Исроил ва Фаластин: Ғазода қақшатқич жанглар, Байден танаффусга чақирдими? - Янгиликлар Isroil G‘azo Yangiliklar

Рафаҳ ўтиш нутқасида ғазоликлар қаттиқ текширилмоқда. Улар асосан икки фуқароликка эга фаластинликлар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Рафаҳ ўтиш нутқасида ғазоликлар қаттиқ текширилмоқда. Улар асосан икки фуқароликка эга фаластинликлар.

2 ноябрь, пайшанба

  • Ғазода тунда қақшатқич жанглар юз берди - Би-би-си жонли кўрсатувида портлашлар кўринди ва эшитилди.
  • Исроил армияси бироз аввал ўз қўшинлари Ҳамаснинг мудофаа чизиғини ёриб кирганини хабар қилганди, энди ўнлаб Ҳамас жангчиларини ўлдирганини айтмоқда.
  • Рафаҳ чегара ўтиш нуқтаси орқали кўпроқ оддий фуқаролар Ғазодан Мисрга ўтиши кутилмоқда. БМТга кўра, уруш бошланганидан бери илк марта кеча 400дан ошиқ одам Мисрга ўтишига рухсат берилди.
  • Ўз нутқини бўлган одамга жавоб бера туриб, АҚШ Президенти Жо Байден Ҳамас қўлидаги асирларни озод қилиш учун жангларда "танаффус" қилиниши кераклигини айтди.
  • Ҳамас 7 октбярда Исроилда 1400 одамни ўлдириши ва камида 239 кишини гаровга олиши ортидан Исроил Ғазони бомбалаб келмоқда.
  • Ҳамас юритувчи Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг бомбардимони бошланганидан бери 8700 ғазолик ўлдирилганини айтди.

Ғазони Рафаҳ чегара нуқтаси орқали тарк этишга рухсат этилганларнинг рўйхати эълон қилинди.

Улар асосан хорижий паспорт ва иккита фуқароликка эга бўлган одамлар. Бугунги эълонда уларнинг сони 600 атрофида, улардан 400 нафари АҚШ фуқаролигига эга.

Оғир жароҳатланган фаластинликларни ҳам Мисрда ташкил қилинган янги дала касалхонасига олиб ўтишлари умид қилинмоқда.

Аммо, Ғазода 2 миллиондан ортиқ одам яшайди ва уларнинг кўпчилиги тинимсиз бомбардимонлар остида қолишмоқда.

Чегара билмас шифокорлар (MSF) маълумотига кўра, 20 мингдан ошиқ яраланган одамлар Ғазо бўлгасида қамалда қолишмоқда.

Жабалияда ўлганлар сони 195 киши дейилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жабалияда ўлганлар сони 195 киши дейилган.

Чоршанба куни Исроил ҳаво зарбасига учраган Жабалия қочқинлар жамлоғида, Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мингдан ошиқ одам ё ўлган, жароҳат олган ё бедарак йўқолган.

Бу охирги маълумотда талафот сони аниқланмаган, аммо аввалроқ бу ҳужумда ўлган сони 195 киши дея хабар қилинганди.

Исроил Мудофаа кучлари чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси Ғазо бўлгасида қақшатқчи жанглар бўлгани ва Ҳамаснинг ўнлаб жангчилари йўқ қилинганини айтди.

Исроилга кўра, Ҳамас аксил-танк ракеталарни отган, портлашларни келтириб чиқарган ва Исроил қўшинларига гранаталар отган.

Армия Ҳамасга қарши оғир қуроллар билан, танклар ва ҳаводан, ҳамда кемадан ракеталар билан зарбалар берганини айтмоқда.

Исроил қўмондони ўз аскарлари ҳозирда Ғазо шаҳри дарвозаси бўсағасида эканини даъво қилди.

Армия сафида 17 аскар ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Президент Байденнинг нутқи бузилди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Президент Байденнинг нутқи бузилди.

АҚШ Президенти Жо Байден Миннесота штатида нутқ сўзлаётганида, одамлар орасидаги аёл "оташкесим" дея қичқириб унинг гапини бўлди.

Бунга жавобан Байден: "Танаффус керак деб ўйлайман. Танаффус дегани маҳкумларга вақт беришни англатади", деди.

Охирги урушда Байден шу пайтгача Исроил ва Ҳамас ўртасидаги жангда оташкесим ё танаффус бўлишига чақирмаган. Кейинроқ Оқ Уй президент Ҳамас қўлидаги 240 асир ҳақида гапирганини аниқлаштирди.

