Минглаб ғазоликлар жанубга ўтмоқда, АҚШ Ғазо келажаги ҳақида гапирди- Янгиликлар Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
Минглаб ғазоликлар Исроил армияси ажратган йўлак орқали жанубга ўтмоқда. АҚШ Ғазо келажаги ҳақида бугун гапирилиши кераклигини урғуламоқда.
Исроил мудофаа кучларининг хабар беришича, минглаб фаластинликлар Салоҳиддин йўлида очилган гуманитар йўлак орқали Ғазонинг шимолий қисмидан эвакуация қилинмоқда.
Исроил армияси тарқатган видеода тинч фуқароларнинг жанубга қараб юраётгани акс этган. Уларнинг кўпчилиги оқ байроқ ушлаб олган ва қўлини тепага кўтарган.
Times of Israel нашрининг ёзишича, бугунги оқим кўлами кечаги кўрсатгичлар билан ўхшаш. БМТ бир кун олдин жанубга тахминан 15 минг одам кўчиб ўтганини айтганди.
Ҳарбийлар ушбу йўлак маҳаллий вақт билан соат 14:00 гача очиқ бўлишини билдирган.
Ҳамас: Уруш бошланишидан бери 10500 фаластинлик ҳалок бўлди

Сурат манбаси, SOPA images
Ғазо секторидаги Ҳамас бошқаруви остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳарбий ҳаракатлар натижасида бўлгада 10569 киши, шулардан 4324 бола ва 2823 нафар аёл ҳалок бўлганини таъкидлади.
Ҳамас маъмурий тузилмаси таркибидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фаластин анклавида ҳалок бўлганлар маълумотларини берадиган ягона манба.
Улар берган маълумотларни мустақил текширишнинг имкони йўқ ва ушбу маълумотларга Исроил билан жангларда ҳалок бўлганлар, шунингдек, тинч фуқаролар ҳамда Ғазодан мувафаққиятсиз учирилиб бўлгага тушган ракеталар натижасида нобуд бўлганлар ҳам кириб кетади.
Блинкен: "Исроил Ғазони яна ишғол қилиши керак эмас"

Токиода ўтган "Катта еттилик" давлатларининг дипломатик етакчилари иштирокида ўтган йиғилиш якунида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ғазонинг урушдан кейинги тақдири ҳақида гапирди.
У урушдан сўнг Ҳамас гуруҳи тугатилгач Ғазо қандай бўлиши кераклиги ҳақида ҳозир ўйлаш кераклигини айтган.
Унга кўра, келажакдаги"фаластинликларни Ғазодан куч билан чиқаришдан воз кечиш" муҳим омил бўлиши керак.
У "на ҳозир ва на урушдан сўнг" деб, қуйидаги шартларни санаган:
- Ғазодан терроризм ёки зўравонлик ҳужумларида майдон сифатида фойдаланмаслик;
- Можаро тугагач Ғазони қайта оккупация қилишдан бош тортиш;
- Ғазони блокада ёки қамал қилишдан воз кечиш;
- Ғазо ҳудудини қисқартиришга йўл очмаслик;
- Ғарбий соҳилдан ҳеч қандай террористик таҳдид чиқмаслигини таъминлаш.
Блинкен, шунингдек, "барқарор тинчлик"га эришиш, жумладан, "фаластинликларнинг овози ва интилишларини Ғазодаги инқироздан кейинги бошқарув марказига" қўйиш бўйича қадамларни санаб ўтди.
Унинг айтишича, режаларда Ғазони Ғарбий Соҳил билан Фаластин маъмурияти раҳбарлигида бирлаштириш ҳам бўлиши керак.
Шу ҳафта бошида Фаластин миллий маъмурияти раиси Маҳмуд Аббос Рамаллоҳда Блинкен билан музокаралар олиб борганди.
Маҳмуд Аббос унинг маъмурияти бир қанча шартларга риоя қилган ҳолда, худди 2007-йилдаги қуролли қўзғолон ва ғалаёнгача бўлгани каби Ғазо сектори учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлигини айтди.
Ўшанда кўплаб Фаластин миллий маъмурияти арбобларининг ўлдирилиши ортидан Ҳамас гуруҳи секторда ҳокимиятни қўлга киритганди.
Блинкеннинг таъкидлашича, "бу Ғазони қайта қуриш учун барқарор механизм" ва "исроилликлар ва фаластинликларнинг икки алоҳида давлатда ёнма-ён яшашини таъминлаш йўлини" ўз ичига олиши керак.

