Украина Россия: Уруш жинояти нима? Янгиликлар, дунё

A building with blown out windows on fire

Сурат манбаси, State Emergency of Ukraine/PA

Сурат тагсўзи, Харьков Миллий Университети ҳужумдан сўнг

Россия тинч аҳолини нишонга олганликда айблангач, Украинадаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар юзасидан тергов бошланди.

Халқаро Жиноят Суди (ХЖС) бош прокурорининг айтишича, уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ва геноцидга оид далиллар тўпланмоқда.

Бу 39 давлат иш очишга чақирганидан кейин содир бўлди. Россия тинч аҳолини нишонга олганини рад этади.

Бу уруш жиноятлари қандай бўлади ва Россия нимада айбланмоқда.

Уруш жинояти нима?

Уруш жиноятларини белгилайдиган қонунлар тўплами Женева конвенциялари бўлиб, Уруш қонунлари ва одатлари дея аталадиган кенгроқ ва эскироқ ҳуқуқ соҳаси бўлдир. У баъзи махсус ҳолатларда уруш жиноятлари бўйича Халқаро трибуналлар каби органларни ташкил этишни ҳам кўзда тутади. Собиқ Югославия ва Руанда масаласида шундай бўлган эди.

Black and white photo of a group of men gathered around a table signing a document

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1949 йили Женева конвенцияси имзоланиши

Женева конвенциялари уруш даврида инсоний муносабатлар учун халқаро ҳуқуқий стандартларни белгилаб берувчи бир қатор халқаро шартномалардир.

Биринчи учта конвенция ҳарбийлар ва ҳарбий асирларни ҳимоя қилади, иккинчи жаҳон урушидан кейин қабул қилинган тўртинчиси эса уруш зоналарида тинч аҳолини ҳимоя қилади. 1949 йилги Женева конвенциялари БМТга аъзо барча давлатлар, шу жумладан, Россия томонидан ҳам ратификация қилинган.

Тўртинчи Женева конвенциясида уруш жиноятларининг қуйидаги белгилари кўрсатилган:

- Қасддан қотиллик

-Қийноқ ёки ғайриинсоний муомала

-Қасддан оғир азоб бериш, тана ёки соғлиққа оғир жароҳат етказиш

-Ҳарбий зарурат тақозо қилмаса ҳам мол-мулкни кенг миқёсда йўқ қилиш ва ўзлаштириш

-Гаровга олиш

-Ноқонуний депортация ёки ноқонуний қамоққа олиш

1998 йилдаги Рим статути, қуролли можаролар билан боғлиқ яна бир муҳим халқаро шартнома бўлиб, халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши деб ҳисобланадиган ҳолатларни аниқлаштиради. Унинг ҳарбий жиноятлар таърифига қуйидагилар киради:

-Ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этмаётган тинч аҳоли ёки айрим шахсларни қасддан нишонга олиш.

-Бундай ҳужум тинч аҳолининг ўлими ёки жароҳатланишига олиб келишини билган ҳолда қасддан ҳужум қилиш.

-Ҳимоя қилинмаган шаҳарлар, қишлоқлар, турар-жойлар ва биноларга ҳужум қилиш ёки ҳар қандай восита билан ўққа тутиш.

Унда айтилишича, айрим турдаги бинолар, масалан, касалхоналар, диний ёки таълимий биноларга атай ҳужум қилиш мумкин эмас.

Шунингдек, у заҳарли газлар билан бир қаторда айрим қуроллардан фойдаланишни ҳам тақиқлайди.

ХЖС нима ва уруш жиноятлари қандай жавобгарликка тортилади?

Нидерландиянинг Ҳаага шаҳридаги ХЖС 1998 йилда Рим статутига мувофиқ ташкил этилган. Бу халқаро ҳамжамиятга қарши ўта оғир жиноятларда айбланганларни таъқиб қилувчи мустақил муассасадир.

У уруш жиноятлари, геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва босқинчилик жиноятларини текширади.

Давлатлар жиноятда гумон қилинган шахсларни ўз судларида жиноий жавобгарликка тортишлари мумкин. ХЖС давлатлар ўзлари буни амалга оширишга қодир бўлмаганда ёки хоҳламаганда ишга тушиши мумкин - бу "охирги инстанция суди".

Суд ўз полициясига эга эмас ва гумондорларни ҳибсга олишда давлат ҳамкорлигига таянади. ХЖС белгийладиган жазолар қамоқ ва жарималар бўлиши мумкин.

Россия ва Украина суднинг 123 аъзо давлати қаторига кирмайди, бироқ Украина унинг юрисдикциясини қабул қилди, яъни ХЖС баъзи даъво қилинган жиноятларни тергов қилиши мумкин.

