Ғазо: Оташкесим якунига етар экан, Исроил яна бомбалашни бошлади - Янгиликлар Dunyo Yangiliklar
1 декабрь, жума

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳамас юритувчи Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, уч соат олдин жанглар қайта бошланганидан бери 32 киши ҳалок бўлди.
Ғазо бўлгаси бўйлаб портлашлар ва отишмалар овозлари эшитилмоқда.
"Замбараклар ва минамётлар, ҳамда милтиқлар отилиши овозлари ҳавони титратяпти. Яна бошимиз учра чийиллаб дронлар учиб ўтяпти, қора тутун бурқсиб осмонга кўтариляпти", дея хабар қилади Ғазога чегарадош Сдерот шаҳридаги мухбиримиз.
Оташкесим келишуви етти кун давом этди. Унга биноан, Ҳамас 110 асирни, Исроил эса ўз турмаларидан 240 фаластинликни озод қилди.
Би-би-сига маълум бўлишича, жанглар кетаётган бўлса-да, воситачилар икки томон ўртасида келишувга эришиш ҳаракатларини давом эттиришмоқда.
Исроил мудофаа кучлари (ИМК) Ҳамас истеҳкомларига қарши зарба беришни бошлаганларини билдиришди.
Би-би-си билан суҳбатда Полковник Питер Лернер ИМКнинг мақсадлари ўзгармагани, у ҳам бўлса, барча асирларни қайтариш ва "Ҳамасни йўқ қилиш" эканини айтди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Ҳамас келишувга биноан ўз сўзида турмади, барча аёллар ва болаларни озод қилмади", - деди у.
Ғазода гаровда қолаётган 140 исроилликнинг аксари эркаклар ва ҳарбийлар экани ишоналилади. Ишораларга кўра, Ҳамас уларни аввалги келишув шартлари остида озод қилишни истамайди.
Жангларнинг қайта бошланиши Ғазодаги озиқ-овқат, ёқилғи, сув ва дори-дармон танқислигини кучайтириб, инсонпарварлик вазиятини янада ёмонлаштириши кутилади.

Сурат манбаси, Reuters
Оташкесим даврида қатор юк машиналари Ғазога ёрдам маҳсулотларини олиб киришга муваффақ бўлди, аммо БМТга кўра, бу кам.
ЮНИСЕФнинг Ғазодаги вакили Жеймс Элдер Би-би-сига Ғазо жанубидаги вазият "даҳшатли" эканини айтди.
Унинг айтишича, у Ғазо жанубидаги касалхонада, бомба эса касалхонадан 50-100 метр яқинликда портлади.
Жеймсга кўра, касалхона минглаб одамларга тўлиб кетган ва баъзи оилалар бир неча ҳафтадан бери шу ердаги матрасларда яшашмоқда.
28 ноябрь, сешанба

Сурат манбаси, Reuters
Би-би-сининг Исроилдаги мухбири хабар қилишича, тонгда Ғазо шаҳри узра яна тутун бурқсиб чиқаётгани кўринди.
Хабарларга кўра, баъзи фаластинлик гуруҳлар ўзаро оташкесим муддати узайтирилганидан бехабар ҳолда Исроил қўшинларига ҳужум қилган бўлишлари мумкин.
Душанба куни оташкесимни яна 48 соатга узайтиришга келишилганди. Келишувга кўра, Ғазода гаровда ушлаб турилган ҳар бир исроиллик учун уч нафар фаластинлик тутқун озод этилмоқда.
Келишувга биноан, ҳозиргача Исроил қамоқхоналаридан 150 фаластинлик тутқун - аёллар ва ўсмир болалар озод этилди.
Улар Исроил томонидан ишлаб чиқилган 300 кишилик рўйхатдан танлаб олинган. Тутқунларнинг аксари - судгача ҳибсда ушлаб турилганлар.
Ғарбий соҳилдаги деярли ҳар бир оиланинг аъзоси Исроил қамоқхонасида сақланган ё сақланяпти. Исроил кўп ҳолларда уларнинг ўз яқинлари билан кўришишига тўсқинлик қилади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, 7 октябрь ҳужумларидан бери расмий айбловсиз ушлаб турилган фаластинликлар сони кескин ошган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ғазодан душанба кечқурун озод этилган исроиллик икки аёл, ҳамда тўққиз ёш бола ва ўсмирларнинг бари битта киббутцдан ўғирлаб кетилган эдилар.
Ғазода яна 170 нафарча исроиллик гаровда қоляпти, аммо Ҳамас уларнинг бари унинг қўлида эмаслигини айтяпти.
Душанба куни озод этилиши кутилган энг ёш асир - 10 ойлик бола ҳануз гаровда қолмоқда. Ҳамас уни бошқа гуруҳ ушлаб турганини айтди.
БМТ расмийлари ҳамма озод қилингунча оташкесим келишувини чўздириш йўлида ишни давом эттиришларини айтишган.
Урушнинг вақтинча тўхтатилиши душанба куни Ғазо учун ўта зарур бўлган инсонпарварлик ёрдамлари киришига имкон берди.
Кўплар келишувнинг узайтирилиши каттароқ оташкесим муддатига йўл очармикан, дея савол бермоқда.
Аммо, бу Ҳамас нима таклиф қилишига боғлиқ. Келишув давом этиши учун у кунига 10 асирни озод қилиши талаб қилинади.