Қичқирган аёлни қўриқчилар олиб кетар экан, у "ҳозироқ оташкесим" дея куйлади. Байден эса вазият исроилликлар ва мусулмон дунёси учун "ўта мужмал" эканини айтди.

"Мен икки давлатчилик ечимини қўллаб-қувватлаганман. Бошиданоқ. Факт шуки, Ҳамас - террорчи ташкилот. Мутлақ террорчи ташкилот", - деди у.

Хон Юнисдаги БМТ бошпанаси

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Хон Юнисдаги БМТ бошпанаси

31 октбярь, сешанба

Россиянинг якшанба куни Доғистондаги аэропортда юз берган аксил-Исроил ғалаённи Ғарб ва Украина уюштирган, деган даъвосини АҚШ "бемаънилик" дея рад қилди.

Телевидение орқали душанба куни узатилган мажлисда Россия Президенти Владимир Путин бу ҳодиса Россия бўйлаб "тартибсизлик"ни тарқатиш ҳаракати бўлганини айтган.

Исроилнинг Тел-Авив шаҳридан учоқ учиб келиши олдидан минглаб одамлар Махачқала аэропортига бостириб кирганлар. Уларнинг кўпларида Фаластин байроқлари бўлган, баъзилари антисемитик шиорларни айтиб қичқиришган.

Маҳаллий ҳукуматга кўра, хавфсизлик кучлари ниҳоят вазиятни ўз назоратига олган ва 60 дан ошиқ одам ҳибсга олинган.

Путинга кўра, Украина ва Ғарб Россияда хаос келтириб чиқармоқчи.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Путинга кўра, Украина ва Ғарб Россияда хаос келтириб чиқармоқчи.

"Кеча Махачқалада юз берган воқеалар ижтимоий тармоқлар орқали уюштирилган, хусусан Украинадан, Ғарб махсус кучлари агентлари қўли билан. АҚШнинг амалдаги ҳукмрон элиталари ва уларнинг сателлитлари халқаро беқарорликдан энг кўп манфаат кўрадилар", - деб айтган Путин.

Оқ Уй брифингида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши воизи Жон Кирбидан бу баёнотга муносабати сўралганда, у бу "одатий Россия иддаоси" дея жавоб берди.

"Ўз давлатингда нимадир ёмон юз берса, бошқаларни айблайсан. Ғарбнинг бунга мутлақо алоқаси йўқ. Бу шунчаки нафрат, фанатизм ва қўрқитув, тамом-вассалом", - деди Кирби.

Исроил ва Ҳамас урушидаги охирги тафсилотлар:

  • Исроилнинг айтишича, Ғазода ердаги ҳарбий амалиёти давом этар экан, тун оша Ҳамас билан "катта тўқнашувлар" юз берди.
  • Исроил мудофаа кучлари ўз қўшинларига "террорчилар" аксил-танк ракеталари ва пулемётлар билан ҳужум қилганини айтди.
  • Ғазо тун оша ҳаводан ҳужумга олинишда давом этган - Исроил 300дан ошиқ нуқтани нишонга олганини айтмоқда.
  • Исроил Ғазо шимолига асосий эътиборни қаратаётгани, аммо "бутун Ғазо бўлгаси"га ҳужум қилаётганини билдирди.
  • Ҳамас Ғазо жанубида учта Исроил ҳарбий машиналарига аксил-танк ракеталари, ҳамда пиёда аскарларга пулемётлар билан ҳужум қилганини айтди.
  • Душанба оқшомида Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ғазода оташкесим ўрнатиш чақириқларини рад этди ва "бу урушнинг вақти" дея жавоб берди.
  • Ҳамас 7 октбярда Исроилда 1400 одамни ўлдириши ва камида 239 кишини гаровга олиши ортидан Исроил Ғазони бомбалаб келмоқда.
  • Ҳамас юритувчи Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг бомбардимони бошланганидан бери 8000 ғазолик ўлдирилганини айтди.
Нормал вақтларда Эйлат Исроилнинг энг машҳур курорт шаҳарларидан бири.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Нормал вақтларда Эйлат Исроилнинг энг машҳур курорт шаҳарларидан бири.

Исроил жанубидаги Эйлат шаҳрида дрон уриб туширилган. Исроилликлар фикрида Қизил денгиз узра учиб келган бу дрон Ямандан келган.

