Исроилнинг аёл чегарачилари – уларнинг огоҳлантиришлари эътиборсиз қолдирилганмиди? Янгиликлар, Уруш

Исроил чегарасидаги аёл аскарлар
Сурат тагсўзи, Исроил чегарасидаги аёл аскарлар
    • Author, Элис Кадди
    • Role, BBC News, Исроил

Бу аскарлар Исроилнинг Ғазо билан чегарасидаги кўз-қулоғи эди.

Йиллар давомида бу ердаги муддатли ҳарбий хизматчи қизлар фақат бир иш билан шуғулланарди - кузатув базаларида соатлаб ўтириб, шубҳали ҳар қандай ҳаракатлардан огоҳ бўлиб турарди.

Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумларидан олдин улар Ҳамаснинг рейд машғулотлари, гаровга олиш бўйича машқлари ва чегаранинг нариги тарафидаги фермерларнинг ғалати ҳаракатларини кузатишган.

Ноанинг айтишича (исми ўзгартирилди), улар кўрганлари ҳақида разведка хизматига ва юқори мартабали офицерларга хабар берарди, аммо шундан ортиқ бирор чора кўра олишмасди ҳам. "Биз шунчаки кузатувчилар эдик", дейди у.

Бу аёлларнинг баъзиларига Ҳамас катта бир нарсани режалаштираётгани аниқ эди - Ноанинг айтишича, "ёрилжак пуфак бор эди".

iqtibos

Би-би-сига бу қизлар ўзлари кўрган шубҳали ҳаракатлар кучайгани, бу ҳақда қандай хабар беришгани ва Исроил Мудофаа Кучларининг (ИМК) юқори мартабали зобитлари эътиборсиз қолдиргани ҳақида гапириб берди.

7 октябргача бўлган ойларда чегарадаги воқеалар ҳақида қизлар юборган WhatsApp хабарларида ҳам кўрдик. Ҳатто бу хабарларнинг айримлари аччиқ ҳазил эди: ҳужум бўлганда ким навбатчиликда туради?

Хавфдан огоҳлантирган фақат бу қизларгина эмас эди. Гувоҳликлар тўплангани сайин, Исроил давлатига нисбатан ғазаб ва унинг кўрган чораларига нисбатан саволлар ортиб бормоқда.

Би-би-си, шунингдек, қизларини йўқотган мусибатга чўмган оилалар ва ИМКнинг аёлларга беписанд муносабати муваффақиятсизлик сабаби бўлган деб ҳисоблайдиган экспертлар билан суҳбатлашди. ИМК "ҳозирда Ҳамас террор ташкилоти таҳдидини бартараф этишга эътибор қаратилаётганини" айтди ва Би-би-си саволларига жавоб беришдан бош тортди.

"Муаммо шундаки, улар [армия] бу нуқталарни бирлаштирмади", дейди чегара бўлинмаларидан бири собиқ қўмондони Би-би-сига.

"Агар шундай қилсалар эди, - дейди у, - Ҳамас мисли кўрилмаган ишга тайёрланаётганини англаб етишарди".

Short presentational grey line

19 ёшли Шай Ашрам 7 октябрь куни навбатчи аёллардан бири эди. Оиласи билан телефон суҳбати чоғида ўқ овозлари эшитилиб турарди. У "базада террорчилар бор, бир нима бўлади-ёв", деди.

У ҳалок бўлган ўндан ортиқ чегарадаги кузатувчи аскарларидан бири эди. Қолганлари эса гаровга олинган.

Шай Ашрамнинг отаси қизи ҳарбий бўлишни севганини айтади
Сурат тагсўзи, Шай Ашрамнинг отаси қизи ҳарбий бўлишни севганини айтади

Ҳамас ҳужум қилган вақтда, Ғазо чегарасидан тахминан бир километр масофада жойлашган Наҳал Оз базасидаги аёллар ўзларининг WhatsApp гуруҳларида бир-бирлари билан видолаша бошладилар.

Ўша куни ишда бўлмаган ва уйида хабарларни ўқиётган Ноа, "ана шундан қўрққандим", деб ўйлаганини эслайди. Уларни узоқ вақт хавотирга солган ҳужум содир бўлди.

Базалари чегара яқинида жойлашгани сабабли ушбу бўлинма Ҳамаснинг илк нишонига айланди.