Лекин, асирлар Ғазо бўйлаб тарқаб кетган ва уларни фақат Ҳамас эмас, бошқа гуруҳлар ҳам ушлаб турибди. Уларга етиб бориш ҳам осон эмас.
Исроил эса вақтинчалик келишувни узайтиришнинг ҳам чегараси борлигини айтган. У бу жараён ниҳоясига етгач, урушни яна бор кучи билан қайта бошлашини урғулаган.
Исроил энг асосий мақсади Ҳамасни буткул йўқ қилиш эканини айтади.
Исроилнинг Британиядаги собиқ элчиси Марк Регев Ҳамас билан тинчликка эришиш имконсиз эканини айтди.
Би-би-сининг душанба кунги Newshour эшиттиришида у "Ҳамас билан тинчликка эришишнинг иложи йўқ, улар буни очиқчасига айтишди", деди.
У афтидан сал аввалроқ New York Times билан суҳбатлашган Ҳамас матбуот маслаҳатчиси Тоҳир Эл-Нуну сўзларига жавоб берди. Эл-Нуну Исроил билан уруш "барча чегараларда доимий ҳодиса"га айланишидан умид қилаётганини айтганди.
"Шунинг учун ҳам Исроил жамияти бу жанубий чегарамиздаги террор анклавига қўшни бўлиб яшашга қарши 100% бирлашган. Ҳамассиз келажак ҳақида гаплашишимиз керак", деб айтган Регев.

