Исроил-Ғазо: Ҳамас 7 октябрдаги Исроилга ҳужумида аёлларни зўрлаган ва бурдалаган, Би-би-сига айтишди - янгиликлар (видео)

Сурат манбаси, BBC/Nik Millard
- Author, Люси Уилямсон
- Role, Би-би-сининг Яқин Шарқдаги мухбири, Қуддус
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Би-би-си 7 октябр кунги Ҳамаснинг ҳужумида аёллар зўрлангани ва бурдаланганини тасдиқловчи гувоҳликларни тинглади ва далилларни кўрди.
ДИҚҚАТ: МАТНДА ДИЛНИ ЎТА ХИРА ҚИЛУВЧИ ЗЎРАВОНЛИК ВА ЗЎРЛАШ ТАСВИРЛАРИ МАВЖУД
Ҳужумда ҳалок бўлганларнинг жасадларини йиғиш ва шахсини аниқлаш билан шуғулланган бир неча киши бизга жинсий зўравонликнинг кўплаб белгиларини, жумладан, тос суяги синиши, кўкаришлар, кесилган ва ёрилган таналарни кўрганини, қурбонлар орасида болалар ва ўсмирлардан тортиб кексаларларгача борлигини айтди.
Исроил полицияси журналистларга кўрсатган "Нова" мусиқа фестивалидаги қирғин гувоҳининг видео кўрсатмасида, гуруҳ бўлиб зўрлаш, тирик танани бурдалаш ва қатл этиш ҳақида сўз борган.
Ҳужум куни Ҳамаснинг ўзи томонидан олинган яланғоч ва қонга беланган аёлларнинг видеолари ва ундан кейин ерда ётган жасадларнинг фотосуратлари аёлларнинг ҳужумчилар томонидан жинсий тажовузга учраганини кўрсатади.
Бир нечта жабрланганларгина кўрганларини айтиб бериш учун тирик қолган деб ишонилади.
Тирик қолганларнинг гувоҳликлари, жасад йиғувчилар, ўликхоналар ходимлари ва ҳужумлар саҳналаридаги кадрлар бир бутун манзарани чизиш имконини беради.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1

Полиция журналистларга ҳужум пайтида "Нова" фестивали майдончасида бўлган аёлнинг даҳшатга тўла гувоҳликлари суратга олинган видеони кўрсатди.
У Ҳамас жангарилари бир аёлни гуруҳ бўлиб зўрлагани, тириклайин танасини қандай кесгани ва охирги зўрлаётган ҳужумчи зўрлаш чоғида аёлнинг бошига отиб ўлдиргани ҳақида гапирган.

Сурат манбаси, BBC/Nik Millard
Видеода "Гувоҳ С" номи кўрсатилган аёл ҳужумчилар бир жабрланувчини қандай қилиб қўлма-қўл қилганини тасвирлаган.
"У тирик эди, - дейди гувоҳ. - Унинг орқа қисмидан қон оқарди."
Гувоҳ ҳужумчилар жабрланувчининг танаси қисмларини қандай қилиб кесиб ташлашганини ҳам батафсил баён қилган.

"Улар унинг кўкрагини кесиб, кўчага ташлашди, - дейди у. - Улар у билан ўйнашди."
Жабрланувчи униформада бўлган бошқа одамга топширилди, дея давом этади у.
"У уни зўрлади, тугатишдан олдин бошига отиб ўлдирди. У ҳатто шимини ҳам кўтаргани йўқ; отди ва ишини тугатди."
Фестиваль ўтган жойда бўлган биз билан гаплашган бир киши "ўлдирилган, зўрланган ва боши танасидан жудо қилинаётган одамларнинг шовқини ва ҳайқириқларини" эшитганини айтди.
У эшитган қичқириқлар бошқа зўравонлик тури эмас, балки айнан жинсий зўравонликка далолат қилишини қандай билганини сўраганимизда, у ўша пайтда уни тинглаб, бу фақат зўрлаш бўлиши мумкинлигига ишонганини айтди.
У ўзига ёрдам кўрсатаётган ташкилот орқали берган баёнотида буни "ғайриинсоний" деб таърифлаган.
"Баъзи аёллар ўлдирилишдан олдин зўрланган, баъзилари жароҳатланган ҳолда зўрланган, баъзиларида эса террорчилар аллақачон ўлган танани зўрлаган", дейилади унинг баёнида. "Мен ёрдам беришни жуда хоҳлардим, лекин ҳеч нарса қила олмасдим."

