Гувоҳ: Исроил армияси Ал-Шифо ичидаги эркакларни сўроқ қилмоқда - Ғазо - Янгиликлар Isroil Dunyo Yangiliklar

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 11 дақ

15 ноябрь, чоршанба

Исроилга кўра, унинг армияси Ғазо шаҳридаги Ал-Шифо касалхонасига қарши ҳарбий амалиётни олиб бормоқда.

Касалхона ичидаги гувоҳнинг Би-би-сига айтишича, у касалхонанинг тез ёрдам бўлимига танклар ва махсус кучлар аскарлари кирганини кўрган.

Би-би-си мухбири Рушди Абуалуф ўз манбасига таяниб хабар қилишича, Ал-Шифо касалхонасида охирги 48 соат ичида одам ва ҳар қандай ёрдам кириши ё чиқиши тақиқланган.

Исроил эса у ердан одамлар чиқиши учун йўлак очилган дейди. Би-би-си йўлларда оқ байроқ кўтарган одамлар акс этган видеони тасдиқлади.

BBC

Би-би-си мухбири Рушди Абуалуф қуйидагиларни айтди:

"Мен Ал-Шифо ичидаги журналист, Қодир билан яна гаплашдим.

Унинг айтишича, овоз кучайтиргичлар орқали Исроил аскарлари 16 ва 40 ёш ўртасидаги барча эркаклардан, жарроҳлик ва тез ёрдам бўлимидан ташқаридагилардан, касалхона ҳовлисига йиғилишни сўраган.

Охирги бир соат ичида у аскарлар осмонга ўқ узиб, касалхонадагиларни чиқишга мажбурлаётганини айтди.

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

У, шунингдек, улар эркакларни маҳсус сенсорлар орқали ўтказишаётганини айтди."

Би-би-си бу иддаоларни мустақил равишда тасдиқлай олмади.

АҚШ Исроилнинг бу шифохона остида Ҳамаснинг қўмондонлик маркази бор деган иддаосини қўллаб чиқди. Ҳамас буни рад этади.

Аввалроқ, ёқилғи тугаб бораётган ушбу касалхонанинг шифокори ундаги 200 бемор оммавий қабрга дафн этилганини хабар қилди.

Ғазо шаҳрида минглаб одамлар очиқ ҳавода ва ёмғирда чодирларда ухлашган.

Ҳамас 7 октябрда Исроилга ҳужум қилиб 1200 кишини ўлдириши ва 200дан ошиғини гаровга олиши ортидан Исроил армияси Ғазога зарба беришни бошлаган.

Ҳамас юритувчи Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазода 11 мингдан ошиқ одам ўлдирилгани, улардан 4,500 нафари болалар эканини айтмоқда.

БМТ бош котиби Антонио Гутеррешнинг воизи айтишича, жаноб Гутерреш "Ғазодаги бир неча касалхоналардаги даҳшатли вазият ва кўп сонли ўлимлардан қаттиқ хавотирга тушган".

Исроил кучлари Рантиси касалхонаси яқинида туннелни аниқлаганларини айтишди.

Сурат манбаси, ISRAEL DEFENSE FORCES

Сурат тагсўзи, Исроил кучлари Рантиси касалхонаси яқинида туннелни аниқлаганларини айтишди.

Исроил армияси Ғазо шаҳридаги қатор ҳукумат биноларини ишғол қилганини билдирди.

Исроил мудофаа қўшинлари Ғазонинг ҳукумат бинолари ичида рейдлар ўтказганини айтди.

Армия Ҳамас парламентини олганини эълон қилган. Сешанба куни интернетда парламентнинг қонун чиқарувчи палатасида Исроил байроқларини кўтариб турган аскарлар суратлари тарқалди.

Шунингдек, Исроил ҳарбийлари қуроллар ишлаб чиқариладиган муҳандислик маркази ва полиция қароргоҳини ишғол қилганларини айтишган.

