Янгиликлар: Россия Ҳамасга раҳмат айтди, Қуддуси Шарифда ҳужум, АҚШ Давлат котиби Исроилда ва Ғарбий Соҳилда нима бўлди? Video Isroil Hamas Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Сўнгги тафсилотлар.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар: Ҳамас 7 октябр кунги Исроилга ҳужумни қандай тайёрлаган эди? Ғазо
- Исроил ва Ғазо: Ҳамас барча асирлар унинг қўлида эмаслигини айтмоқда
- Янгиликлар. Исроил - Ғазо: Бу уруш нега бошқа урушлардан фарқ қилади?
- Озод қилиниш арафасидаги фаластинлик маҳбуслар кимлар ва Исроил қамоқхоналарида қанча фаластинлик бор?
Қуддуси Шарифда нима гап?
Қуддуси Шарифда уч киши отиб ўлдирилган.
Бу ҳақда исроиллик мулозимлар маълум қилишган.
Уларга кўра, Исроил полицияси икки ҳужумчи ва бир қуролли одамни отиб ўлдирган.
Айтилишича, икки нафар қуролли шахс эрталабки тирбандлик пайтида автобус бекатида ўт очган.
Тез ёрдам хизматидагиларнинг маълум қилишича, камида 6 киши яраланган, улардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилади.
Қуддусдаги ҳодиса Исроил ҳарбийларининг Ғарбий Соҳилнинг Женин шаҳридаги рейдидан кун ўтиб юз берган.
Жениндаги рейд чоғида 8 ва 14 ёшда бўлган фаластинлик икки болакай отиб ўлдирилган.
Исроил Ғарбий Соҳилда икки болани отиб ўлдирди

Сурат манбаси, .
Ғазодаги уруш манзарасида Исроил босиб олган, аммо Фаластин расмийлари томонидан бошқариладиган Ғарбий Соҳилда ҳам кескинлик ва зўравонликлар авж олмоқда.
Исроил Мудофаа кучлари минтақада ҳарбий амалиёт ўтказаётган вақти, улардан бири 8 яшар бўлган икки фаластинлик болани ўлдиргани айтилмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Люси Уиллиамсон
Би-би-си, Ғарбий Соҳил
Женинда Исроил ҳарбий амалиёти ниҳоясига етаркан, у Адам Ал-Гулнинг ҳам умрига зомин бўлди.
Уни қочаётган вақтида отиб ташлашди. 8 яшар боланинг жасадини судраб йўлдан четга олишди.
Бошқа кўчада унинг 14 яшар ўртоғи Базел Абу ал Вафо ҳаётда қолиш учун курашарди.
Унинг атрофига ўқ узиларди.
Женин касалхонасидаги шифокорлар бошидан ўқ еган Адам дақиқалар ичида ўлганини айтишди.
Улар Базелнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашди, аммо кўкрагидан икки ўқ еган
болани қутқариб қолишолмади.
"Мактабда аъло баҳога ўқирди. Яхши бола эди. Меҳрибон эди. Билмадим. У бегуноҳ эди. У қуролли эмасди", дейди Базелнинг тоғаси Муафақ Саъдий.
Ўсмирнинг сўнган танаси Ҳамас байроғи билан ўраларкан, қариндошларидан бири бошини чайқайди.
"Улар Базел шуни истагани айтишди, аммо мен бунга ишонмайман", дейди у менга.
Касалхона раҳбари икки боланинг жароҳати ўлдиришни қасд қилинганидан дарак беришини айтади.
"Кўкрак ва мияга отишган. Бу ўлдириш учун. Аскар уларни отаётганда, уларни ўлдиришни хоҳлаган. Женинда хавфсиз жой қолмади. Уйинг хавфсиз эмас", дейди Женин касалхонаси раҳбари доктор Виссам Бакр.
Болалар, Исроил чоршанба куни Жениндаги қочқинлар жамлоғига уюштирган ҳарбий амалиётини якунлаган куни отиб ўлдирилган.
Исроил ҳарбийларининг айтишича, у ердаги Исломий жиҳод қўмондонларидан бирини ўлдириш ва 17 кишини ҳибсга олиш учун ракета, граната ва портловчи моддалар ишлатган.
"7 октябрдан олдин улар уй ичидаги ҳамма нарсани вайрон қилишарди. Аммо энди бутун уйни йўқ қилишяпти. Улар Ғазода ютқазгани учун биздан ўч олишмоқда. Бунинг ҳаммаси уларнинг Ғазодаги мағлубияти билан боғлиқ", дейди Самир ал-Гул.
Бу ерда Исроил амалиёти қолдирган вайроналарни кўришингиз мумкин. Жамлоқдаги одамлар бунга ўрганиб қолишган. Бироқ ҳозир одамлар эътиборини инсоний талофатларга қаратмоқда.
Исроил Женинда уларга қарши портловчи қурилмалар отганганликда гумонланаётганларга қарши жанговор ўқлардан фойдаланганини айтмоқда.
Бирлашган Миллатлар ташкилотига кўра, Исроил кучлари 7 октябрдан бери Ғарбий Соҳилда 50 дан ортиқ болани ўлдирган.
Энди рўйхат янада каттаради.
14 яшар Базел ва 8 яшар Адам каби болалар қурбон бўлаётган бўлса-да, можаронинг охири кўринай демайди.
Ғазода сулҳ яна узайди
Ғазода Исроил вақтинчалик оташкесимни еттинчи кунга узайтирган.
Халқаро воситачиларнинг янада кўпроқ тутқунларни озод этишга қаратилган музокаралари ҳам давом этаётир.
"Қуддуси Шариф, Байтлаҳм ва Жениндаги ҳодисаларнинг муваққат сулҳга қандай ва қанчалик таъсир қилиши ҳозирча маълум эмас.
"Вақтинчалик оташкесим яна бир кунга узайтирилди. Аммо у анчайин ҳассос", - дейди Би-би-сининг Қуддуси Шарифдаги мухбири Уайр Дэвис.
АҚШ Давлат котиби яна Исроилда

