Фаластин - Исроил можароси ечими икки давлат тузишми? Dunyo Yangiliklar (видео)

Фаластинни Озод қилиш ташкилоти раиси Ёсир Арофат(ўнгда) Исроил Бош вазири Исҳоқ Рабин(чапда) қўлини сиқмоқда. АҚШ Президенти Билл Клинтон ўртада турипти. 1993 йил 13 сентябр, Вашингтон, Оқ Уй.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Фаластинни Озод қилиш ташкилоти раиси Ёсир Арофат(ўнгда) Исроил Бош вазири Исҳоқ Рабин(чапда) қўлини сиқмоқда. АҚШ Президенти Билл Клинтон ўртада турипти
    • Author, Мартин Ассер, Ламис Алталибий ва Поль Кузиак
    • Role, BBC News Араб хизмати
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми, шундан кейин Исроилнинг авиазарбалари ва Ғазога қуруқликдан бостириб кириши Исроил-Фаластин можаросига барҳам берадиган келишув муқаддимаси бўлиши ҳам мумкин. Аммо икки давлат ечими (Бир вақтда икки давлат - Фаластин ва Исроилнинг мавжуд бўлиши) тарафдорлари октябрь ойида бошланган уруш икки давлат қуриш ишини кутилмаганда илгари силжитганини айтмоқда.

7 октябрь даҳшатларидан икки ҳафта олдин Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу БМТ Бош Ассамблеясида чиқиш қилиб, Исроил ва унинг араб қўшнилари ўртасида "янги тинчлик даври бошлангани"ни эълон қилди.

Алоқадор мавзулар:

"Эксперт деб аталмишларнинг"нинг "ёндашувлари" ҳукмронлик қилган чорак аср давомида - Исроил ва келажакдаги Фаластин давлатлари Иордан дарёси ва Ўрта ер денгизи оралиғидаги ерни бўлишишига асосланган икки давлат ечими музокаралари "бирорта ҳам тинчлик битимига" олиб келмади, деди Нетаняҳу.

"2020 йилда мен илгари сурган ғоя асосида биз жуда қисқа вақт ичида ажойиб ютуқларга эришдик. Тўрт ой ичида тўрт араб давлати билан тўртта тинчлик шартномаси имзоланди!"

Булар АҚШ воситачилигидаги бир қанча тинчлик музокаралари барбод бўлгач, Трамп маъмурияти воситачилик қилган "Иброҳим келишувлари" эди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

2px presentational grey line

Иброҳим келишувлари 2020:

  • 15 сентябрь - Исроил-БАА ўртасида муносабатларни нормаллаштириш ҳақидаги келишув ва Баҳрайн-Исроил ўртасидаги нормаллаштириш келишуви
  • 22 декабрь - Исроил ва Марокаш ўртасида муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишув
  • 24 декабрь - Исроил ва Судан ўртасида муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишув

Олдинги Араб-Исроил келишувлари:

  • 1979 йил 26 март - Миср ва Исроил ўртасида тинчлик шартномаси.
  • 1993 йил 13 сентябрь - I Осло келишуви (Исроил-Фаластин Озодлик ташкилоти - ФОТ).
  • 1994 йил 26 октябрь - Исроил ва Иордания ўртасида тинчлик шартномаси.
  • 1995 йил 24 сентябрь - II Осло келишуви (Исроил-ФОТ).
2px presentational grey line

Бу битимлар фаластинликларни "Исроилни йўқ қилиш хаёлидан воз кечишга ва ниҳоят чинакам тинчлик йўлига киришга" кўндиради, деди Бош вазир.

Кейин у "Янги Яқин Шарқ" харитасини кўтариб, Фаластиннинг таслим бўлиши ва икки давлат ечими бўлмаслигига ишора қилди.

Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу БМТ қароргоҳида. 2023 йил 2 сентябр фотоси

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Бенжамин Нетаняҳу Фаластин давлатисиз Араб қўшнилари билан сулҳга тузмоқчи, ана шу мақсади ифодаланган харита чизиб ҳам кўрсатди.

Айни пайтда, Байден маъмурияти Исроил-Фаластин можаросини ҳал қилиш учун АҚШнинг сўнгги олдинги етти президентларига қараганда камроқ куч сарфлади деб ҳисобланади.