Махсус кучлар Ғазо шаҳри ҳокимининг уйида ҳам рейд ўтказган.

Оқ Уй ва Пентагонга кўра, уларда Ҳамас ва Фаластин Исломий жиҳоди гуруҳлари касалхоналар остидаги туннелда амал қилаётгани ва қурол сақлаётгани ҳақида маълумот бор.

Касалхона ичидаги шифокорлар ва беморларнинг аҳволи борасида хавотирлар кучайиши ортидан АҚШ биринчи марта Исроилнинг бу иддаосини қўллаб чиқяпти.

Шу пайтгача АҚШ Исроилнинг туннеллар ҳақидаги даъволарини қўллаб келди, аммо ўзида мустақил маълумот борлигини очиқлмаганди.

Оқ Уй воизи касалхоналардан уруш мақсадида фойдаланишни "уруш жинояти" деб атади, аммо бу билан Исроилнинг оддий фуқароларни ҳимоя қилиш масъулияти камаймаслигини айтди.

14 ноябрь, сешанба

Исроил Ҳамасни Ал-Шифо остида қўмондонлик марказини юритишда айблади, аммо касалхона ва Ҳамас буни рад этмоқда.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Исроил Ҳамасни Ал-Шифо остида қўмондонлик марказини юритишда айблади, аммо касалхона ва Ҳамас буни рад этмоқда.

АҚШ Президенти Жо Байденнинг айтишича, Ғазо шаҳридаги Ал-Шифо касалхонаси атрофида қақшатқич жанглар юз берар экан, касалхона "ҳимоя қилиниши керак".

Исроил Ҳамасни Ал-Шифо остида қўмондонлик марказини юритишда айблади, аммо касалхона ва Ҳамас буни рад этмоқда.

Инкубатордан чиқариб олинган чақалоқлар. Сурат 12 ноябрда олинган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Инкубатордан чиқариб олинган чақалоқлар. Сурат 12 ноябрда олинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташқарисида ва ичкарисида жасадлар устма-уст тўпланиб қолаётган касалхонани "деярли қабристон" деб атади.

БМТга кўра, ўнлаб эрта туғилган чақалоқлар ва диалезга муҳтож 45 буйрак беморлари электр йўқлиги сабаб тўғри муолажа ололмаяпти.

Би-би-си мухбири Рушди Абуалуфнинг бизга айтишича, Ғазода шаҳридаги манбаси унга Ал-Шифода 170 жасад учун оммавий қабр қазилгаётганини айтган.

Минглаб одамлар мана бунга ўхшаш БМТ мактабларида жон сақламоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Минглаб одамлар мана бунга ўхшаш БМТ мактабларида жон сақламоқда.

Унга кўра, касалхонанинг бир биносидан иккинчисига ўтиш ва ҳатто жасадларни кўмиш жуда хавфли, чунки иншоотни танклар ўраб олган.

Душанба куни танклар касалхона мажмуасини уч томондан ўраб олган эди, тун оша улар бош дарвозага яқинлашган.

Касалхона раҳбарияти Исроил билан музокара қилишни хавфли дея, учинчи тараф воситачилик қилишини сўраётгани ва касалхона учун ёқилғи зарурлигини айтаётгани хабар қилинмоқда.

Исроил армияси "Исроилдаги касалхонадан Ғазога инкубаторларни юборишни мувофиқлаштириш" жараёнида эканини айтган.

Ҳамас 7 октябрда Исроилга ҳужум қилиб 1200 кишини ўлдириши ва 200дан ошиғини гаровга олиши ортидан Исроил армияси Ғазога зарба беришни бошлаган.

Исроил Ҳамас томонидан ўғирлаб кетилган 19 яшар Ноа Марисианонинг ўлимини тасдиқлади.

Сурат манбаси, Unknown

Сурат тагсўзи, Исроил Ҳамас томонидан ўғирлаб кетилган 19 яшар Ноа Марисианонинг ўлимини тасдиқлади.