"Бизнинг ишимиз аҳолини ҳимоя қилиш"

Аёллар чегара яқинидаги хоналарда ўтириб, ҳар куни чегара бўйлаб жойлаштирилган камералар ва Ғазо сектори устида сузаётган ҳаво шарлари орқали ҳудудни кузатар эди.

Бундай бўлинмаларнинг бир нечтаси Ғазо девори яқинида, бошқалари эса Исроил чегараларидаги турли позицияларда жойлашган. Бу бўлинмаларда 20 ёшгача бўлган қизлар хизмат қилар эди. Улар қурол олиб юришмайди.

Қизлар бўш вақтларида рақс тушишади, кечки овқатларни бирга пиширадилар ва ТВ томоша қилишади. Кўпчилик биринчи марта оилаларидан узоқда яшаб, опа-сингилдек бўлиб кетганларини айтишади.

Аммо улар ўз ишларига жиддий қарашларини айтишади. "Вазифамиз аҳолини ҳимоя қилишдир. Ишимиз оғир - навбатчиликда ўтирасиз ва хаёлни бўлмай хушёр туришингиз керак. Доимо диққатни жамлашингиз керак», дейди Ноа.

Сентябрь ойи охирида ИМК томонидан чоп этилган мақолада мазкур бўлинма ва Исроилнинг сара разведка бўлинмалари "душмандан бохабарлар" сифатида тилга олинган.

Қизлар шубҳали бирор нарсани сезса, бу ҳақда командирлари ва юқори лавозимли расмийлар томонидан баҳоланиши учун компьютер тизимига ёзиб қўйишади.

харита

ИМКнинг истеъфодаги генерал-майори Эйтан Данготнинг айтишича, кузатув бўлинмаси "нимадир шубҳали эканлигини тугмачани босиб" билдиради ва уларнинг хабарлари "разведка тасвирини чизиб бериб" занжир бўйлаб узатилиши керак.

Унинг айтишича, кузатувчилар маълумотлардаги асосий бўшлиқларни тўлдиради.

Ҳамас ҳужумларидан бир неча ой олдин Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари Ҳамас томонидан солинган таҳдид олди олингани ҳақида очиқ баёнотлар берди.

Аммо чегарада нимадир шубҳали эканлигини кўрсатадиган кўплаб белгилар бор эди.

Short presentational grey line

Сентябрь ойи охирида Наҳал Оз кузатувчиси WhatsApp'даги дўстлари гуруҳида шундай ёзади: "Нима, яна нимадир бўляптими?"

Тез орада жавоб овозли шаклда келади: "Қаерда эдинг? Охирги икки ҳафта давомида ҳар куни битта шундай ҳодиса".

Биз гаплашган кузатувчилар 7 октябргача бўлган ойларда гувоҳ бўлган бир қатор воқеаларни тасвирлаб беришди. Бу воқеалар қандайдир ҳужум бўлишидан хавотирни кучайтиради.

"Биз уларнинг рейд бўйича машғулот ўтказаётганликларини ҳар куни кўрардик, - дейди ҳозир ҳам армияда хизмат қилаётган Ноа Би-би-сига. - Уларда ҳатто танкнинг макети ҳам бор эди, уни қандай бошқаришни машқ қилишарди.»

"Уларда ҳатто чегарада жойлаштирилган қуролларнинг макети ҳам бор эди, уни қандай портлатиш кераклигини, қандай қўлга олиш, ўлдириш ва ўғирлаш усулларини ҳам машқ қилишарди."

Базадаги яна бир кузатувчи Эден Ҳадарнинг эслашича, у кузатган ҳудудларда Ҳамас жангчилари асосан фитнес машғулотлари билан шуғулланган. Аммо август ойида ҳарбий хизматни тарк этишидан бир неча ой олдин Эден улар "ҳақиқий ҳарбий тайёргарлик"ка ўтганини пайқаган.

ҳужум

Чегара бўйидаги бошқа базада яна бир кузатувчи қиз Гал (исми ўзгартирилган) ҳам Ҳамас машғулотлар фаоллашганини кўрганини айтади.

Унинг айтишича, у Ғазо марказида Исроилнинг чегарадаги автоматлаштирилган қуроли макети қурилганини кузатув шаридан кўрган.

Баъзи аёллар, шунингдек, Исроилнинг «Темир девор» деб аталган чегара девори яқинида унинг кучини текшириш учун бомбалар портлатишганини кузатишган. 7 октябрь куни олинган кадрларда Ҳамас жангчилари портлашдан сўнг мотоциклда девор бўйлаб ўтишаётганини кўриш мумкин эди.

