҳолини эвакуация қилиш чақириқларига жавоб берди.

"Борадиган жойи йўқлиги ёки юролмаслиги учун эвакуация бўлмаётган одамларни олдиндан огоҳлантиришдан маъно йўқ. Эвакуация йўли бомбардимон қилинаётган бир пайтда, шимолдаги ва жанубдаги одамлар ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган ҳудудда бўлса, омон қолиш учун энг зарур нарсалар бўлмаса ва қайтиш учун кафолат берилмаса, одамлар имконсиз танловлар қаршисида қолади. Ғазо секторида ҳеч қаер хавфсиз эмас", деган Хастингс.

У, шунингдек, қуролли можаро халқаро ҳуқуқ доирасида бўлиши кераклигини таъкидлаган.

"Бу шуни англатадики, фуқаролар ҳимоя остида бўлиши ва яшаш учун зарур нарсаларга эга бўлиши, қаердан бўлишидан, қолиш ёки кетишга қарор қилишидан қатъий назар ҳимоя остида бўлиши керак. Бу барча гаровдагилар зудлик билан ва шартларсиз озод қилиниши кераклигини ҳам англатади", деган у.

Исроил ҳукумати олдинроқ Ғазо шимолидаги аҳолини жанубга кўчиб ўтишга чақирганди. Аммо, шу билан бирга, террористлар ёки уларнинг инфратузилмаси мавжуд исталган жой ҳарбийларнинг қонуний нишони остида бўлишини таъкидлаган.

Байден Ғазода ҳалок бўлаётганлар сонига шубҳа билдирди

iqtibos

АҚШ президенти Жо Байден Ғазо секторида ҳалок бўлганлар борасида Фаластин томони бераётган маълумотларга ишонмаслигини тан олди.

Хамас тузилмаси таркибига кирувчи Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, 7 октябр, гуруҳ Исроилга қонли ҳужум қилганидан буён 6500 нафар фаластинлик ҳалок бўлганини айтмоқда.

Ушбу муассаса Ғазода ҳалок бўлганлар борасида хабар берувчи ягона манба бўлиб қолаётир. У нобуд бўлганларнинг на рўйхатини ва на уни тасдиқловчи бирор далил беради.

Оқ уйда ўтган матбуот анжуманида АҚШ президентига Ҳамас таъкидлаётгандек, 2700 нафари болалардан иборат қурбонлар сони Исроил АҚШнинг Фаластин анклавида тинч аҳоли ўртасида йўқотишларни камайтириш сўровларини эътиборсиз қолдираётганини англатадими, деган савол берилди.

"Фаластинликлар қанча одам ўлдирилгани ҳақида ҳақиқатни айтаяптими ёки йўқ, билмайман. Ҳалок бўлганлар орасида бегуноҳ одамлар ҳам борлигига шубҳа қилмайман, аммо бу уруш бошлашнинг бадалидир. Исроилликлар Исроилга қарши уруш очган одамларга эътибор бериб, ниҳоятда эҳтиёткор бўлиши керак. Бу содир бўлмаганда, у мутлоқо Исроил манфаатига зид эди. Аммо мен фаластинликлар келтираётган рақамларга умуман ишонмайман", деган Байден.

Байден нима учун Ғазода ҳалок бўлганларнинг сонига шубҳа билан қараётганига тўхталмаган, дейди Reuters.

Халқаро журналистлар Ғазодан узатаётган тасвирларда кўплаб ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларни кўриш мумкин. Уларнинг орасида болалар, ўсмирлар ҳам бор. Аммо тасвирлар ўлганларнинг умумий сони ва уларнинг қанчаси Исроил зарбаларига дуч келгани ҳамда қанчаси фаластинликлар учирган ракеталар қурбони бўлгани борасида тасаввур бермайди.

Ҳамас ўзи бераётган маълумотларининг аниқлигини таъкидлайди.

Учинчи ҳафта: Би-би-си мухбирлари Исроил-Ғазо уруши ҳақидаги саволларингизга жавоб беради - 25 октябр куни жойланган мақола

Аҳоли Исроил бинога зарба берган сатҳда тўпланишди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Аҳоли Исроил бинога зарба берган сатҳда тўпланишди

Ҳамас Исроилга мисли кўрилмаган ҳужумни амалга ошириб, 1400 одамни ўлдирганига ҳам уч ҳафта ўтди. Исроил эса қасос учун Ғазо секторини интенсив бомбалай бошлади ва оқибатда 5000 дан ортиқ одам ўлди.