Сурат манбаси, BBC/Dave Bull
Полиция жинсий зўравонлик ҳақида "кўп" гувоҳликлар борлигини айтди, аммо қанча экани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. Биз улар билан гаплашганимизда, улар ҳали тирик қолган жабрланганлар билан суҳбатлашмаган эди.
Исроилнинг Аёллар имкониятларини кенгайтириш вазири Мей Голаннинг Би-би-сига айтишича, зўрлаш ёки жинсий тажовуз қурбонлари бўлган бир неча аёлгина омон қолган ва уларнинг барчаси ҳозирда психолог ёрдамига муҳтож.
"Лекин улар сони жуда, жуда кам. Аксарияти шафқатсизларча ўлдирилган, - дейди у. - Улар мен билан ҳам, ҳукуматдан (ёки оммавий ахборот воситаларидан) ҳеч ким билан гаплаша олмаяпти."
Ҳамас томонидан суратга олинган видеолар орасида қўллари кесилган ва шимида катта қон доғи билан гаровга олинган қўли кишанланган аёл тасвири бор.
Бошқаларида, қуролланганлар томонидан олиб кетилаётган аёллар бутунлай ёки ярим яланғоч кўринади.
Ҳужумдан сўнг воқеа жойида олинган кўплаб фотосуратларда уст-бошсиз ёки ички кийимлари йиртилган, оёқлари керилган, жинсий аъзолари ва оёқларида жароҳат излари бор аёллар жасадлари акс этган.
"Ҳамас аёллар танасидан қурол сифатида фойдаланишни Ироқдаги ИШИДдан (Исломий давлат гуруҳи) ва Босния воқеаларидан ўрганганга ўхшайди", дейди Яҳудий университети қошидаги Дэвис халқаро алоқалар институти ҳуқуқшуноси доктор Кочав Элкаям-Леви.
"Улар аёлларга нима қилиш кераклиги ҳақида билган: аъзоларини бурдалаш, жинсий аъзоларини кесиш, зўрлаш. Бу ҳақда эшитиш даҳшат".

Сурат манбаси, BBC/Dave Bull
"Зўрлашларга гувоҳ бўлгани туфайли жуда оғир психиатрик ҳолатда касалхонага ётқизилган камида уч қиз билан гаплашдим, - дейди вазир Мей Голан менга. - Улар ўзини ўликка солган, барига гувоҳ бўлган ва ҳамма нарсани эшитган."
Исроил полицияси бошлиғи Яаков Шабтайнинг айтишича, ҳужумлардан омон қолганларнинг кўпчилиги гапиришга қийналмоқда ва баъзилари кўрганлари ёки бошдан кечирганлари ҳақида ҳеч қачон гувоҳлик бермаслиги тайин.
"18 нафар йигит-қиз руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди".
Бошқалар эса ўз жонига қасд қилгани хабар қилинади. Омон қолган гуруҳлар билан ишлаганлардан бирининг Би-би-сига айтишича, баъзилари аллақачон ўз жонига қасд қилган.
Кўпгина далиллар ҳужумлардан сўнг жасадларни тўплаган кўнгиллилар, шунингдек, Шура ҳарбий базасига келиб, жасадлар шахсини аниқлаш билан шуғулланганлардан олинган.
Жасад тўпловчилардан бири, "Зака" диний ташкилоти кўнгиллилари менга қийноқлар ва жароҳатлар аломатларини, жумладан, ўлдирилишидан олдин қорни кесиб очилган ҳомиладор аёлни ва пичоқланган ҳомилани кўрганини айтди.
Би-би-си бу маълумотни мустақил равишда тасдиқлай олмайди. Исроил ОАВлари ҳам Ҳамас ҳужумларидан кейин ишлаган кўнгиллиларнинг айрим гувоҳликларига шубҳа қилган.
Яна бири, Нахман Дикштейна, Киббуц Бееридаги тўшакда қўллари ва оёқлари боғланган икки аёл жасадларини кўргани ҳақида ёзма гувоҳлик берди.
"Бир аёлнинг жинсий аъзосига пичоқ тиқилган ва барча ички аъзолари суғуриб олинган эди", дейилади унинг баёнотида.
Унинг сўзларига кўра, фестиваль ўтказиладиган ҳудуддаги пана жой "кўплаб аёллар билан тўлдирилган. Уларнинг кийимлари тепаси йиртиқ, лекин пастки қисми бутунлай яланғоч. Жасадлар тўпланиб ётибди. [...] Уларнинг бошларига диққат билан қарасангиз, ҳар бирининг миясига биттадан ўқ узилганини кўрасиз."
Кўнгиллилар ҳужум жойларида юзлаб жасадларни тўплаган.