Яман пойтахти ва мамлакатнинг катта қисмини назорат қилувчи Ҳусийлар Эроннинг иттифоқчиси саналади. Эрон илғор дрон саноатига эга.

Мухбиримизга кўра, бу камикадзе дрони бўлиши мумкин. Унинг "кутиб турувчи" номи ҳам бор - у нишонга зарба беришдан олдин ҳавода кутиб туриши мумкин.

Бу Исроилга Ямандан қилинаётган илк ҳужум ҳаракати эмас.

Ўтган ҳафта Қизил денгиздаги АҚШ ҳарбий кемаси Исроил томонга қарата Ҳусийлар отган ракета ва дронларни илғаган.

Исроилнинг Ғазо билан чегараси яқинидан кўчирилган кўплаб исроилликлар Эйлатдаги ётоқхоналарда қолишмоқда. Ҳаводаги ҳар қандай учувчи жиҳоз ҳаво ҳужуми сиреналарини ишлатиб юборади ва одамларни бошпана излашга мажбурлайди.

Ғазодаги Исроил пиёда аскарлари

Сурат манбаси, IDF

Сурат тагсўзи, Ғазодаги Исроил пиёда аскарлари

Эйлатдаги ҳарбий ходимлар ҳам Би-би-сига бошпанада қолишаётганларини билдиришган.

Айни дамда БМТнинг айтишича, Исроилнинг Ғазога охирги ҳужумларида БМТнинг Фаластин қочқинлари учун агентлигида ишловчи 64 ходими ўлдирилган.

Бир ходим душанба куни бутун оиласи - саккиз фарзанди ва аёли билан ўз уйида ўлдирилган.

Воиз Жулиет Туманинг Би-би-сига айтишича, БМТ Ғазо бўлгасида бошқарувчи 450 бошпанада одамлар тўлиб кетган.

Умумийла, 670 минг одам БМТ иншоотларида жон сақламоқда.

30 октябрь, душанба

Isroil harbiysi

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Ғазода зудлик билан сулҳ ўрнатилишини кўпчилик овоз билан маъқуллади.

Алоқадор мавзулар:

BMT Bosh Assamleyasi

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Дунёнинг бошқа мамлакатлари билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқилган ва араб давлатлари номидан Иордания илгари сурган резолюция Ассамблеянинг жума кунги фавқулодда йиғини чоғида кўпчилик овоз билан қабул қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси Ғазода гуманитар сулҳ ўрнатишга оид резолюцияни маъқуллади.

Янги резолюция Ғазо аҳолисини ҳимоя қилиш, бўлгада "зудлик билан, узоқ муддатли ва узлуксиз гуманитар сулҳ ортидан жанговар ҳаракатларнинг тўхтатилиши"ни ҳам кўзда тутади.

Бундан ташқари, резолюция Исроилнинг фаластинликлар, БМТ, гуманитар ва тиббиёт ходимларини Ғазо шимолидан бўлга жанубига эвакуациясига оид буйруғини бекор қилишга ҳам чақиради.

Дунёнинг бошқа мамлакатлари билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқилган ва араб давлатлари номидан Иордания илгари сурган резолюция Ассамблеянинг жума кунги фавқулодда йиғини чоғида кўпчилик овоз билан қабул қилинган.

БМТ Бош Ассамблеяси раиси Исроил ва Ҳамас ўртасидаги зиддият фонида дунёнинг бир қанча давлатлари, жумладан, Россиянинг илтимосига кўра, халқаро ташкилотининг Яқин Шарқ бўйича 10-фавқулодда йиғинини давом эттиришга қарор қилган.

Фавқулодда йиғин БМТ Хавфсизлик Кенгаши ёки халқаро ташкилот аъзоларининг кўпчилиги талаби асосида чақирилади.

Нималар бўлди?

G'azo shahri

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Янги резолюцияда ҳам Фаластин ва Исроил фуқароларига қарши барча зўравонлик ҳаракатлари, жумладан, барча "террор ва пала-партиш ҳужумлар" қораланади.

БМТ Бош Ассамблеяси раиси пайшанба куни йиғинни очаркан, зўравонликни зудлик билан тўхтатиш зарурати ҳақида гапирган.

Деннис Фрэнсис гуманитар сабабларга кўра, ўт очишни сўзсиз бас қилиш ва ёрдам етказиб бериш учун гуманитар йўлаклар очишга чақирган.