Февраль ойида Давлат департаменти икки давлат ҳақида қилган баёнотида лойиҳа "амалга ошишдан узоқдек" кўринди, аммо АҚШ "умид қилади" деди. Энтони Блинкеннинг сентябрь ойида Исроил ва Фаластин раҳбарларига қилган мурожаатларида сиёсий формула мутлақо йўқ эди.

Кўп нарса ўзгарди.

"Қўшма Штатлар энг яхши ва ягона ечим икки давлат қуриш эканлигига ҳозир ҳам ишонади", деди давлат котиби 3 ноябрь куни Исроилда.

Бироқ бундан 25 йил аввал тинчликка тўсқинлик қилган қарама-қаршиликлар, тўсиқлар янада мураккаблашди.

Тинчликка умид нега сўнди?

Икки давлат келишуви учун асос Исроил ва Ёсир Арофатнинг Фатҳ партияси бошчилигидаги Фаластин Озодлик ташкилоти 1993 йилда Норвегия воситачилигидаги норасмий музокаралардан сўнг ўзаро бир-бирларини тан олишга рози бўлганидан кейин ишлаб чиқилган.

Бироқ, Осло жараёни деб аталадиган бу жараён ҳеч қачон якунига етиб бормади ва ўзидан янада чигалроқ муаммоларни қолдирди.

"Тинчлик учун ер" келишувига кўра Исроил 1967 йилги урушда босиб олган ҳудудда Фаластин маъмуриятининг (ФМ) ўз-ўзини бошқаришини жорий қилди.

Аммо ҳарбий ишғол ва яҳудийларни бу ҳудудларга жойлаштириш давом этди ва "доимий мақом масалалари" кейинги музокаралар учун қолдирилди.

Буларга 1948 йилда биринчи Араб-Исроил уруши пайтида ва 1947 йилда БМТ ҳудудни бўлиш учун овоз берганидан кейин Исроилдан кетган фаластинлик қочқинларнинг мақоми киради. 1967 йили Шарқий Қуддуснинг ҳам Исроил томонидан ишғол этилиши вазиятни янада мураккаблаштирди, чунки бу ҳудудда ҳар икки томон ўзиники ҳисоблайдиган муқаддас қадамжолар бор.

Кўп йиллик дипломатик уринишлардан сўнг, 2000 йилда Президент Клинтон мезбонлик қилган Кемп Дэвиддаги саммит чоғида бу масалалар ниҳоят ҳал қилинди, аммо Исроил Бош вазири Эҳуд Барак ва ФМ президенти Арофат тўла келиша олмади.

Улар муваффақиятсизлик учун бир-бирини айблади. Исроил ва АҚШ расмийларининг айтишича, Арофат ўзи эришган энг муҳим келишувдан тонган. Фаластинликлар Шарқий Қуддусни ўзларига пойтахт сифатида бериш каби талаблар қондирилмагани учун бу келишувни сохта деб аташган.

Танқидчилар таъкидлашича, Исроил ўзининг асосий душманини зарарсизлантириш мақсадига аллақачон эришган эди. Хўш, нега у шунчалик кўп сармоя киритган ҳудуддан воз кечиши керак, фаластинликлар яшайдиган ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш ФМга топширилиши керак?

Арофат заиф позицияда туриб музокара олиб борди, Америка эса Исроил билан жуда яқин муносабатларга эга эди.

Икки давлат ечими йўлида енгиб бўлмас бошқа муҳим тўсиқлар ҳам бор эди.

1987 йилда Ғазо секторида асос солинган Исломий қаршилик ҳаракати "Ҳамас" ўзига мухолиф партия Фатҳнинг тинчлик музокараларини қабул қилмади ва 1994 йилда музокараларни издан чиқариш учун худкушлик ҳужумлари уюштирди.

Диндор келгинди яҳудийлар ҳам Худо "ўзларига ваъда қилган" ерларда яҳудийларни кўпайтиришга уринди.