Сурат манбаси, BBC/Dave Bull
Терговчиларнинг тан олишларича, ҳужумлардан кейинги дастлабки тартибсиз кунларда, баъзи ҳудудлар ҳали ҳам уруш ҳудуди бўлган. Шунинг учун жиноят жойларини батафсил ҳужжатлаштириш ёки суд-тиббиёт далилларини тўплаш имкониятлари чекланган эди.
"Биринчи беш кун давомида террорчилар Исроилда эди, - деди Мей Голан. - Ҳамма жойда юзлаб жасадлар ётарди. Улар ёндирилган, аъзолари кесиб ташланган аҳволда эди".
"Бу оммавий қирғин бўлган", дейди полиция вакили Дин Элсданн брифингда журналистларга.
"Биринчи вазифа жиноят жойини текшириш эмас, балки қурбонлар шахсини аниқлаш эди. Одамлар ўз яқинларига нима бўлганини билишни истаётганди".
Жасадлар шахсини аниқлаш учун келган армиянинг Шура базаси ходимлари терговчиларга энг муҳим далилларни берган.
Бу далил жасадларни аниқлаш учун базага ўрнатилган вақтинчалик чодирлар ва музлатгичли юк контейнерларидан олинган.
Биз етиб борганимизда, ўликлар солинган контейнерлар рўпарасида темир ромли касалхона замбил аравалари тизилиб турарди; навбатчиларнинг оқ пластик комбинезонлари чироқлар ёруғида ялтирарди.
Исроилнинг Ғазо секторини бомбалаши давом этар экан, тепадан қирувчи учоқлар овози эшитилиб турарди
Бу ерда ишлаётган жамоалар бизга жасадларда зўрлаш ва жинсий тажовузга ишора қилувчи аниқ далиллар борлигини, шу жумладан, узоқ муддат зўравонлик натижасида тос суяклари синганини кўрганликларини айтишди.
"Биз барча ёшдаги аёлларни кўрдик, - деди суд-тиббиёт гуруҳининг заҳирадаги аскарларидан бири капитан Мааян Би-би-сига. - Зўрланиш қурбонлари бор эди. Зўравонликка учраган аёллар бор эди. Бизда патологлар бор, кўкарган таналарни кўрдик, кесилган, жароҳатланган таналар ва биз улар жинсий тажовузга учраганини биламиз."
Мен ундан жасадларнинг қанча қисмида шундай аломатлар бор деб сўрадим.
"Кўп, - деди у. - Кўплаб ҳар хил ёшдаги аёллар ва қизлар."