Ҳамас юритувчи Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазода 11 мингдан ошиқ одам ўлдирилгани, улардан 4,500 нафари болалар эканини айтмоқда.

Айни дамда Исроил мудофаа қўшинлари ўтган ой Ҳамас томонидан ўғирлаб кетилган 19 яшар Ноа Марисианонинг ўлимини тасдиқлади.

Ғарбий соҳилдаги Тулкарем қочқинлар жамлоғида фаластинликлар Исроил қўшинлари билан тўқнашиши оқибатида, маҳаллий касалхона раҳбарига кўра, етти фаластинлик ҳалок бўлган.

13 ноябрь, душанба

Ал-Шифо шифохонаси

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ал-Шифо шифохонасида вазият аянчли

Исроил армияси Ғазо шифохонасига 300 литр ёнилғи бердик, лекин шифокорлар чиқиб бу ёнилғини олишларига Ҳамас рухсат бермаяпти деди.

Ғазо шимолидаги бир неча шифохона атрофида жанглар бораётгани ҳақидаги хабарлар олинмоқда.

БМТга кўра, Ал-Шифо касалхонасидаги аҳвол ўта аянчли.

Шифокорлар касалхонани электр билан таъминлайдиган генераторлар ёқилғиси тугагани оқибатида бир неча бемор ҳаётдан кўз юмган.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотига кўра, Ал-Шифо бундан буён шифохона сифатида фаолият юритолмайди.

Шифохона ҳудуди мунтазам портлашлар остида қолган.

Исроил Ал-Шифо остида Ҳамаснинг қўмондонлик маркази бор дейди.

Ушбу иддаони Ал-Шифо шифохонаси маъмурияти ва Ҳамас рад этади.

У ерда 2000 тача тинч аҳоли вакили бошпана топган.

Ал-Шифо раҳбарияти шифохона атрофида дафн этиш имконияти йўқлигидан қўйилган жасадлар чирий бошлаган, шифохона атрофини Исроил ҳарбийлари ўраб олган, майитларни кўмишга русхат беришмачпти.

Фаластин Қизил Ярим ой жамияти Ал-Қудс шифохонасининг ҳам ёнилғиси тугади, энди у шифохона сифатида фаолият юритолмайди деди.

шифохоналар
Сурат тагсўзи, Ғазо шаҳридаги шифохоналар

Исроил армияси сўзчиси подполковник Жонатан Конрикус айтишича, Ал-Шифонинг болалар бўлимида сақланаётган чақалоқларни асраб қолиш учун шифохона ташқарисига 300 литр ёнилғи олиб боришган.

"Ёнилғи Ҳамаснинг буйруғига биноан олинмади", деди подполковник Конрикус.

Шифохонани бир соат электр билан таъминлаш учун 500 литр ёнилғи талаб этилиши хабар қилинган.

Туркиянинг юк ортилган кемаси Мисрнинг Ал-Ариш бандаргоҳига етиб борган.

Миср портига етиб борган Туркия кемаси

Сурат манбаси, Getty Images

Кемага "тез ёрдам" машиналари, электр қуввати берадиган генераторлар, зарур дори-дармон ортилган.

Туркия Миср-Ғазо чегарасидаги Рафаҳ портидан 40 километр узоқликда саккизта дала госпиталини барпо этишга қарор қилган.

Ҳамас бошқарувидаги тиббиёт расмийлари хабар қилишича, 7 октябрда Ҳамаснинг Исроилга ҳужумларидан кейин бошланган уруш бошидан бери Ғазода ҳалок бўлган инсонларнинг сони 11000 дан ошди, уларнинг 4500 дан ортиғи болалардир.

Исроил Ғазо ҳудудида қуруқлик амалиётини бошлаганидан буён 44 аскари ҳалок бўлганини хабар берди.

Буюк Британия собиқ бош вазири Девид Кэмерон Ташқи ишлар вазири этиб тайинланди.