Аъзо бўлмаган бошқа асосий мамлакатларга АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон киради.

A set of glass modern buildings with a sign in front reading 'International Criminal Court'

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Нидерландиянинг Ҳаага шаҳридаги ХЖС

Илгари уруш жиноятлари учун кимдир жавобгарликка тортилганми?

Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар Германияси томонидан бир неча миллион одамнинг, асосан яҳудийларнинг ўлдирилгани, тинч аҳолига ва ҳарбий асирларга нисбатан номақбул муносабатда бўлгани Иттифоқдош кучларни ўзлари жавобгар деб билган шахсларни жиноий жавобгарликка тортишига сабаб бўлди.

1945 ва 1946 йиллардаги Нюрнберг судларида 10 нафар нацист етакчилари ўлимга ҳукм қилинди. Шунга ўхшаш жараён 1948 йилда Токиода бошланган, у ерда етти япон қўмондони осилган.

Бу даъволар, аслида, кейинги жиноий жавобгарликлар учун прецедент бўлди.

2012 йилда Конго ҳарбий қўмондони Томас Лубанга 2002 ва 2003 йилларда ўз исёнчи армиясига болаларни ёллаш ва улардан фойдаланишда айбдор деб топилганида ХЖС томонидан ҳукм қилинган биринчи шахс бўлди. У ўн тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Собиқ Югославия бўйича халқаро жиноят трибунали Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг органи бўлиб, 1993 йилдан 2017 йилгача фаолият юритган ва Югославия урушлари даврида содир этилган жиноятларни тергов қилиш учун ташкил этилган.

A group of Nazi defendants in court, surrounded by police

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1945 ва 1946 йиллардаги Нюрнберг судларида 10 нафар нацист етакчилари ўлимга ҳукм қилинди

У Босния сербларининг собиқ раҳбари Радован Каражични 2016 йилда можародаги роли учун уруш жиноятлари, геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топди. Босния серблари ҳарбий қўмондони Ратко Младич ҳам 2017 йилда худди шундай жиноятларда айбланган.

A close-up shot of a man in court looking ahead

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Томас Лубанда маҳкамада - 2012

Бошқа махсус судлар ҳам Руанда ва Камбоджада геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар учун шахсларни жавобгарликка тортган. Руанда бўйича Халқаро жиноят трибунал зўрлашни геноцид воситаси сифатида тан олган биринчи институт эди.

Россия нимада айбланмоқда?

Сўнгги кунларда Киев, Харьков ва Херсон каби шаҳарлар кучли ўққа тутилди.

Украина президенти Зеленский Россияни Харьковга ҳаво ҳужумлари уюштиргани ва тинч аҳоли ҳалок бўлганидан кейин ҳарбий жиноятларда айблади.

Four photos in a grid showing a building being blown up

Сурат манбаси, State Emergency Services of Ukraine/REUTERS

Сурат тагсўзи, Харьков

Москва шаҳарга уюштирилган навбатдаги ҳужумда кассетали бомбалардан фойдаланганликда ҳам айбланмоқда. Кассетали бомбалар - портлаганда кичик ўқларни сочадиган қуролдир.

Улар 2008 йилдаги Кассетали қуроллар бўйича конвенцияга кўра кўплаб мамлакатларда тақиқланган, лекин шартномани Россия ёки Украина имзоламаган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Украинанинг БМТдаги элчиси ҳам Россияни мамлакат шимоли-шарқидаги Ахтирка шаҳрига ҳужумда вакуумли бомбалардан фойдаланганликда айблади.

A view of bombs going off in a carpark

Сурат манбаси, UGC

Сурат тагсўзи, Харьков

Вакуумли бомбалар термобарик қурол бўлиб, буғланган ёқилғи булутини ёндириш орқали катта ҳалокатга олиб келиши мумкин.

Улардан фойдаланишни тўғридан-тўғри тақиқловчи халқаро қонунлар йўқ, аммо агар мамлакат улардан шаҳарларда, мактабларда ёки касалхоналарда тинч аҳолини ўлдириш учун фойдаланса, у 1899 ва 1907 йиллардаги Ҳаага конвенцияларига мувофиқ ҳарбий жиноятда айбланиши мумкин.

Кремль уруш жиноятларини содир этиш ёки кассетали ва вакуумли бомбалардан фойдаланганини инкор этиб, бу айбловларни "сохта хабар" деб рад этади.

Мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу "зарбалар фақат ҳарбий нишонларга ва фақат юқори аниқликдаги қуроллар ёрдамида амалга оширилади", деди.