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил ва Ҳамас ўртасидаги муваққат оташкесимни узайтириш йўлида халқаро ҳаракатлар давом этмоқда.
Исроил Ғазода тутқунликда бўлган 10 нафарни озод этиш учун яна бир кун ўт очишни тўхтатиб туришини айтган.
Ҳамас эса жангларни тўхтатиш учун муҳлатни узайтириш умидида.
Бугун ҳам икки орада яна тутқунлар озод этилиши кутилмоқда.
НАТО Бош котиби Ҳамас ва Исроил ўртасидаги "инсонпарварлик танаффуси" узайтирилишига чақирган. Унга кўра, " бу ғазоликларга ўта зарур ёрдам етказилиши ва кўпроқ гаровдагиларни озод этилишига сабаб бўлади".
Айни пайтда Бирлашган Миллатларнинг Болалар ташкилоти Unicef ходими Би-би-сига " ҳеч қачон урушда бу қадар кўп болалар жарбланганини кўрмаганман" деб айтган.
Жеймс Элдернинг айтишича, Фаластинлик болаларга етказилган жароҳатлар унинг бу ташкилот учун ишлаган 20 йилида мисли кўрилмагандир.
24.11.2023
Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни вақтинча тўхтатиш келишуви кучга кирди. Томонлар тутқунларнининг биринчи гуруҳини айирбошламоқда. Ғазодан Исроилнинг айрим танклари чиқа бошлаган. Ғазоликлар эса жанубдан жанглар фаол бўлган шимолга ўта бошлади.
Ғазо бўлгасида Исроил ва Ҳамас ўртасидаги жангларда тўрт кунлик танаффус кучга кирди.
Кун давомида жангчилар илк Исроил тутқунларини озод қилиши керак.
Келишувнинг амалга ошишида Қатар, Миср ва АҚШ воситачилик қилди.
Ҳамас 13 исроилликни озод қилди. 4 кун давомида ҳаммаси бўлиб 50 тутқун озод қилиниши кутилмоқда
Исроил қамоқхоналаридан 39 фаластинлик маҳбус, аёллар ва болалар, жами 150 киши қўйиб юборилади.
Миср билан чегарадош "Рафаҳ" чегара ўтиш нуқтасидан Ғазога кўпроқ гуманитар ёрдам ўта бошлайди. Ҳар куни 130 минг литр дизел ёнилғиси ва гуманитар ёрдам ортилган 200 та юк машинаси ўтиши кутиляпти.
Би-би-си мухбирларининг айтишича, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаводаги барча фаолияти, шу жумладан, дронлар билан кузатувлар ҳам тутқунларни айирбошлаш бошланишидан 6 соат олдин тўхтатилади.
Исроил тутқунларини дастлаб Мисрга олиб ўтишади, фаластинлик маҳбусларни эса Фаластин маъмурияти назорат қилаётган Ғарбий Соҳилга олиб ўтишади.
ОАВнинг хабар беришича, Исроил ҳукумати ўз фуқароларини кўрмагунча фаластинликларни озод қилмаслигини айтган.
Жанглардаги илк танаффус Исроил ва Ҳамас урушининг 49 чи кунига келиб рўй бермоқда.
Фаластин ОАВ отишма натижасида 7 киши жароҳат олганини айтмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Фаластинннинг WAFA хабар агентлиги Ғазо шимолига қайтишга уринаётганда отишма натижасида камида 7 киши жароҳат олганини ёзмоқда.
Водий Ғазода бўлиб турган одамларга таяниб хабар берган агентликка кўра, Исроил ҳарбийлари уйига қайтишга ҳаракат қилаётган фаластинликларг ўқ отган.
Исроил ҳарбийлари воқеани ўрганаётганини айтди.
Олдинроқ Исроил армияси уруш ҳали тугамагани айтиб, ғазоликларни шимолга қайтмаслик ҳақида огоҳлантириб варақалар ташлаганди.
"Ғазонинг шимолий қисми хавфли жанговар ҳаракатлар ҳудуди, шимолга қараб юриш мумкин эмас. Хавфсизлилингиз учун жанубдаги гуманитар ҳудудда қолишингиз керак", деган Исроил армияси матбуот котиби Авичай Адраи.
Исроил танклари Ғазо шимолидан чиқаётгани тасвирга олинди

Тўрт кунлик ўт очишни тўхтатиш келишуви бошланаркан, Исроилнинг айрим ҳарбий танклари ва зирҳли техникалари шимолий Ғазони тарк этаётгани кўринган.
Reuters томонидан тарқатилган тасвирларда кўплаб аскарлар жилмайган ҳолда ёки Исроил байроғини кўтариб олган ёки бош бармоғини кўтариб ё муштини кўтариб кетаётганини кўриш мумкин.
Бу Исроил аскарлари ўрин алмашинувининг бир жараёними ёки йўқ маълум эмас.
Исроил Мудофаа вазирлиги Ғазо фаол уруш ҳудуди бўлиб қолишини айтган.
23 ноябр хабарлари:

Сурат манбаси, Reuters
Пайшанба куни амалга ошиши керак бўлган 4 кун ўт очишни тўхтатиш ва тутқунларни айирбошлаш жума кунга қолдирилди. Исроил Ғазони ҳаводан бомбалашда давом этди.
Исроил ва Ҳамас ўртасида воситачилик қилаётган Қатарнинг айтишича, вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш Ғазода жума куни эрталаб соат 7 дан амал қилади. Тушдан сўнг Ҳамас 13 тутқунни озод қилади. Ушбу келишув фақат жума кунга тааллуқли эканлиги айтилмоқда.
Қатар жума куни Исроил ҳам ҳибсдаги фаластинликларни қўйиб юборишини кутаётганини билдирган. Аммо уларнинг сонини ошкор қилмаган. Олдинроқ Исроил ҳибсдаги 150 нафар фаластинликни озод қилиши хабар қилинганди.
Исроил Мудофаа кучлари Ғазодаги Ҳамаснинг 300 нишонига зарба берганини айтди
Исроил армиясининг X тармоғида ёзишича, улар "кеча ҳаводан ғарба бериб" Ҳамаснинг бошқарув марказлари, ер ости туннеллари, омбор ва ишлаб чиқариш иншоотларини нишонга олган.
Исроил ҳарбийларининг таъкидлашича, улар Ғазо шимолидаги Жабалия атрофини нишонга олган ва Байт Ҳанундаги туннелни "бузган".
Ушбу суратларда Миср чегараси ва Хон Юнусга яқин Рафаҳ ҳаводан ҳужумга тутилганидан сўнгги дамлар акс этган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images
Бу икки жой Ғазо жанубида жойлашган ва Исроил шимолдан хавфсизроқ бўлгани учун аҳолини бу ерларга кўчишни маслаҳат берганди.
Исроил ушбу ҳодисаларга изоҳ бермади, аммо у Ҳамас инфратузилмасини бомбалашини айтиб келади.
Қатар узоқроқ муддат ўт очишни тўхтатиш устида ишлашини айтди
Қатарнинг етакчи музокарачиси Муҳаммад ал-Хулайфи CNN га "бизнинг ишимиз ҳали битмади" деди.
"Биз кескинликни юмшатиш ва узоқроқ муддатга ўт очишни тўхтатиш борасида томонлар билан музокараларни давом эттирамиз", деган у.
Унинг қўшимча қилишича, Исроил дастлаб жангларда вақтинчалик пауза қилиш ҳақида ҳам ўйламаганди, "шундай экан умид қилиб қоламиз", деган у.
Исроил аш-Шифо касалхонаси директорини қўлга олди

Сурат манбаси, Reuters
Исроил Мудофаа кучлари ва Хавфсизлик агентлиги касалхона директори қўлга олингани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
Исроил чиқарган баёнотда айтилишича, шифохона остидаги "террорист туннел тармоғи" шифохонадан олинган электр энергияси ва захираларни ишлатган.
Хабарда, шунингдек, шифохона директори Абу Самания қўли остида касалхонада "Ҳамаснинг кенг кўламли террорчилик фаолияти" бўлгани айтилган.
Исроил кучлари ўтган ҳафта Ғазо шаҳридаги энг йирик аш-Шифо касалхонасида назорат ўрнатган.
Исроил кучлари касалхона остида Ҳамас бошқарув маркази ташкил қилгани ҳақида айтганди.
Ҳамас ушбу айбловларни рад қилиб келади.
Исроил манбалари Ҳамас тутқунлар келишувида кўпроқ нарса сўраётганини айтмоқда
Олга Герин
Би-би-си халқаро мухбири, Қуддус
Хабар берганимиздек, Ҳамас ва Исроил ўртасидаги вақтинча ўт очишни тўхтатиш ва тутқунларни айирбошлаш келишуви эртага қолдирилди.
Исроил ҳукуматидаги манбаларимдан Ҳамас келишувга қўшимча талаблар киритганини эшитяпман. Ҳозирча бу талаблар нима эканлиги номаълум.
Келишувга кўра, Ҳамас 50 нафар Исроил тутқунларини озод қилиши, Исроил эса ҳибсдаги 150 нафар фаластинликни қўйиб юбориши керак эди. Бу вақтда 4 кунлик вақтинча ўт очишни тўхтатишга келишилганди.
Келишув шу тонгда амалга ошиши керак эди. Аммо Исроил ҳукумати ўтган тунда у жумага қадар кечиктирилганини маълум қилди.
Индонезия шифохонаси Исроил аскарлари бостириб киришидан хавотирланмоқда

Ҳамас бошқаруви остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳукумати Индонезия шифохонасини тўлиқ эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берганини маълум қилди.
Ўтган ҳафта Исроил ҳарбийлари Ҳамас жангчилари ва уларнинг қурол-яроқларини излаб Ғазодаги энг йирик аш-Шифо касалхонасига кирганди.
Исроилга кўра, Ҳамас ушбу касалхона остида туннеллар қурган ва бошқарув маркази бўлган. Ҳамас ушбу айбловларни рад қилиб келади.
"Агар сулҳга эришилмаса аш-Шифо билан бўлган ҳолат такрорланади", дейди касалхона бош шифокори Марван Султон.
Унинг айтишича, касалхона атрофида ҳар 15 тақиқада танклардан ўт очишяпти.