У Ҳамаснинг 7 октябрь куни Исроилга қарши уюштирган ҳужумларини кескин қоралаган.

Ғазонинг танламасдан ўққа тутилишига ҳам худди шундай муносабат билдирган.

Деннис Фрэнсиснинг айтишича, бунинг натижасида Ғазодаги тинч аҳоли жабр чекмоқда, бўлганинг муҳим фуқаровий инфратузилмаси ишдан чиқаётир.

Янги резолюцияда ҳам Фаластин ва Исроил фуқароларига қарши барча зўравонлик ҳаракатлари, жумладан, барча "террор ва пала-партиш ҳужумлар" қораланади.

Ҳамаснинг билдиришича, Исроилнинг Ғазодаги ҳужумлари қурбонларининг сони 8 мингдан ошган. Исроил ҳозирча бу хусусда жим.

Овозлар ва акс-садолар

BMT Bosh kotibi

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Антониу Гутерриш ўтган сешанба куни Хавфсизлик Кенгашида қилган чиқишида Ҳамаснинг Исроилга қилган икки ҳафта олдинги ҳалокатли ҳужумини сўзсиз қоралаши, аммо "йўқ ердан бўлмагани"ни айтган. Бунинг ортидан Исроил БМТ Бош котибини "терроризмни оқлаш"да айблаб, уни зудлик билан истеъфо беришга чақирганди.

Фаластин томонининг БМТ қошидаги доимий кузатувчиси йиғин иштирокчиларини резолюцияни қўллаб-қувватлаш ва Ғазода бегуноҳ тинч аҳолининг ўлдирилишини тўхтатишга чақирган.

Риёд Мансур, ўз навбатида, гуманитар фалокатнинг кучайиши ва минтақадаги вазиятнинг беқарорлашиши хавфи ҳақида ҳам огоҳлантирган.

Исроил БМТнинг "гуманитар сулҳ"га чақирувчи резолюциясини ғазаб билан рад этган, ўзини ҳимоя қилишда давом этишга ваъда берган.

Исроилнинг доимий вакили сўнгги воқеаларнинг Исроил-Фаластин можаросига ҳеч бир алоқаси йўқлигини айтган.

Гилад Эрдан Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми тилга олинмагани боис, резолюция лойиҳасини "шармандалик", деб атаган.

Унинг даъво қилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти "заррача қонунийлик ёки аҳамиятга эга эмас".

Исроил шу ҳафта БМТ Бош котибини Ғазо уруши ҳақидаги изоҳлари учун истеъфога чиқишга чақирган.

Антониу Гутерриш ўтган сешанба куни Хавфсизлик Кенгашида қилган чиқишида Ҳамаснинг Исроилга қилган икки ҳафта олдинги ҳалокатли ҳужумини сўзсиз қоралаши, аммо "йўқ ердан бўлмагани"ни айтган.

Бунинг ортидан Исроил БМТ Бош котибини "терроризмни оқлаш"да айблаб, уни зудлик билан истеъфо беришга чақирганди.

Канада томонидан таклиф қилинган ва резолюция матнига Ҳамаснинг Исроилга ҳужумларини қораловчи бандни киритишга оид тузатиш эса, зарур бўлган учдан икки қисм овозни ололмаган.

АҚШ резолюцияга қарши овоз берган, аммо Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётларида "гуманитар танаффус"га чақирган.

Россия эса, янги резолюцияни ёқлаган.

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, .

Резолюцияни халқаро ташкилотга аъзо 140 давлат қўллаган, 14 таси қарши чиққан, 45 мамлакат бетараф қолган.

Уни Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон ҳам ёқлаган, "нейтрал" Туркманистон овоз бермаган.

Овоз бериш қонунан масъулловчи кучга эга эмас, лекин БМТга аъзоликнинг универсаллиги туфайли маънавий аҳамиятга эга.

Ovoz berish natijalari

Сурат манбаси, Rasmiy

Айни пайтда Иордания "қуруқликдаги уруш" оқибати гуманитар фалокат бўлишидан огоҳлантирган.

Жума кунги овоз бериш Исроил Ғазода ўзининг ҳарбий амалиётларини кенгайтирган бир кунга тўғри келган.

Расмий хабарларга кўра, 26 октябрь куни Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси биносида хавфсизлик чораларига бағишланган тадбир бўлиб ўтган.