Ғарб давлатлари етакчилари Исроилга бориб, ўз дастакларини таклиф қилмоқда ва айни пайтда ундан халқаро қонунларга амал қилиш, Ғазодаги тинч фуқароларни асрашни сўрамоқда. Ғазога ердан ҳужум қилиниши кутилмоқда, аммо бу қачон бўлиши номаълум.

Вазият мураккаблашиб, тез ўзгариб боряпти. Ҳозирда аксарияти ушбу минтақада бўлган мухбирларимиз Би-би-си ўқувчилари йўллаган саволларга жавоб бериб, вазиятни ойдинлатишга ҳаракат қилишди. Қуйида жавобларни ўқишингиз мумкин.

line
Исроил танклари Ғазо секторида яқинидаги номаълум манзилда ҳаракатланмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил танклари Ғазо секторида яқинидаги номаълум манзилда ҳаракатланмоқда

Катта уруш эҳтимоли қанчалик?

Ричард Жонс сўрайди: Яқин Шарқда катта уруш келиб чиқиш эҳтимоли қанчалик ва у Исроил учун катта ташвиш келтирадими?

Дипломатик мухбиримиз Пол Адамс Қуддусдан жавоб беради:

Шубҳасиз, бу ҳамманинг ташвиши, шунинг учун ҳам сўнгги икки ҳафта ичида кўплаб хорижий раҳбарлар ва дипломатлар Исроилга келиб-кетди.

iqtibos

Асосий хавотир Исроилнинг шимолий чегарасидан. У ерда Исроил кучлари ва Ливаннинг кучли Ҳизбуллоҳ шиа жангарилари ўртасидаги отишмалар кундан-кунга зўраймоқда.

Исроил чегарага қўшин ва зирҳли техникаларини келтириб қўйди ва эҳтиёт чораларини кўрди, ўн минглаб тинч аҳолини хавфли ҳудудлардан эвакуация қилди.

Ҳизбуллоҳни Эрон қўллаб-қувватлайди ва у Ғазо секторидаги вазият ёмонлашаверса, можарога аралашиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Ҳизбуллоҳнинг илғорроқ ракеталари Исроил учун Хамасга қараганда анча катта хавф туғдиради.

Қўшма Штатлар Исроилга қўшимча қурол юборди, Ҳизбуллоҳ ва Эронга огоҳлантирувчи сигнал сифатида Ўрта ер денгизи шарқига авиатушувчисини жойлаштирди.

Бироқ сўнгги кунлардаги зўравонликлар хавотирли бўлса-да, Ҳизбуллоҳ жангга қўшилиш борасида ҳали якуний қарорга келмаган кўринади.

line
Ғазо бўлгасидаги Рафаҳда фаластинликлар нон сотиб олиш учун навбатда туришибди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғазо бўлгасидаги Рафаҳда фаластинликлар нон сотиб олиш учун навбатда туришибди

Ғазога озиқ-овқат ёки ёқилғи етиб боряптими?

Кэролайн Келли сўрайди: Исроилнинг сўнгги икки ҳафта давомида Ғазони тўла қамал қилганини ҳисобга олса, бу Ғазода сув, ёқилғи ва электр энергияси йўқлигини англатадими?

Яқин Шарқ мухбири Том Бейтман Қуддусдан жавоб беради:

Исроил Ғазони "тўлиқ блокада" қилаётганини айтди. Энергетика вазири Исроил Катз Ҳамас ҳужумларидан кейин гаровга олинганлар озод этилмагунича электр ва сув бўлмаслигини таъкидлаб, буни "инсонпарварлик эвазига инсонпарварлик" деб атади.

2006 йилдан бери Ҳамас Ғазода ўз назоратини мустаҳкамлагач, Исроил Миср кўмагида Ғазо секторини қаттиқ қуршовга олди. Исроил бу чоралар Ғазога қурол ўтказилиши олдини олиш учун қилинганини айтади.

Аммо бу оддий фуқаролар ҳаётини анча қийинлаштирди, чунки Исроил ва Миср секторга кирувчи ва чиқувчи ҳамма нарсани назорат қилди. Фақат контрабанда туннеллари орқали Мисрдан Ғазога айрим маҳсулотлар етиб борарди.

Шанба кунидан бери Мисрдан ўтаётган бир нечта ёрдам юк машинасини ҳисобга олмаса, ҳеч нарса ўтмаяпти, Исроил шарқий Хон Юнисга кунига бир неча соат сув беради холос.

