Янгиликлар: Ғазога кирган Исроил аскарлари жиддий касалликка чалинмоқда Isroil G‘azo Yangiliklar

Iqtibos

Исроил аскарлари орасида юқумли касаллик тарқалмоқда.

Алоқадор мавзулар:

"Жиддий" хасталик

Ғазодаги айрим Исроил аскарлари орасида "шигелла" деб аталган жиддий йўғон ичак касаллиги тарқалмоқда.

Исроилдаги шифокорлар айтишича, мамлакатнинг Ғазодаги ердан ҳужамида иштирок этаётган айрим аскарлари "шигелла" деб аталган оғир ичак касаллигидан азият чекяпти.

Бунинг сабаби санитар шароитнинг ёмонлиги ва уруш майдонида таомларнинг доим ҳам хавфсиз бўлмаслиги экани айтилмоқда.

Шигелла Исроил қўшинлари орасида қандай тарқалди?

infografika

Сурат манбаси, .

Ассута Ашдод университети касалхонаси юқумли касалликлар бўлими директори доктор Тал Брохнинг айтишича, Исроил мудофаа кучларининг (ИМК) бир неча шифокори Ғазо секторида хизмат қилаётган аскарлар орасида оғир ичак касалликлари тарқалгани ҳақида хабар беришган.

Унинг айтишича, бу касаллик шигелла деб ташхисланган.

G'azodagi Isroil harbiylari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил аскарлари дўстлари ва қариндошлари юборган овқатдан шигелла билан касалланаётган бўлиши мумкин.

Бу касаллик юққан аскарлар изоляция қилинади ва даволаниш учун қайтарилади.

Доктор Брохнинг айтишича, эпидемиянинг "аниқ сабабларидан" бири Исроил фуқаролари тайёрлаб, Ғазодаги қўшинларга юборган озиқ-овқатдир.

Унинг айтишича, озиқ-овқат шигелла ва бошқа зарарли бактериялар билан ифлосланган бўлиши мумкин, сабаби у ташиш вақтида совутилмаган ёки истеъмол қилишдан олдин тўлиқ қиздирилмаган.

"Аскарларда диарея пайдо бўлгач, жанг майдонидаги ёмон санитария шароитлари туфайли у одамдан одамга юқиши мумкин", дейди у.

Доктор Брохнинг айтишича, қўшинларга фақат консервалар, крекерлар, оқсил печеньелари ва ёнғоқлар каби қуруқ мевалар юборишлари керак.

Шигелла нима ва унинг белгилари қандай?

Шигелла бактериялар штаммидир. Танага киргач, шигеллоз деб аталадиган дизентерия турини келтириб чиқаради.

Унинг белгилари:

  • юқори ҳарорат
  • қонли ёки узоқ давом этадиган диарея
  • қаттиқ ошқозон санчишлари ёки заифлашиш
  • сувсизланиш

Соғлиғи ёмон ёки иммунитети ОИВ каби касалликлар туфайли заифлашган одамлар бу аломатлардан узоқ вақт азият чекиши мумкин.

Шигелла даволанмаса, жиддий касаллик ёки ҳатто ўлимга олиб бориши мумкин.

Бактериялар қон оқимига кирганда, ўлим хавфи айниқса ортади. Болалар, ОИВ, қандли диабет ёки саратон касаллигига чалинганлар ва тўйиб овқатланмайдиганлар айниқса бу касаллик олдида ожиздир.

Шигелла қандай тарқалади?

Isroil tanklari

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) маълумотига кўра, шигелла инфекцияланган одамнинг нажаси билан бевосита ёки билвосита контакт орқали "осон" тарқалади.

Бу қуйидагилар натижасида бўлиши мумкин:

  • шигелла билан касалланган одам тайёрлаган овқатни истеъмол қилиш
  • чиқинди сув билан ифлосланган ичимлик суви
  • ҳожатхона қисмлари ёки шигелла билан ифлосланган бошқа нарсалар билан контакт.
  • шигелла билан касалланган боланинг таглигини алмаштириш
  • инфекцияланган одам билан жинсий алоқада бўлганда

Шигелла кўпинча уйсизлар, сайёҳлар ва танасида иммунитет даражаси паст бўлганлар орасида топилади.

Шигелла дунёнинг қаерида кенг тарқалган?

Somalilik bolakayni davolayotgan Amerika harbiysi

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шигелла, айниқса, Саҳрои Кабир ва Жанубий Осиёда кенг тарқалган.

CDC маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб шигелла инфекциясига 80 дан 165 миллионгача бўлган одам чалинади, 600 000 киши ўлим шу касаллик туфайли оламдан ўтади.

2022 йилда ЖССТ шигелла инфекцияларининг 99 фоизи паст ёки ўрта даромадли мамлакатларда учрашини айтади.

Шигелладан ўлимнинг аксарияти Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка ва Жанубий Осиёда содир бўлади ва тахминан 60 фоизи беш ёшгача бўлган болаларда учрайди.

Жанубий Кореядаги Халқаро Вакцина Институти олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот кўрсатадики, шигеллоз Бангладеш, Хитой, Покистон, Индонезия, Вьетнам ва Таиланд каби Осиё мамлакатларида саноати ривожланган мамлакатларга қараганда юз баравар кўп учрайди.

Шигеллани қандай даволаш ёки олдини олиш мумкин?

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) шигеллани тез-тез қўл ювиш орқали олдини олиш мумкинлигини айтади, масалан:

  • таом тайёрлаш ёки овқатланишдан олдин;
  • ҳожатхонага борганингиз ёки тагликни алмаштирганингиздан кейин;
  • жинсий алоқадан олдин;

Кўп миқдорда сув ичиш ва дам олиш орқали ҳам даволаниш мумкин.

Ушбу касалликка қарши беш турдаги антибиотик самара беради.

Бироқ, АҚШ соғлиқни сақлаш расмийлари Shigella XDR ёки Shigella sonnei деб номланган антибиотикларга чидамли Шигелла бактерияларининг штаммини аниқлашди.

CDC маълумотларига кўра, 2022 йилда Қўшма Штатлардаги шигелла ҳолатларининг беш фоизи дориларга чидамли штамм билан боғлиқ. Ташкилот буни "жамоат саломатлигига жиддий таҳдид" деб атади.

Шунингдек, ЖССТ 2020 йилдан бери Буюк Британияда ва бутун Европада XDR штамми билан боғлиқ ҳолатлар сони кўпайганини кузатди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002