Шифокор, тикувчи ва бўлғуси келин: Ғазо секторида кимлар ҳалок бўлмоқда? - Янгиликлар G'azo Isroil Dunyo Yangiliklar

Исроил 7 октябр куни ўзига қилинган ҳужум ва оқибатда 1400 одам ўлиши ортидан Ҳамасга қарши урушини қиздирар экан, Ғазо бўлгасида ўлимлар сони ортгандан ортиб бормоқда.
Ҳамасга бўйсунувчи Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги уруш бошлангандан буён 10022 ортиқ одам ўлганини айтмоқда.
Хавфсизлик хавотирлари сабабли Ғазодаги инсоний талафонларни ҳужжатлаштирувчи журналистлар сони нисбатан оз.
Алоқадор мавзулар:
- Исроил Ғазони қуршади, бўлгада 9 мингдан зиёд одам ўлдими, ярадорлар сони эса, ўн минглаб - Исроил Ғазони нима қилмоқчи?
- Расмий Тошкент таҳдидни англадими ёки Шавкат Мирзиёев нимадан жиддий хавотирда? Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди
- Фаластин қандай кичрайиб, Исроил қандай кенгаймоқда - тарихий ва бугунги хариталар
- Исроил-Ғазо уруши: Антисемитизм ва антисионизм ўртасида қандай фарқ бор?
Ушбу рақам Исроилнинг энг қақшатқич ҳужум туни ортидан эълон қилинди.

Эрталабгача Ғазо бўлгасидаги юзлаб нишон ҳаво ҳужумларига тутилган, Исроил Ҳамас ҳарбий иншоотларини нишонга олаётганини айтади.
Ғазо шаҳридаги энг йирик шифохона Аш-Шифо раҳбари Би-би-сига шу кеча 200 атрофида инсон ҳалок бўлганини хабар қилди.
БМТнинг қатор агентликлари раҳбарлари мурожаат эълон қилдилар, улар Ғазодаги "даҳшатли қотилликларни ғазаблантирувчи" деб таърифладилар.
Ҳаётдан кўз юмганлар орасида минглаб бола бор деб ишонилади.
Айрим сиёсатчилар, хусусан, АҚШ Президенти Жо Байден Ғазодаги соғликни сақлаш вазирлиги рақамларига ишонмасликларини айтишди.
Бу ҳақда савол берилганида, Жаҳон Соғликни сақлаш вазирлиги Ғазодаги талофатлар ҳақидаги рақамлар ишончли эканига ишонишини билдирди.
Ғазодаги бошқа идора-муассасалар сингари соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Ҳамасга бўйсунади.
Ҳамасни эса АҚШ, Буюк Британия, европа Иттифоқи террористик ташкилот деб эълон қилган.
Исроил ўз ҳудудига ҳужум қилиб 1400 дан ортиқ одамни ўлдирган, 200 дан зиёд кишини гаровга олган Ҳамасни буткул йўқ қилмагунча ҳарбий амалиётини давом эттиришини айтади.
Би-би-си шу кунларда ўз яқинидан айрилган бир қанча оилалар ва гувоҳлар билан суҳбатлашди.
Юсуф Абу Мусо

Ғазо секторида электр энергиясининг жиддий танқислигига қарамай, Юсуф ва унинг 13 яшар опаси Журий ва 9 яшар акаси Ҳамиднинг омади бор эди.
Уларнинг оталари Муҳаммад Абу Мусо Хон Юнисдаги Наср шифохонасида радиолог бўлиб ишларди. У болалари ТВда ўзлари истаган мультфилмларни кўра олиши учун уйлари томига қуёш панелларини ўрнатганди.
Ота айтишича, 15 октябр куни уларнинг уйларига Исроил ҳаво зарбаси берилганда болалар ТВ қаршисида ўтиришган эди.
Журий ва Ҳамид омон қолди, аммо том қулаганда Юсуфни босиб қолди.
У энди 7 ёшга тўлганди.

