Исроил-Ғазо уруши: Уруш жиноятлари содир этиляптими? Бу ҳақда қонун нима дейди? Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

3 ноябрда Исроил ҳужумлари оқибатида вайрон бўлган Хон Юнусдаги бинолар остида қидириш ва қутқарув ишлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғазо бўлгасининг кўп жойи Исроил ҳаво зарбалари оқибатида вайронага айланди
    • Author, Эйне Галлаҳер
    • Role, BBC World Service

БМТ айтишича, Исроил Ғазода "уруш жиноятлари"ни содир этмоқда. Аммо уруш жинояти ўзи нима ва бунинг учун ким, қандай қилиб жазолайди?

БМТ таъкидлашича, Исроил Ғазо аҳолисини "жамоавий жазолаш" орқали "ҳарбий жиноятлар" содир этмоқда. Ҳудудга ёрдам эса деярли бормаяпти.

Исроил ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга эканлигини ва исломий Ҳамас гуруҳини йўқотишга қасд қилганини айтмоқда. 7 октябр куни Ҳамас жангарилари 1200 кишини ўлдирган ва 200 дан ортиқ одамни гаровга олганидан бери Исроил Ғазо секторини авиазарбалар билан жазолашдан тўхтагани йўқ.

"Исроилнинг фаластинлик тинч аҳолини жамоавий жазолаши, тинч аҳолини ноқонуний равишда мажбуран эвакуация қилиш ҳам уруш жиноятидир", деди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари Волкер Турк 8 ноябр куни.

Алоқадор мавзулар:

Шунингдек, у Ҳамас ҳам ҳарбий жиноятлар содир этганини айтди.

Ҳамас томонидан бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ғазода 13300 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Халқаро Жиноят Суди прокурори Карим Хон иқтибоси

Сурат манбаси, .

Халқаро гуманитар ҳуқуқ нима?

БМТ ҳар қандай можарода тинч аҳоли ҳимояси биринчи ўринда туради ва ҳеч бир томон қонундан устун эмас, дейди.

Бу халқаро гуманитар ҳуқуқ (ХГҲ) деб номланади.

"Бир томоннинг ҳуқуқбузарлиги бошқа томоннинг ҳам ҳуқуқ бузишини оқламайди", дейди Тара Ван Хо, Эссекс ҳуқуқ мактаби ва Буюк Британия Инсон ҳуқуқлари маркази доценти.

"Шу каби, Исроил, Фаластин ҳукумати ва Ҳамас ўртасидаги кучлар номутаносиблиги томонлар мажбуриятларини ўзгартирмайди."

Исроил армияси гаубицаси 3 ноябр куни Ғазо бўлгаси чегараси яқинида.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Уруш қонунлари ҳам давлат, ҳам нодавлат иштирокчилар учун мажбурийдир.

Женева конвенциялари нима?

1939-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши даврида Европада нацистлар томонидан олти миллион яҳудийнинг ўлдирилиши бу қонунларнинг кенгайишига, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ташкил этилишига олиб келди.

1949 йилги Женева конвенциялари тўртта асосий тамойилни таъкидлайди:

  • Уруш зоналаридаги тиббиёт ходимлари ва касалхоналар ҳимояланган бўлиши ва эркин ишлаши керак.
  • Жангда яраланганлар ва ортиқ жанговар ҳаракатларда қатнашмаётганлар тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
  • Ҳарбий асирларга инсоний муносабатда бўлиш керак.
  • Урушаётган томонлар тинч аҳолини ҳимоя қилишга мажбурдир (бу қоида электр ва сув таъминоти каби фуқаровий инфратузилмага ҳужум қилишни тақиқлайди).
Полшадаги Освенцим шаҳри яқинидаги Аушвиц концентрацион лагери

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Освенцим нацистлар концлагери одамларни ўлдириш учун ташкил этилган ва у тарихдаги энг йирик ўлим жамлоғи бўлиши мумкин

Геноцид нима?

Бу атама Холокостда оиласининг кўп қисмини йўқотган полшалик яҳудий адвокат Рафаэл Лемкин томонидан ишлаб чиқилган. 1948 йилда БМТ Геноцид конвенциясини қабул қилди.

