Исроил-Ғазо уруши: олов қуршовида қолган олти яшар Ҳинд Ражабнинг тақдири нима бўлди? Isroil G‘azo Yangiliklar

Hind Rajab

Сурат манбаси, Rajab Family

    • Author, Люси Уильямсон
    • Role, BBC News, Қуддус

"Халқаро суд қаерда? Нега президентлар ўз курсиларида миқ этмай ўтиришибди?" деб сўрайди Ҳинднинг онаси Виссам.

Алоқадор мавзулар:

Қўнғироқнинг нариги томонида ёш боланинг заиф овози эшитилади - олти яшар қизча, Ғазода.

"Танк ёнимда. Ўтиб кетяпти."

Фаластин Қизил Ярим ой колл-центрида ўтирган Рана имкон қадар босиқ овозда гапиришга уринади.

"Жуда яқиндами?"

"Жуда, жуда, - деб жавоб беради қизча. - Келасизми, олиб кетасизми мени? Қўрқяпман."

Рана айни чоғда суҳбатни давом эттиришдан бошқа чораси йўқ эди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Олти ёшли Ҳинд Ражаб Ғазо шаҳрида ўт остида қолган, амакисининг машинасига яшириниб ёрдам сўраяпти. Атрофда эса қариндошлари жасадлари ётибди.

Рана уни нормал дунё билан боғлаб турган ягона ришта эди.

Ўша куни эрталаб Ҳинд амакиси, холаси ва беш амакиваччаси билан Ғазо шаҳридаги уйини тарк этганди.

29 январь, душанба. Ўша куни эрталаб Исроил армияси одамларга шаҳар ғарбидаги ҳудудларни тарк этиб, қирғоқ йўли бўйлаб жанубга кетишни буюрди.

Ҳинднинг онаси Виссам улар яшайдиган ҳудудга кучли ҳужум бўлганини эслайди. "Биз қўрқиб кетдик, қочмоқчи эдик, - дейди у. - Биз ҳаво ҳужумларидан қочиш учун бир жойдан иккинчи жойга югурардик."

Оила яшириниш учун хавфсизроқ жой топиш илинжида шаҳар шарқидаги Аҳли касалхонасига боришга қарор қилди.

Виссам ва унинг тўнғич боласи ўша томонга юра бошлади; Ҳинд амакисининг қора Kia Piccanto машинасида эди.

"Жуда совуқ ва ёмғирли эди, - дейди Виссам. - Мен Ҳиндга машинага ўтиришни айтдим, чунки унинг ёмғирда қийналиб қолишини хоҳламадим."

Унинг айтишича, машина йўлга тушиши билан улар ўша томондан кучли отишма овозларини эшитишган.

Ҳинднинг амакиси машинани шаҳардаги машҳур Ал-Азҳар университети томон ҳайдайди. Машина тўсатдан Исроил танклари билан тўқнаш келади. Хавфсизлик мақсадида улар яқин атрофдаги Фарес ёқилғи қуйиш шохобчасига ўтишди. Афтидан ўша ерда отишма остида қолишган.

Машинада ўтирган оила ўз қариндошларини ёрдамга чақирган. Улардан бири босиб олинган Ғарбий Соҳилда, 80 км узоқликда жойлашган Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятининг фавқулодда штаби билан боғланди.

Ғазо харитаси

Сурат манбаси, .

Соат 14:30 атрофи эди: Рамаллоҳдаги Қизил Ярим ой колл-центри операторлари Ҳинднинг амакиси мобил телефонига қўнғироқ қилишди, лекин унинг ўрнига унинг 15 ёшли қизи Лаян жавоб берди.

Ёзиб олинган телефон суҳбатида Лаян Қизил Ярим Ой жамиятига ота-онаси ва ака-укалари ўлдирилганини ва машина ёнида танк борлигини айтади. "Улар бизга қарата ўқ узмоқда", дейди у, ўқ овози ва қичқириқлар ортидан суҳбат узилади.

Қизил Ярим Ой жамияти жамоаси унга қайтиб қўнғироқ қилганда, Ҳинд жавоб берди. Унинг овози зўрға эшитилар, қўрққанидан пастлаб гапирарди.

Тез орада маълум бўлдики, у машинада омон қолган ягона одам ва ҳали ҳам отишмалар ичида.

"Ўриндиқлар остига яширин, - дейди унга колл-центр вакили. - Ҳеч ким сени кўрмасин."

