Янгиликлар: Ҳамас 7 октябр кунги Исроилга ҳужумни қандай тайёрлаган эди? Ғазо

Сурат манбаси, Telegram
- Author, Абделали Рагад, Ричард Ирвин-Броун, Бенедикт Герман ва Син Седдон
- Role, Би-би-си Араб хизмати ва BBC Verify
BBC News таҳлили кўрсатишича, 7 октябрь куни Исроилга қарши ҳалокатли ҳужумда Ҳамасга қўшилган Фаластиннинг бешта қуролли гуруҳи 2020 йилдан буён ҳарбий машғулотлар ўтказиб келган.
Гуруҳлар Ғазо секторида қўшма машғулотлар ўтказган ва бу машғулотлар Исроилга ҳужумда қўлланган тактикага жуда ўхшайди. Жумладан, Исроил билан чегара тўсиғидан бир километрдан камроқ масофада машғулот ўталган ва улар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.
7 октябрдаги ҳужумдан атиги 25 кун олдин бўлиб ўтган машғулотда улар гаровга олиш, ҳудудларга бостириб кириш ва Исроил мудофаасини ёриб ўтишни машқ қилган.
Би-би-си Араб хизмати ва BBC Verify Ҳамас Ғазодаги қуролли гуруҳларини қандай қилиб уруш учун бирлаштирганини кўрсатадиган далилларни тўплади. Ана шу бирлашув натижасида Исроилга рейд уюштирилди, бу эса ҳудудни уруш майдонига айлантирди.
"Бирлик белгиси"
2020 йил 29 декабрь куни Ҳамас раҳбари Исмоил Ҳания Ғазонинг турли қуролли гуруҳлари ўртасидаги "Мустаҳкам устун" деб номланган тўртта машғулотдан биринчисини эълон қилди.
Ғазодаги қуролли гуруҳларнинг энг қудратлиси сифатида Ҳамас "қўшма операциялар штаби" томонидан назорат қилинадиган жанговар машғулотларда бошқа 10 та Фаластин гуруҳини бирлаштирган коалицияда етакчи куч эди.
Ушбу штаб 2018 йилда Ғазонинг марказий қўмондонлик остидаги қуролли гуруҳлари ишини мувофиқлаштириш учун тузилган.
2018 йилгача Ҳамас ўз фаолиятини Ғазодаги иккинчи йирик қуролли гуруҳ, Ҳамас сингари Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда террорчилик ташкилоти сифатида тақиқланган Исломий Жиҳод (ИЖ) билан расман мувофиқлаштирган.
Ҳамас олдинги можароларда ҳам бошқа гуруҳлар билан ҳамкорликда курашган, аммо 2020 йилги машғулотлар кўпроқ гуруҳлар бирлашувига туртки берди.
Ҳамас етакчиси айтишича, дастлабки машғулотлар қуролли гуруҳларнинг "доимий тайёргарлиги"ни акс эттиради.
2020 йилги машғулот уч йил давомида ўтказилган тўртта қўшма машғулотнинг биринчиси бўлиб, уларнинг ҳар бири ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда ҳужжатлаштирилган.

Исроил-Ғазо урушига алоқадор мақолалар:

Би-би-си Telegram иловасида ёйинланган кадрларда 10 та гуруҳни, шу жумладан, ўзига хос белгилари ва тимсоллари орқали "Мустаҳкам устун" машғулотларида ИЖ ҳам Ҳамас билан қатнашганини аниқлади.
7 октябрдаги ҳужумдан сўнг беш гуруҳ ҳужумда иштирок этганликларини кўрсатувчи видеоларни тарқатди. Яна уч гуруҳ иштирок этганликларини даъво қилиб, Telegram'да ёзма баёнот берди.
7 октябрь куни бошқа гуруҳлар томонидан Исроилдан Ғазо секторига гаров сифатида олиб кетилган деб ҳисобланган ўнлаб аёллар ва болаларни топиш учун Хамасга босим кучайиб бормоқда. Яъни гаровдагиларнинг ҳаммаси ҳам Ҳамасда эмас.
Уч гуруҳ - ИЖ, Мужоҳидлар бригадаси ва Ан-Носир Салоҳ ад-Дин бригадалари ўша куни Ҳамас билан биргаликда исроилликларни гаровга олганини даъво қилмоқда.
Айтилишича, Ғазо секторидаги муваққат оташкесинни узайтириш Ҳамаснинг қолган гаровдагиларни топа олишига боғлиқ бўлади.