АҚШ Президенти Клинтон, Исроил Бош вазири Барак ва Фаластин раҳбари Ёсир Арофат 2000 йил 25 июлида Кемп Дэвидда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, 2000 йилдаги Кемп Дэвид музокаралари фаластинликлар хоҳлаётган ва Исроил таклиф этаётганлари ўртасидаги жарликка кўприк бўлолмади

Осло музокараларидан сўнг нима бўлди?

2000 йилда Иккинчи Интифада деб номланган Фаластин қўзғолони бошланиши билан Исроил сиёсати маркази сезиларли даражада ўнгга силжиди.

Ишғол остидаги ҳудудларга бориб ўрнашаётган яҳудий келгиндиларининг ҳуқуқлари учун чақириқлар овози баландлай бошлагач, Осло музокараларида муҳим роль ўйнаган Исроил Меҳнат партияси мавқеи пастлаб кетди.

Animated graphics showing Israeli Parliament seats in 1992, 2003, 2013, and 2022

Сайловчилар ўнг қанот "Ликуд" партияси вакили ва Арофатнинг муросасиз рақиби бўлмиш Ариэл Шаронга умид билдирди.

Исёнкор Фаластин аҳолисига қарши Исроил ҳарбий кучлари ташланди. Шароннинг ҳукумати фаластинликларни Исроилдан ва Ғарбий Соҳилдаги баъзи аҳоли пунктларидан ажратиб турувчи тўсиқ ўрнатди. Арофат 2004 йилда ўлимидан сал аввал Рамаллоҳда ҳибсга олинган эди.

Шарон Ғазонинг 1,5 миллион фаластинлик аҳолиси орасида яшовчи бир неча минг яҳудийни Исроилга ўтказди ва Ғазони периметр бўйлаб ихоталаб қўйди. Ғарбий Соҳилдаги тўртта алоҳида аҳоли пункти ҳам эвакуация қилинди.

"Ажратиш" режаси оқибатлари жуда катта эди: унинг мақсади Исроил ҳудудидаги кўпчилик яҳудийларни аҳоли зич жойлашган Фаластин ҳудудидан ажратиш орқали ҳимоя қилиш эди.

Шароннинг бош маслаҳатчиси журналистга сиёсий музокараларни тўхтатиш учун "зарур миқдорда формалдегид" берилганини айтди.

Бироқ, бу чоралар Ликудни иккига бўлиб юборди, натижада келгиндиларни жойлаштириш тарафдорлари ундан бегоналашди. Шарон 2006 йилги сайловларда қатнашиш учун янги партия тузди.

Сайловдан бир неча ҳафта олдин Шарон миясига қон қуйилиб, комага тушиб қолди, биз эса Ғарбий Соҳилда аниқ қандай режа қилинганини билмай қолдик. Нима бўлганда ҳам уни амалга оширишга Шароннинг имконияти бор эди.

Арофатнинг вориси Маҳмуд Аббос "ажратиш"ни Осло тамойилларига хиёнат сифатида қоралаган бўлса, Ғазо секторидаги Ҳамас буни маъқуллаб, қаршилик кучлари ғалабаси сифатида баҳолади.

Аммо Миср ва Исроил Ғазо қуршовини қаттиқлаштирди ва зўравонлик мунтазам кучайиб борди. Жангарилар рейдлари, Исроилга ракета ҳужумлари ва қарши авиазарбалар билан зўравонликлар кучайиб борди.

Айни пайтда Ғарбий Соҳилда ҳам Ҳамас кучайиб борарди.

2006 йилги Фаластин Маъмурияти парламент сайловларида Ҳамас Фатҳдан кўнгли қолган сайловчиларнинг аксар овозларини ютиб олди.

ФМ олган мажбуриятларни бажаришга, зўравонликни тўхтатишга ва Исроилни тан олишга мажбурлаш учун Ҳамасга халқаро босим ўтказилди. Аммо Ҳамас бу босимларга кўнишга тайёр эмас эди.

Ҳамас ФМни Ғазодан қувиб чиқарди. Натижада Ғазо Фатҳ томонидан бошқариладиган Ғарбий Соҳилдан ажралиб қолди.

Аммо Ҳамаснинг позицияси ўзгариб тургани, зўравонликни узоқ муддатга тўхтатиш бўйича таклифлар ва 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган ҳудудда давлат тузиш мумкинлиги ҳақидаги таклифлар билан сиёсий музокараларга ишоралар ҳам бор эди.

