Блинкен Ғарбий Соҳил вазияти ҳақида гапирди, БМТ Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирди, Нетаняҳу тинч аҳоли талофатлари ҳақида нима деди? - Янгиликлар G'azo Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
Исроил ҳарбий кабинети ҳар куни Ғазо бўлгасига БМТ эҳтиёжи учун икки бензин ташувчи киритишга рухсат беришини эълон қилди.
Исроил расмийларига кўра, ёнилғи сув таъминоти ва канализация тизимини ишга тушириш мақсадида фойдаланилади, берган ёнилғилари Ҳамас қўлига тушмаслигини кузатиб борадилар.
Бўлгада электр ишлаб чиқарадиган генераторлар ёнилғиси тугагани оқибатида мобил алоқа ва Интернет узилган.
Исроил ҳарбийлари Аш-Шифо шифохонаси атрофида иккинчи гаровга олинган инсон - 65 ёшли аёл Йеҳудит Вайс жасадини топганларини эълон қилдилар.
Бундан олдин 19 ёшли ҳарбий хизматчи Ноа Марчиано жасади топилганди, 17 ноябр куни Исроилнинг Модиин шаҳрида унинг дафн маросими бўлиб ўтган.
Фаластин Соғликни сақлаш вазири Маи ал-Каила Би-би-си билан суҳбатда Исроилни Аш-Шифо шифохонаси остидаги Ҳамас қароргоҳи борлиги далилини кўрсатишга чақирди.
Бир неча кундан буён Исроил ҳарбийлари Аш-Шифо шифохонасидан Ҳамас жангарилари ҳарбий мақсадда фойдаланганликларини исботлаш мақсадини кўзлаган видеоларни эълон қилиб келаяпти, бироқ ушбу хабарни мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони йўқ.
Исроил ҳарбийлари исбот-далиллар топган бўлишлари мумкин, лекин ҳамма нарсани ҳам ошкор этмасликка қарор қилган бўлишлари мумкин.
Шифокорлар Аш-Шифо ичкариси ва ташқарисидаги инсонларнинг аҳволи ўта оғирлигини айтмоқдалар, "ҳаво ва сув йўқлигини" айтмоқдалар.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилни Ғарбий Соҳилдаги зўравонликларни тўхтатишга чақирди.
Ҳамас Исроилга ҳужум қилган 7 октябрдан буён Иордан дарёси Ғарбий Соҳилида фаластинликлар ва уларнинг мол-мулкига исроилликлар томонидан ҳужумлар кўпайди, қарийб 200 фаластинлик ҳаётдан кўз юмди.
Охирги суткада ҳам Исроил ҳарбийлари Ғарбий соҳилда "икки террочи"ни ўлдиргани, қуроллар мусодара қилингани ҳақида хабар тарқатдилар.
Фаластин тиббиёт расмийлари уч инсон ҳалок бўлганини хабар бердилар.
БМТ Ғарбий соҳилдаги вазиятдан хавотир изҳор этди, Исроилни таранглик олдини олишга чақирди.
Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу матбуотга интервьюсида Ғазодаги тинч аҳоли ўртасида талофатларни камайтиришга ҳаракат қилганлари, лекин бунинг уддасидан чиқмаганларини айтди.
Нетаняҳу сўзларига кўра, 7 октябрдаги ҳужумлардан кейин Исроил ҳудудига гаровга олинган инсонлар Аш-Шифо шифохонасида сақланганлар, сўнг у ердан олиб чиқиб кетилганлар, деб тахмин қилишга асос бор.
БМТнинг Озиқ-овқат ташкилоти бўлгада очарчилик бошланиши мумкинлигини айтди.
Ёнилғи ва ун йўқлиги туфайли новвойхоналарнинг аксари фаолияти тўхтатилган.
Ташкилотга кўра, бўлгада ичимлик суви ва егулик деярли тугаб бўлган, олиб кириш эса имконсиз бўлиб қолмоқда.
БМТ телефон алоқаси йўқлиги учун ҳам инсонпарварлик юкларини Мисрдан Ғазо бўлгасига етказиш имконсиз бўлиб қолган.
Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти бўлгада юқумли касалликлар тарқаши эҳтимолидан огоҳлантирди.
Ҳозир Ғазода тиббиёт аҳволи ҳам ёмонлашган, шифохоналарнинг анчаси хизмат кўрсатолмаяпти, шифохоналар ҳудудлари бомбардимонлардан бошпана топган тинч фуқаролар билан тўлган, ҳозир 70000 дан ортиқ ўткир нафас йўллари хасталиклари, 44 мингдан зиёд диарея ҳолати аниқланган.
16 ноябр. АҚШ Исроил билан муносабатини қайта кўриб чиқяптими? Зироат Мирзиёева Фаластиндаги "даҳшатларга томошабин бўлиб" туролмаслигини айтди

