Озод қилиниш арафасидаги фаластинлик маҳбуслар кимлар ва Исроил қамоқхоналарида қанча фаластинлик бор? Yangiliklar

Исроил озод қилаётган маҳбусларнинг аксарияти 17 ёки 18 ёшда, умумий ёши 14 ёшдан 59 ёшгача.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил озод қилаётган маҳбусларнинг аксарияти 17 ёки 18 ёшда, умумий ёши 14 ёшдан 59 ёшгача.
    • Author, Алаа Дарагми
    • Role, BBC News

Исроил ва Ҳамас асирлар ва гаровга олинганларни алмашишга, шунингдек, жанговар ҳаракатларда тўрт кунлик оташкесимга келишди. Би-би-си ўт очиш пайшанба куни соат 10:00 да тўхташи, маҳбуслар алмашинуви тушга яқин бўлишини тахмин қилмоқда.

Исроил озод қилаётган маҳбусларнинг аксарияти 17 ёки 18 ёшда, умумий ёши 14 ёшдан 59 ёшгача. Уларнинг 274 нафари эркаклардир.

Рўйхат Исроилдаги қонуний расмиятчиликлар туфайли эълон қилинган. Маҳбуслар озод этилишидан олдин Исроил фуқароларига Исроил Олий судига мурожаат қилишлари учун 24 соат вақт берилиши керак.

Пайшанба куни бошланадиган биринчи босқичда Ҳамас жами 50 нафар аёл ва болаларни гаровдан озод қилади. Кейин Исроил 150 фаластинликни озод қилади.

Иккинчи босқичда ҳар бир гаровга олинган 10 киши озодлиги учун оташкесим бир кунга узайтирилади. Ғазо секторидан 50 нафаргача гаровга олинганлар озод этилса, Исроил 150 нафаргача фаластинлик маҳбусни озод қилади.

Дунё етакчилари Қатар воситачилигидаги ушбу келишувни олқишлади.

iqtibos

Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШда тақиқланган террорчи ташкилот ҳисобланган Ҳамас 7 октябрь куни 1200 дан ортиқ одамни ўлдирган ва 200 дан ортиқ асирни Ғазога гаров сифатида олиб кетган эди.

Ўшандан бери Ғазо секторида яшовчи 14 мингдан ортиқ фаластинлик Исроилнинг ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги босқинлари оқибатида ҳалок бўлди.

oilalar namoyishi

Сурат манбаси, Getty Images

Маҳбуслар алмашинуви тарихи

Исроил, шунингдек, озод этилиши мумкин бўлган 300 фаластинлик маҳбуснинг асосланган ва тахмин қилинган жиноятларини кўрсатган.

Улар орасида қотилликка уриниш, бомба улоқтириш, портловчи ёки ёндирувчи қурилма ясаш, тош отиш, душман ташкилот билан алоқа қилиш, баданга оғир шикаст етказиш ва миллатчилик сабабли ўт қўйишлар бор.

Аввалги маҳбуслар алмашинувидан фарқли ўлароқ, рўйхатдагиларнинг ҳеч бири исроилликни ўлдиришда айбланмаган.

Энг шов-шувли алмашинув 2011 йил октябрь ойида, исроиллик аскар Гилад Шалит Ҳамас асирлигида беш йил қолганидан сўнг озод этилганида бўлган эди. Исроил уни келишув доирасида 1027 нафар фаластинлик маҳбусга алмаштирган эди.

Озод этилган ўша маҳбусларнинг баъзилари қотилликда айбдор деб топилганди, жумладан, улар орасида Ҳамаснинг Ғазо секторидаги етакчиси ва Исроил 7 октябрдаги ҳужум учун масъул бўлганлардан бири Яҳё Синвар ҳам бор эди.

Исроилнинг ҳозирги Бош вазири Бенямин Нетаняҳу 2011 йили Гилад Шалитни озод қилиш учун Ҳамас билан музокара олиб борганлар орасида бор эди

Сурат манбаси, Isroil Mudofaa kuchlari

Сурат тагсўзи, Исроилнинг ҳозирги Бош вазири Бенямин Нетаняҳу 2011 йили Гилад Шалитни озод қилиш учун Ҳамас билан музокара олиб борганлар орасида бор эди

Яна бир йирик алмашинув 2004 йил январь ойида бўлди, ўшанда Исроил Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ливандаги Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи билан келишув доирасида 436 нафар фаластинлик ва бошқа араб маҳбусларни озод қилган.

Бу исроиллик тадбиркор Элҳанан Танненбаум ва 2000 йилда чегара патрули пайтида ўғирлаб кетилган уч нафар ҳалок бўлган исроиллик аскарнинг қайтарилишига ёрдам берганди.