"Палаталарга киролмаяпмиз, чунки ойналарга зарба беришяпти. Касалхона йўлакларида жон сақлаяпмиз. Менинг хонам бир неча маротаба нишонга олинди", дейди Марван Султон
Унга кўра, касалхонада 10 тиббиёт ходими ва 200 нафар бемор бор. Касалхона маъмурияти олдинроқ ходимлар ва беморларни олиб чиқиш учун автобуслар ташкиллаштиришга ҳаракат қилаётганини айтганди.
22 ноябр хабарлари:

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил ва Ҳамас 50 гаровдаги инсонни озод қилишга келишдилар
Исроил ва Ҳамас раҳбарлари Ғазо бўлгасида гаровда тутиб турилган инсонларни озод қилиш эвазига тўрт кун ўт очишни тўхтатишга келишдилар.
Оташкесим аниқ вақти 24 соат ичида эълон қилинади, деди ярашув музокараларига воситачилик қилган Қатар.
Келишувга кўра, Исроил ўз қамоқхоналарида тутқунликда сақланаётган 150 фаластинлик аёл ва ўспиринларни озод қилади.
Исроил қўйиб юборилиши мумкин бўлган 300 фаластинлик рўйхатини эълон қилди.
Ўт очишдаги танаффуснинг иккинчи босқичи гаровда ушлаб турилган ҳар 10 исроиллик учун бир кунга узайтирилиши мумкинлиги айтилди.
Ҳамас иттифоқчиси "Исломий жиҳод" ташкилоти гаровга олинган бир исроиллик аёл оламдан ўтгани хабарини тарқатди.
Ўт очиш тўхтатилган вақти Ғазо бўлгасига кўпроқ инсонпарварлик юклари ортилган автомобилларни ўтказишга келишилган.
Исроилга кўра, бу урушнинг якуни эмас, ўз мақсади Ҳамасни йўқ қилмагунча давом этади.
Би-би-си манбаси хабар қилишича, ўт очишни тўхтатиш танаффуси 23 ноябр маҳаллий вақт билан соат 10 да, дастлабки гаровдаги инсонларни озод этиш тушга яқин бошланади.
Ҳамас раҳбарларига кўра, дастлаб озод этиладиганларнинг аксари хорижликлардир.
22 ноябр куни ҳам Исроилнинг Ғазога ҳужумлари давом этган, ўт очишни тўхтатиш вақти аниқ бўлганидан кейин ҳужумларни тўхтатишини айтди Исроил ҳукумати.
Фаластин расмийлари хабар қилишича, Исроилнинг Нусрат қочқинлар жамлоғига ҳаво ҳужуми оқибатида тўққиз инсон, Жабалия жамлоғига ҳужумда 60 киши ҳалок бўлган.
Ғазонинг Ҳамас бошқаруви остидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, 7 октябрда Исроил ҳужумларини бошлаганидан буён бўлгада ҳалок бўлган инсонларнинг сони 14128 га етди.
21 ноябр. Ҳамас ва Исроил раҳбарлари яхши хабарга ишора бердилар

Сурат манбаси, Reuters
Ҳамас раҳбари Исмоил Ҳаниянинг "ярашув битими"га яқин эканликлари ҳақидаги баёноти ортидан Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу хушхабар бўлишига умид қилаётганини айтди.
"Бизда олдинга силжиш бор. Ҳозир кўп гапириш керак эмас, лекин умид қиламанки, яқинда яхши хабар бўлади", деди Бош вазир Нетаняҳу.
21 ноябр куни жаҳондаги қатор ахборот агентликлари Ҳамас раҳбари номидан тарқатилган баёнот матнини олганлар.
Олинаётган хабарларга кўра, Қатар воситачилигида ўтаётган музокараларда Ҳамас гаровда ушлаб турган 50 исроилликни озод этиши мумкин.