Сурат манбаси, Reuters
7 ноябр, сешанба
- Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг айтишича, Ғазодаги уруш тугагач, Исроил у ердаги "хавфсизлик устидан жавобгарлик"ни "номаълум муддат"га ўз қўлига олади.
- Бош вазир оташкесим чақириқларини рад этяпти, аммо қисқароқ "инсонпарварлик ёрдами танаффуслари" бўлиши мумкинлигини айтган.
- Исроил Ғазодаги Ҳамас нишонларига ердан, ҳаводан ва денгиздан ҳужум қилганини билдирди.
- Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳрида портлашлар эшитилган, суратларда вайрон бўлган бинолар акс этган.
- Ҳамас 7 октябрда Исроилга ҳужум қилиб 1400 одамни ўлдиргани ва 200дан ошиғини гаровга олганига бир йил тўлди.
- Исроил армияси Ғазога қўшинларини олиб кирган ва ҳаводан зарбалар беряпти. У Ҳамас инфратизилмасини нишонга олаётгани ва оддий аҳоли талафотини минималлаштираётганини айтади.
- Ҳамас юритувчи Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ғазода 10 мингдан ошиқ одам ўлдирилган, уларнинг орасида 4100 бола ҳам бор.
- 6 октябр оқшомида Қуддусда одамлар йиғилиб асирлар шарафига 1400та шам ёқишди ва уларнинг юзларини Ғарбий деворда ёритишди.

Сурат манбаси, EPA
Жануб ҳам хавфсиз эмас

Ғазо бўлгаси жанубидаги портлашларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рафаҳ ва Хон Юнус шаҳарларига иккита айри ҳаво ҳужумлари қилингани ва камида 23 киши ўлганини хабар қилди.
Расмий Фаластин хабар агентлиги Вафага кўра, Хон Юнусда 12, Рафаҳда 25 киши ҳалок бўлган.
Исроил буни шарҳламади, аммо тунда Ғазода ҳарбий амалиёти давом этганини айтди.
Исроил жанубидаги мухбиримиз Жереми Боуэнга кўра, Исроил армияси ўз наздидаги ҳарбий нишонларга қарата жуда оғир бомбаларни қўлламоқда, лекин у ҳудудларда катта сонда оддий аҳоли ҳам бўлиши мумкинлигини баъзида ҳисобга олмаяпти.
"Улар одамларни чиқиб кетиш ҳақида огоҳлантиришгани ва ҳаводан варақалар ташлашганини айтиб масалани айланиб ўтмоқчи бўлишади. Лекин, армия Ғазо бўлгаси жанубида хавфсиз деб айтган ҳудудга ҳам рейдлар қилишяпти", - дейди у.
Исроил шимолида чегара оша отишма бўлгани хабар қилинмоқда.

Сурат манбаси, EPA
Исроил мудофаа кучларига кўра, уларнинг танки Шатула ҳудудига аксил-танк замбарагини отишга уринган Ливандаги "террор гуруҳи"га қарши ўт очган.
Исроил шимоли ва Ливан жанубидаги чегара оша отишмалар 7 октябрдан бери давом этяпти. Ҳамас ва Ливанда жойлашган Ҳизбуллоҳ Исроилга Ливандан ҳужум қилаётганларини айтишган.
Айни дамда Исроилда одамлар роппа-роса бир ой аввал қилинган ҳужум қурбонлари хотирасига соат 11:00да бир дақиқалик сукут сақладилар.
Қурбонлар оилалари одамлардан қора қўйлак кийишни ва миллий мадҳияни куйлашни сўрашган.
Хотира маросимлари мактаблар ва университетларда ҳам ўтказилмоқда.
Хавфсизлик учун жавобгарлик нима?

Сурат манбаси, Reuters
Бош вазир Нетаняхунинг урушдан кейин Ғазо хавфсизлиги устидан "жавобгарлик"ни номаълум муддатга ушлаб туришини айтиши билан айнан нимани назарда тутганини айтиш қийин.
Аммо, бу Ғазонинг ишғол остида ушлаб турилиши, лекин ундаги маъмурий масъулиятни олмасликни англатиши мумкин.
Исроил Фаластиннинг бошқа ҳудуди бўлмиш Ғарбий соҳилда ҳам "хавфсизлик учун жавобгарлик" иборасини қўллаб келади.
1990-йилларда келишилган Осло битимларига кўра, Ғарбий соҳилнинг баъзи қисмлари Фаластин маъмурияти, лекин Исроил "хавфсизлик масъулияти" остида бўлиши белгиланган.
Бошқа сўз билан айтганда, Исроил истаган вақти у ерга кириб-чиқиши мумкин, лекин мактабларни юритиш ё чиқиндиларни йиғиб олишдек маъмурий ишлар фаластинликларда қолади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














