Янгиликлар. Исроил - Ғазо: Бу уруш нега бошқа урушлардан фарқ қилади? O‘zbekiston Isroil G‘azo Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
- Author, Жереми Боуэн
- Role, Халқаро масалалар бўйича Би-би-си муҳаррири
Ғазодаги ҳозирги уруш аввалгилари каби бўлганда эди оташкесинга аллақачон эришилган бўларди.
Ўликлар дафн қилинган, Исроил эса БМТ билан Ғазони қайта қуришга қанча бетон кетишини муҳокама қилаётган бўларди.
Аммо бу уруш ундай эмас...

Сурат манбаси, .
Алоқадор мавзулар:
- Исроил ва Фаластин аҳолиси энг даҳшатлиси ҳали олдинда бўлиши мумкинлигидан қўрқиб яшамоқда
- Янгиликлар. Бунақаси бўлмаган: Ҳамас орқасида ким турибди, Исроилни енгиб бўладими, у ердаги ўзбекларга нима бўлди ва Шавкат Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди?
- Мирзиёев, Ўзбекистон ва Қозоғистон Шарқий Қуддусдаги вазиятдан жиддий хавотирда
- Фаластин қандай кичрайиб, Исроил қандай кенгаймоқда? Тарихий ва бугунги хариталар - Янгиликлар Дунё
Фарқли уруш
Бу фарқ ўлимлар сони кўплигида, аввалига Ҳамас 7 октябрь куни Исроилга ҳужум қилиб, аксари исроиллик бўлганларни ўлдиргани ёки кейин Исроилнинг даҳшатли интиқомида кўплаб ғазолик тинч аҳоли ўлганида ҳам эмас.
Бу уруш аввалгиларидан шуниси билан фарқлики, у Яқин Шарқдаги тўқнашув чизиқлари тебраниб турганида рўй берди. Ўтган 20 йил мобайнида минтақадаги жиддий бўлиниш чизиғи Эрон ва унинг дўстлари ҳамда АҚШ ва унинг дўстлари ўртасида эди.
Эроннинг баъзида "қаршилик ўқи" деб аталадиган тармоғи Ливандаги "Ҳизбуллоҳ", Суриядаги Асад режими, Ямандаги Ҳусийлар ва Ироқдаги жангари гуруҳлардан ташкил топган. Эрон яна Ғазодаги Ҳамас ва Исломий жиҳод гуруҳини ҳам дастаклаб келади.
Эрон, шунингдек, Россия ва Хитойга яқинлашди, Россиянинг Украинага босқинида унга ёрдамчи бўлди. Хитой Эрондан каттагина миқдорда нефть сотиб олади.
Ғазодаги уруш ниҳояси кўринмас, кўплаб фаластинликлар ўлар, минглаб уйлар вайрон бўлар экан, ана шу икки лагердаги бошқа аъзолар ҳам урушга қўшилиб кетиши эҳтимоли ошаверади.

Сурат манбаси, WAEL HAMZEH/EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Исроил ва Ливан чегарасида вазият таранглашиб, қизиб боряпти. Исроил ҳам, Ҳизбуллоҳ ҳам кенг қамровли уруш бошланиб кетишини истамайди. Аммо уларнинг бир-бирларига ҳар замонда мушт туширавериши вазият назоратдан чиқиб кетишига олиб бориши мумкин.
Ямандаги Ҳусийлар ҳам ҳали ракета билан, ҳали дрон билан Исроилга ҳужум қилмоқда. Уларнинг бари Исроил ҳаво мудофааси ва АҚШнинг Қизил денгиздаги ҳарбий кемалари мудофааси томонидан уриб туширилди.
Ироқда ҳам Эрондан дастак олаётган жангарилар АҚШ базаларига ҳужум қилмоқда. АҚШ ҳам бир неча марта уларнинг Суриядаги нуқталарига зарба берди. Ҳамма томон эскалация олдини олишга ҳаракат қиляпти. Аммо ҳарбий ҳаракатларни назоратда барқарор ушлаб туриш мураккаб вазифа.
Америка томонида Исроил, Форс кўрфази давлатлари, Иордания ва Миср турибди. Президент Байден Исроилнинг фаластинлик тинч аҳолини ўлдиришидан ноқулай вазиятга тушиб қолаётган бўлса ҳам, АҚШ Исроилга кучли дастагини аямаяпти. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен жуда кўп фаластинлик тинч аҳоли ўлаётганини бот-бот айтяпти.
Американинг араб иттифоқчилари ҳам Исроилни қоралаб оташкесинга чақирмоқда. Юз минглаб фаластинликнинг Ғазо шимолидан жанубга пиёда қочаётгани 1948 йили унинг араблар устидан ғалабасини ёдга соляпти.
Ўшанда 700 мингдан зиёд фаластинлик ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ва бу фожиа тарихга "ан-Нақба" номи билан кирган эди. Ҳозирги Ғазодаги аксар аҳоли ўша вақтдаги қочқинларнинг авлодларидир.