Гарчи бу гуруҳлар радикал исломчилардан тортиб нисбатан дунёвий гуруҳларгача бўлган турли мафкуравий қарашларга эга бўлсалар ҳам, уларнинг барчаси Исроилга қарши зўравонлик қўллашга тайёр.
Ҳамаснинг баёнотларида Ғазодаги турли қуролли гуруҳлар ўртасидаги бирлик бир неча бора таъкидланган. Ҳамас Исроилга ҳужум режаларида етакчи роль ўйнаган бўлса ҳам, қўшма машғулотларда тенг ҳуқуқли шерик эканини айтган.
Биринчи машғулотдан олинган кадрларда ниқобдаги командирлар ракета зарбаси билан бошланадиган машғулотларда бункерда ўтирганини кўриш мумкин.
Унда жангариларнинг Исроил байроғи туширилган макет танкка ҳужуми, экипаж аъзосини қўлга олиб, судраб олиб кетиши, биноларга бостириб кириши тасвирланган.
7 октябрь куни 1200 га яқин одам ҳалок бўлган ва 240 га яқин киши гаровга олинган ҳужумда аскарларни қўлга олиш ва тинч аҳолига ҳужум қилиш учун ҳар иккала тактика ҳам қўлланганини видеолар ва гувоҳларнинг сўзларидан биламиз.

Сурат манбаси, Telegram
Дунёга овоза
Иккинчи "Мустаҳкам устун" машғулотлари деярли бир йилдан сўнг бўлган.
Ҳамаснинг қуролли қаноти бўлмиш Иззиддин ал-Қассам бригадалари қўмондони Айман Нофал 2021 йил 26 декабрдаги машғулотлардан мақсад "қаршилик гуруҳлари бирлигини яна бир бор кўрсатиш" эканлигини айтганди.
Унинг айтишича, бу машғулотлар "душманга Ғазо чегараларидаги деворлар ва муҳандислик қурилмалари уларни ҳимоя қилмаслигини кўрсатади".
Ҳамаснинг яна бир баёнотида айтилишича, "қўшма ҳарбий маневрлар" "Ғазо сектори яқинидаги аҳоли пунктларини озод қилишни машқ қилиш" учун мўлжалланган.
Машғулот 2022 йил 28 декабрида такрорланди ва унда жангарилар биноларни тозалагани ва макет танклардан ўтиб боргани акс этган тарғибот тасвирлари эълон қилинди.

Машғулотлар ҳақида Исроилда хабар берилган, шунинг учун унинг мамлакат разведка хизматлари томонидан диққат билан кузатилмаганини тасаввур қилиш қийин.
Исроил мудофаа кучлари (ИМК) аввалроқ Ҳамаснинг машғулотларини тўхтатиш учун ҳаво ҳужумларини амалга оширган эди. 2023 йил апрель ойида улар биринчи "Мустаҳкам устун" машғулотлари ўтказилган жойни бомбалашди.
Ҳужумлардан бир неча ҳафта олдин Ғазо чегараси яқинида кузатувчи аёл аскарлар ғайриодатий дронлар фаоллиги кузатилгани ва Ҳамас кузатув постларини босиб ўтишни машқ қилгани ҳақида хабар берган эди.
Аммо Исроил матбуоти хабарларига кўра, кузатувчи аскарлар бу ҳақда огоҳлантиришларимиз эътиборга олинмади деб даъво қилишган.
ИМКнинг Ғазо секторидаги собиқ қўмондон ўринбосари, Бригада генерали Амир Авиви Би-би-сига шундай деди: "Улар бу машғулотни ўтказаётгани ҳақида жуда кўп разведка маълумотлари бор эди, улар тасвирланган видеолар ҳам оммага очиқ эди ва бу ишлар тўсиқдан атиги юзлаб метр нарида содир бўлаётганди."
Аммо унинг таъкидлашича, ҳарбийлар машғулотлар ҳақида билишса ҳам, улар "нима учун тайёрланаётганини тушунишмаган".
ИМК 2023 йил 17 октябрь куни Ҳамаснинг биринчи юқори мартабали ҳарбий раҳбари Нофал "йўқ қилинганини" хабар қилди.