Сурат манбаси, .
Айримлар озод этилиши мумкин бўлган инсонларнинг сони 50 дан 70 тагачани ташкил этишини айтмоқдалар.
Гаровдагиларни озод қилиш эвазига Ҳамас Ғазони ҳужумга тутишни бир неча кунга тўхтатиш, бўлгага инсонпарварлик юкларини ўтказишни кўпайтириш ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш талабларини қўйгани хабар қилинаяпти.
Гаровдагиларни Исроилга етказишда ёрдам беради деб кутилаётган Халқаро Қизил Хоч Президенти Миряна Сполярич ҳам ҳозир Қатарда бўлиб турипти, бир кун олдин у Ҳамас раҳбарлари билан учрашган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги музокаралар ҳар қачонгидан ҳам илгари силжигани ва якуний босқичга яқинлашганини айтди.
АҚШ томони ўт очишни тўхтатиш гаровдагиларни хавфсиз олиб чиқишга имконият яратади деб айтди.
Шу куни Исроил Ливан ҳудудини бир неча марта ҳужумга тутгани хабар қилинди.

Ҳужумлардан бирида Ливан телевидениесининг икки журналисти ҳалок бўлганлар.
Яна бир ҳужум Исроил чегарасидан 11 км ва денгиз соҳилидаги Тира шаҳридан 8 км узоқликда енгил автомобилни нишонга олган.
Машинада бўлган тўрт инсон ҳалок бўлган.
Бу одамлар бирор қуролли гуруҳларга алоқадор бўлганми ёки йўқми, аниқлик киритилгани йўқ.
Ғазо бўлгасида ҳам тинч аҳоли вакиллари қурбонлари сони ортган.
Ҳамас бошқарувидаги тиббиёт расмийлари хабар қилишича, шу вақтгача ҳалок бўлган инсонларнинг сони 13300 га етган.
Уларнинг 5000 дан зиёди болалардир.
20 ноябр. Исроил Ғазодаги шифохона остидан туннел топганини айтмоқда, Хитой Ғазодаги вазиятни "совутиш" зарурлигини таъкидлади

Сурат манбаси, Getty Images
Исроилнинг айтишича, хавфсизлик камераларига Ҳамаснинг 7 октябридаги қонли ҳужумидан сўнг асирлар Ғазонинг энг катта шифохонасига олиб келингани қайд қилинган. Хитой Ғазодаги вазиятга халқаро ҳамжамият аралашиши зарурлигини айтмоқда.
Ҳарбийлар матбуот котибининг айтишича, улардан бири, аскар, шу ерда қатл қилинган.
19 яшар капрал Ноа Марсиано унча оғир бўлмаган жароҳатлар билан Ал-Шифо касалхонасига олиб келингандан сўнг вафот этган.
Исроилнинг айтишича, ҳудуддан туннел топилган ва у Ҳамас қўмонлик маркази эканлигини даъво қилган. Ҳамас буни рад қилмоқда.
Би-би-си Исроил Мудофаа кучлари томонидан якшанба куни намойиш қилинган видеонинг ҳаққоний эканлигини тасдиқлай олмади.
Воқеалар ривожи билан қуйидаги мақолаларда танишинг:
- Блинкен Ғарбий Соҳил вазияти ҳақида гапирди, БМТ Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирди, Нетаняҳу тинч аҳоли талофатлари ҳақида нима деди?
- Минглаб ғазоликлар жанубга ўтмоқда, АҚШ Ғазо келажаги ҳақида гапирди - Янгиликлар
- Янгиликлар: Исроил Ғазони қуршади, бўлгада 9 мингдан зиёд одам ўлдими, ярадорлар сони эса, ўн минглаб – Исроил Ғазони нима қилмоқчи?
"Исроил мудофаа кучларининг ҳаво зарбалари вақтида Ноани ушлаб турган Ҳамас террористлари ўлдирилди ва у ҳужум натижасида жароҳатланган, аммо бу ҳаётига таҳдид солмаган. Ноа Шифо касалхонасига ичига олиб кирилган ва бошқа бир Ҳамас террористи томонидан ўлдирилган", деган Исроил армияси матбуот котиби Даниел Ҳагари.
Ҳамас олдинроқ Марсиона хоним 9 ноябр куни уюштирилган Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганини айтганди.
Исроил ҳарбийлари намойиш қилган видео 7 октябр куни олинганини айтилди.
Видеода икки асир Ғазонинг энг катта ва замонавий шифохонасига олиб келингани акс этган.
7 октябр куни олингани кўрсатилган видеода қуролланган одамларни кўриш мумкин. Гаровга олинганлардан бири қаршилик кўрсатаётганга ўхшайди, иккинчиси занбилда ётибди.
Исроил Мудофаа кучлари Ҳамас шимолдаги йирик тиббий мажмуа остида катта қўмондонлик марказини бошқарганини ҳақидаги даъвосини исботлаш учун босим остида қолди.
Исроил томонидан чиқарилган видеога муносабат билдирган Ҳамас қўли остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги тасвирнинг ҳақиқий эканлигини тасдиқлай олмаслигини айтди.
Вазирлик, шунингдек, Ғазодаги соғлиқни сақлаш хизматларининг ёмонлашувига ва қулашига тўлиқ жавобгарлик Исроил зиммасига тушишини таъкидлаган.
Олдинроқ Исроил армияси 10 метр чуқурликдаги ва 55 метр туннел ёпиқ ва мустаҳкам эшикгача бориши акс этган видео чиқарганди.
Хабарда, "бу шифохона мажмуасидаги кўплаб бинолар Ҳамас томонидан террористик инфратузилма ва фаолиятни ниқоблашда фойдаланганини аниқ тасдиқловчи исботларнинг бир қисми" эканлиги айтилади.
Сўнгги видео Ироил мудофаа кучлари томонидан олдинроқ эълон қилинган Ҳамаснинг Ал-Шифо касалхонаси остида базаси эканлигини даъво қилган комьпютерда ясалган видеосига исбот бўла олмайди.
Хитой Ғазодаги вазиятни "совутиш" зарурлигини айтди
Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И, халқаро жамоатчилик Ғазо бўлгасидаги инсоний фалокатни тўхтатиш учун шошилинч чоралар кўриши кераклигини айтди.
"Келинглар, Ғазодаги вазиятни тезроқ совутиш ва Яқин Шарқда тезроқ тинчлик ўрнатиш учун биргаликда ишлайлик. Ғазода гуманитар фалокат юз бермоқда. Халқаро ҳамжамият бу фожеанинг тарқалишининг олдини олиш учун зудлик билан самарали чоралар кўриши керак", деган у.
Хитойга олдинроқ Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш борасида халқаро конференция ўтказишни сўраган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси Ташқи ишлар вазирлари йиғилган.
Ғазодаги Исроил шифохонасида Исроил ҳаво зарбалари натижасида 10 кишининг нобуд бўлгани айтилди