Сурат манбаси, .
Бенямин Нетаняҳу ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган айрим экстремист яҳудий миллатчиларининг фаластинликлар бошига янги Нақбани солиш кераклиги ҳақидаги хавфли гаплари Америка лагеридаги араб давлатлари, хусусан, Иордания ва Мисрни хавотирга солмоқда. Нетаняҳу ҳукуматидаги вазирлардан бири ҳатто Ғазо секторига ядровий бомба ташлаш ҳақида гапирди. Унга танбеҳ беришди, аммо лавозимидан кетгани йўқ.
Буларнинг бари маргинал телбаларнинг алжираши дейиш ҳам мумкин, аммо Иордания ва Мисрда буни жиддий қабул қилишади. Исроилнинг катта ва тан олинмаган ядро қуроллари эмас, балки юз минглаб фаластинликларнинг бу давлатлар чегарасини кесиб ўтиши уларни қўрқитади.
Ғазо урушининг ўзига келсак, Исроилнинг содиқ иттифоқчиларидаги юқори мартабали дипломатлар Би-би-сига урушни тугатиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш "қийин ва тартибсиз" бўлишини айтди.
Улардан бири "ягона йўл - фаластинликлар учун сиёсий келажакни тиклашдир" деди. Бу Исроил билан ёнма-ён мустақил Фаластинга ишорадир.
Фаластин давлатининг бўлиши, эҳтимол, Исроил ва араблар ўртасидаги кенгроқ келишув контекстида, улкан режа ва, эҳтимол, энг яхши ғоя бўлиши мумкин. Аммо ҳозирги оғриқ, андуҳ ва нафрат муҳитида бунга эришиш жуда қийин.

Сурат манбаси, Reuters
Фаластинликларнинг ҳам, исроилликларнинг ҳам ҳозирги раҳбариятида бундай бўлмайди.
Бош вазир Нетаняҳу Ғазо секторидаги жанглар тугагач нима бўлиши ҳақида ўз режасини ошкор қилгани йўқ, бироқ у Американинг Ғазони Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин маъмуриятига топшириш ғоясини ҳам рад этди.
Америка режасининг иккинчи қисми Бенямин Нетаняҳу бутун сиёсий фаолияти давомида қарши чиққан икки давлат ечими бўйича музокаралар ўтказишдир.
Нетаняҳу нафақат Фаластин мустақиллигига қарши. Унинг бош вазир сифатида омон қолиши яҳудий экстремистларига боғлиқ. Бу гуруҳ Иордан дарёси ва Ўрта ер денгизи орасидаги бутун ҳудуд яҳудий халқига Худо томонидан берилган ва ҳаммаси Исроил чегараларида бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Кўпчилик исроилликлар Нетаняҳунинг кетишини истайди, уни 7 октябрь ҳужумларига йўл қўйган хавфсизлик ва разведкадаги муваффақиятсизликлар учун ҳам айблайди.
Фаластин президенти Аббос 80 ёшдан ошган ва 2005 йилдан бери сайловда қатнашмаган бўлса-да, потенциал сайловчилар орасида обрўсини йўқотган. Фаластин маъмурияти Ғарбий Соҳилдаги хавфсизлик масалаларида Исроил билан ҳамкорлик қилади, бироқ ўз халқини қуролланган яҳудий кўчманчилардан ҳимоя қила олмаяпти.
Охир-оқибат, раҳбарлар ўзгаради. Агар Ғазо секторидаги бу даҳшатли уруш исроилликлар, фаластинликлар ва уларнинг қудратли дўстларини тинчлик ўрнатишга мажбур қилмаса, келажак яна урушлардан иборат бўлади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














