Ғазо: Мажруҳ, оч ва ёлғиз ёки ‘ракета шундоқ онамнинг қўйнига келиб тушди…’ - болалар уруш ваҳшатларидан даҳшатда. Video Isroil G‘azo Yangiliklar

Диққат: Мақолада дилни хира қилувчи тасвирлар бор.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар: Исроил Ғазо урушида сунъий ақлни ишга солмоқда - ўлдириш қарорини энди ким беради?
- Исроил ва Фаластин аҳолиси энг даҳшатлиси ҳали олдинда бўлиши мумкинлигидан қўрқиб яшамоқда
- Янгиликлар. Бунақаси бўлмаган: Ҳамас орқасида ким турибди, Исроилни енгиб бўладими, у ердаги ўзбекларга нима бўлди ва Шавкат Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди?
- Исроил-Ғазо уруши: олов қуршовида қолган олти яшар Ҳинд Ражабнинг тақдири нима бўлди?
Иоланда Нелл
BBC News, Қуддуси Шариф
Ғазодаги уруш даҳшатлари орасида туғилган инкубатордаги бир ойлик қиз чақалоқ ота-она қучоғини кўрмаган.
Унинг онаси Ҳанна Исроил ҳаво ҳужуми натижасида ўлгач, болани ундан кесерча йўл билан кесиб олишган.
"Биз уни шунчаки Ҳанна Абу Амша деб атадик", дейди марказий Ғазодаги Дайр ал-Балаҳда жойлашган ал-Ақсо касалхонасидаги чақалоққа қараётган ҳамшира Варда ал-Ававда.
Жанглар натижасида юзага келган тартибсизликда бутунбошлик оилалар деярли йўқ бўлиб кетган, шифокорлар ва қутқарувчилар кўпинча етим қолган болаларга ғамхўрлик қилишда қийналади.
"Биз унинг оиласини йўқотиб қўйдик, - дейди ҳамшира. - Унинг қариндошларидан ҳеч ким келмади, отасига нима бўлганини ҳам билмаймиз."
Ғазонинг 2,3 миллионлик аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этувчи болаларнинг ҳаёти шафқатсиз уруш туфайли барбод бўлди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Фаластин соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, Исроил тинч аҳолининг қурбон бўлишига йўл қўймасликка, жумладан, эвакуация бўйича буйруқлар беришга ҳаракат қилаётганини айтса ҳам, 18 ёшгача бўлган 11500 дан ортиқ бола ҳалок бўлган. Кўпроғи жароҳат олган ва бу жароҳатлар уларнинг бутун ҳаётини ўзгартириб юборадиган даражада катта.
Аниқ рақамларни айтиш қийин, бироқ 24 000 дан ортиқ болалар отаси ёки онаси ёки ҳар иккисини йўқотган, дейилади Европа-Ўрта ер денгизи Инсон ҳуқуқлари мониторинги ҳисоботида.

10 ёшли Иброҳим Абу Мусс уйига ракета тушиши оқибатида оёқлари ва қорнидан жиддий жароҳат олган. Аммо у марҳум онаси, бобоси ва синглиси учун йиғламоқда.
"Улар менга касалхонанинг юқори қаватида даволанаётганликларини айтишарди", дейди Иброҳим отаси унинг қўлини ушлаб турар экан.
"Аммо мен отамнинг телефонидаги суратларни кўриб, бор ҳақиқатни билдим. Шунчалик йиғладимки, бутун баданим қақшади".
Ҳусайн оиласига мансуб амакиваччалар бир пайтлар бирга ўйнашган, аммо ҳозир улар Ғазо марказидаги болалар уйига айланган мактаб олдида, баъзи қариндошлари дафн этилган қумли қабрлар ёнида маҳзун ўтиришибди. Уларнинг ҳар бири ота-онасидан бирини ёки иккаласини йўқотган.
"Ракета онамнинг тиззасига тушиб, танаси парча-парча бўлиб кетди. Биз бир неча кун давомида уй вайроналари остидан унинг жасади қисмларини топдик", дейди Ал-Бурейж қочқинлар лагерида яшаётган Обид Ҳусайн.
"Улар акам, амаким ва бутун оилам ҳалок бўлганини айтишганда юрагим оловдан қонаётганини ҳис қилдим."
Кўзлари атрофи қорайиб, сўлғин бўлиб қолган Обид тунда исроилликлар ҳужумлари товушларидан даҳшатга тушиб, ўзини ёлғиз ҳис қилганча, бедор ётибди.