Ғазо шимолида жойлашган Индонезия шифохонаси директори Би-би-сига Исроил ҳаво ҳужуми натижасида камида 10 нафар одам ҳалок бўлганини айтди.
Ҳамас қўли остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги кейинчалик 12 кишининг ҳалок бўлганини маълум қилди.
Вазирлик вакили Ашраф Ал-Кудра AFP агентлигига ҳалок бўлганлардан ташқари ўнлаб киши жароҳат олганини хабар берган.
Индонезия Ташқи ишлар вазири Ретно Марсуди Исроилнинг шифохонага қилган ҳужумини қоралаган.
"Ушбу ҳужум халқаро гуманитар қонунларни очиқдан очиқ бизишдир. Барча давлатлар, айниқса, Исроил билан яқин алоқага эга давлатлар Исроилни ваҳшийликларни тўхтатишга ундаш учун барча таъсир ва имкониятларини ишга солиши керак", деган Марсуди.
Индонезия шифохонаси 2016 йили Индонезия ташкилотлари томонидан ишга туширилганди.
Исроил ҳарбийлари шифохонадаги ҳодисага муносабат билдирмаган, аммо Ғазо секторидаги "террорист" ва "террористлар инфратузилмаси"ни нишонга олаётганини айтиб келади.
Исроил танклари Ғазо шимолидаги шифохоналарга яқинлашмоқда
Йоланде Нелл
Би-би-си, Қуддус
Исроил танклари Ғазо сектори шимолидаги Индонезия шифохонасига яқинлашди. Айрим маълумотларга кўра, у ерда Исроилннинг ҳужумлари натижасида 10 киши ҳалок бўлган.
Шифохона директори Марван ал-Султон Би-би-сига Исроил армияси бинодан 20 метр масофада турганини айтди.
Олдинроқ у атрофда отишма овозини эшитганини ва амалиётдан кейинги парвариш бўлими зарба остига тушганини айтганди.
Исроил ҳарбийлари сўнгги баёнотида шифохона яқинидаги ҳаракатлар ҳақида ҳеч нарса демаган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














