Исроил-Ғазо уруши: Ўлим ва Исроилнинг “мутлақ ғалаба”га бўлган иштиёқи

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жереми Боуэн
- Role, Би-би-си, Қуддус
Исроил-Ғазо уруши: Ўлим ва Исроилнинг "мутлақ ғалаба"га бўлган иштиёқи
Мен бу воқеани Қуддусда эмас, Ғазо секторида ёзишни истаган бўлардим. 1989 йилда Эл Салвадордаги урушдан бери кўп йиллар давомида урушларни ёритиб келдим. Амин бўлдимки, ҳеч нарса жойидан хабар бериш ўрнини боса олмайди.
Алоқадор мавзулар:
Афсуски, бу даҳшатли урушда халқаро журналистларда бундай имконият йўқ. Ғазо чегараларини назорат қилувчи икки давлат - Исроил ва Миср журналистларни ҳудудда ўзи билганча ишлашига қўймайди. Исроил ўз армияси ҳамроқлигида яқиндан кузатган ҳолда баъзида рухсат беради. Фақат битта шундай сафарда бўлганман, ноябрь ойида.
Биз у ерга кира олмаганимиз учун ҳам у ердан чиқа олмайдиган фаластинлик журналистларга суянамиз. Мен уларнинг жасорати ва ҳаққоний хабар беришига қойил қоламан.
Яхшиямки, замонавий дунёда урушни ҳаммадан яшириш имконсиз. Оддий одамлар ўз телефонларида суратга олишлари ва расмларни интернетда тарқатиб юборишлари мумкин. Агар алоқа узиб қўйилмаса, улар билан ҳам гаплаша оламиз. Исроил ва Ҳамас ўз видеоларини юклайди. Ҳар бир нарсани текшириш керак, айниқса ҳозир сунъий интеллектдан фойдаланиш анча осонлашган вақтда.
Барча мураккабликларни ҳисобга олсак, февраль куни Қуддусдан уруш шундай кўринади.
Гуманитар инқироз
7 октябрь куни Ҳамас Исроилга ҳужум қилгандан сўнг, Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант "Биз Ғазони тўлиқ қуршовга олдик. Электр йўқ, озиқ-овқат йўқ, сув йўқ, газ йўқ - ҳаммаси ёпиқ" деди.

"Биз инсон қиёфасидаги ҳайвонларга қарши курашяпмиз, - деб қўшимча қилди у, - ва шунга мувофиқ ҳаракат қиламиз."
АҚШ президенти Жо Байден босими остида Исроил Ғазога озиқ-овқат, сув ва дори-дармонларни чекланган миқдорда етказишга рухсат бермоқда. Ёрдам агентликлари ва БМТ Исроилнинг хавфсизлик текширувлари Ғазога гуманитар ёрдам етказилишини секинлаштираётгани, Исроил ёрдам карвонларининг ҳудудда ҳаракатланишини чеклаётгани ҳақида ишончли далиллар келтирмоқда. Бу йил Ғазо шимолига жуда кам тиббий ёки озиқ-овқат ёрдами етиб борди.
Ушбу мақолага жавобан Исроилнинг Лондондаги элчихонаси БМТ агентликларининг Ғазо секторидаги озиқ-овқат билан боғлиқ вазият ҳақидаги даъволари нотўғри эканлигини ва "Ҳамас тарғиботини қўллаб-қувватлаётгани"ни айтди. Исроил таъкидлашича, агар ёрдам бўлмаётган бўлса, бу БМТ ва ёрдам агентликлари туфайлидир. Баёнотда "Ҳамас ёрдамни ғазоликлардан ўғирламоқда" деб қўшимча қилинган.
Тўрт ойлик урушдан сўнг Ғазо секторида қонун ва тартиб барбод бўлди. Ҳар куни ёрдам карвонлари талон-тарож қилинади. БМТ маълумотларига кўра, 11 февраль, якшанба куни мамлакат жанубидаги талончилик энг даҳшати бўлган. Унда айтилишича, маҳаллий полиция Исроил рейдларида саккиз нафар зобити ўлдирилганидан кейин ёрдам карвонларини қўриқлашни тўхтатган.