Сурат манбаси, .
Хотини Рован кенжа ўғлини қидириб, дод солганча кириб келганда, Муҳаммад 24 соатли навбатчиликда эди.
Қутқарувчилар Журийни вайроналар остидан чиқариб олганда, онаси Ҳамидни бир амаллаб топди. Журийнинг бошига жароҳат етган, аммо ота-онасининг айтишича, унинг аҳволи "яхшиланмоқда".
Рованнинг касалхонада "жингалак соч, чиройликкина ўғли"ни сўраётгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Аммо Муҳаммад кейинроқ ўғлининг жасадини касалхона ўликхонасидан топди.
"Юсуфни охирги марта кўрганим ишга кетаётганимда остонада югура келиб мени қучгани эди", дейди Муҳаммад.
"Унга банан ва печенье бериб, юзидан ўпдим ва хайрлашдим. Доим касалхонага ишга кетаётганимни кўрганигами, катта бўлсам, шифокор бўламан дерди."
Доктор Мидҳат Сайдам

15 октябр куни кечқурун доктор Сайдам дам олмоқчи эди. 47 ёшли жарроҳ Ғазо шаҳридаги Аш-Шифо касалхонасида бир ҳафтадан кўпроқ вақт дам олмай ишлаганди.
У ҳамкасбларига тунда уйига кетаётганини айтди. Аммо бир неча соат ўтгач, у ўз уйига берилган зарбада ҳалок бўлди.
"Бу хотиржам, қувноқ ва меҳрибон одам эртаси куни эрталаб касалхонага қайтди, аммо жонсиз танада", дейди унинг ҳамкасби доктор Аднан Албурш.
Жарроҳни 20 йилдан ортиқ билган доктор Албуршнинг қўшимча қилишича, Сайдам ўз ишига фидойилиги учун ҳамкасблари уни "тўхтамас жарроҳ" деб лақаблашган.
Жарроҳлик бўлими фахрийси, доктор Сайдам ёш шифокорларнинг катта устози сифатида ҳам танилган эди.
Аш-Шифо касалхонаси пластик жарроҳлик бўлими бошлиғи, доктор Аҳмад Ал-Мохаллалати айтишича, "Агар шифокорлардан бирортаси қийналиб қолса, буни доктор Сайдам ҳал қила олишини билишарди".
"Унинг ўлими нафақат ушбу шифохона, балки бутун тиббиёт учун катта йўқотишдир", дея қўшимча қилади у.
Нур Юсуф ал-Ҳарма

Ўн етти ёшли ўқувчи қиз Нур 11 октябр куни Ғазо шаҳридан 14 километр жанубда жойлашган Дайр ал-Балоҳ шаҳридаги уйига Исроил ҳаво зарбаси уюштиргани оқибатида ҳалок бўлди, дейди амакиси.
Муҳаммад ал-Ҳарманинг айтишича, унинг жияни бомбалардан қочиб қариндошлариникида қолишни хоҳлаган.
"Отаси ундан эртаси куни эрталаб бомба портлаган уйда қолишни сўраган. Тақдирида шу бор экан", дейди у.
Нур жияни Язан билан бирга ўлган.
Улар бир хонада бўлишган.
Оналари Жамолат билан нонушта тайёрлаётган опалари Ола ва Ҳуда тирик қолди.
Нур ўрта мактабнинг сўнгги синфида ўқир ва шифокор бўлишни хоҳларди.
Унинг амакиси Нурнинг мактаб сумкасини вайроналар остидан чиқариб олишганини айтди.
Унда китоблар ва кундалиги бор экан, бир саҳифасида: "Оилам мен билан фахрланишини истайман. Иншааллоҳ, юқори баҳолар оламан", деб ёзган экан.
Лурин Аъзам Абу Ҳалима

Бўлажак турмуш ўртоғи Холид ал-Масрига Лурин хавфсизлик учун уйма-уй кўчиб юриш жонига текканини айтган экан. 30 ёшли қиз холасиникида қолиш учун Ғазо сектори марказидаги Нусайрат қочқинлар лагерига эндигина келган эди.
Лурин иккита зарбадан омон қолганди, 16 октябр куни Ғазо шаҳрида ота-онаси билан яшаган бино вайрон бўлганди.
"Охирги марта гаплашганимизда у менга ювиниб, намозини ўқишини ва дам олишини айтганди", деб эслайди Холид.
Кипрда яшаб ишлаётган Холиднинг айтишича, у хонада намоз ўқиётганди, уйга ракета тушган.
"У намоз ўқиётганда ўлди", дейди у.
Лурин ва Холид Ғазо секторидаги беқарор вазият туфайли тўйларини бир неча бор қолдирган.
Улар ниҳоят декабр ойида турмуш қуришни ва Кипрга кўчиб ўтишни режалаштиришганди.
Мусибатда қолган Холид шундай дейди: "У энди абадий ором топди. Оқ кўйлакда юрарди, энди эса оқ кафанда".
Фикрия Ҳасан Абдул Аъал

Ғазо шаҳрининг Ризвон туманида кимга аёллар кўйлаги керак бўлса, тўғри Фикрия Ҳасан Абдул Аъалга борарди.
"Эсимда, уйимизга бўлажак келинлар ва келин янгалар кўп келарди, кийим тиктиргани. У жуда истеъдодли эди", дейди Фикриянинг қизи Невина.
65 ёшли тикувчи икки укаси, икки фарзанди ва икки набираси билан бирга 23 октябр куни ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди.
Ўша вақтда дугонасининг уйида бўлган Невинанинг айтишича, Фикрия жуда оилапарвар бўлган ва ҳар ҳафта катта оилани тўплаб турган.
Аммо Невинанинг айтишича, кескинлашиб бораётган уруш унинг кайфиятига жиддий таъсир қилган: "Охирги қўнғироғида у менга шундай деди: "Жуда тушкун бўлиб қолдим, охири йўқ урушдан чарчадим".
Мазен ва Аҳмад Абу Асси

17 октябр куни Ал-Аҳли касалхонасида рўй берган портлашда 17 ёшли Мазен ва укаси 13 ёшли Аҳмад ҳалок бўлди.
Фаластин расмийлари айтишича, портлаш Исроил ҳаво ҳужуми туфайли содир бўлган.
Аммо Исроил ҳарбийлари бунга Фаластин "Исломий Жиҳод" гуруҳи отган бузуқ ракета сабаб бўлган дейди.
Мазен ва Аҳмаднинг отаси Арофат Абу Массининг айтишича, ака-ука "бир-бирига жуда яқин", аммо характерлари бир-биридан жуда фарқли бўлган.
Арофат ва унинг рафиқаси ўрта мактабда ўқиётган ва стоматолог бўлишни орзу қилган Мазенни дунёга келтириш учун саккиз йил давомида ЭКУ қилдирган.
"У менинг болаларим ичида энг ақллиси эди", дейди у.
Унинг отаси Аҳмадни "оиладаги энг кучли ва энг жасури" ва ишбилармони эди деб таърифлайди.

"У уйимиз ёнидаги кичик киоскда ўйинчоқлар ва ўқув қуроллари сотарди", дейди Арофат.
Унинг тирик қолган ягона фарзанди 3 ёшли Фараж.
Арофатнинг айтишича, у нуқул акаларини сўрагани сўраган.
"Мен унга Худо уларни жаннатда қолдирганини айтдим. Бу менинг икки ақлли ёш жанобларим учун энг яхши жой."
Салам Мема

32 ёшли фаластинлик журналист Салам Мема 10 октябр куни Ғазо сектори шимолидаги Жабалиядаги уйига Исроил ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлди, дейди унинг дўсти Би-би-сига.
У билан бирга турмуш ўртоғи, икки ёшли қизи Шам, етти ёшли ўғли Ҳоди ва бошқа оила аъзолари ҳам ўлган.
Улардан фақат беш ёшли ўғли Али омон қолди.
31 октябр ҳолатига кўра, Салам Исроил ва Ҳамас ўртасидаги можаро бошланганидан бери ҳар икки томондан ўлган 31 журналистдан бири.
Сафо Назар Ҳассуна

17 октябр куни мамлакат жанубидаги Рафаҳ шаҳрида 26 ёшли фармацевт авиазарбада ҳалок бўлди.
У уч ойлик қизалоғи Эляна ва турмуш ўртоғи ёнида ухлаётган бўлган.
Сафонинг амакиси ва нафақадаги британиялик шифокор Умар Ҳассунанинг айтишича, унинг ота-онаси ҳужумдан омон қолган, аммо унинг ўлимидан шокка тушиб, адойи тамом бўлганлар.

Сурат манбаси, BBC
Умар жиянини сўнгги бор январ ойида, Ғазога таътилга борганида кўрганини айтади. "Сафо хушмуомала, дастёр ва суюкли эди.
Мен гўзал жиянимни йўқотдим. Унинг ўлими Ғазо секторидаги барча тинч аҳоли ўлими каби адолатсиздир".
"Мен ҳозир Ғазода улар билан бирга бўлишни истайман, бу ерда ўзимни жуда умидсиз ҳис қиляпман."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