Элчихонанинг расман билдиришича, бунга Ўзбекистон фуқароларидан келиб тушган кўплаб мурожаатлар сабаб бўлган.

Тадбир офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган.

Isrolidagi tadbir

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Жорий пайтда Исроилда қанча Ўзбекистон фуқароси борлиги ва Ҳамаснинг 7 октябрь кунги ҳужуми ортидан, улар қанчасининг Ўзбекистонга қайтганига оид аниқ ва ишончли маълумотлар ҳозирча кўзга ташланмайди.

Айтилишича, тадбир чоғида Ўзбекистон фуқароларига элчихона вакиллари томонидан Исроилда жорий этилган хавфсизлик протоколларига қатъий риоя қилиш бўйича батафсил тушунтиришлар берилган.

Хусусан, ракета ҳужумлари вақтида хавфсизлик бошпаналарида қолиш, шаҳарга чиқишни чеклаш, фуқаролар тўпланган жойларда бўлмаслик зарурлиги ҳам таъкидланган.

Уларга фақатгина дипломатик миссиянинг расмий Телеграм мессенжерлари ва ижтимоий тармоқларида эълон қилинаётган, доимий равишда ватандошларга мурожаатлар жойлаштирилаётган саҳифалардаги маълумотларга таянишлари кераклиги айтилган.

Маълум бўлишича, тадбирда "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси ваколатхонаси раҳбари ҳам иштирок этган.

У қатновлар қатъий жадвал асосида амалга оширилаётганини таъкидлаган.

Шунингдек, Тошкент-Тель-Авив-Тошкент йўналиши бўйича парвозлар жадвали, авиачипталар нархлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар, барча тегишли саволларга жавоблар берилгани айтилган.

Жорий пайтда Исроилда қанча Ўзбекистон фуқароси борлиги ва Ҳамаснинг 7 октябрь кунги ҳужуми ортидан, улар қанчасининг Ўзбекистонга қайтганига оид аниқ ва ишончли маълумотлар ҳозирча кўзга ташланмайди.

Ўзбекистон элчихонаси орада Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ва полицияси берган маълумотга асосланган ҳолда, мамлакат жанубида рўй берган террор ҳужуми вақтида Ўзбекистонда туғилган ва 90-йилларда репатриация дастурига мувофиқ Исроилга кўчиб келган 5 (беш) нафар киши ҳалок бўлгани тасдиқлаган.

Аммо, олинган маълумотларга таяниб, уларнинг амалдаги Ўзбекистон фукаролик паспортларига эга бўлмаганликларини айтган.

Элчилик худди шу билдиришномаси фонида оммавий ахборот восмталарини кузатиб борувчи фуқароларда бўлиб ўтаётган воқеалар кўлами ва уруш ҳаракатлари ҳақида нотўғри қарашлар пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида маълумотларни чоп эттиришдан олдин, уларни ишончли манбалардан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Исроилдаги Элчихонаси орқали қайта текширишларини сўраб қолган.

Мурожаат учун ўзининг контакт рақамларини ҳам илова қилганди.

Baxtiyor Saidov

Сурат манбаси, .

Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи ҳам Ўзбекистон, расмий Тошкентнинг диққат-эътиборидаги мавзулардан бири бўлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 9 октябрь куни бу хусусда расмий баёнот билан чиққан.

Расмий Тошкент "урушаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатиш ва инқирозни сиёсий ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш учун барча чораларни кўришга чақирган".

Жума куни эса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири қатор Араб давлатлари ва Исроилнинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашган.

Бахтиёр Саидовнинг расман маълум қилишича, ушбу учрашув чоғида ҳам "яна бир бор барча томонларни тинч аҳоли орасида минглаб инсонлар, жумладан, болалар қурбон бўлаётган қуролли можарони тўхтатишга, ечим топиш учун фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан фойдаланишга" даъват этишган.

Ўзбекистоннинг айни мазмундаги такрорий даъватларига ҳозирча рақиб томонларнинг муносабатлари кўзга ташланмайди.

25 октябрь

АҚШ Исроил-Ҳамас урушида Ўзбекистонни тарафкашликка мажбурламайди - Саманта Пауэр

usaid

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Барча Марказий Осиё давлатлари вакиллари 24 октябрь куни АҚШ вакили билан учрашиш учун Самарқандда йиғилган. 