Британиянинг янги ташқи ишлар вазири Девид Кэмерон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Британиянинг янги ташқи ишлар вазири Девид Кэмерон

Девид Кэмерон 2016 йилгача Бош вазир лавозимини эгаллаган, ўша йили Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишга бағишланган референдумда кўпчилик Брекзитни ёқлаб овоз берганидан кейин бунга қарши мавқеъда бўлган Кэмерон истеъфо берган эди.

Жорий Бош вазир Риши Сунак Ғазодаги ҳодисалар туфайли босим остида қолди.

Пойтахт Лондонда дам олиш кунлари Исроил қуруқлик амалиётларини бошлаганидан буён норозилик амалиётлари ўтказиб келинаяпти, Фаластинни ёқлаб, Ғазода ўт очишни тўхтатиш талаби билан намойиш 11 ноябрда ҳам режаланди.

Ушбу дам олиш кунларида эса Британия анъанавий бўлган Биринчи Жаҳон уруши қурбонларини хотирлаш маросимларини ўтказди.

Сиёсатчилар Британия учун муҳим бўлган кунларда норозилик намойишларини ўтказмасликка чақирдилар.

Ички ишлар вазири Суэлла Браверман эса мақола эълон қилди, мақолада Лондон полицияси раҳбариятида намойишни ёқлайдиганлар борга ўхшайди, деди.

У намойишни "нафрат марши" деб атади.

Шундан сўнг Бош вазир Риши Сунакдан Браверман хонимни лавозимидан бўшатиш чақириқлари янгради, бу Риши Сунакнинг янги кабинетини шакллантириш фурсатига тўғри келди.

Ички ишлар вазири Суэлла Браверман лавозимидан бўшатилди.

Унинг ўрнига Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли тайинланди.

Ташқи ишлар вазири лавозимига Девид Кэмерон тайинланди.

У парламент аъзоси эмас. шунинг учун у ҳукуматда лавозимни эгаллаши учун унга Лордлар палатасидан ўрин берилди.

10 ноябр. Исроил кучлари Ғазодаги шифохоналарга яқинлашди, Туркия ва АҚШ Ғазога ёрдам ҳақида гаплашди - Видео Янгиликлар

ғазо

Сурат манбаси, AFP

Ғазо сектори шимолида жойлашган у шифохона яқини ёки ичида портлашлаш бўлганлиги ҳақида хабарлар келмоқда. Бу Исроил кучлари Ҳамасни йўқ қилиш учун Ғазо шаҳри ичига кириб бораётгани манзарасида рўй берган.

Шифохоналар атрофидаги ҳолат бўйича ҳозирча шулар маълум.

Ал-Шифо шифохонаси

Исроил кучлари Ғазо шаҳридаги энг йирик шифохонани ҳар томонида пайдо бўлган. Бу ҳақда Би-би-сининг Ғазодаги мухбири Рушди Абуалуфга шаҳардаги одамлар айтган. Исроил ҳарбийлари шифохонадан 250 метр масофада тургани айтилмоқда.

Олдинроқ Ҳамас бошқарувидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил тунда шифохонанинг ҳовлисини бомбалагани ҳақида хабар берганди.

Ал-Қудс шифохонаси

Ғазо шаҳрида жойлашган Ал-Қудс шифохонаси ҳам ўраб олинган. Шифохона ичида бўлган бир одам Би-би-сига "Шифохона ичида танклар йўқ, аммо шифохона биноси атрофи танклар билан ўраб олинган. Мен мунтазам тўқнашувлар ва портлашларни эшитяпман", деди.

Индонезия шифохонаси

Одинроқ Индонезия Ташқи ишлар вазири тунда шифохона атрофида бўлган портлашглар касалхонаганинг бир қисмига зарар берганини айтганди.

Унинг айтишича, зарба нишони касалхона билан қўшни мавзу Тализатар бўлган. Ҳужум вақтида ертўлада уч индонезиялик кўнгилли бўлган ва улар зарар кўрмаган.