Очиқ майдонда яшириниш
Ҳамас машғулотлар реалистик бўлиши учун имкон қадар ҳаракат қилган.
2022 йилда жангарилар Ғазо сектори ва Исроил ўртасидаги ИМК назорати остидаги Эрез ўтиш жойидан атиги 2,6 км узоқликда қурилган сохта Исроил ҳарбий базасига ҳужум қилишган.
BBC Verify Ғазонинг энг шимолида, тўсиқдан атиги 800 м узоқликда жойлашган ушбу жойни машғулот тасвирларида кўрилган географик белгиларни ҳудуднинг аэросуратларига қиёслаш орқали аниқлади. 2023 йил ноябрь ойи ҳолатига кўра, ушбу жой ҳали ҳам Bing Maps'да кўриниб турарди.
Ўқув лагери Исроилнинг кузатув минораси ва баланд кузатув пунктидан 1,6 километр масофада жойлашган. Булар Исроил юзлаб миллион доллар сарфлаган хавфсизлик тўсиғи қисмларидир.

Сохта база ер сатҳидан бир неча метр қазилган текис юзада жойлашган, шунинг учун у яқин атрофдаги Исроил патрулларига бемалол кўринмаган бўлиши мумкин, аммо портлашлар натижасида кўтарилган тутун аниқ кўринар эди. Қолаверса ИМК ҳаводан ҳам кузатиб турган.
Ҳамас бу жойда биноларга бостириб кириш, одамларни гаровга олиш ва хавфсизлик тўсиқларини йўқ қилиш учун тайёрланган.
BBC Verify Ғазо сектори бўйлаб 14 та машғулот ўтказилган тўққизта жойни аниқлаш учун ҳаммага очиқ маълумотлардан, жумладан, сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланди.
Улар ҳатто БМТ ёрдам агентлигининг ёрдам тарқатиш марказидан 1,6 км узоқроқда икки марта машғулот ўтказишган ва бу агентлик томонидан 2022 йил декабрь ойида эълон қилинган расмий видео фонида ҳам кўринади.

Қуруқлик, денгиз ва ҳаво
2023 йил 10 сентябрь куни Қўшма қўмита хонаси ўзининг махсус Telegram каналида Ғазо тўсиғи бўйлаб ҳарбий объектларни кузатаётган ҳарбий кийимдаги эркаклар тасвирларини эълон қилди.
Икки кундан сўнг "Мустаҳкам устун" тўртинчи ҳарбий машғулотлари ўтказилди ва 7 октябрга келиб мисли кўрилмаган ҳужумда қўлланиладиган барча тактикалар ишлаб чиқилди.
Қуролланган шахслар Исроил жануби бўйлаб ҳужумда минилган айнан ўша оқ Toyota пикапларини миниб кетаётгани тасвирга олинган.
Тарғибот видеоларида жангарилар сохта биноларга бостириб кириб, ичкаридаги қўғирчоқларга ўқ узгани, шунингдек, қайиқ ва сув ости ғаввослари ёрдамида соҳилга бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани кўрсатилган. Исроил 7 октябрь куни Ҳамас қайиқларининг ўз қирғоқларига яқинлаштирмаганини айтди.

