Ғазо ва болалик: Оилалари омон қолиши учун овқат қидириб топаётган болалар

- Author, Фергал Киин
- Role, Би-би-си, Қуддус
Дунёнинг баъзи жойларида, баъзи замонларда ўғил бола учун тирик қолишнинг ўзи - шараф. Оиласи учун овқат қидириб топиш эса унданда катта шараф.
Ғазо бўлгасининг жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ҳар куни тонгда 11 яшар Муҳаммад Зўраб бир вазифа билан кўчага чиқади.
У қўлига катта пластик товоқни кўтариб бугунда қочқинлар марказларига айланган мактаблар ёки йўл бўйидаги қўлбола чодирлар атрофига боради. У ерда ҳам унинг ўзиникига ўхшаб азоб чекаётган оилалар, лекин балки бегона болани овқатлантиришга уларда нимадир топилар?
Муҳаммад, шунингдек, яраланганларнинг кети узилмаётган касалхоналар, ёки оловда қайнаётган қозон тутун кўринган ҳар жойга боради.
"Оиламга овқат билан қайтиб борганимда, улар жуда қувонадилар, бирга еймиз", - дейди у.
"Лекин, баъзида бўш қайтаман ва ҳафа бўламан."
Оилада тўрт фарзанднинг тўнғичи бўлган Муҳаммад пластик ва брезентдан ясалган чидамсиз чодирда отаси, онаси ва сингиллари билан яшайди.
Унинг отаси Холид икки ойлик Ҳувайда учун кетликка зарур бўлган беш шекел (1.38 доллар)ни топиш учун Рафаҳ бўйлаб мардикорлик қилишга уринади.
Муҳаммад ўз оилалари учун озиқ-овқат топадиган минглаб болалардан биридир.
"Навбатда одам тўлиб кетса ва олдимда 100 одам турган бўлса, мен ораларидан ўтволаман", - дейди у жанжалларсиз оломон ичидан йўл топишидан ғурурланиб.
Чодирга қайтиб у пишилган ловия солинган товоқни онаси Самарга узатади. Озғин Самар овқатни болаларига бўлиб беради. Унинг ўзи деярли емайди.
"Суякларимда саратон бор. Ёшим 31да, лекин мени кўриб 60да бўлса керак деб ўйларсиз. Юра олмайман", - дейди у.

"Юрсам, жуда чарчаб қоламан. Бутун вужудим оғрийди. Муолажага, озиқ-овқатга муҳтожман."
Кўплар қатори, Самар ва унинг оиласи Рафаҳга шимолроқдаги Хон Юнус шаҳридан келишган. Исроил мудофаа кучлари уларга уйлари хавф остида эканини айтган. Мана уч ойдирки улар шу ердалар.
Ўшандан бери уруш мунтазам Рафаҳга яқинлашиб келди. Икки ҳафтача аввал Исроил Ҳамас қўлидаги икки асирни озод қилиш учун ҳужумни амалга оширганида бу ерда 70дан ошиқ одам ўлди.
Ёмғир ёғса, Зўраблар яшаб турган бошпанадан чакки томади ва ерда сув тўпланади. Чақалоқ Ҳувайдага баъзида кетлик топишнинг имкони йўқ.
Миср чегарасидаги Рафаҳга йиғилган 1,5 миллион одам шаҳарнинг одатий аҳолисидан беш баравар кўп. Улар ҳар куни янги қийинчиликларга юз тутадилар.
Ғазо аҳолисининг 85 фоизи уйидан кўчишга мажбур бўлган, бўлгага кириб келаётган инсонпарварлик ёрдами эса ўта кам.
БМТга кўра, ҳар куни Ғазога 500 юк ташувчи машина ёрдам маҳсулотларини олиб кириши керак. Лекин, ҳозирча ўртача атиги тўқсонта машина киряпти.
Ғазо шимолидаги вазият унданда аянчли.
Исроилнинг айтишича, Ғазо чегарасида озиқ-овқат йиғилиб турибди, лекин БМТ шимолда уларни тарқатмаяпти.
БМТ Ғазо шимолига озиқ-овқат ва дори-дармонларни олиб киришни тўхтатган, чунки унга кўра, юк машина ҳайдовчилари ҳимояланмаган. Ҳайдовчилар жиноий гуруҳлар ҳужумлари ва оч одамлар талашига юз тутганлар.
Бир юк машинасига эса замбарак келиб тушган. БМТ у Исроил кемасидан отилганди дейди.

