|
Амнести Ғазода уруш жиноятлари содир бўлганини айтмоқда | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Амнести ҳам Исроил ва ҳам Ҳамас оддий фуқароларга қарши ҳужумлар уюштириш учун ўзга мамлакатлардан қурол сотиб олгани бўйича далил-исботга эга эканини айтган. Ташкилот БМТ Хавфсизлик кенгашини иккала тарафга қарши чеклов эълон қилишга чақирган. Амнести икки томонни ҳам уруш жиноятларида айбловчи ҳисобот ҳулосасини Исроил ва Ҳамас рад қилишган. Ҳисоботда Исроил оқ фосфор ва АҚШдан келтирилган бошқа қуролларни Ғазода ноқонуний йўлда қўллашда, Ҳамас эса Исроилга қарата нишон танламасдан ракеталар отишда айбланади. “Исроил қўшинлари оқ фосфор ва АҚШ томонидан берилган бошқа қурол-яроғ билан халқаро инсонпарварлик қонунларини жиддий тарзда бузишган, хусусан уруш жиноятларини амалга оширишган,” – деб айтди Амнестининг тадқиқот миссияси раҳбари Донателла Ровера. Унга кўра, бу ҳужумлар оқибатида юзлаб болалар ва бошқа фуқаролар ҳалок бўлишган, ҳамда турар жойлар ва инфратизилмалар барбод бўлган. “Айни дамда, Ҳамас ва бошқа Фаластин гуруҳлари хориждан ноқонуний йўлда олиб келинган ёки қисмлари хорижда ишлаб чиқарилган қуроллар билан Исроилнинг оддий аҳолиси яшовчи ҳудудларига ҳужум қилишган,” – деди Ровера хоним. Унинг айтишича, Ҳамас отган ракеталар Исроил қўллаган қурол-яроғчалик ҳалокатли бўлмасада, ракеталарнинг отилиши уруш жинояти ҳисобланади, ва бу ҳужумлар натижасида бир неча оддий фуқаро нобуд бўлган. Исроил ҳукуматининг воизи Марк Регев Би-би-сига Исроил фосфордан фойдалангани, бироқ уни одамларга қарата ишлатмаганини айтган. Оқ фосфордан очиқ ҳудудларда тутун ҳосил қилиш учун фойдаланиш мумкин, бироқ халқаро конвенциялар унинг аҳоли яшовчи ҳудудларда қўлланишини ман қилади. Жаноб Регев, шунингдек, Амнестини ўз ҳисоботини Ҳамас томонидан берилган нотўғри кўрсаткичларга асослашда айблади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||