"Индонезия яна бир бор тинч аҳоли ва фуқаро объектлари, айниқса, Ғазодаги гуманитар биноларга жоҳилона ҳужумларни қоралайди"

Бошқа хабарларга кўра, ҳужум натижасида шифохона инфратузилмаси ва икки тез ёрдам машинаси дохил транспорт воситалари зарар кўрган. 10 киши жароҳатланган.

Тез тиббий ёрдам қўмитаси (MER-C)дан Сарбина Абдул Мурод Индонезиянинг Republika нашрига шифохона яқнида ракета портлаганини тасдиқлади. Аммо у бу асосий бинога қилинган тўғридан тўғри ҳужум бўлмаганини таъкидлаган.

Исроил ҳарбийлари ҳозирча, Индонезия баёнотига муносабат билдирмади. Олдинроқ улар шифохоналар Ҳамаснинг туннелларини яшириш мақсадида ишлатилганини айтишганди. Индонезия ҳукумати буни қатъиян рад қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ғазо шифохоналари атрофидаги вазият бўйича тахлил: Исроил ҳарбийлари ҳаракат режалари ҳақида очиқ айтганди

Жереми Боуэн

BBC News халқаро муҳаррири

Ал-Шифо шифохонасидаги вазият гуманитар нутаи назардан оғир, аммо ҳарбий жиҳатдан Исроил нима қилишини очиқ айтганди: ҳаракат қиламиз.

Исроил ҳарбийлари Ҳамасни "биз шундай қилмоқчимиз ва қиламиз", деб огоҳлантирганини айтади. Исроил яна Ғазо шимолини жануб билан боғловчи асосий йўлни кун давомида бир неча соат очаётганини ва бу шимолдаги, жумладан, Ал-шифо касалхонасидаги одамларнинг эвакуация қилишга имкон беришини айтган.

Мен бир неча кун олдин Исроил ҳарбийлари билан Ғазога кирганимда, улар доим бир нарса, Ҳамас тинч аҳоли ортига яширинаётганини таъкидлашди.

Бу кучлар тенг бўлмаган урушда исёнчилар қўллайдиган эски тактикадир. Одамлар денгизи орасига яшириниш ва сузиш.

Эрдўған Блинкен билан Ғазога ёрдам ҳақида гаплашди

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг айтишича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Туркияга борган пайти Ғазога ўтаётган юк машиналари сонини 500 тага ошириш масаласини муҳокама этганлар.

Жаноб Эрдўғанга кўра, жаноб Блинкен Туркиянинг Ғазога ёрдамларини кўпайтириш таклифига ижобий муносабат билдирган.

Туркия бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликда Ғазога тез ёрдам машиналари, озиқ овқат, сув ва дори дармон етказишга ваъда берган.

Шунингдек, жаноб Эрдўған Ғазодаги ярадорлар ва сурункали беморларни Туркия шифохоналарида даволанишга олиши мумкинлигини айтди.

Тошкентдаги Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти саммитида Президент Эрдўған Ғарбни кучсизликда айблади.

"Инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва демократия ҳақида мунтазам гапирадиган Ғарб давлатлари Исроил қирғинига узоқдан қараб турипти. Бу мамлакатлар ва ташкилотлар болалар қотилларини танқид қилиш у ёқда турсин, ўт очишни тўхтатишга чақиришга ҳам ожизлик қилаяптилар", деди Туркия Президенти.

Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилоти саммити мезбони Президент Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқининг ўз давлатини қуриш ҳуқуқига эга, деган мавқеъда деган баёнотини такрорлади.

Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу, Ҳамасни йўқ қилганимиздан кейин Исроил Ғазони босиб олмоқчи эмас, деб баёнот берди.

"Ғазода фуқаролик ҳукумати бўлиши керак, лекин Исроил Ҳамаснинг 7 октябрдагига ўхшаш таҳдиди такрорланмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак", деди Исроил Бош вазири.