Сурат манбаси, .
Энтони Блинкен бугун Исроил президенти билан учрашган.
Бу АҚШ Давлат котибининг Тель-Авивга Исроил-Ҳамас уруши бошланган 7 октябрдан буёнги учинчи сафари.
"Тутқунлар уйларига қайтиб, яна оилалари билан топишишаркан, биз сўнгги ҳафтада воқеаларнинг ўта ижобий ривожини кўрдик", - деб айтган Энтони Блинкен Исроил президенти билан учрашуви чоғида.
АҚШ Давлат котибига кўра, "бу Ғазодаги эҳтиёжманд бегуноҳ аҳолига инсонпарварлик ёрдамини оширишга ҳам имкон берган".
"Демак, бу жараён ўз натижаларини бермоқда. Бу муҳим ва биз унинг давом этишига умид қиламиз", - деб айтган Энтони Блинкен.
АҚШ Давлат котиби Исроил Бош вазири билан музокаралари ортидан Рамаллаҳда Фаластин Маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан ҳам учрашади.
Россия Ҳамасга раҳмат айтди

Сурат манбаси, .
Гаровда ушлаб турилган икки фуқароси озод этилганидан кейин Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ҳамасга миннатдорчилик билдирган.
Бу Исроил ва Ҳамас ўртасидаги тутқунлар алмашинувининг бир қисми эмаслиги айтилмоқда.
"Ватандошларимиз... Ҳамас ҳаракати раҳбарияти билан эришилган келишувга асосан 29 ноябрь куни озод қилинди".
"Қатъий сўровларимизга ижобий муносабат билдиргани учун биз Ҳамас ҳаракати раҳбариятидан миннатдормиз. Ғазо бўлгасида сақланаётган бошқа россияликларни ҳам имкон қадар тезроқ озод қилишга интиламиз", - дейилади вазирлик баёнотида.
29 ноябрь

Сурат манбаси, Reuters
Исроил-Ғазо уруши: Сулҳ узайтирилишига умидлар бор, Ғазо шимоли яшашга яроқсиз ҳолга келди
Сулҳнинг олтинчи куни - нималар маълум?
- Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сулҳ муддати яна узайтирилишига умидлар бор. Қатарда янги келишувга эриши борасида музокаралар давом этмоқда.
- Исроил Ғазода ушлаб турилган ва бугун қўйиб юбориладиган тутқунларнинг рўйхатини олганини айтди.
- Жангларда танаффус жума куни эълон қилинганди ва 28 ноябр куни икки кунга узайтирилган.
- Келишув Ғазодаги Исроил тутқунлари ва Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликларни айирбошлаш имконини берди.
- Келишувга мувофиқ Ғазога ҳар куни 200 та гуманитар ёрдам ортган юк машиналар киришига эришилди. Аммо гуманитар ташкилотлар ушбу рақам озлигини айтишади.
- Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазодаги яшаш шароити ва тиббий хизматнинг етишмаслиги инобатга олиб, бомбардимонда ўлганлардан ҳам кўпроқ одам ҳаётдан кўз юмиши мумкинлигини айтди.
Фаластинликлар сулҳ давомида озиқ-овқат ва сув олишмоқда
Гуманитар ташкилотлар ўт очиш тўхтаганидан фойдаланиб, фаластинликларга озиқ-овқат ва сув етказиб бермоқда.
Суратларда БМТнинг Фаластинга ёрдам агентлиги Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнусда қоплаб ун ва тоза сув тарқатаётганини кўриш мумкин.
- Блинкен Ғарбий Соҳил вазияти ҳақида гапирди, БМТ Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирди, Нетаняҳу тинч аҳоли талофатлари ҳақида нима деди?
- Сиёсат, дин ва лобби: Нега АҚШ Исроилни бунчалар қўллаб-қувватлайди? (видео)
- Янгиликлар: Исроил Ғазони қуршади, бўлгада 9 мингдан зиёд одам ўлдими, ярадорлар сони эса, ўн минглаб – Исроил Ғазони нима қилмоқчи?
Бу ерда 1,7 миллион ғазолик жойлаштирилган. Уларнинг кўпчилигини шиддатли жанглардан Ғазо жанубига қочганларни ташкил қилади.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Сурат манбаси, Reuters
"Одамлар нонни бўлишиб емоқда ва кўчаларда ухламоқда"