Америка Ўзбекистон дохил бошқа давлатлардан халқаро можароларда фақат бирор томонни танлашни талаб қилмайди, аммо суверенитет, ҳудудий дахлсизлик ва халқаро ҳуқуқ тамойилларини дастаклашга чақиради.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр "Америка Исроил-Фаластин можаросида Ўзбекистондан қайсидир томонни танлашни талаб қилмоқдами?" деган саволга шундай жавоб берган.

24 октябрь куни Самарқандда журналистлар билан учрашган Пауэр хонимнинг таъкидлашича, ҳар бир суверен давлат ўзининг жуғрофияси, тарихи, қадриятлари ва манфаатларини қандай мувозанатлаш тўғрисида ўзи қарор олиш ҳуқуқига эга.

"Бироқ Қўшма Штатлар, сизнинг саволингизда тилга олинганидек, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқларни дастаклашга ундашга иккиланиб ҳам ўтирмайди", дея қўшимча қилган USAID раҳбари.

Пауэр хоним бу таъкидини Украина-Россия уруши мисолида изоҳлашга ҳаракат қилган.

"БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзосининг ўз қўшниси ҳудудига бостириб кириши, украин шаҳарларини ер билан вайрон қилиши, минглаб украин болаларни ота-онаси қўлидан юлиб олиб, Россия Федерациясига олиб кетиши, инсонларнинг рус босқинчилари қўлида тизимли жинсий зўравонлик ва қийноққа юз тутишини кўриш… Ҳозир тилга олганларимдан келиб чиқиб, Америка Қўшма Штатларининг мамлакатларни бундай ваҳшийлик ва халқаро ҳуқуқнинг даҳшатли тарзда топталиши ҳақида бонг уриш ҳамда Россия билан бирга бўлмасликка чақириши ҳеч кимни ажаблантирмаса керак, деб ўйлайман".

Мавзу борасида фикр билдиришда давом этар экан, Саманта Пауэр АҚШнинг Яқин Шарқда бўлаётган жорий воқеаларга муносабатини яна бир бор эслатиб ўтган.

"АҚШнинг позицияси шундай: Исроил бундай жиддий кўламдаги ҳужум ва вайронагарчиликка учраган ҳар қандай давлат каби ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ президент [Байден] айтганидек, қарама-қаршилик қандай йўсинда давом этиши жуда катта аҳамиятга эга: фаластинлик тинч аҳоли вакиллари Ҳамаснинг ваҳшиёна жиноятлари учун жавобгар бўлмаслиги ҳам керак".

Алоқадор мавзулар:

Пауэр хоним АҚШ мамлакатлар билан мулоқотда Яқин Шарқдаги можаро масаласида ҳам, Украина-Россия урушида ҳам айни даъватни тилга олаётганини қўшимча қилган.

Аммо дунёдаги энг йирик тараққиёт ташкилотига раҳбарлик қиладиган Саманта Пауэр 23 октябрь куни Ўзбекистон президенти билан учрашувда ҳозирда халқаро ҳамжамият назарида бўлиб турган бу икки ихтилоф бўйича расмий Тошкент позициясини муҳокама қилгани ёки йўқлигини тилга олмаган.

Шу йилнинг март ойида Шавкат Мирзиёев "катта-катта давлатлар Ўзбекистон ким томон, деган оғир савол бераётгани" ва бундай саволларга жавоби битта экани ҳақида гапирганди.

"Бир томонман - миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман", деганди давлат раҳбари ўшанда. 

usaid

Вазирлар йиғини

23 октябрь куни Ўзбекистонга етиб келган АҚШ вакили Самарқандда Марказий Осиёдаги барча давлатлар вакилларини йиққан ҳам.

C5+1 форматидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича биринчи вазирлар учрашув олдидан Саманта Пауэр президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган.

Ўзбекистон раҳбари билан мулоқот жараёнида Пауэр хоним инклюзив демократия томон янада олға силжиш, инсонлар ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ва давлат бошқаруви ислоҳотлари бўйича барқарор саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлагани хабар қилинган.

USAID 24 октябрь куни Самарқандда барча Марказий Осиё давлатлари вакилларини йиғишдан асосий мақсад минтақадаги мустақиллик, суверенлик ҳамда фаровонликни қўллаб-қувватлаш ниятини яна бир бор изҳор этиш эканини таъкидлаган.

Йиғилиш очилишида Пауэр хоним минтақадаги қўшнилар сув ва энергия ресурсларини бир-бири билан баҳам кўриш, мажбурий ҳамда болалар меҳнатини тугатишда муҳим қадамлар ташлай олганини эътироф этган.