Ғазода Ҳамас бошқарувчи полиция кучлари ҳам Исроил томонидан ўққа тутилишларидан қўрқиб юк машиналарига ҳамроҳлик қилмай қўйишган.
"Одамларимизни бизга қайтариб беринг"
Исроилда эса аҳолининг катта қисми ҳануз Ғазодаги уруш амалиётини қўллаб-қувватламоқда.
Ғазодаги оддий аҳолига ёрдам ҳаракатларини кучайтиришни талаб қилувчи фикрлар сезилмайди.
Яқинда ўтказилган бир сўровда 68% исроилликлар Ҳамас яҳудий асирларни ушлаб турар экан, Ғазога инсонпарварлик ёрдамини ўтказишга қарши эканликларини айтишди.
Араб исроилликлардан сўралганда эса, 85 фоизи ёрдам тарафдори экани аниқланди.
Звика Морнинг тўнғич ўғли Эйтан ҳозир Ғазода гаровда қоляпти. "У мени дада деб атаган илк инсон эди", дейди отаси ва ўз аёли, ҳамда яна етти фарзанди 7 октябрда Ҳамас олиб кетган йигитни қанчалар соғинганларини айтади.
Ҳамас 360 кишини ўлдиргани айтиладиган Нова мусиқий фестивалида Эйтан қуролсиз қўриқчи бўлиб ишлаётганди.
Жаноб Мор асирларнинг бир гуруҳ оилаларига бошчилик қиляпти. Улар гаровдаги яқинлари қайтарилмагунча, Ҳамас билан музокара қилинишига қаршилар.
Улар гаровдаги яқинлари Ҳамаснинг шартлари, хусусан, оташкесим, Ғазога инсонпарварлик ёрдами оширилиши ва фаластинлик маҳбусларнинг озод этилиши эвазига қайтарилишини истамайдилар.
"Ғазодаги инсонпарварлик инқирозини Исроил келтириб чиқарди. Чунки бизнинг мақсадимиз - одамларимизни қайтариш. Бизга одамларимизни қайтаришларини истаймиз, тушундингизми? Ҳар қандай музокара ё бошқа нарсадан олдин, бизга одамларимизни қайтариб беринг", - дейди у.
Лекин, бу жуда бешафқат қадам эмасми, ахир Ғазодаги оддий одамлар ҳаёти хавф остида?

"Бу жуда-жуда оддий. Одамларимизни қайтаринг, ва биз сизга овқат ва дорилар берамиз. Жуда оддий."
Ғазода хайриялар ўз қўлларида қолган озиқ-овқат билан қандайдир ёрдам беришга уриняпти.
АҚШда жойлашган "Pious Projects of America" хайрия ташкилотининг вакили Маҳмуд Ал-Қуишави аввалроқ кичик Муҳаммад ловия олиб кетган қозон яқинида турарди.
"Биз бу одамларга ҳар куни ёрдам қўлини чузишга уриняпмиз... "биз сиз биланмиз, ёлғиз қолдирмаймиз", дейиш учун", - дейди у.
Хайрия ташкилотида овқат пишириш учун газ баллонлари қолмаган, шундай экан кўнгиллилар олов учун ўтин йиғиб келяпти.
"Кайфият тушкун. Вазият фожиали", - дейди жаноб Ал-Қуишави.
Ғазо шимолида болалар озиқ-овқат танқислигидан нобуд бўлаётгани ҳақида хабарлар келяпти. Британиянинг "Action Aid" хайриясига кўра, шимолий Ғазодаги шифокор кўп сонли болалар ўлганини айтган.
Камол Адван касалхонасининг педиатрия бўлими раҳбари Доктор Ҳуссам Абу Сафия ўз видеосида тўйиб овқатланмаслик ва ичак касалликлари кенг тарқалганини айтади.
"Action Aid"га кўра, IDP (ички қочқинлар) бошпаналари ва тиббий марказларда январь ойида қилинган текширувларда икки ёшга етмаган болаларнинг ҳар олтитасидан бирида тўйиб овқатланмаслик кескин даражада экани аниқланган.
Бу, хайрияга кўра, уч ой ичида аҳолининг озиқланиш мавқеи бу қадар тушгани дунёнинг бошқа жойида кузатилмаган.
Ғазо шимолидаги Ал-Шифо тиббиёт мажмуасининг бошқа бир шифокорига кўра, у касалхонада даволаган икки ойлик Маҳмуд Фатуҳ исмли чақалоқ кўп ўтмай вафот этган.
"Бу болага сут топиб беришнинг имкони бўлмади. Уни эмизиши учун онасининг ўзида овқат йўқ эди", - дейди Доктор Амжам Алива.
"Олиб келишганида у ўта ҳолсиз эди ва охирги нафасларини олаётганди."
Ғазода оддий одамлар уруш ва очлик қопқонида қолишмоқда.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK














