Исроил аскарлари масжидда нима қилди? Исроил аскарлари масжидда нима қилди? Ғазонинг энг сўнгги янгиликлари Isroil Hamas Yangiliklar

Сурат манбаси, Social media
Иордан дарёси Ғарбий соҳилида рейд ўтказаётган Исроил аскарлари Женин шаҳридаги масжидни таҳқирладилар.
Исроил ҳарбийларининг ўзлари тасвирга олган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Видеода пойабзалларини ечмасдан масжид ичига кирган ҳарбийлардан бири масжид микрофонига яҳудийларнинг эрталаб ва кечқурун ўқийдиган дуосини ўқигани кўринади.
Масжид овоз кучайтиргичларидан яҳудий ибодати эшитилади, буни кўрган бошқа аскарлар кулаётганлари акс этган видеода.
Бу видео мусулмон ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ғазаблантирди, Исроил Мудофаа кучлари(ИМК) аскарларнинг бу ҳаракатларини қоралашини эълон қилди.
Исроил Мудофаа кучлари Женин масжидини таҳқирлаган аскарлар четлатилганини хабар қилди.
Аммо Исроилнинг ўнг қанот сиёсатчиси, Миллий Хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ИМКнинг аскарларни четлатиш қарорини "шармандалик" деб атади, аскарларни "қаҳрамонлар" деди.
Женин шаҳри ва жамлоғига тўрт кунлик рейдлар оқибатида 12 фаластинлик ҳалок бўлган.
Айни пайтда 7 октябрдан буён Ғарбий соҳилда Исроил ўт очишлари оқибатида камида 283 инсон ҳалок бўлган, 4000 дан ортиқ фаластинлик ҳибсга олинган, дейишади Фаластин расмийлари.
Европа Иттифоқи ва 13 мамлакат Ғарбий соҳилдаги экстремист яҳудий келгиндиларининг қонли зўравонлик амалларини қоралайдиган қўшма баёнот эълон қилдилар, Исроилдан "босиб олинган Ғарбий соҳилда келгиндиларнинг рекорд даражада кўпайган зўравонликларини тийиш учун зудлик билан конкрет чора кўришни" талаб қилдилар.
Исроил 7 октябрда Ҳамас томонидан гаровга олинган икки аскари ва Франция фуқароси Элиа Толедано жасадларини топгани ҳақида хабар тарқатди.
Тун бўйи Исроил Ғазо бўлгасидаги Хон Юнус ва Рафаҳ шаҳарларини бомбардимон қилган, Фаластин соғликни сақлаш расмийлари хабар қилишича, Хон Юнусдаги ҳужумлар оқибатида 33 инсон ҳалок бўлган.
Рафаҳда ҳам оддий одамлар ҳалок бўлгани ва яралангани хабар қилинаяпти.
Қуддуси Шарифда Жума намозига борган намозхонлар Ал-Ақсо масжидига киритилмаганлар, Исроил ҳарбийлари Туркиянинг Анадолу ахборот агентлиги фото мухбири Мустафо ал-Харуфни шафқатсиз калтаклаганлар, у шифохонага ётқизилган.
14 декабрь
Исроил элчиси мустақил Фаластин давлати ҳақида: "Асло йўқ"

Сурат манбаси, Getty Images
Исроилнинг Британиядаги элчиси Ғазо уруши ниҳоясига етгач, Исроил икки давлат ечимини қабул қилмаслигини айтди.
Sky News журналисти томонидан фаластинликлар давлати истиқболи ҳақида сўралганда, Ципи Хотовели "асло йўқ", дея жавоб берди.
Икки давлат ечими Исроил ёнида мустақил Фаластин давлати барпо этилиши ва икки халқ тинч яшашини назарда тутади.
Бу ғояни Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлмиш АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари қўллаб-қувватлайди.
Икки давлат ечимисиз минтақада қандай тинчлик бўлиши мумкин деб сўралганида, Хотовели хоним "фаластинликлар ҳеч қачон Исроил ёнида давлат барпо этишни исташмаганини дунё энди билиши керак", дея жавоб қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Унинг айтишича, агар уруш ҳозир тўхтатилса, Исроил яна бир 7 октябрь ҳужумига ўз эшикларини очиб берганини англатади.
Айни дамда Ҳамас бошқарувчи Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроил ҳаво зарбалари пайшанба тонгида камида 19 кишини ўлдирган.
Исроилга Оқ Уйнинг миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жейк Салливан келиши арафасида Исроил ва унинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ ўртасида келишмовчиликлар бўлаётганига ишоралар бор.
Сафардан олдин Салливан Исроил раҳбариятини урушни тугатиш жадвалини ишлаб чиқишга ундашини айтган.

Оташкесимга чақириқлар халқаро саҳнада ортиб борар экан, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ғазодаги аскарларига шундай деди: "Ҳамас йўқ қилинмагунча, давом этамиз... Бизни ҳеч нима тўхтатолмайди."
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, уруш бошланганидан бери Исроил у ерда 18600 одамни ўлдирди ва 50 мингдан ошиғини яралади.
13 декабрь

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ президенти Жо Байден Исроилнинг Ҳамас билан уруши бошланганидан бери илк маротаба Исроил ҳукуматини қаттиқ танқид қилди. У фаластинликларга берилаётган пала партиш зарбалар сабаб Исроил халқаро қўллаб қувватловни йўқота бошлаганини айтди.
"Исроилнинг хавфсизлиги АҚШга таяниши мумкин, аммо ҳозир унда АҚШдан ҳам кўпроғи бор. Унда Европа иттифоқи бор, унда Европа бор, унда дунёнинг катта қисми бор. Аммо пала-партиш бомбардировкалар сабаб улар ушбу қўллаб-қувватловни йўқота бошлади", деган у сайловолди кампанияси доирасида қилган чиқишида.
Исроил халқаро дастакка қарамасдан Ҳамас билан урушни давом эттирмоқчи



Исроил Ташқи ишлар вазири Эли Коэннинг айтишича, айни босқичда Ғазода ўт очишни тўхтатиш хато бўларди. Исроил Ҳамас билан урушни халқаро қўллаб-қувватловдан қатъий назар давом эттиради.
"Исроил Ҳамасга қарши урушни халқаро қўллаб қувватлов билан ёки усиз ҳам давом эттиради. Айни босқичда ўт очишни тўхтатиш Ҳамас террорист ташкилоти учун совға бўлади ва унинг қайтиб Исроил аҳолисига таҳдид қилишига имкон беради", деган у.
Коэн, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни глобал кема йўлларини ҳимоя қилиш учун "самарали ва агрессив" ҳаракат қилишга чақирди.
Исроил сешанба куни Ғазода 10 аскари ўлганини айтди

Сурат манбаси, Reuters
Йоланде Нелл
Би-би-си мухбири, Қуддус
Исроил армияси сешанба куни Ғазо сектори шимолида бўлган жангларда 10 нафар аскари ҳалок бўлганини айтди.
Шу тариқа 12 декабр куни Исроил армияси Ғазода Ҳамасга қарши қуруқликдан амалиётни бошлаганидан бери энг кўп йўқотишга учради.
9 нафар ҳарбий, шунингдек баталбон қўмондони ҳамда полковник, Ғазо шаҳри шарқидаги Шейайя шаҳридаги жангларда ўлдирилди.
Ғазода қуруқликдан амалиёт бошланганидан бери Исроил 115 ҳарбийсини йўқотди.
Исроил ҳарбий маҳкамаси вазири ва Бош штабнинг собиқ раҳбари Бенни Ганц, X ижтимоий тармоғида уруш Исроил учун "оғир, оғриқли ва қимматга" тушаётганини ёзди.
Кўпчилик исроилликлар Ғазода урушнинг давом эттириш ўзини оқлашини ва зарур деб ҳисоблайди.
Бироқ армияда хизмат қилаётган барча яҳудийлар ва бошқа диний жамоаларнинг вакиллари ҳарбийларнинг ўлимига ўта оғриқли муносабатда бўлишади.
Ижтимоий тармоқларда айрим исроилликлар ердаги амалиётларнинг фаоллиги АҚШ босимларига қанчалик боғлиқлигини сўрашмоқда. АҚШ Исроилни Ғазога ҳаводан зарба бериш кўламини камайтиришга чақириб келади.
12 декабр

Сурат манбаси, Anadolu
Исроил Ғазо бўлгаси бомбардимонини давом эттираяпти, ҳарбийларнинг асосий эътибори Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳрига қаратилган.
Хон Юнусда қақшатқич жанглар бораётгани хабар қилинмоқда.
Хон Юнусдаги шифохона ходимлари кўп сондаги ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатолмаётганлари, дори-дармон, озиқ-овқат, сув ва ёқилғи етишмаётганларини айтмоқдалар.
Алоқадор мавзулар:
- Исроил уруш тугаши борасида муддат белгилаганми? Танклар Хон Юнус марказига кирмоқда - Видео
- Исроил-Ғазо: Ҳамас 7 октябрдаги Исроилга ҳужумида аёлларни зўрлаган ва бурдалаган, Би-би-сига айтишди
- Янгиликлар: Ғазонинг 100 мингга яқин биноси вайрон қилинган - Сунъий йўлдош тасвирлари
- Янгиликлар: Россия Ҳамасга раҳмат айтди, Қуддуси Шарифда ҳужум, АҚШ Давлат котиби Исроилда ва Ғарбий Соҳилда нима бўлди?
- Ғазо: Оташкесим якунига етар экан, Исроил яна бомбалашни бошлади
Хон Юнусдан жанубдаги, Миср чегарасига яқин Рафаҳ шаҳрига ҳаво ҳужуми оқибатида 22 инсон ҳаётдан кўз юмган.
Ғазо расмийларига кўра, Исроил босқини бошланганидан буён секторда ҳалок бўлган инсонларнинг сони 18200 дан ошган, 50 минг киши яраланган.
Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Ғазодаги 66 шифохонадан 11 таси фаолият юритаётгани, улар ҳам тўлақонли эмаслигини айтмоқда.
Шунингдек, ЖССТ Исроил ҳарбийларини ярадорларни олиб чиқишга тўсқинлик қилишда айблади, ярадорлар миндирилган автомобиллар блокпостларда бир неча соат ушлаб турилгани оқибатида бир ярадор ҳаётдан кўз юмган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
БМТнинг Фаластин қочқинлари агентлиги раҳбари Филиппе Лазарини Ғазода бўлиб қайтди, у Ғазодаги вазиятни "Ердаги жаҳаннам" деб таърифлади.
Бўлгада инсонпарварлик вазияти тобора оғирлашиб бораяпти.
БМТ Ғазога инсонпарварлик ёрдамларини тарқатишга қодир эмаслигини айтаяпти, боиси оч инсонлар БМТ омборларига бостириб кириб, егуликлар ва бошқа кўмакларни талаб кетишган.
БМТ Ғазо аҳолисининг аксари очарчиликка дуч келаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.
Исроил ўз ҳарбий амалиётларининг мақсади Ҳамасни йўқ қилиш эканини айтади, Ҳамаснинг кўплаб аскарлари, қароргоҳлари, ерости туннелларини йўқ қилгани ҳақида хабарлар тарқатаяпти.
Аммо Ҳамас ҳамон Исроил ҳудудини ракета ҳужумига тутишга қодир бўлиб қолаяпти, бир кун олдин Тел-Авивда ҳаво ҳужумидан мудофаа сиреналари янграб, тинч аҳоли бомбапаноҳ излашга мажбур бўлиб қолганлар.
Бунга жавобан, Исроил Мудофаа кучлари Ғазо шимолидаги Жабалия қочқинлар жамлоғи ҳудудида Ҳамаснинг ракета отиш тизими, бошқа қурол захираларини йўқ қилганини хабар қилди.
Айни пайтда Исроил ўз аскарлари ўзларининг ўт очишлари оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилди.
Ғазога Исроил ҳарбий кучлари кирганидан кейин ҳалок бўлган аскарлари сони 105 тани ташкил этгани, уларнинг камида 20 нафари бахтсиз ҳодиса ва "дўстона ўт очиш"дан ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Иордан дарёси Ғарбий соҳилида ҳам Исроил рейдлари кучайган, охирги ҳодисада Исроил ҳарбий дрондан Женин шаҳрида тўрт кишини ўлдиргани хабарини тарқатди Фаластин расмийлари.
Ямандаги Хусий қавми вакиллари Қизил денгиздаги Боб ал-Мандиб бўғозида Норвегия байроғи остида сузадиган Strinda кемасини ракета билан ургани ҳақида хабар қилдилар.
Хусийлар Исроилга бораётган ҳар қандай кемани ҳужумга тутишлари ҳақида огоҳлантиришган, расмий вакил Яҳё Сарий, Strinda Исроилга нефт олиб бораётган эди, деди.
Кемага кичик шикаст етганига қарамасдан, сузишда давом этган, кема соҳиблари айтишича, Малайзияда ўсимлик ёғини юклаган танкер Италия Венециясига бораётганди.
АҚШ раҳбарияти Исроилдан Ғазодаги тинч аҳолини асрашга чақириғини кучайтирмоқда, деб ёзади Би-би-си мухбири.

АҚШ раҳбариятига кўра, Исроил раҳбариятининг Ғазодаги ўз ҳарбий амалиётларида тинч фуқароларга имкони борича кам талофат етказишга интилаётганлари ҳақидаги гаплари реал ҳаётда рўй бераётган ҳодисаларга дуч келмаяпти.
12 декабр куни БМТ Бош Ассамблеясида Ғазо бўлгасида оташкесимга чақириш масаласи овозкга қўйилиши кутилаяпти.
Бунгача БМТ Хавфсизлик Кенгашида ўт очишни тўхтатиш резолюцияси олти марта муҳокама қилинди, бироқ Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқига эга доимий аъзолар ветолари сабаб ижро учун мажбурий қарорга эришилмади.
Бош Ассамблея резолюцияси Хавфсизлик Кенгаши резолюциясидек бажариш учун учун мажбурий кучга эга эмас, аммо у глобал кайфиятни намоён этади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