Бу шуни англатадики, Ғазода электр энергияси ва ичимлик суви манбалари - можародан олдин мавжуд бўлган захиралар қолган, жумладан, генераторлар учун дизель (улар одамлар уйларида сув фильтри тизимларини ҳам қувватлантириши мумкин), идишлардаги сув захиралари ва шахсий қудуқлар.

line
Ҳамас ҳужумида айрим асрга олинганларнинг расмлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳамас ҳужумида айрим асрга олинганларнинг расмлари

Исроил гаровга олинганларни қутқара оладими?

Аноним электрон мактубдан: Исроил Ҳамас томонидан гаровга олинганларни қутқара олиши эҳтимоли қанчалик?

Хавфсизлик бўйича мухбир Фрэнк Гарднер жавоб беради:

Ғазода гаровга олинганлар сони жуда кўп - 200 дан ортиқ. Исроил уларнинг барчасини куч ишлатиш билан қутқариб қолиши эҳтимоли жуда паст.

Маълумки, ўтган жума куни Қатар орқали икки нафар, душанба куни эса яна икки нафар гаровга олинган одам озод қилинди. Қатарликлар яна кўпроқ одам озод қилинишига ишонишади, бироқ баъзилар бу Ҳамаснинг Исроилнинг Ғазо секторига кутилаётган ҳарбий босқинини ортга суриш тактикаси бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда.

Исроилликлар гаровга олинганларни қутқаришда катта тажрибага эга. Исроил махсус кучларига қарашли «Саярет Маткал» бўлинмаси айнан ана шундай операцияларга тайёрланиб келган.

Аммо улар қийин синовга дуч келишади. Гаровга олинганларнинг бир қисми ёки барчаси ер остидаги туннель ва бункерларда сақланади ва баъзи ҳолларда бир махфий жойдан бошқасига кўчирилади.

Агар Ҳамас гаровга олинганлар қутқарилиши аниқлигига ишонса, уларни ўлдиришга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳар қандай қутқарув операцияси ўта хатарли.

Исроил аскари Ҳамас ҳамда Фаластин жангарилари Исроилга қарши ҳужумларида ишлатган ҳарбий жиҳоз ва қуролларни кўрсатмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил аскари Ҳамас ҳамда Фаластин жангарилари Исроилга қарши ҳужумларида ишлатган ҳарбий жиҳоз ва қуролларни кўрсатмоқда

Ҳамас пулни қаердан олади?

Розмари Малтус-Смит сўрайди: Тарихан ким Ҳамасни молиялаштиришни бошлаган? Бугун уни ким молиялаштирмоқда? Буни қандай амалга оширмоқда?

Яқин Шарқ мухбири Йоланда Нелл Қуддусдан жавоб беради:

Ҳамас ўзининг дастлабки кунларида баъзи фаластинлик қочқинлар ва хусусий донорлар томонидан, айниқса, Форс кўрфази мамлакатлари томонидан молиялаштирилган. Айрим исломий хайрия ташкилотлари ҳам пул жўнатиб турган.

Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар уни террорчи ташкилот сифатида белгилаганидан бери бу молиялаштириш жараёнлари анча қийинлашди.

Айтиш жоизки, Ҳамас ҳозирда Эрондан моддий ва молиявий ёрдам олади.

Сўнгги йилларда Ғазо секторидаги оғир иқтисодий вазият туфайли Фаластинга ёрдам кўрсатган Қатарга минглаб давлат хизматчилари маошларини тўлашда ёрдам беришга рухсат берилди.

АҚШ Молия вазирлиги билдиришича, Ҳамас Судан, Жазоир, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлардаги компанияларда юзлаб миллион доллар қийматдаги махфий халқаро инвестиция портфелига эга ва у катта даромад келтиради.

line

Ғарб ўт очишни тўхтатишга чақирадими?

Мэри Фриман сўрайди: Ғарб ўт очишни тўхтатишга чақиришидан олдин қанча бегуноҳ одам ўлиши керак?

Пол Адамс жавоб беради:

Ҳозиргача қурбонлар сони жуда катта. Ғазонинг Ҳамас бошқарадиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 1400 дан ортиқ исроиллик ва 5000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Бу Исроил ва Фаластин ўртасидаги ўнлаб йиллар давом этган тўқнашувлардаги йўқотишларга қиёсласа, даҳшатли сондаги ўлимдир.

Олдинги даврлардаги тажрибамга кўра, Ғарб Исроилга Ҳамасни ўт очишни тўхтатиш у ёқда турсин, вазминликка чақиришдан олдин Ҳамасни жазолаш учун вақт беряпти. Ғарб ҳукуматлари, одатда, Исроил Ҳамасни жазолашини истайди.

