Нотинч Яқин Шарқ: Ҳамаснинг ярашув таклифи ва АҚШнинг Бағдод кўчасидаги ҳужуми - Янгиликлар

АҚШ Давлат котиби Блинкеннинг янги ташрифи ҳам Нетаняҳуни ҳарбий оташкесим ё танаффусга кўндира олмади.

Сурат манбаси, Amos Ben Gershom HANDOUT/EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, АҚШ Давлат котиби Блинкеннинг янги ташрифи ҳам Нетаняҳуни ҳарбий оташкесим ё танаффусга кўндира олмади.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ҳамаснинг оташкесим таклифи шартларини рад этди ва Исроил Ғазода бир неча ой ичида "мутлақ ғалаба"га эришиши имконли эканини айтди.

Ҳамас оташкесим бўйича шартларини сешанба куни илгари сурганди. Рейтерс хабар агентлиги кўрган ҳужжатда қуйидаги шартлар бор:

  • Биринчи босқич: Жанглардаги 45 кунлик танаффус. Бу танаффус вақтида исроиллик асирлар орасидаги барча аёллар, 19 ёшга етмаган эркаклар, кекса ва касаллар Исроил турмаларидаги фаластинлик аёллар ва болаларга алмашинилади. Исроил қўшинлари Ғазонинг аҳоли яшовчи ҳудудларидан чиқиб кетади, ҳамда касалхона ва қочқинлар жамлоқларининг қайта қурилиши бошланади.
  • Иккинчи босқич: Қолган исроиллик эркак асирлар фаластинлик маҳкумларга алмашинилади, Исроил қўшинлари Ғазони буткул тарк этади.
  • Икки томон ҳам жасадлар ва жасад қолдиқларини алмашади.
BBC

Нетаняҳу бу шартларни "ғалати" ва "ҳаёлпараст" деб атади, ва музокаралар илгари силжимаётганини айтди. Воситачилардан бири бўлган Қатар бу шартларни "ижобий" дея тасвирлаган.

"Мутлақ ва якуний ғалабадан бошқа ечим йўқ. Агар Ҳамас бундан омон чиқса, келгуси қирғин қачон бўлиши фақат вақт масаласи", - деди у чоршанба куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Ҳамаснинг юқори даражали вакили Сами Абу Зуҳри Нетаняҳунинг сўзларини "сиёсий манманликнинг бир тури" дея тасвирлади ва Исроил лидери минтақада можарони давом эттиришга бел боғлаганини айтди.

Миср ҳукуматидаги манба Би-би-сига Миср ва Қатар воситачилигидаги янги музокаралар пайшанба куни Қоҳирада ўтиши кутилаётганини билдирди.

Унга кўра, Миср барча тарафларни тинч келишувга эришиш учун эгилувчанликка чақирган.

Айни дамда Исроил кучлари Ғазо жанубида ўн минглаб фаластинликлар урушдан қочиб бошпана топган Рафаҳ шаҳрига киришни режаламоқда.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш огоҳлантиришича, бу "шундоқ ҳам у ерда юзага келган инсонпарварлик даҳшатини янада оширади".

"Биз Рафаҳга бостириб киришларидан қўрқувдамиз. Ўтирсак ҳам қўрқувдамиз, ухласак ҳам. Озиқ-овқат йўқ, ҳаво совуқ", - дейди Би-би-сига Миср ва Ғазо чегарасидаги Рафаҳ ўтиш нуқтаси яқинида қолаётган бир фаластинлик.

Бағдодга ҳужум

Қатаиб Ҳизбуллоҳ гуруҳининг қўмондонларидан бири Абу Бақир ал-Саади ва унинг икки қўриқчиси ҳалок бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қатаиб Ҳизбуллоҳ гуруҳининг қўмондонларидан бири Абу Бақир ал-Саади ва унинг икки қўриқчиси ҳалок бўлган.

Можаронинг минтақага кенгайиб кетиши хавотирлари манзарасида АҚШ Бағдоддаги Эрон қўллаб-қувватловчи жангари гуруҳга дрон ҳужумини уюштирди.

Ироқ пойтахтининг шарқида ҳаракатланаётган автомобиль нишонга олиши натижасида Қатаиб Ҳизбуллоҳ гуруҳининг қўмондонларидан бири Абу Бақир ал-Саади ва унинг икки қўриқчиси ҳалок бўлган.

Пентагон билдиришича, бу қўмондон минтақадаги Америка кучларига қарши ҳужумларга масъул бўлган ва Қатаиб Ҳизбуллоҳ ўтган ой Иорданияда уч АҚШ аскарини ўлдирган дрон ҳужумига алоқадордир.

Иорданиядаги ҳужум ортидан Қатаиб Ҳизбуллоҳ Ироқ ҳукуматини "уятга қўймаслик" учун америкаликларга қарши ҳужумларини тўхтатиб туришини эълон қилганди.

Нишондаги автомобил серқатнов йўлда ҳаракатланаётган бўлган ва ҳужум ортидан ёниб кетган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Нишондаги автомобил серқатнов йўлда ҳаракатланаётган бўлган ва ҳужум ортидан ёниб кетган

Чоршанба куни Бағдоднинг Маштал мавзесида юз берган АҚШ дрон зарбаси бир нечта йирик портлашларга сабаб бўлди.

Нишондаги автомобил серқатнов йўлда ҳаракатланаётган бўлган ва ҳужум ортидан ёниб кетган.

АҚШ ҳукуматига кўра, "ҳозирча оддий фуқаролар ўртасидаги талафотлар бўлганига ишора йўқ".

Би-би-си жамоаси ҳужум саҳнасига етиб борганида, "Америка - энг катта ёвузлик" дея қичқираётган кўп сонли намойишчиларга дуч келди.

Ҳудудда кўплаб полиция ходимлари ва Ироқ ички ишлар вазирлигининг махсус кучлари зобитлари бор эди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002