Сурат манбаси, IDF
АҚШ собиқ мулозими Вашингтон Исроил билан муносабатларини қайта кўриб чиқаётганини билдирди. Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева Ғазодаги урушнинг охири кўринмаётганидан хавотир билдирди.
АҚШ собиқ юқори лавозимли мулозими, сўнгги ҳафталарда Байден маъмуриятининг иттифоқчиси Исроилга муносабатида "қайта калибрлаш" (саралаш) кузатаётганини айтди.
Президент Обаманинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлган Бен Родесга кўра, ҳозирги маъмурият бошида Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ва унинг ҳукуматига "қучоқ очиб", Исроил ҳарбий амалиётларига таъсир ўтказа олишига умид қилган.
Аммо бу нарса ўзини оқламаган, деди у BBC Radio 4 билан суҳатда.
Родснинг таъкидлашича, АҚШ кўпроқ гуманитар пауза қилишни сўраган, аммо Исроил "бу маслаҳатларни аксар ҳолда рад қилди".
Родснинг фикрига кўра, АҚШ олдингидек қўллаб қувватлаётган бўлса-да, бу - икки давлат ўртасидаги бўй кўрсатаётган масофалашишнинг белгисидир.
Исроил Ал-Шифо касалхонаси остида нима борлигини айтмоқда?

Сурат манбаси, IDF
Исроил аскарлари Ғазо секторидаги энг йирик муассаса бўлмиш Ғазо шаҳридаги Аш-Шифо касалхонасида тинтувни давом этдирмоқда.
Ўтган ойнинг охирида Исроил мудофаа кучлари Ҳамасни Ал-Шифо касалхонаси остида асосий базасини қурганликда айблаганди.
Исроил армияси 3D модели ёрдамида эҳтимолий ер ости тунеллари тармоғи ва бошқарув нуқталарини кўрсатганди.
Ҳарбийлар матбуот котиби шифохона ва тунеллар ўртасида боғлиқлик ва Исроилга 7 октябрда қилинган ҳужумдан сўнг Ҳамаснинг юзлаб жангарилари шифохонага яширингани ҳақида "аниқ далиллари" борлигини таъкидлаган.
Кейинроқ АҚШ шахсий истиҳборот маълумотларига таяниб, Исроил таъкидлаётган Ҳамас шифохонани ишлатгани тўғрисидаги баёнотни тасдиқлаган. Ҳамас ушбу айбловларни рад қилиб келади.
Исроил аҳолини жанубий Ғазо туманларидан эвакуация ҳақида огоҳлантирди

Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори жанубида жойлашган Хон-Юнусга варақалар ташлай бошлади. Унда шаҳар аҳолисини уйларини ташлаб чиқиш ва хавфсиз жойга кетиш сўралади.
Reuters ва Times of Israel нашрларининг хабар беришича, варақада аҳоли Хон Юнус таркибига кирувчи Бани Шухайла, Ҳузаа, Аббоссан ва Қарарада паноҳ топиши кераклиги айтилган. Жанубга одамлар келишидан олдин ушбу туманларда тахминан 100 минг одам яшаган.
Исроил армияси бу каби варақаларни Ғазо шимолига қуруқликдан киришдан олдин бир неча ҳафта ташлаган. Кузатувчиларга кўра, варақаларнинг бу сафар ташланиши амалиёт кенгайишига тайёргарликдан дарак бериши мумкин.
Исроил армияси ҳолат юзасидан изоҳ бермаган.
Ҳамас бошқаруви остидаги Ғазо ички ишлар вазирлиги Исроил вертолётлари "Хон Юнус шарқидаги аҳоли уйларини ўққа тутгани" ҳақида айтган.
Октябр ойида юз минглаб одамлар Ғазо шимолини тарк қилгач, Хон Юнуснинг аҳолиси 400 мингдан бир миллионга кўпайган. Минглаб одамлар вақтинчалик барпо қилинган жамлоқлар, шифохона ва Хон Юнусдаги мактабларда яшамоқда.
Мирзиёева Фаластиндаги воқеаларга "томошабин бўлиб, жим қараб тура олмаймиз", деди