Аммо Ҳамас Исроилни йўқ қилиш ҳақида ўз низомидаги бандни ўзгартирмади. Исроил ҳам Ғарбий соҳилда яҳудий келгиндилари сонини орттира борди.

Вақт ўтиб, Ҳамас Ливандаги иттифоқчиси Ҳизбуллоҳ қўллови билан Ғазода ҳарбий қувватини ошира борди.

Янгича парадигмалар

7 октябрь ва ундан кейинги воқеалар Исроил-Фаластин муаммосини глобал диққат марказига қайтарди, шу аснода бир қанча янги омиллар ўртага чиқди.

Ғазо бўлгасидаги тинч аҳоли учун қандай оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, Исроил томони Ҳамас йўқ қилиниши кераклигига қатъий аҳд қилган.

Нетаняҳунинг ўнг қанот тарафдорлари муҳокамаларида Ғазо аҳолисини бошқа жойга доимийга кўчириш ҳақида сўз бормоқда. Фаластин учун бу яна бир "Накба", яъни ҳалокатни англатади. 1947 йил охирги ойларидан 1949 йил бошларигача 700 000 га яқин фаластинлик Исроилдан қочқинга айланган ва бу "Накба" деб аталган эди.

Бош вазир Нетаняҳу сиёсати апартеид режими яратишидан қўрққан Исроилнинг сўл сиёсатчилари назарида, Ҳамас ўртадан олиб ташланса, Ҳамас, ФМ ва Исроил учлиги ўрнига, ФМ ва Исроил иккилиги тикланади. Бу эса икки давлат лойиҳасини яна кун тартибига чиқаради.

Меҳнат партиясининг собиқ аъзоси Абраҳам Бургнинг Би-би-сига айтишича, исроилликлар ва фаластинликларга "ҳозирги шок" таъсиридан қутилиш учун вақт керак бўлади, шундан кейин қон тўкилишини барқарор тўхтатишга имкон берувчи икки давлат ечими ҳақида ўйлаш мумкин.

"Қайси сиёсий формула узоқ муддатли тинчликни таъминласа, исроилликларнинг аксарияти шуни қабул қилади", дейди у.

Ғазога қилинган ҳужумни бошдан кечираётган, Ғарбий Соҳилда келгиндилар зўравонлиги ва ҳарбий босимдан азият чекаётган ёки телевидение ва ижтимоий медиа орқали воқеалар ривожини кузатаётган фаластинликлар турлича муносабатда бўлиши мумкин.

Араб дунёси тадқиқот ва тараққиёт ташкилоти 31 октябрдан 7 ноябргача Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги фаластинликлар ўртасида ўтказган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 68 фоизи икки давлат ечимини қўллаб-қувватламаслигини айтган.

Фаластинликлар ўз тақдирларига нисбатан халқаро қўллаб-қувватлаш кучайиб бораётганидан хабардор. Reuters/Ipsos сўрови кўрсатишича, ёш америкаликлар Исроилни катта авлодга қараганда камроқ қўллаб-қувватламоқда. 40 ёшгача бўлган респондентларнинг 40 фоизи АҚШ нейтрал воситачи бўлиши кераклигини айтган.

2023 йилги воқеалар Исроилга тинчлик музокаралари бош ҳомийси сифатида Вашингтон ҳимоя таъсири остида ўтган ўттиз йил давомида ҳис қилганидан кўра кўпроқ босим бўладими ёки йўқ, буни айтишга ҳали эрта.

Бироқ, ҳали ҳам тинчликка интилаётган фаластинликлар учун келажакдаги Фаластин давлати бўйича очиқ музокараларга қайтиш иложи йўқ.

"Агар мақсадлари жиддий бўлса, аниқ ҳаракатлар бўлиши керак, биринчи галда Исроил чегараларини белгилаб, босқинчиликка барҳам бериш керак", дейди ихтилофларни ҳал қилиш бўйича ихтисослашган олим Далал Ирикат.

"Тинчлик жараёни ҳақидаги Америка риторикасини такрорлашда давом этсак, бу ҳеч қачон амалга ошмайди."

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.