"Онам ва дадам тирик бўлганида ухлардим, лекин улардан кейин мен ухлай олмайман. Илгари отамнинг ёнида ухлардим", деб тушунтиради у.
Обид ва унинг икки тирик ака-укасига бувиси қарайди, аммо уларнинг кундалик ҳаёти жуда оғир.
"Озиқ ҳам, сув ҳам йўқ, - дейди у. - Денгиз сувини ичиб ошқозоним оғриб қолди."
Кинза Ҳусайннинг отаси нон ёпиш учун ун олиб келаётганда ўлди. Ракета портлаши сабабли ўлган отасининг жасади дафн учун уйга олиб келингандаги тасвир уни шокка солиб қўйган.
"Унинг кўзлари ва тили йўқ эди", деб эслайди у.
"Биз фақат урушнинг тугашини хоҳлаймиз, - дейди у. - Ҳаммаси қайғули."
Ғазодаги деярли ҳар бир киши ҳаётнинг асосий эҳтиёжларини таъминлаш учун ёрдамга қараб қолган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 1,7 миллионга яқин одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган, уларнинг кўплари хавфсиз жой излаб бир неча бор кўчган.

Аммо БМТ болалар агентлиги ЮНИСEФнинг айтишича, энг катта муаммо етим қолган ёки қарайдиган бирорта яқини йўқ 19 000 га яқин болалардир.
"Ушбу болаларнинг аксарияти вайроналар остидан топилган ёки уйига снаряд тушиб ота-онасини йўқотган", дейди Жонатан Крикс, ЮНИСEФнинг Фаластиндаги алоқалар бўйича директори, Ғазо жанубидаги Рафаҳдан. Бошқа болалар эса Исроил назорат-ўтказиш пунктларида, шифохоналарда ва кўчаларда топилган.
"Энг кичиги кўпинча ўз исмини айта олмайди ва ҳатто энг ёши каттаси ҳам одатда шокда бўлади, шунинг учун уларнинг шахсини аниқлаш ва яқинларини топиш жуда қийин бўлиши мумкин."
Қариндошлари топилса ҳам, улар етим болаларга ғамхўрлик қилишда ёрдам бера олмайди.
"Улар ҳам кўпинча жуда қийин вазиятга тушиб қолишади", дейди жаноб Крикс.
"Уларнинг ҳам ғамхўрлик қилишлари керак бўлган ўз фарзандлари бўлиши ва бу етим болаларга ғамхўрлик қилиш улар учун қийин ёки имконсиз бўлиши мумкин."
Уруш бошланганидан буён ЮНИСEФ билан ҳамкорлик қилувчи "SOS Children's Villages" нотижорат ташкилоти 55 нафар 10 ёшгача бўлган болаларни қабул қилиш устида иш олиб бораётганини айтади. У Рафаҳда психологик ёрдам кўрсатиш учун қўшимча ходимлар ёллади.
Ташкилот ходими менга назорат пунктида қолган тўрт ёшли бола ҳақида сўзлаб берди. У гапира олмайдиган бўлиб қолган, ўзи ва оиласига нима содир бўлгани ҳақида айтиб бера олмасди. Аммо ҳозир у билан бирга яшайдиган бошқа болалар билан ўйнаб, энди-энди ўзига келмоқда.
ЮНИСEФнинг айтишича, Ғазо секторидаги деярли барча болалар ҳозир руҳий ёрдамга муҳтож.
Уларнинг ҳаётлари вайрон бўлган. Ҳатто узоқ муддатли оташкесиндан кейин ҳам кўпчилик даҳшатли йўқотишларга дучор бўлади, кейин руҳий ва жисмоний зарарни енгишига тўғри келади.
12 февраль
Исроил Рафаҳга ҳужум бошлаган, Ғазода одамлар ҳайвон овқатини ейишаётгани айтилмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Исроил 1,5 миллион фаластинлик бошпана топган Рафаҳга тунда ҳаводан оғир зарбалар берди.
Рафаҳдаги Шабур мавзесида яшовчи Абу Суҳайб Исроилнинг тунги ҳаводан ҳужумлари ва тутқунларни қутқариш амалиёти давомида "оғир отишмалар" ва "кучли портлашлар" эшитган.
"Тахминан ярим кечаси биз тинч аҳолининг бошида жаҳаннам очилгандек кучли портлашларни эшитдик. Қаранг, нима бўлди. Исроилликлар бу ердан тутқунларни озод қилганини айтмоқда, аммо нима бўлганини биз билмаймиз. Биз бу ерда ҳеч қандай тутқунларни кўрмадик, аммо шу ерга қўнган вертолётни кўрдик ва жуда катта жанг бўлгандек қаттиқ отишмалар бўлди. Дунё тинч аҳоли учун жаҳаннамга айланди", деган у AFP хабар агентлигига.
Алоқадор мавзулар:
Нима бўлмоқда?
Исроил тунда Ғазо жанубида тутқунларни озод қилишни ҳам қамраб олган ҳалокатли ҳужумлар тўлқинини амалга оширди.