Сурат манбаси, Telegram
Бироқ, Ҳамас "Мустаҳкам устун" тарғиботи доирасида мотоцикл ва парапланлар бўйича машғулотларини реклама қилмаган эди.
7 октябрдан уч кун ўтиб Ҳамас томонидан эълон қилинган ўқув видеоси мотоцикллар ўтиши учун панжара ва тўсиқлар бузиб ташланганини кўрсатди. Улар Исроил жанубидаги қишлоқларга етиб бориш учун қўллаган тактика эди бу.
Жангариларнинг парапланда учиб машқ қилгани видеотасвирлари ҳам 7 октябрдаги ҳужумгача тарқатилмаган эди.
Ҳужум куни эълон қилинган машғулот видеосида жангарилар Ғазо жанубидаги Рафаҳ шимолида жойлашган аэродром майдонидаги сохта кибуцга қўнаётгани акс этган.
BBC Verify аниқлашича, видеотасвир 2022 йил 25 августдан сал олдин олинган ва Бургут эскадрони номли компьютер файлида сақланган. Ҳамас ўз ҳаво кучларини шундай атайди. Бу парапланда учиш режасига бир йилдан кўпроқ вақт давомида тайёрланилганини кўрсатади.

Кутилмаган элемент
ИМК қўмондонларидан иқтибосан берилган хабарларга кўра, 7 октябргача Ғазо секторида Ҳамаснинг 30 мингга яқин жангчиси бўлган. Бундан ташқари, Ҳамас кичикроқ гуруҳлардан бир неча минг жангчини жалб қилиши мумкинлигига ишонишган.
Ҳамас бошқа гуруҳларнинг ёрдамисиз ҳам Фаластин қуролли гуруҳлари ичида энг кучлиси ҳисобланади. Унинг бошқа гуруҳларни жонлантириши Ғазо секторидаги кенг қўллаб-қувватловга, ҳеч бўлмаганда ўз сонини кўпайтиришга уриниш билан боғлиқ.
ИМК аввалроқ 7 октябрдаги ҳужумда 1500 нафар жангари қатнашганини тахмин қилган эди. Шу ой бошида Times of Israel газетаси ИМК ҳозирда уларнинг сони 3000 га яқин бўлганига ишонишини хабар қилди.
Ҳақиқий рақам қанча бўлишидан қатъий назар, бу Ғазо секторидаги қуролли жангариларнинг нисбатан кичик қисми қатнашганини англатади. Ҳужумда ёки "Мустаҳкам устун" машғулотларида кичик гуруҳлардан қанча жангчи қатнашганини аниқ текшириш деярли имконсиз.
Ливан армиясининг собиқ бригада генерали, ҳозирда Яқин Шарқ тадқиқотлари марказида хавфсизлик бўйича таҳлилчи бўлиб ишлаётган Ҳишам Жобирнинг ишонишича, Ҳамас ҳужумда бошқа гуруҳлар қўлловини олаётган бўлса ҳам, якуний режадан фақат ушбу гуруҳ хабардор бўлган. "Эҳтимол [улар] фақат ўша куни бошқа гуруҳларни ўзларига қўшилишни сўрашган".
Лондон Қироллик коллежининг хавфсизлик бўйича катта ўқитувчиси Андреас Криг Би-би-сига шундай дейди: "Марказдан режалаштириш мавжуд бўлса ҳам, ижро марказсизлаштирилган, ҳар бир бўлинма режани ўз билганича амалга оширган."
Унинг айтишича, Ҳамас учун Исроил мудофаасининг бундай заифлиги кутилмаган бўлган. Жангарилар офлайн режимда мулоқот қилган ва Исроилнинг кузатув технологиясини четлаб ўтган.
Халқаро алоқалар бўйича Европа кенгашининг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси Ҳью Ловаттнинг айтишича, Исроил қўшма машғулотлар ҳақида билган бўлиши керак, бироқ уларни жангариларнинг одатий машғулоти деб ўйлаган ва "яқинлаб келаётган кенг кўламли ҳужумдан ғофил қолган".
Ушбу мақолада кўтарилган масалалар бўйича сўралганда, ИМК расмийлари "ҳозирда бор эътибор Ҳамас террор ташкилотини йўқ қилишга қаратилган" ва йўл қўйилган хатолар "кейин ҳал қилинади" деди.
Исроил 7 октябрдаги қирғин олдини олиш учун имкониятни қўлдан бой берганми ёки йўқ, бунга расман баҳо беришга бир неча йил керак бўлиши мумкин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