"Геноциднинг муҳим белгиси шуки, жиноятчилар шунчаки шахсни ёки ҳарбий ёки қуролли гуруҳ аъзоларини ўлдириш ниятида эмас, балки мавжуд бўлган гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш ниятида қатлиомни амалга оширади", дейди доктор Ван Хо.

"Бундай турдаги специфик йўқ қилиш нияти бўлганини очиб бериш талаби геноцидни исботлаш учун энг қийин халқаро жиноятга айлантиради."

Геноцид ўлдириш, туғилиш олдини олиш ва болаларни мажбуран кўчириш орқали ҳам бўлиши мумкин.

Жан-Пол Акаесу БМТнинг Руанда бўйича трибуналига Халқаро Жиноят Судига олиб кирилаяпти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Руандалик Жан-Пол Акаесу геноцид ҳақидаги қонун қабул қилинганидан 50 йил ўтиб, геноцид содир этишда айбдор деб топилган биринчи инсон бўлди.

Бундай жиноятда биринчи бўлиб ҳукм қилинган одам руандалик ҳуту Жан-Пол Акаесу бўлиб, у 1998 йилда БМТ ҳомийлигидаги Руанда бўйича Халқаро Жиноят Трибунали томонидан 1994 йилда 800 000 тутсининг ўлимига сабаб бўлган қирғинда айбланган эди.

Яна иккита иш халқаро судларда кўриб чиқилди - 1970 йилларда Камбоджада қизил кхмерлар томонидан Чам ва Вьетнам озчиликларининг ўлдирилиши ва 1995 йилда Сребреницада 8000 мусулмон эркак ва ўғил болалар ўлдирилиши.

Инсониятга қарши жиноятлар нима?

Инсониятга қарши жиноят, геноциддан фарқли ўлароқ, ҳеч қандай этник ёки ирқий гуруҳни ажратмаган ҳолда тинч аҳолига қарши жиноятни англатади. Бу қотиллик, депортация, қуллик, жинсий зўравонлик, апартеид, қийноқлар ва ўғирлаб кетишлар бўлиши мумкин.

"Биринчидан, бевосита тинч аҳолига қаратилган ҳужумлар билан тинч аҳолига зарар етказадиган, лекин асл нишон можарода иштирок этаётган шахс ёки гуруҳ ёки объект бўлган ҳужумларни фарқлаш керак", дейди доктор Ван Хо.

"Иккинчидан, ҳужумлар қандайдир тартибга эга бўлиши, яъни ҳужумлар кенг миқёсда ёки тизимли бўлиши, уни амалга ошираётганлар ҳужумнинг иштирокчиси эканлигини билиши керак."

Қишлоқларига ўт қўйилган Роҳинжа мусулмонлари қочаётган манзара

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, БМТ текширув жамоаси Мянма ҳарбийлари Роҳинжа мусулмонларига қарши қатор жиноятлар, шу жумладан, "геноцидал амаллар" содир этган, деб топган

Уруш жинояти нима?

Ҳарбий жиноятлар содир этилиши учун халқаро ёки ички қуролли тўқнашув бўлиши керак.

"Турли шартномаларда назарда тутилган уруш жиноятларининг рўйхати узун бўлса ҳам, энг кенг тарқалган омил, уруш жиноятлари ҳимоя қилиниши керак бўлган одамларга ортиқча зарар етказадиган ёки гуманитар ташкилотларнинг ўз вазифаларини самарали бажариш қобилиятини хавф остига қўядиган ҳаракатлардир", дейди доктор Ванг Хо.

Бу жиноятлар учун жавобгарлик қандай белгиланади?

БМТ таркибида Халқаро адолат суди (ХАС) бор. Бир давлат бошқа давлатга қарши бу судда даъво қўзғатиши мумкин. Ҳозир Мянма 2017 йилда бир миллионга яқин одамни қочқинга айлантирган ҳарбий ҳаракатлардан сўнг роҳинжа халқига қарши геноцид содир этгани ёки йўқлиги текширилмоқда. Иш Гамбия томонидан қўзғатилган.