АҚШ айтишича, Исроил Ғазодаги тинч фуқаролар хавфсиз жойга ўтиб олишлари учун 4 соатлик ҳарбий танаффус қилади.

Қўлларида оқ байроқни кўтариб олган тинч фуқаролар Ғазо шаҳридан жанубга юришни бошладилар.

Портлашдан жиддий шикаст етган Индонезия шифохонаси жума кунидан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатиши мумкинлигини эълон қилди.

Ғазодаги тиббиёт расмийлари Исроилнинг ҳужумлари бошланганидан буён камида 10812 инсон ҳалок бўлди, уларнинг 4412 нафари болалар, деб хабар тарқатди.

9 ноябр. БМТ: Ҳам Исроил, ҳам Ҳамас уруш жиноятлари содир этаяпти, Ғазо насронийларининг қўрқувлари

Хон Юнусдаги ҳаво ҳужумидан кейинги вайрона

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шу кеча Хон Юнусга Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида олти инсон ҳалок бўлди

БМТ Ғарбий соҳилдаги "тобора оғир вазиятдан" огоҳлантирди

Исроил Ғазо бўлгасини ҳаво ҳужумларига тутиб, у ерда қуруқлик амалиётларини ўтказаётган бир вақтда Иордан дарёсининг Исроил ишғоли остидаги Ғарбий соҳилида ҳам "тобора оғир вазият" юзага келганини айтмоқда БМТ.

БМТ Бош котиби ўринбосари Мартин Гриффитс хабар қилишича, 7 октябрдан бери Ғарбий соҳилда 158 фаластинлик ўлдирилган, уларнинг 45 нафари бола.

Алоқадор мавзулар:

2400 дан ортиқ одам жароҳат олган, 1000 дан зиёд инсон ўзларининг яшаб турган уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар.

БМТ маълумотларига кўра, яҳудий келгиндиларининг фаластинликларга қарши 200 ҳужуми қайд этилган.

Ҳужумлар оқибатида ўнлаб фаластинлик яраланган, 150 дан ортиқ мол-мулкка шикаст етказилган ёки йўқ қилинган.

Токиодаги йирик еттилик саммитида Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Исроилни "Ғарбий соҳилдаги келгиндилар томонидан содир этилган зўравонликларга чора кўришга" чақирган.

Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили Фаластин маъмурияти бошқаруви остида, бироқ йилларки, Қуддус шаҳри ва унга туташ жойларга Исроил келгиндилар учун турар жой бинолари қуриб келади, у ерлардан маҳаллий фаластинликлар сиқиб чиқарилмоқда.

Халқаро қонунчилик бўйича Ғарбий соҳилдаги яҳудий келгиндилари мавзелари ноқонуний, аммо Исроил бунга кўнмайди.

Шу тунда Исроил Ғарбий соҳилдаги Женин қочқинлар жамлоғи ва бир неча аҳоли масканларига рейдлар уюштирган.

Исроил Ҳамас жангариларини қидираётганини айтади.

Фаластин расмийларига кўра, рейдлар пайти икки киши ўлдирилган, ўнлаб одам ҳибсга олинган.

БМТ: Ҳам Исроил ва ҳам Ҳамас уруш жиноятларини содир этмоқда

БМТ Инсон ҳақлари Олий комиссари Фолкер Туркдан иқтибос

Сурат манбаси, .

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Турк ҳам Исроил, ҳам Ҳамасни уруш жиноятларини содир этаётганликда айблади.

Фаластин қуролли гуруҳи Исроилда содир этган "ваҳшийликлар" ва инсонларга гаровда ушлаб туришни давом эттираётгани ҳам, шунингдек, Исроилнинг фаластинликларни "жамоавий жазолаётгани ҳамда "тинч фуқароларнинг мажбурий эвакуация қилаётгани ҳам уруш жиноятлари, деди Фолкер Турк.