Собиқ кузатувчи Рони Лифшицга кўра, энг хавотирли ҳолат Ҳамас жангариларига тўла мотоциклларнинг чегара бўйлаб мунтазам патрули кўпайиб қолгани эди. Улар кузатув постлари олдига келиб тўхтаб туришар эди.

Рони Лифшиц эркаклар чегаранинг Ғазо томонида туриб суратга олганини кўрган
Сурат тагсўзи, Рони Лифшиц эркаклар чегаранинг Ғазо томонида туриб суратга олганини кўрган

У жангарилар "суҳбатлашгани, камералар ва панжарага ишора қилгани, суратга олгани"ни эслайди.

Унинг айтишича, у уларнинг кийимларига қараб, улар Ҳамаснинг Нухба бўлинмаси - сара аъзолари эканлигини аниқлаган. Исроил бу бўлинма октябрь ҳужумлари ортида турган "етакчи кучлардан" бири эканини айтди.

Ронининг аккаунти Би-би-си билан суҳбатлашган базадаги бошқа аёлнинг аккаунтига мос келади.

Баъзи қўриқчилар айтишича, бузғунчилик уринишлари кўпайган.

Бир аёл аскар бизга кўрсатган шифрланган хабарларда чегара бўйлаб микроавтобуслар ва ИМКнинг Исроилга ўтмоқчи бўлган одамлар йўлини тўсиб қўйгани ҳақида маълумотлар бор эди. Унинг айтишича, бу тез-тез содир бўлаётганди.

Кузатувчи Шаҳаф Ниссани июль ойида онасига юборган хабарида шундай ёзган: "Хайрли тонг, она. Мен навбатчиликни топширдим. Бизда [чегарага бостириб киришга уриниш] бўлди, лекин бу сафаргиси жуда асабийлаштирадиган эди".

Қизлар ҳам чегара бўйлаб ғалати ўзгаришларни сеза бошлашган.

Ғазодан келган фермерлар, паррандачилар ва чўпонлар чегара тўсиғига яқинлаша бошлади, дейди улар. Чегара кузатувчилари бу одамлар ҳужумлар олдидан разведка маълумотлари тўплаган, деб ҳисоблаган.

Исроил билан чегарада жойлашган Ҳамаснинг кузатув минораси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил билан чегарада жойлашган Ҳамаснинг кузатув минораси

"Биз уларнинг ҳар бирини юзидан билардик, уларнинг кун тартиби ва иш вақтини ҳам. Лекин тўсатдан биз танимаган қуш овчилар ва фермерлар пайдо бўла бошлади. Улар янги жойларга кўчиб ўтишаётганди. Уларнинг кундалик тартиблари ўзгарди», дейди кузатувчи Авигайл.

Ноа, шунингдек, уларнинг чегара панжарасига "яқинлашганини" эслайди.

"Қуштутарлар қафасларини тўғридан-тўғри панжарага ўрнатишади. Бу ғалати, чунки улар қафасни исталган жойга қўйишлари мумкин. Фермерлар ҳам қишлоқ хўжалигига алоқаси бўлмаган ерлардаги чегара ҳудудларга келишади. Бунинг маълумот тўплашдан бошқа сабаблари йўқ. Бизга бари шубҳали кўринар эди», дейди у.

"Биз бу ҳақда доим гаплашардик".

Биз гаплашганларнинг ҳаммаси ҳам ўзлари кузатган ўзгаришлар аҳамиятини тушунмаган.

Ҳамас ҳар доим ҳужумга шай бўлган ва баъзи қизлар 7 октябрь куни катта ҳужум бўлишини кутмаган, дейди улардан бири.

Исроил чегарачилари Ҳамас ҳужумидан олдин нотаниш юзларни кўра бошлашган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил чегарачилари Ҳамас ҳужумидан олдин нотаниш юзларни кўра бошлашган

Катта ҳужум бўлишидан қўрққан бир неча кузатувчи Би-би-сига огоҳлантиришларимизга этибор беришмади деб айтди.

Ронининг айтишича, у чегарада микроавтобусларни кўрганида, протокол бўйича, қўмондонни огоҳлантириши, кейин транспорт воситалари ҳудуддан ғойиб бўлгунча кузатувни давом эттириши кераклигини айтди. Кейин маълумотлар компьютер тизимида сақланади.

Аммо у хабарлар қаерга кетганини мутлақо билмаслигини айтади.

"Балки разведка учундир, лекин улар бу ҳақда бирор нарса қилишадими ёки йўқ, билмайман, - дейди у. - Бизнинг хабарларимизга ҳеч ким жавоб бермайди."

Ноа неча марта мурожаат қилганимни эслай олмайман дейди. Бўлинмадаги ҳамма "ғалати ўзгаришларни жиддий қабул қилди, лекин ташқаридагилар бу ҳақда ҳеч нарса қилмадилар".

танк

Авигайлнинг айтишича, юқори мартабали амалдорлар базага келганларида ҳам "ҳеч ким биз билан гаплашмади, фикримизни сўрамади ёки нима бўлаётганига қизиқмади".

"Улар шунчаки келиб, топшириқ бериб кетишарди", дейди у.

"Ҳеч ким эшитмаса, бу ерда нима қиламиз?"

Бўлинмаси раҳбари сифатида Гал бошқа кузатувчилардан маълумотларни олиб, ўз кураторига юборар эди.

Унинг айтишича, бу маълумотлар "вазиятни баҳолаш"га киритилган ва шундан бошқа ҳеч иш қилинмаган.

Бир қанча қизлар ўз хавотирларини ўз оилаларига билдиришган.

Шаҳафнинг онаси Илана қизи унга "Бизни ҳеч ким эшитмаса, бу ерда нима қиламиз?" деб айтганини эслайди.

"У менга қизлар ғалати ишлар бўлаётганини кўришганини айтди. "Шикоят қилдингларми" деб сўрадим ундан."

"Армияни тушунмайман. Базадагилар эмас, юқоридагилар" бирор чора кўриши керак эди, дейди у.

Шаҳафнинг хавотирларига қарамай, унинг оиласи, бошқалар каби, Исроил армияси ва давлатига ишонган, ҳатто бирор кор-ҳол бўлганда ҳам тезда ҳал этилади деб ўйлашган.

Шаҳаф
Сурат тагсўзи, Шаҳафнинг (чапда) онаси билан тушган сурати

"Охирги ойларда у "кўрасиз уруш бўлади" дер эди. Биз эса ваҳима қилма дер эдик."

Ҳамас 7 октябрда Наҳар Озга бостириб келганда Шаҳаф ўлдирилди.

Бу воқеа Исроил тарихидаги энг қонли кун бўлди. Исроил Бош вазири идорасига кўра, ўша куни 1200 атрофида одам ўлдирилган ва 240дан ортиғи гаровга олинган.

Ҳамас назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳаво ва ердан ҳужумларни бошлагандан буён 23000 дан ортиқ ғазолик ўлган.

Short presentational grey line

Чегарадаги кузатувчиларнинг огоҳлантиришлари бу ҳужумдан хабар берган ягона манба эмас эди.

New York Times'да эълон қилинган хабарда айтилишича, Ҳамаснинг режалари ҳақидаги маълумотлар бир йил давомида Исроил расмийларида бўлган, аммо улар бу режаларга беписанд қарашган.

Исроилнинг Unit 8200 жосуслик агентлигининг фахрий таҳлилчиси ҳужумдан уч ой олдин Ҳамас машғулотларни кучайтиргани ҳақида огоҳлантирган аммо булар ҳам эътиборсиз қолдирилган.

Ҳамас бошқа гуруҳлар билан машғулотлар ўтказган ва булар ҳақида ижтимоий тармоқларда видеолар жойлаган. Буни Би-би-си суриштируви ҳам тасдиқлаган.

Аёллар ҳисоботлари "керагича эътиборга олинмаган"

"Белгилар кўп эди", дейди истеъфодаги генерал-майор Эйтан Дангот. "Барча белгиларни тўпласангиз, эртароқ қарор қабул қилишингиз, хавф олдини олишингиз мумкин.»

"Афсуски, бундай бўлмади."

Унинг айтишича, ҳали тўлиқ текширув ўтказилмаган бўлса ҳам, чегара кузатувчиларининг ҳисоботлари "керагича эътиборга олинмагани" аниқ.

"Баъзан бу катта офицерларнинг ўзига ҳаддан ташқари ишончи билан боғлиқ... «Эшитаман, лекин мен сендан яхшироқ биламан. Менда тажриба бор. Мен сендан каттаман. Менинг стратегик ўйлайман ва бундай бўлиши мумкин эмас." Мана шу қабилида ўйлашади.

"Ёки баъзан бу шовинизм бўлиши мумкин", дейди у.

"Разведка ишида сиз доира столига ўтириб, ҳаммадан маълумот тўплашингиз ва кейин ўз пазлингизни йиғишингиз керак. Бу одамлар нимадан бунчалик хавотир олганини билиш учун уларнинг ёнига ўтириб, уларнинг гапларини диққат билан тинглашингиз керак."

Ғазо секторидаги бўлинма қўмондони собиқ ўринбосари, бригада генерали Амир Авиви гендер омил бўлганига ишонмайди, бироқ чегарачилар хавотирларини жиддийроқ ўрганиши керак эди, деган фикрга қўшилади.

"Нима содир бўлганини аниқ айта олмайман, лекин нима қилиниши керак бўлганини айта оламан", дейди у.

"Керак бўлгани, чегарадаги одамлар бирор муаммоли вазият ҳақида хабар берганда улар кўриб чиқилиши ва баҳоланиши керак, уларни тинглашингиз керак. Чунки улар профессионаллар. Улар чиндан ҳам батальон, бригада ва дивизиянинг кўзлари".

Унинг айтишича, "энг катта муваффақиятсизлик" бу "уларни [Ҳамасни] тийиб қўйдик деган тахмин эди", бу тахминга кўра, "ҳа, улар машғулот ўтказмоқда, ҳа, уларда режа бор, лекин буни амалга ошира олишмайди".

ИМК қўшимча текширувлар ўтказишга ваъда берди ва Би-би-си сўровларига "Бундай масалалар кейинги босқичда кўриб чиқилади", деб жавоб қайтарди.

Чегарадаги кузатувчилар ҳисоботларига нима учун кенг эътибор берилмагани ҳақида турлича фикр билдиришмоқда, бироқ Авигайл биз суҳбатлашган баъзиларнинг фикрига қўшилади: "Бу тизимдаги энг эътиборсиз аскарлар эканлигимиз учун... шунинг учун бизнинг сўзимиз етарлича қадрланмади".

"Улар бизни оддий кузатувчи деб билишади, аскар эмас", дейди Рони.

Short presentational grey line

Ҳужумлардан уч ой ўтиб, чегара кузатув бўлинмасининг омон қолган аъзолари ва ҳалок бўлганлар оилалари ҳолат юзасидан тергов бошланишини кутмоқда.

Шай Ашрамнинг ётоқхонасидаги стол устида ҳарбий беретлар, унинг ҳарбий кийимдаги расмлари ва фотосуратлари турибди.

Унинг отаси Дрор баъзан шу хонага кириб йиғлайман дейди.

Шай Ашрамнинг отаси Дрор
Сурат тагсўзи, Шай Ашрамнинг отаси Дрор

"У ҳақиқатан ҳам ўз ишини яхши кўрарди. У армияни, аскар бўлишни яхши кўрарди ", дейди у.

"Мен такси ҳайдайман, бекатдан одамларни олиб кетман, аскар қизини олиб кетаётган оталарни кўрганимда ичим оғрияпти. Ҳавасим келяпти".

"Ҳар ерда мен билан"

Ноа ҳар куни дўстларининг ижтимоий тармоқларга жойлаган база атрофида қўшиқ айтиб, рақсга тушганини кўрсатадиган эски видеоларни томоша қилади. Ўша кунги фожиадан қаттиқ қўрқиб қолган.

"Бу қўрқув ҳар жойда мен билан, даҳшатли тушларда, хаёлларимда, уйқусизлик ва иштаҳасизликда, - дейди у. - Мен аввалгидек эмасман."

У хизматдошлари билан ёзишган WhatsApp чатини кўрсатиб, «ўлдирилган» ёки "ўғирлаб кетилган" деб уларнинг исмларини бирма бир кўрсатади.

Унинг базаси жойлашган Наҳал Озда, улар ишлаган бинолар ҳозир вайронага айланган ва улар Хамас ҳужумга тайёрланаётганини кузатган экранлар ёндирилган ва қорайган.

Хамас Наҳал Оз бўйлаб ўтганда ўнлаб одамларни ўлдирганди.

Ҳалок бўлганлар орасида Исроил чегарасини диққат билан кузатиб турган ва Исроилнинг улкан қудрати ва ресурслари борлигини билишига қарамай, бир кун келиб шундай воқеа содир бўлишидан хавотирган тушган аёллар ҳам бор.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002