Сурат манбаси, BBC/Dave Bull
Жабрланганлар сонини аниқлаш қийин, бу қисман жасадларнинг ҳолатига боғлиқ.
"Албатта, кўп, - деди бошқа бир аскар, фақат исминигина айтишни сўраган Авигайил. - Айтиш қийин. Мен бир нечта куйган жасадлар билан шуғулландим ва улар нимадан ўтганини олдиндан билмайман. Пастки ярми йўқ жасадлар бор, улар ҳам зўрланганми ёки йўқ, билмайман. Лекин аниқ зўрланган аёллар борми? Ҳа, бор, етарлидан ҳам ортиқ".
Доктор Элкаям-Леви менга: "Баъзида жасаднинг жуда кичик қисми қолади, - дейди. - Эҳтимол, бармоқ, оёқ ёки қўл. Уларнинг шахсини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда. Одамлар ёниб кулга айланган. Ҳеч нарса қолмаган. [...] Фикримча, қанча ҳолатлар бўлганини ҳеч қачон билмаймиз."
Шахсий суҳбатларда, бу ерда ишлаётганларнинг баъзилари "ўнлаб" қурбонлар ҳақида гапиради, лекин тезда далиллар тўпланиб, аниқлаштирилишини айтади.
Доктор Элкаям-Леви бошчилигидаги фуқаролик комиссияси 7 октябрда содир бўлган воқеалар инсониятга қарши жиноятлар билан тенглаштирилган тизимли зўравонлик эканлигини халқаро тан олишга чақирди.
"Биз маълум тартибли белгиларни кўряпмиз, - деди у менга. - Демак, бу бахтсиз ҳодиса эмас, тасодиф эмас эди. Улар бу ерга аниқ буйруқлар билан келишган. Бу зўрлаш кўринишидаги геноцид эди".
Авигайил Шура базасига олиб келинган жасадларда ҳам таҳқирлаш худди шундай бўлган деган фикрга қўшилади.
"Бир жойдан олиб келинган жасадларнинг ҳаммасида бир хил муносабат белгилари бор", дейди у.
"Бир гуруҳ аёллар бор бир хилда зўрланган ва яна бир гуруҳи бир хилда отиб ташланган. Шундай тарзда террорчиларнинг турли гуруҳлари шафқатсизликнинг турли шаклларини қўллаган кўринади.
Полиция бошлиғи Яаков Шабтай журналистларга "Бу қасддан қилинган, тизимли иш бўлган" деди.

Сурат манбаси, BBC/Dave Bull
Терговда иштирок этаётган Исроилнинг кибержиноятларга қарши кураш бўлими ходими Дэвид Кац журналистларга жинсий зўравонлик ҳужум режасининг бир қисми бўлганини исботлашга ҳали эрта эканлигини, бироқ Ҳамас ҳужумчилари телефонларидан олинган маълумотлар "буларнинг барчаси тизимли бўлган"ига далолат қилишини айтди.
"Биз буни аллақачон исботладик дейиш шошқалоқлик бўлар эди [...], лекин у ерда ҳамма нарса тизимли равишда амалга оширилгандек кўринади, - деди у. - Ҳеч нарса тасодифан содир бўлмаган. Зўрлашлар тизимли эди".
Исроил ҳукумати Ҳамас жангариларидан жинсий зўравонлик режалаштирилганини тасдиқловчи ҳужжатлар топилганини таъкидламоқда. У қўлга олинган баъзи жангариларнинг сўроқ пайтидаги тасвирларини эълон қилди. Уларда аёллар шу мақсадда атай нишонга олингани айтилган.
Ўтган ҳафта БМТ Аёллар ташкилоти Ҳамаснинг шафқатсиз ҳужумларини қоралади ва "бу ҳужумлар пайтида гендер асосида ваҳшийлик ва жинсий зўравонлик ҳақидаги кўплаб хабарлардан хавотир" билдирди.
Доктор Элкаям-Леви халқаро аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари унинг қўллаб-қувватлов чақириғига жавоб бериши жуда кўп вақт олганини айтди.
"Бу инсоният билган энг ҳужжатлаштирилган ваҳшийлик", деди у менга.
"7 октябрдаги Исроил илгариги мамлакат эмас", деди полиция бошлиғи Яаков Шабтай.
Шурадаги шахсни аниқлаш бўлими капитан Мааян бу ердаги аёллар билан содир бўлган даҳшатлар орасида "ўша куни эрталаб киприкларидаги маскара ёки тақилган сирғаларни" кўргани энг оғир лаҳзалар эканини айтади.
Мен аёл сифатида буни қандай ҳис қилганини сўрайман.
"Террор, - деб жавоб берди у. - Бу бизни қўрқитади."
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