9 ноябр куни Исроил армияси Ғазо шимолида бўлган тинч фуқароларни жанубга ўтишлари учун соат 10 дан соат 18 гача вақт беришини эълон қилди.

Бир кун олдин тинч фаластиниликларга беш соат вақт берилган, бу орада 50000 одам жанговар амалиётлар бораётган Ғазо шаҳридан жанубга кўчиб ўтдилар.

Исроил армияси хабар тарқатишича, Ғазо шимолидаги Жабалияда Ҳамас қароргоҳини 10 соат давом этган жанглардан кейин босиб олган.

У ерда кўп сонда қурол-яроғ, болалар боғчаси тагида туннел топилгани хабар қилинди.

Исроил Ҳамас Ғазо шимолида назоратни йўқотди, деб хабар тарқатди.

Тунда Ғазо бўлгасининг турли жойларида яна ҳаво ҳужумлари кузатилди.

Расмийлар оқибатда бинолар вайрон бўлгани, тинч фуқаролар ҳалок бўлганини хабар қилмоқдалар.

Исроил-Ҳамас уруши орасида қолиб кетган Ғазо насронийларининг қўрқувлари

Ғазодаги насроний черковида ибодат қилаётган икки насроний аёл ва қизини ушлаб тик турган аёл
Сурат тагсўзи, Ғазодаги черковга ҳаво ҳужумида 18 насроний ҳалок бўлгани хабар қилинди

Бир ойдан бери давом этаётган даҳшатли уруш сабаб Рим Папаси Франциск Ғазо шаҳридаги Муборак Оила Черкови деб номланадиган ибодатхонада йиғилган роҳиб ва ибодатчиларга ҳар куни қўнғироқ қилиб хабар олиб турди.

Улар учун чуқур қайғуда ва дуода эканлигини билдиради.

Черков биносиниг бир қисмида аёли ва уч қизи билан жон сақлаётган Жорж Антон учун Попнинг йўқлаб туриши сал бўлса ҳам хотиржамлик беради, лекин урушдан омон қолишга умиди кам.

"Биз Попга ишонамиз, лекин бошқаларнинг тинчликни ёқлаб қилган чақириқларга жавоб беришига ишонмаймиз", дейди у умидсизлик билан.

"Ҳис-туйғуларимни қандай ифодалашни ҳам билмайман. Бу жуда қўрқинч ҳол. Худди ўлим навбатингни кутиб ётгандеку фақат қачон, қай тарзда ва нима учун ўлишинг кераклигини билмайсан".

Рим Католик хайрия ташкилоти бўлган Каритас ходими Жорж, саккиз, ўн ва ўн икки ёшли қизларига юз бераётган ҳодисаларни тушунтиришга ҳаракат қилаётганини айтади.

"Уларга бор ҳақиқатни айтаяпман. Биз Исо ҳимоясидамиз, лекин шу онда уруш ўчоғидамиз, дейман. Баъзан, нон, дори-дармон ёки кийим-кечак олиб келиш учун чиқиб кетаётганимда, улар билан хайрлашарканман, "агар ёнингизга қайтсам, ҳаммаси жойида, агар қайтмасам, тамом", деб кетаман.

Қизларини ўлим ва вайронагарчиликларнинг даҳшатидан асраб қолишнинг иложи йўқлигини айтади.

"Черковда бирга қўним топган 600 кишидан фақат шуни эшитишаяпти, интернетдан фақат шундай лавҳалар кўришяпти. Атрофда бўлаётган бомбали ҳужумлардан кўраётганлари шу бўлаяпти. Кечалари қўрқувдан ухлай олишмаяпти. Ракеталарнинг овозлари жаҳаннамни эслатади", дейди у.

Исроил кучлари миллиондан ортиқ аҳолини Ғазо бўлгасининг шимолидан жанубига кўчишга мажбурлар экан, юз минглаб аҳоли бу йўриққа бўйсунмади.