Ишғол остидаги Ғарбий соҳилни назорат қилувчи Фаластин маъмурияти Ташқи ишлар вазирлиги Рафаҳдаги Исроилнинг "қирғинини" қоралади.
Фаластин раҳбариятининг айтишича, ҳаво ҳужумлари 100 одамни ҳалок қилган ва кўплаб одамларни яралаган.

Бироқ ҳалок бўлганларнинг сони ҳақида қарама-қарши хабарлар олинмоқда. Ҳамас назорати остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги камида 67 фаластинлик ўлдирилгани айтди, олдинроқ чиққан хабарларда ўлганлар сони тахминан 100 нафарлиги айтилганди.
Х тармоғида чиқарилган баёнотда вазирлик Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу "ғолиб бўлиш учун ёки ўзи таъқидлаётгандек халқаро қонунлар доирасида эмас, балки интиқом зеҳнияти билан оммавий қирғин уюштираёт"ганини даъво қилди.
Нетаняҳу Ғазо сеторида ҳарбий ҳужумни давом эттиришга сўз берди.
Исроил Ғазо жанубидаги шаҳарга ҳаводан зарба бераркан, Рафаҳда икки исроиллик эркак тутқунни озод қилганини айтмоқда.
Исроил ҳарбийларининг айтишича, 60 яшар Фернандо Симон Марман ва 70 яшар Луис Харларнинг "соғлиқлари жойида".
Исроилнинг таъкидлашича, тутқундагиларни озод қилиш рейдига "ҳаводан ёрдам ва зарбалар тўлқини" ҳамроҳлик қилган.
Ҳамас бошқарувчи остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужумлар натижасида 67 фаластинлик ҳалок бўлганини айтмоқда.
Ҳужумлар 1,5 миллион тинч аҳолига бошпана бўлган шаҳарга Ироил ҳужум қилиш режаларини эълон қилгач, халқаро ҳамжамиятнинг огоҳлантиришлари ортидан содир бўлган.
Шимолий Ғазодаги аҳвол

Сурат манбаси, Reuters
Ғазонинг узилиб қолган шимолида яшаётган одамлар Би-би-сига ёрдам карвонларининг киришига кам рухсат берилаётгани сабабли, болалар бир неча кундан бери оч қолаётганини айтишди.
Айрим аҳоли вакиллари омон қолиш учун ҳайвонлар емини янчиб, ун қилишмоқда. Аммо уларнинг айтишича, ҳатто ушбу доннинг ҳам таги кўриниб қолган.
Одамлар ичимлик ва ювиниш учун сув топиш мақсадида сув қувурларини излаб, қўли билан ер қазиган.
БМТ шимолда ёш болалар орасида тўйиб овқат емаслик кескин ошгани ва у ҳозир 15 фоизлик критик нуқтадан ошиб кетгани ҳақида огоҳлантирди.
БМТнинг гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш агентлиги ўтган ой Ғазо шимолидаги ёрдам миссияларининг ярмидан кўпроғига киришга рухсат берилмагани ва Исроилнинг кучлари ёрдам қаерга ва қандай етказилиш ишларига аралашиши кучаяётганини айтди.
Агентликнинг айтишича, шимолий ҳудудларда истиқомат қилаётган тахминан 300 минг киши ёрдамдан маҳрум ва ортиб бораётган очарчилик хавфи остида турибди.
Ғазога ёрдам киришини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган Исроил ҳарбий агентлиги матбуот котиби ўтган ой журналистлар қаршисида "Ғазода очарчилик йўқ. Нуқта", деганди.
Агентлик Ғазога юборилаётган ёрдамларнинг ҳажмини чекламаганини бир неча марта такрорлаган.
Ҳамаснинг ўтган йил 7 октябр куни уюштирган ҳужуми натижасида 1200 киши ҳалок бўлиб, Ҳамас 253 кишини гаровга олганидан сўнг Исроил ўз ҳарбий амалиётларини бошлаганди.
Ғазодаги Ҳамас бошқаруви остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўшандан бери 28100 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани ва 67500 дан ортиқ одам жароҳатланганини айтади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