Маҳбуслар сони ўсиши

Фаластиннинг "Аддамир" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Исроилда фаластинлик маҳбуслар сони ортиб бормоқда. 6 ноябрь ҳолатига кўра Исроил қамоқхоналарида жами 7000 нафар фаластинлик сақланади.

Улардан 80 нафари аёл ва 200 нафари 18 ёшгача бўлган болалардир.

Ноҳукумат ташкилотнинг айтишича, 7 октябрь куни Ҳамаснинг Исроилга ҳужумидан кейин 3000 дан ортиқ фаластинлик ҳибсга олинган.

2021 йилда Исроил "Аддамир"ни бошқа бешта Фаластин фуқаролик ҳуқуқлари гуруҳи билан биргаликда «террорчи» ташкилот деб эълон қилди. БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу айбловни рад этади.

Исроилнинг "Бецелем" инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, 2023 йил сентябрь ойи охирида Исроил қамоқхона хизмати (ИҚХ) 146 нафар фаластинлик вояга этмаган болани «хавфсизлик» важи билан ҳибсда сақлаган.

Шу билан бирга, ИҚХ Исроилда ноқонуний бўлганлик учун 34 нафар фаластинлик вояга этмаганни ҳибсга олди.

bolalar

Сурат манбаси, Reuters

Фаластин ташкилоти "Фаластин маҳбуслари клуби"нинг билдиришича, Ҳамас рейдидан кейин Исроил қамоқхоналарида олти маҳбус ҳалок бўлган, улардан беш нафари 7 октябрдан кейин ҳибсга олинган эди.

Ҳеч қандай айблов, судсиз

Исроилда ҳам "маъмурий қамоқ" деб номланган тизим мавжуд бўлиб, унда одам ўзига қўйилган айбловларни эшитмасдан, судсиз ҳибсга олиниши мумкин. Бу тизим кўпинча фаластинликларни нишонга олади.

Исроилнинг «ҲаМокед» инсон ҳуқуқлари ташкилоти билдиришича, 1 ноябрь ҳолатига кўра, Исроилда маъмурий ҳибсда 2070 нафар фаластинлик бор. Унда айтилишича, Ҳамас ҳужуми пайтида уларнинг сони 1319 нафар эди.

"ҲаМокед" ташкилоти бош ижрочи директори Жессика Монтелл маҳбус алмашув келишувини олқишлади.

"Одамларни гаровда ушлаб туришнинг ўзи ноқонуний, уруш жинояти ва Ҳамас барча гаровга олинганларни сўзсиз озод қилиши керак, - деди у. - Исроил бу мақсадга эришиш учун маҳбусларни озод қилиши ҳам мутлақо ўринли".

Шунингдек, у маъмурий қамоққа олинган фаластинлик аёллар ва болалар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги келишув доирасида озод этилишини айтди.

"Бу одамлар ҳам шартсиз озод қилиниши керак эди, шунинг учун исроиллик гаровга олинганлар ва фаластинлик маъмурий қамоққа олинганларни озод қилиш бўйича келишув икки карра маъқулдир".

1967 йилдан бери Ишғол остидаги Фаластин ҳудудлари бўйича махсус маърузачи Франческа Албанез

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, 1967 йилдан бери Ишғол остидаги Фаластин ҳудудлари бўйича махсус маърузачи Франческа Албанез

БМТ танқиди

БМТ йиллар давомида Исроилни қаттиқ танқид қилиб келади. Унинг таъкидлашича, фаластинликлар "Исроил ишғоли" остида "кенг тарқалган ва мунтазам ўзбошимча ҳибслардан азият чекади".

"1967 йилдан бери 800 мингдан ортиқ фаластинлик, жумладан, болалар Исроил ҳарбийлари қабул қилган, амалга оширган ва маъқуллаган бир қатор авторитар қоидалар остида ҳибсга олинган", деди 1967 йилдан бери Ишғол остидаги Фаластин ҳудудлари бўйича махсус маърузачи Франческа Албанезе 2023 йил июнь ойида чоп этилган ҳисоботида.

Унинг таъкидлашича, унга босиб олинган Ғарбий Соҳилга боришга рухсат берилмаган, аммо у Иорданияга борган ва олти ой давомида масофадан суҳбатлар ўтказган.

Исроил унинг хулосаларини рад этди ва унинг мандати фақат "Исроил ва исроилликларни камситиш" учун тузилганини айтди.

БМТ ва "Балаларни асранг" нодавлат ташкилоти ҳар йили 500 дан 700 гача фаластинлик болалар Исроил ҳарбий ҳибсхоналарига олинаётгани ҳақида маълумот берган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002