"Бу қадамлар ҳар бир мамлакатдаги ойлик маошлар, барқарорлик ва фаравонликни ошириш салоҳиятига эга", қайд этган Саманта Пауэр.

USAID раҳбари Ўзбекистон ва унинг қўшниларида ўзаро ва халқаро савдодаги тўсиқларни пасайтириш, кўпроқ инвестиция жалб қилиш, янги экспорт бозорларини топиш ҳамда кичик ва ўрта бизнес даромадини ошириш учун барча имкониятлар етарли экани, Америка Қўшма Штатлари бу йўлда кўмак қўлини чўзишдан мамнун эканини қўшимча қилган.

Бироқ Пауэр хонимнинг сўзларига кўра, эскидан қолган жараёнлар туфайли минтақадаги чегаралар бўйлаб савдо алоқаларини олиб бориш сустлигича қолмоқда.

"Бугун вазирлар учрашувида Қўшма Штатлар барча беш мамлакат ҳукуматлари билан бу тизимларни автоматлаштириш ва товарларни чегаралардан олиб ўтилишига сарфланадиган вақт ҳамда харажатни камайтириш йўлида умумий протокол-формаларни қўллашга келишиб олди", деган АҚШ вакили.

Саманта Пауэр Самарқандда USAID минтақада дезинформацияга қарши курашишга қаратилган дастурни ишга туширишини ҳам эълон қилган.

Дастур доирасида марказий осиёлик матбуот вакиллари маълумотларни текшириш ва энг тўғри ахборотни тарқатиш учун зарурий барча восита ҳамда усуллар билан таъминланишини билдирган.

usaid

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Саманта Пауэр Ўзбекистон президенти билан учрашувда ҳозирда халқаро ҳамжамият назарида бўлиб турган бу икки ихтилоф бўйича расмий Тошкент позициясини муҳокама қилгани ёки йўқлигини тилга олмаган.

"Дезинформацияга қарши тура оладиган матбуотни дастаклаш муҳим демократик ислоҳот. Бироқ бундай демократик ислоҳотлар, бир вақтнинг ўзида, иқтисодий ислоҳот эканини қайд этиш зарур. Бирор компания қуйидагиларга амин бўлса, сармоя киритиши мумкин - дезинформация кампаниясига дучор бўлмаслигига ишонч ҳосил қилса, ўз маҳсулоти ишлаб чиқарилишида болалар меҳнати аралашмаганидан кўнгли тўқ бўлса ва бизнесни давом эттириш учун коррупцияга ботган амалдорларга катта-катта пора беришга мажбур бўлмаслигини билса. Шундай қилиб, барча фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган шаффоф, ҳисобдор ҳукуматларни шакллантириш мамлакатлар амалга ошириши мумкин бўлган энг муҳим иқтисодий ислоҳотдир", таъкидлаган Пауэр хоним.

Давлат бошқаруви ва сил

Саманта Пауэр ташрифи давомида Ўзбекистондаги маълум соҳаларни дастаклаш йўлидаги янги ёрдам пакетларини ҳам эълон қилган.

Унинг билдиришича, АҚШ мамлакат соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт ҳамда таълим соҳаларини қўллаб-қувватлашга қўшимча қарийб $19 миллион ажратмоқда.

Бу ёрдам пакетининг $3.2 миллиони сил касаллигига қарши курашиш, $4 миллиони эса эпидемия ва пандемия хатарларини енгишга йўналтирилади.

"$4 миллионлик инвестиция COVID-19'га қарши курашишдан олинган энг яхши сабоқларни Ўзбекистоннинг эпидемиялар ва пандемияларга қаршисида чидамлилигини оширишга имкон беради", дейилади АҚШ томони тарқатган расмий маълумотда.

Яна $3.5 миллион миқдоридаги маблағ ўзбекистонликларга давлат хизматларини кўрсатиш даражасини яхшилашга қаратилган дастурга йўналтирилаётгани билдирилган.

Расмий изоҳда маълум қилинишича, бу дастур бўйича маҳаллий ҳокимликлар бюджети ва харажатларида шаффофликни ошириш, давлат хизматчиларини янги масъулиятларни амалга оширишга тайёрлаш, фуқароларни маҳаллий бошқарув тизимлари фаолиятини мониторинг қилишга ўргатиш каби ишлар амалга оширилади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.