Аммо бу охирги уруш бошқача. Исроил шунчаки Ҳамасни жазолаш билан чекланмоқчи эмас (буни "майсани калталатиш" деб аташарди). Бу сафар Исроил бу ҳаракатни сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан йўқ қилишга қарор қилган.

Бу янада кўпроқ инсоний азоб-уқубатларга сабаб бўлади. Ғарбнинг Исроилни ҳозирга қадар қанчалик қўллаб-қувватлаётганига қарасак (Жо Байденнинг Исроилни ғазаб отига минмаслик ҳақида огоҳлантиришига қарамай), Исроил то иттифоқчилари "етар, бас" деб айтгунга қадар, бир мунча вақт ўз мақсадига эришиши мумкин.

line

Фатҳ Ғазо секторини яна бошқара оладими?

Кипрдан Алекс Ҳамасга ютқазган Фатҳ Ғазони эгаллашга тайёрми деб сўрайди.

Йоланда Нелл жавоб беради:

Шундай қилиб, аввало, бир оз маълумот: Фатҳ - Ҳамаснинг асосий рақиби бўлган дунёвий сиёсий фракциядир.

Фатҳ етакчиси президент Маҳмуд Аббос бўлиб, у босиб олинган Ғарбий Соҳилнинг бир қисмини бошқарадиган Фаластин маъмуриятига (ФМ) раҳбарлик қилади.

У, шунингдек, халқаро миқёсда Фаластин халқининг вакили сифатида тан олинган Фаластин Озодлик Ташкилоти (ФОТ) раиси ҳамдир.

Ҳамас ва Исломий жиҳод гуруҳлари Исроил билан бевосита тинчлик музокараларида ФОТ таркибида бўлмаган.

ФМ Ғазони бошқарган, аммо Ҳамас 2007 йилда у ерда тўлиқ назоратни қўлга олган ва қонли кўча жангларида ФМ хавфсизлик кучларини сиқиб чиқарган. Бу Ҳамас парламент сайловларида ғалаба қозонганидан бир йил ўтиб содир бўлганди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ғазо секторида уруш бошланганидан кейин минтақага сафарида Президент Аббос билан учрашди.

Ўтган ҳафта мен Фатҳнинг юқори лавозимли амалдори ва Аббосга яқин бўлган собиқ ФМ вазири Сабри Саидам билан учрашдим. Мен ундан бу урушдан кейин ФМ Ғазога қайтишга чақирилганми, деб сўрадим.

У менга шундай деди: "Исроил келажакни муҳокама қилмоқчи, Америка келажакни муҳокама қилмоқчи. Фаластин раҳбарияти бунга мутлақо аниқ ва қатъий ишонади."

line
АҚШ президенти Жо Байден ва Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Тел-Авивда, 18 октябр

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ президенти Жо Байден ва Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Тел-Авивда, 18 октябр

Исроил учун қизил чизиқ қаерда?

Ғарб ҳукуматлари бу можарода Исроил учун қизил чизиқ чизганми, деб сўрайди Сэм.

Фрэнк Гарднер жавоб беради:

Агар шундай бўлса, биз бу ҳақда жуда кам эшитганмиз. Ушбу можаро бўйича ягона "Ғарб позицияси" йўқ. Буни ўтган йили Россия Украинага бостириб кирганида ҳам НАТО доирасида кузатдик.

7 октябрь куни Ҳамаснинг Исроил жанубидаги тинч аҳолига ҳужуми қанчалар ваҳший ва шафқатсиз бўлгани кўплаб Ғарб етакчиларининг Исроилга тўлиқ хайрихоҳ бўлишига туртки берди.

Бироқ, Исроилнинг Ғазога уюштирилган қасос ҳаво ҳужумлари ва тинч аҳоли орасида даҳшатли қурбонлар бўлгани сабабли, Исроилнинг дўстлари орасида Нетаняҳу ҳукумати ҳаддидан ошаётганидан хавотир кучаймоқда.

"11 сентябрдан кейин АҚШда бўлгани каби ғазаб отига минманг", деди Президент Байден ўтган ҳафта Исроилга қилган ташрифи чоғида.

Ғарбнинг барча етакчилари Исроилни халқаро инсонпарварлик қонунчилигини бузмасликка чақирмоқда. Бироқ БМТ агентликлари ҳозир айнан шу нарсада Исроилни айбламоқда, чунки у гавжум ҳудудларни бомбалаб, миллиондан ортиқ одамни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилмоқда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002