Халқаро Жиноят Суди прокурори Карим Хон 2023 йил 29 октябрида Миср ва Ғазо чегарасидаги Рафаҳ постига борди.

Сурат манбаси, ICC

Сурат тагсўзи, Халқаро Жиноят Суди прокурори Карим Хон айтишича, Исроил қуролли можаролар пайти риоя этиши талаб қилинадиган аниқ мажбуриятлар зиммасида, дейди

Халқаро Жиноят Суди (ХЖС) 2002 йилда шу турдаги жиноятларни ҳукм қилиш учун тузилган. Бу охирги инстанция суди бўлиб, миллий ҳокимият органлари жиноят иши қўзғатишга қодир бўлмаган ёки хоҳламагандагина аралашади.

2015 йилда Фаластин маъмурияти қўшилган бўлса ҳам, АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Исроил шартномани имзоламаган.

Халқаро маҳкама прокурори Карим Хон яқинда Мисрга ташриф буюрди, бироқ Ғазога кира олмади.

Матбуот анжуманида у Исроил ҳарбийларига огоҳлантириш берди.

"Улар бегуноҳ фуқароларга ёки қўриқланадиган объектларга таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳужум уруш қонунлари ва одатларига мувофиқ амалга оширилиши кераклигини намойиш этишлари лозим", деди у.

"Агар ҳимоя мақоми йўқолмаган бўлса, ҳар бир турар-жой биноси, ҳар бир мактаб, ҳар бир касалхона, ҳар бир черков, ҳар бир масжид ҳимоя остидадир.

Бинонинг ҳимоя мақомини йўқотганини исботлаб бериш масъулияти маълум бир қурол, ракета отганлар зиммасига тушади."

Ҳамаснинг 7 октябрдаги Исроил киббуцига ҳужумидан кейин ўт қўйиб юборилганидан кейин ёнғин куйдириб вайрон этган исроиллик уйи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил давлати барпо этилганидан буён бунча кўп инсоний талофат берилмаган.

Ҳамас ҳужумидан жабрланган исроилликлар ҳам Исроил ҳукумати судга қарши бўлишига қарамай, ХЖСдан иш очишни сўраган.

Яэл Виас Гвирсман, халқаро жиноят бўйича ҳуқуқшунос ва Тел-Авив яқинидаги Райхман университети ўқитувчиси. У ўлдирилган, гаровга олинган ёки бедарак йўқолган 40 дан ортиқ қурбонларнинг оилаларини ҳимоя қилмоқда.

Унинг айтишича, инсониятга қарши жиноятлар Ҳамас ва Исломий жиҳод томонидан содир этилган.

"Халқаро судья ўз мандатини ҳамма учун бажарсин, - деди у Би-би-сига. - Жабрланганлар ҳақиқат ва адолатни кўришга лойиқдир."

Ҳамас гаровга олиб Ғазода ушлаб турган исроилликларнинг оила аъзолари ва яқинлари Тел-Авивда тўпланганлар ва Исроил ҳукуматидан гаровга олинганларни зудлик билан озод қилиш чораларини кўришга чақирганлар. 2023 йил 28 октябр.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Камида 240 киши, улар орасида болалар ва кексалар Ҳамас томонидан Ғазо бўлгасида гаровда ушлаб турилипти.

Доктор Ван Хонинг айтишича, жавобгарликка тортишга интилиш ҳеч қачон «беҳуда» эмас, лекин у куч динамикасидан хабардор эканлигини қўшимча қилади.

"ХЖС учун асосий тўсиқ шундаки, унга керак бўлган баъзи маълумотлар фақат давлатлар ёки қуролли гуруҳларда мавжуд ва улар бу маълумотни ихтиёрий равишда беришлари даргумон", дейди у.

Доктор Ван Хо, шунингдек, давлатлар биринчи навбатда ўз манфаатларини ҳимоя қилишни истаса, бу жавобгарлик ва адолатга эришиш учун оғир кураш бўлишини айтади.

"Афсуски, биз фуқаролар бу танловлар учун бадал тўлаётганига гувоҳ бўляпмиз."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002