Сурат манбаси, BBC
Ғазога киришга рухсат берилмагани учун биз Исроилнинг Ҳамас озиқ-овқатни ўғирлаяпти деган даъволарини тасдиқлай олмаймиз.
БМТнинг асосий гумондорлари уни сотувчи жиноий гуруҳлардир. Бир нечта талончилик видеоларига қараганда, одамлар ночорликдан ҳам шундай қилмоқда.
"Мен улар кимлигини билмайман, - дейди менга БМТнинг гуманитар ёрдам координатори Жейми МакГолдрик. - Улар ёш йигитлар, формаси йўқ. Улар шунчаки бу ерга келиб, бизни тўхтатиб, юкларни олиб кетишади. Баъзида бу юклар бозорда пайдо бўлади. Агар иложсиз одамлар ундан фойдаланса, қарши эмасман, лекин бозорда юк машиналаримиздан олиб кетилганларни кўряпмиз. Жаноб МакГолдрикнинг айтишича, бундай қонунсиз муҳитда ишлаш имконсиз бўлиб қолган.
Исроил ўз иттифоқдошлари, хусусан, Қўшма Штатлар босими ва Ҳаагадаги Халқаро Судда кўриб чиқилаётган геноцид иши туфайли ўзига нисбатан айбловларга сезгир бўлиб қолди. Шу ой охирида у Ғазо секторида тинч аҳоли яшаш шароитини яхшилаганини судга исботлаши керак бўлади.
Ғазо секторида аҳоли ҳалок бўлиш ва мажруҳ бўлишдан ташқари, оч қолмоқда ва тиббий ёрдамдан ҳам маҳрум бўлмоқда, дейди халқаро ёрдам ташкилотлари. Женева конвенциясида айтилишича, тинч аҳолини улар қилмаган жиноятлари учун жазолаш уруш жинояти саналади ва жамоавий жазога тенг ҳисобланади.
7 октябрдан бери америкаликлар Исроилни Ғазо секторидаги уруш қонунларини ҳурмат қилишга, фаластинлик тинч аҳолини ўлдиришни тўхтатишга чақирмоқда. Президент Байдендан тортиб бошқа Америка расмийлари ҳам ўз танқидларини такрорлаётгани Исроил уларни эътиборсиз қолдираётганига ишонаётганини кўрсатади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен шу ҳафта бу ерга ташрифи чоғида Исроилни кескин танқид қилди. Ҳамаснинг Исроилга қилган ҳужумлари фаластинликларга нисбатан шафқатсиз муносабатни оқламайди, дейди у.
"Исроилликларга 7 октябрда энг даҳшатли тарзда ғайриинсоний муносабат қилинди, - деди у Тел-Авивдаги матбуот анжуманида. - Ўшандан бери гаровга олинганларга ҳар куни ноинсоний муносабат қилинмоқда. Аммо бу бошқаларга ҳам шундай муносабат қилишга рухсат бермайди."
"Ғазоликларнинг катта қисми 7 октябрдаги терактларга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди, - деб давом этди жаноб Блинкен. - Ғазода омон қолиш учун Исроил ёрдамига муҳтож оилалар ҳам бизнинг оиламиз каби бир оиладир. Булар муносиб рўзғор қилиш, фарзандларини мактабга бериш, оддий ҳаёт кечириш истагида бўлган оналар, оталар, ўғил-қизлардир".
Шунга қарамай, АҚШ Исроилга катта ҳарбий ва дипломатик ёрдам кўрсатиш учун шарт қўймасликка қарор қилди. У Исроилни қурол-яроғ билан таъминлашда давом этмоқда, гарчи улардан фойдаланиш усулини маъқулламаса ҳам.

БМТнинг Ғазодаги инсонпарварлик саъй-ҳаракатлари билан шуғулланувчи агентлиги UNRWA бош комиссари Филипп Лаззарини мен билан суҳбатда урушнинг Ғазодаги ёшлар учун узоқ муддатли оқибатлари бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
"Мен жуда хавотирдаман, -деди у. - Уларнинг барчаси бу мисли кўрилмаган урушдан қаттиқ таъсирланган. Улар мутлақо даҳшатли шароитларда яшамоқда. Энди, агар эртага уруш тугаса, бизнинг биринчи устувор вазифамиз бу болаларни таълим тизимига қайтариш йўлларини топиш бўлиши керак ... [ёки] биз келажакда янада кўпроқ нафрат уруғини сепган бўламиз".