Аднан Эл-Бурш
Би-би-си Араб хизмати, Ғазо
Ғазодаги гуманитар вазиятга яна бир назар ташласак.
Ғазо марказидаги Деир ал-Балаҳда юзлаб одам газ баллонга навбатга тураркан, бир эркак менга "Бир пиёла чой ёки бир қути печене тополмайсан. Кеча кўчада ухлаётган одамлар нонни бўлишиб еди. Ёмғир остида қолдик. Одамлар совуқда тонг оттиришди. Аллоҳ ёрдамчимиз бўлсин", дейди.
Муҳаммад ал-Фидраҳ бўлса 3 кундан бери навбат кутаётганини айтади.
"Икки тун олдин келгандик. Тунги 3 дан бери ҳалиям газ ололмадик. Ёнилғи, ун ёки ҳеч нарса тополмаяпмиз. Ҳамма нарса учун навбатда туришинг керак ва топиш қийин", дейди у.
Бу ерда юзлаб одам бор, уларнинг айримлари бўш баллонларга ўтириб олган, кўпларнинг асаблари дош бермаяпти.

"Араб ва мусулмонлар қаерда? Ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари қани? Сиз фаластин халқини азоб-уқубат, очлик ва ҳалокатда қолдирдингиз", деб бақиради навбатда турган ўрта яшар аёл.
Унинг юзида ғазаб ва умидсизлик кўринади. "Битта баллони тўлдириш учун тонг саҳардан бери навбатда турибмиз. Бомдод намозимни тик турган ҳолда ўқидим", дейди у.
Унинг айтишича, Исроил чегарасидан 2 чақирим узоқликдаги Ғазо шимолидаги Байт-Ҳанундан қочган. Ҳозир оиласи билан Дейр ал-Балаҳда БМТ мактабида яшаяпти.
"Вайронагарчиликни тасвирлаб беролмайман. Бутун оилалар йўқ қилинди. Улар ўз уйлари остида қолиб кетди. Ғазо буткул вайрон бўлди. Аллоҳ раҳматига олсин", дейди аёл.
БМТ агентлиги: Ғазо шимолининг бир қисми яшаб бўлмайдиган ҳолатга келди

Сурат манбаси, Reuters
БМТнинг Яқин шарқдаги Фаластинлик қочқинлар ва ташкилотлар ишига ёрдам бериш агентлиги директори Томас Уайт Би-бисига интервю берди.
У Исроил тинч аҳолини Ғазо сектори шимолини тарк этиш талаби қўйгач, минтақада юзага келган ўзгаришларни шундай тавсирлайди.
"Одатда одамлар билан тўла шаҳар кўчалари вайрона парчалари, ғишт бўлаклари ва қайрилган металлар билан қопланган. Бирорта ҳам биноси соғ қолмаган бутун мавзелардан ўтиш мумкин ва кўчаларда одам зоти йўқ", деган у.
Уайтнинг қўшимча қилишича, Ғазонинг унча зарар кўрмаган қисмлари ҳам бор. У ерда ҳаёт аломатларини кўриш мумкин. "Одамлар дўкон витриналарида ёки уйининг бўсағасида ўтирибди. Аммо шаҳар ноодатий равишда сукунат ҳукмрон".
Унинг айтишича, Ғазо шимолида вайронагарчилик шу даражадаки, айрим мавзелар яшашга умуман яроқсиз бўлиб қолган.
"Бошқа жойлар ҳеч нарса бўлмагандек турибди. Бироқ у ерларда электр энергияси йўқ ва сув ўта чекланган миқдорда берилмоқда. Барча нормал хизматлар у ерда ишламаяпти", дейди у.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