Насроний жамиятидан кўпчилик, таҳминан 1000 кишига яқини черковни хавфсиз билиб, оилалари билан ўша ерга жойлашдилар. Аввалги Исроил ва Фаластин тўқнашувиларда бўлганидек, бу сафар ҳам черковларида жон сақлашга қарор қилишган.

Дунёдаги энг қадимги черковлардан бўлган Муқаддас Порфириюс Юнон Ортодокс черкови биносининг Исроил ҳаво зарбасидан зарар кўргани - бутун хавфсизлик ҳиссини йўққа чиқарди.

Қуддусдаги Юнон Ортодокс патриархи бу ҳужумни уруш жинояти деб баҳолади. Исроил қуролли кучлари эса нишон шу яқинда жойлашган Ҳамас ракета отиш марказига қаратилган бўлганини айтади.

Буқадар чорасизликлар ичра эса, черков ҳовлисида 20 октабрда оммавий дафн маросими бўладиган, оқларга ўралган парчаланган таналар ётибди. Ўн саккиз насроний аёл, эркак ва ёш болалар ўлдирилган.

Ишғол остидаги Ғарбий соҳилдаги черковларда Ғазода азият чекаётганлар ва ҳалок бўлганлар ҳаққига дуо қилиди. Исроилнинг рухсат тизими охирги бир неча йилда кўришиб туришга тўғаноқ бўлаётган бўлса-да, кўпчилик ғазолик насронийларнинг у ерда қариндошлари бор.

Ширин Аввард Бейт Саҳурдаги черковда Муқаддас Порфириюс черковида ўлдирилган холаси учун шам ёқади.

"Қалбим қайғуга тўла. Фикр юритишга ҳам ожизмиз, қотиб қолганмиз", дейди у.

Ғазо шаҳрида Шириннинг бўлалари ва поччалари ва черков портлашида оёғидан яраланиб, оғриқсизлантириш дорилари етишмовчилиги сабаб сон суягининг жарроҳлик амалиёти оғриқсизлантиришсиз ўтган яна бир холаси бор. Айтишича, қариндошлари Ғазонинг туб аҳолиси эканликларидан фахрланадилар ва шу пайтгача давом этиб келаётган урушларга қарамай, ўз ерини тарк этмасдан яшаб келадилар.

Ҳар сафар улардан кўчиб кетишни хоҳлайсизми, деб сўраганимизда, улар, албатта йўқ, бу ерлар бизнинг киндик қонимиз тўкилган ерлар дейишади, дейди Ширин. Лекин бу сафар агар тирик қолишса, кетиб-кетмасликларини била олмай туришибди.

Кичик соҳил бўлгасининг насроний аҳолиси узоқ тарихга эга. Қабри черков остида бўлган Муқаддас Порфириюс Ғазонинг бешинчи асрдаги олий мартабали руҳонийси бўлган. Исроил Ғазо бошқарувини тўлиқ қўлига олганидан, хусусан 2007 йилдан бери кўпгина насронийлар бўлгани тарк этишган. Исроил, кўпгина бошқа давлатлар каби Ҳамасни тероррчи гуруҳ деб билади. Миср билан бир қаторда, Ғазо бошқарувини тамоман қўлга олганидан сўнг унга қаттиқ чекловлар қўйди.

Байтуллаҳим Лютеран роҳиби муҳтарам Др Мунтер Исаак Ғазода бўлаётга ҳодисалар уни даҳшат ва ларзага солганини айтади.

Шунингдек, у дунёдаги энг қадим насроний жамоанинг келажаги учун қўрқувда эканлигини айтди.

Ғазо черкови тамсилчилари энг биринчи черковлар йиғилишида иштирок этгани бизга маълум, дейди у.

"Албатта ҳар бир инсон ҳаёти учун хавотирдамиз. Лекин ҳаммаси якун топганидан кейин, шунча асрлик тарихга эга бўлган Ғазо насронийлари Ғазо юзидан йўқ бўлиб кетишидан қўрқамиз".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002