Истанбулдаги «Фаластин учун тинчлик сари биргаликда» саммитида иштирок этган Ўзбекистон Республикасининг президент Шавкат Мирзиёевнинг турмуш ўртоғи Зироат Мирзиёева қуролли тўқнашувлар оқибатида барча қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирди.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, у Ғазода бир ойдан ортиқ вақт давом этаётган, минглаб инсонлар, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар умрига зомин бўлаётган даҳшатли воқеаларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини қайд этди.
"Фаластин диёрида юз бераётган даҳшатли воқеаларга томошабин бўлиб, жим қараб тура олмаймиз", — деган Зироат Мирзиёева.
Ўзбекистоннинг биринчи хоними урушнинг охири кўринмаётгани ва унга минтақадаги бошқа кучларнинг қўшилиши эҳтимоли ортиб бораётганидан хавотир билдирган.
"Минг афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг кучли эътирози ва босимига қарамай, ҳалокат ва вайронагарчилик кўлами мисли кўрилмаган даражада ортиб, унинг охири сира кўринмаяпти. Натижада қуролли тўқнашувларга минтақадаги янги кучларнинг тортилиш эҳтимоли тобора кучаймоқда. Ўзбекистон халқи Фаластиннинг тинч аҳолиси бошига тушган кулфат ва қайғу-аламларни юракдан ўтказмоқда", — деди Ўзбекистоннинг биринчи хоними.
Зироат Мирзиёева ҳар икки томонни ҳам зудлик билан ўт очиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга, танг аҳволда қолган аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун имконият яратишга, низони фақатгина тинч, дипломатия йўли билан "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этишга чақирган.
14 ноябр 2023
Ўзбекистон Ғазо бўйича ўз мавқеини айтди, Қозоғистон Ғазодан фуқароларини олиб чиқяпти

Сурат манбаси, YouTube/OIC
Ўзбекистон ҳукумати Саудия Арабистон пойтахти Ар-Риёдда бўлиб ўтган Исломий ҳамкорлик ташкилотининг йиғинида яна бир бор Фаластинга хайрихоҳлигини билдирди.
Ташкилотнинг Қўшма араб-Ислом давлатлари фавқулодда саммитида ўзбек тилида нутқ сўзлаган Бош вазир Абдулла Арипов Исроил ҳужумлари остида Ғазода юз бераётган талафотларни Ўзбекистон ноҳақлик деб билишини айтди.
«Ғазо секторида юз бераётган қонли тўқнашувлар натижасида йўқотишлар ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Биз гўдаклар ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз. Қурбон бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия изҳор қиламиз. Биз Фаластин халқи билан эканимизни яна бир бор билдирамиз», дея чиқиш қилди Арипов.

Арипов Ўзбекистон ҳукумати БМТ Бош ассамблеясининг Ғазога ҳужумларни дарҳол тўхтатишни талаб қилувчи резолюциясига овоз берганини таъкидлаб, ўз ҳукумати Ғазо учун 1,5 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдамини ажратганини айтди.
"Вайронагарчилик ва ҳалокат кўлами бўйича бу низо Яқин Шарқ можаросининг охирги 50 йиллик тарихида илк бор кузатилмоқда. Энг ачинарлиси, бу инқирознинг охири кўринмаяпти. Биз Фаластин диёридаги можарога жим қараб туролмаймиз, Ўзбекистон бу борада тегишли дипломатик чора-тадбирларни амалга оширмоқда», деди бош вазир.
Ўтган ҳафта Тошкентда ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам давлат мавқеини тақдим қилганди.

Сурат манбаси, Reuters
"Қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз. Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз", - деб айтган президент.
Айни дамда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Айбек Смадияров ўз давлати Ғазо бўлгасидан ўнлаб Қозоғистон фуқароси ва уларнинг оила аъзоларини олиб чиқаётганини билдирган.
"Бугун Ғазо бўлгасидан бизнинг фуқароларимизни эвакуация қилиш жараёни бошланди. Жорий йилнинг 13 ноябрига 44 фуқародан ташкил топган биринчи гуруҳни олиб чиқиш режаланган. Гуруҳга 40 Қозоғистон фуқароси ва тўрт хорижлик - фуқароларимизнинг оила аъзолари киради", - деб айтган Смадияров.
Душанба куни Ғазо ва Миср ўртасидаги Рафаҳ чегара ўтиш нуқтасидан умумий ҳисобда 594 хорижий фуқарони эвакуация қилиш режаланганди. Бу қанчалар муваффақиятли амалга ошгани ҳозирча номаълум.
Душанба куни Россия ҳам айни гуруҳда ўз фуқаролари олиб чиқилаётганини хабар қилганди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