Оператор Рана Фақиҳ Ҳинд билан бир неча соат давомида гаплашиб турди. Қизил Ярим ой Тез ёрдам машинаси воқеа жойига бориши учун Исроил армиясидан рухсат сўради.

"У қалтираб, ғамгин бўлиб, ёрдам сўрарди, - деб эслайди Рана. - У бизга [яқинлари] ўлганини айтди. Аммо кейин у уларни "ухлаб ётишибди" деди. Шунинг учун биз унга: "Қўявер, ухлайверишсин, уйғотвормайлик» дедик".

Ҳинд кимдир келиб уни олиб кетишини қайта ва қайта сўрарди.

"Бир пайт у менга қоронғи тушганини айтди, - дейди Рана Би-би-сига. - У қўрқяпман, уйим узоқдами, деб сўради".

Қўнғироқдан уч соат ўтгач, Ҳиндни қутқариш учун ниҳоят тез ёрдам машинаси жўнатилди.

Айни пайтда Қизил Ярим Ой жамияти ходимлари Ҳинднинг онаси Виссам билан боғланиб, унинг телефон линиясини суҳбатга қўшди.

Онасининг овозини эшитиб, қизча хўнграб йиғлаб юборди, деб эслайди Рана.

"У гўшакни қўймасликни илтимос қилди, - дейди Виссам Би-би-сига. - Мен ундан қаерда жароҳат олганини сўрадим, кейин унга Қуръон ўқиб чалғитдим ва бирга дуо қилдик. У мен айтган ҳар бир сўзимни орқамдан такрорларди".

Тез ёрдам жамоаси - Юсуф ва Аҳмад операторларга воқеа жойига яқинлашаётганликлари ва Исроил кучлари текшираётганини хабар беришганда, аллақачон қоронғи тушганди.

Hind's grandfather, Bahaa Hamada
Сурат тагсўзи, Ҳинднинг бобоси Баҳа Ҳамада айтишича, Ҳинд "Тез ёрдам" машинасини кўрганини айтганидан кейин у билан алоқа узилган

Бу операторларнинг ҳамкасблари ва Ҳинддан эшитган охирги гапи эди. Ҳам фельдшерлар, ҳам улар қутқариш учун борган олти ёшли қизча билан алоқа узилди.

Ҳинднинг бобоси Баҳа Ҳамаданинг Би-би-сига айтишича, қизчанинг онаси билан мулоқоти бир неча дақиқага кўпроқ давом этган ва Виссам охирги эшитган нарса машина эшиги очилган овози ва Ҳинднинг тез ёрдам машинасини кўрдим дегани бўлган.

"Ҳар сония юрагим ёнмоқда, - дейди Виссам Би-би-сига. - Тез ёрдам машинаси овозини ҳар гал эшитганимда, "балки удир" деб ўйлайман. Ҳар бир товуш, ҳар бир ўқ, ҳар бир ракета, ҳар бир бомба қизим томон кетаётгандек, уни жароҳатлаётгандек..."

Ғазо секторидаги Қизил Ярим Ой гуруҳлари ҳам, Ҳинд оиласи ҳам Исроил армияси назорати остидаги фаол жанговар зонага етиб бора олмади.

"Кечалар уйғониб кетаман, - дейди алоқа оператори Рана, - қулоғимда унинг овози жаранглайди: "Келинг, мени олиб кетинг".

Биз Исроил армиясидан ўша куни ҳудуддаги операциялари, шунингдек, Ҳинднинг ғойиб бўлгани ва уни олиб кетиш учун юборилган тез ёрдам машинаси ҳақида маълумот сўрадик. Биз 24 соат ўтиб, яна сўрадик, улар ҳали ҳам текшираётганликларини айтишди.

"Халқаро суд қаерда? Нега президентлар ўз курсиларида миқ этмай ўтиришибди?" деб сўрайди Ҳинднинг онаси Виссам.

Қизи ғойиб бўлганидан бир ҳафта ўтди, она Аҳли касалхонасида кутади ва Ҳинднинг тирик қайтишига умидини сўндиргиси келмайди.

"Нарсаларини олиб келдим, уни кутяпман, - дейди у. - Мен қизимни ҳар дақиқа, ҳар сонияда кутаман. Юраги дардга тўлган онанинг ўтинчи: бу воқеани унутманг."

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002