Жаноб Лаззаринининг изоҳлари Исроил учун кутилмаган эмас. Исроил UNRWAни Ҳамас билан ҳамкорликда айбламоқда. Исроил америкаликларга UNRWAнинг ўнга яқин ходими 7 октябрдаги терактларда иштирок этгани ҳақидаги маълумотни тақдим этганидан бери жаноб Лаззарини агентликни сақлаб қолиш учун курашиб келади.
UNRWA айбланганларни ишдан бўшатди ва маблағ ажратишни тўхтатган 16 та йирик донор давлатни ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Жаноб Лаззаринининг айтишича, у бу айбловларни жуда жиддий қабул қилади ва барча Ҳамас тарафдорларини агентликдан чиқаришга қатъий қарор қилган, бироқ Исроил АҚШга юборган маълумотларини ҳали унга тақдим қилмаган. Исроил UNRWAни бутунлай чириган деб ҳисоблайди. Агентлик атрофидаги инқироз, шубҳасиз, ёрдам операцияси учун яна бир муваффақиятсизликдир.
Ғазонинг шимолий қисми БМТ ва бошқа гуманитар ташкилотлар учун деярли ёпиқ жойга айланган. Вайроналарда яшаётган болалар орасида кенг тарқалган очлик ва тўйиб овқатланмаслик ҳақида хабарлар чиқмоқда, бу омон қолганларнинг соғлиғи учун умрбод оқибатларга олиб келиши мумкин.
Икки миллион одам омон қолиш учун курашаётган сектор жанубидан кўпроқ маълумот оляпмиз. Миср чегарасидаги Рафаҳда 1,4 миллионга яқин аҳоли тиқилиб қолган. Аксарият одамлар канализация кўлмаклари ёнидаги чодирларда яшамоқда.
Журналистлардан фарқли ўлароқ, ёрдам ходимлари Ғазога кириб-чиқиши мумкин. Уруш зоналарида кўп йиллик тажрибага эга бўлган бир қатор БМТ расмийлари билан суҳбатлашдим. Ҳамма бу улар кўрган энг ёмон ҳолат эканлигини айтмоқда. Бири менга: "Мен ҳеч қачон бундай миқёсдаги вайронани кўрмаганман", деди.
Яна бир киши Ғазо мен борган энг хавфли ва оғир жой деди, бунинг сабаби, унинг айтишича, нафақат Исроилнинг бомбалашлари, балки қонун ва тартиб йўқлиги учун ҳам. У шундай деди: "Ғазода жуда кўп қурол бор, лекин шу билан бирга, ғазабланган, алам ичидаги эркаклар ҳам кўп." БМТ талончиларга йўлиқмаслик учун ёрдам карвонларини эрта тонгда жўнатмоқда.
Ғазодаги уруш
Рафаҳдаги фаластинликлар Исроил кучларининг шаҳарга қуруқликдан кутилаётган ҳужумидан ваҳимага тушмоқда. Би-би-си Араб хизмати қўшнисининг уйи вайроналари остидан болалар жасадларини қазиб олган рафаҳлик ўрта ёшли Жабр ал-Бурдини билан суҳбатлашди.

Сурат манбаси, AFP
"Агар бу ерда Исроил амалиёти амалга оширилганида, минглаб одамлар ҳалок бўлган бўларди. Болалар худди катталар каби қўрқишади. Болаларга қаранг. Улар ухлай олмаяпти."
Жаноб Лаззарини менга Исроилнинг Рафаҳга йирик ҳужуми "Ғазо секторидаги қиёмат"ни янада зўрайтиришини айтди.
Унинг айтишича, сўнгги тўрт ой ичида аҳолининг 5 фоизга яқини, яъни 100 мингга яқин одам ҳалок бўлган, яраланган ёки бедарак йўқолган ёки вайроналар остида ўлган бўлиши мумкин.
"Мана аҳоли ҳозир Рафаҳда деярли очиқ жойларда тўпланиб қолган. Бу жойда ҳарбий операция ўтказсангиз, фожиани орттирасиз. Бундан мутлақо қочиш керак."
Ҳаво ҳужумлари Рафаҳда аллақачон кўплаб одамлар ҳаётига зомин бўлган, бироқ Американинг вазминликка чақирганига қарамай, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу армияга аҳолини Рафаҳдан чиқаргач, шаҳарга ҳужум қилишни буюрганини айтди. Ғазонинг ҳеч бир жойи хавфсиз эмаслиги сабабли, аҳолини бу хотиржам қилмайди. Нетаняҳу эҳтимол бу билан Байденни тинчлантиришга уринаётгандир.
Яна бир эҳтимолий мўлжал Ҳаагадаги Халқаро Суд бўлиши мумкин. У Исроил Ғазо секторида фаластинликларга қарши геноцид содир этганини тасдиқловчи "ишончли" айбловларга дучор бўлиши мумкинлигини айтди.
Исроил ҳатто кўп ойлар давомида ҳам эришиш бўлган мақсадни белгилаб олган. У Ҳамасни йўқ қилмоқчи, Исроил хавфсизлигини тикламоқчи ва 7 октябрь куни Ҳамас гаровга олинганларни озод қилмоқчи. Ғазода гаровда сақланаётган исроилликларнинг кўп оилалари ва уларнинг тарафдорлари Бош вазирнинг гаровга олинганларни фақат куч билан озод этиш йўлини қабул қилмаяпти. Улар урушни тўхтатишни исташяпти, чунки уруш қанча узоқ давом этса, гаровдагиларни озод этиш эҳтимоли камайишидан қўрқишади.

Сурат манбаси, EPA
Исроил Ҳамасга катта зарар етказди, бироқ унинг жанг қилиш қобилиятига путур етказмади. Ғарб разведкасининг юқори мартабали амалдори менга Исроил Ҳамас кучларининг учдан бир қисмини ва туннеллар тармоғининг ҳам учдан бир қисмини йўқ қилганини айтди, бу эса Ҳамасни доимий душманга айлантиради.
Нетаняҳу, шунингдек, Исроил 7 октябрдаги ҳужумларни бошқарган деб ҳисобланган Яҳё Синвардан бошлаб, Ҳамас етакчиларини ўлдиришини айтди. Ҳозирча Синвар ва унинг энг яқин ёрдамчилари тирик ва эҳтимол исроиллик гаровга олинганлар билан туннеллар тармоғида яшаётгани тахмин қилинмоқда.
Яқин Шарқдаги кенгроқ уруш
Тўрт ой ичида Ғазо уруши можароси бутун Яқин Шарққа тарқалди. Эрон атрофидаги прокси гуруҳлар тармоғи ҳам кенгроқ урушга аралашди.
Эрон томонидан ўқитилган ва молиялаштирилган жангарилар Иорданияда уч америкалик аскарни ўлдиргач, Қўшма Штатлар Сурия ва Ироқда ҳаво ҳужумларини бошлади. Улар Британия билан бирга Қизил денгизда кемаларга ҳужум қилаётган Ямандаги ҳусийларни ҳам бомбалади. АҚШ ва Исроилдаги муросасиз сиёсатчилар америкалик ҳарбийлар Эронни бомбалашини хоҳлайди.
Ҳусийлар ва Эроннинг бошқа иттифоқчилари ва ишончли вакиллари Ғазодаги фаластинликлар билан бирдамликларини айтишмоқда. Эроннинг энг кучли иттифоқчиси Ливандаги Ҳизбуллоҳдир. Исроил билан чегара уруши кундан кунга жиддийроқ ва шиддатли тус олмоқда. Исроил ичида Ливан жанубига қўшин юборишга талаб кучаймоқда.
Америкаликлар Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Давлат котиби Блинкен, агар исроилликлар фаластинликларнинг ўз мустақил давлатига эга бўлишига имкон берса, Саудия Арабистони Исроил билан муносабатларни нормаллаштириши ҳақида гапирди. Бош вазир Нетаняху Фаластин мустақиллиги бўлмайди, деди. Унинг таъкидлашича, Исроил "тўлиқ ғалаба"га эришмагунча курашади.
Бу уруш давом этмоқда ва ўт очишни тўхтатиш истиқболи йўқ. Бу қанчалик узоқ давом этса, Ғазода содир бўлаётган воқеалар оқибатларини назорат қилиш шунчалик қийин бўлади.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













