Исроил урушдан сўнгги Ғазо бўйича режаларини маълум қилди Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

ayol

Сурат манбаси, AFP

Исроил Мудофаа вазири Йоав Галлант Исроил ва Ҳамас ўртасида уруш тугагач Ғазо қандай бошқарилиши борасида режаларини маълум қилди.

Унинг айтишича, бўлгада чекланган Фаластин бошқаруви амал қилади.

Ҳамас Ғазони бошқа назорат қилмайди ва Исроил хавфсизлик бўйича умумий назоратни сақлаб қолади, деган у.

Режалар эълон қилинган вақтда Ғазода жанглар давом этаётган эди. Сўнгги 24 соатнинг ичида ўнлаб одамлар ўлдирилди, деган Ҳамас бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Бу ҳафта минтақага АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен келиши керак. У ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда Фаластин расмийлари ҳамда Исроил раҳбарияти билан музокаралар олиб бориши кўзда тутилган.

Унинг сафари минтақада таранглик кучайган бир манзарага тўғри келган. Сешанба куни Ливан пойтахти Байрутда Ҳамас раҳбарларидан Солиҳ ал-Арурий ўлдирилди. Кўпчилик унинг ўлимида Исроилни айбламоқда. Исроил иштирокини на тасдиқлади ва на рад қилди.

iqtibos

Галлантнинг "Тўрт бурчак" режасига кўра, Исроил Ғазода хавфсизлик бўйича умумий назоратни сақлаб қолади.

Исроил бомбардимони натижасида кенг миқёсда вайрон бўлган минтақани тиклаш учун халқаро кучлар жалб қилинади.

Ушбу режада қўшни Миср ҳам муҳим рол ўйнаши кутилмоқда.

Аммо ҳужжатда минтақани бошқаришда фаластинликлар масъул бўлиши айтилган.

"Ғазо аҳли - фаластинликлардир, шунинг учун адоватли ҳаракатлар ёки Исроил давлатига таҳдид қилмаслик шарти билан (Ғазони) Фаластин идоралари бошқаради", деган Йоав Галлант.

Ушбу режа Вазирлар маҳкамаси йиғилишида бафуржа муҳокама қилинмаган ва Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу унга очиқ муносабат билдирмаган.

Йиғилиш айрим вазирларнинг 7 октябр Ҳамас ҳужумлари билан боғлиқ ҳодисаларни суриштириш учун таклиф қилинган шахсларга нисбатан ғазабнок норозилиги сабаб тўхтаб қолгани айтилмоқда.

Ғазодаги "эртанги кун" музокаралари Исроилда чуқур бўлинишга олиб келган.

Нетаняҳу ҳукуматидаги айрим ўта ўнг қарашли аъзолар кейинчалик минтақага яҳудий масканларини қуриш учун фаластинликларни Ғазони тарк қилишга рағбатлантириш кераклигини айтган.

Ушбу таклиф "экстремистик" ва минтақадаги бошқа давлатлар ва Исроилнинг айрим иттифоқдошлари томонидан "бажариб бўлмас" деган важлар билан рад қилинган.

3 январ: Ҳусийлар қаттиқ огоҳлантиришларга қарамай таслим бўлмаяпти, Ҳизбуллоҳ Исроилга таҳдид қилди

Ҳусий

Сурат манбаси, EPA

АҚШ, Буюк Британия ва яна 10 давлат Ямандаги исёнчиларни Қизил денгиздаги тижорий кемаларга ҳужум қилишда давом этса оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирди. Ҳизбуллоҳ Ҳамас раҳбарининг ўлдирилиши жавобсиз қолмаслигини айтди.

Асосан Ғарб давлатларидан ташкил топган гуруҳ қўшма баёнотида ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирилади.

Бироқ Ҳусийлар талабни рад қилишди ва Исроилга алоқаси бор деб ишонаётган кемаларни нишонга олишда давом этишга ваъда беришди.

Стратегик муҳим бўлган Жанубий Қизил денгиздаги вазият кутиш ҳолатида қолмоқда.

Боб ал-Мандеб бўғози жаҳон савдосининг қарийб 15 фоизи ўтадиган муҳим денгиз йўли ҳисобланади.

Ҳужумлар давом этаверса, ёнилғи нархи ошиши ва таъминот тармоғига зарар етиши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ҳусий исёнчилари ўтган йилнинг октябр ойида Исроилга уруш очган Ҳамасни дастаклашини маълум қилганди.

Исёнчилар ноябр ойидан бери Қизил денгиздаги тижорий кемаларга 20 дан ортиқ ракета, дрон, тезюрар қайиқ ва вертолётлар иштирокидан ҳужум қилган. Улар - кўпинча хато билан - кемаларнинг Исроилга алоқаси бор деб даъво қилади.

xarita

АҚШ ва Британиянинг минтақадаги ҳарбий кемалари айрим ракеталарни уриб туширган, аммо улар Ямандаги нишонларни уришга қаршиликка учраб келган. Вазият ўзгариши мумкин.

12 давлат - Австралия, Баҳрайн, Белгия, Канада, Дания, Германия, Италия, Япония, Нидерландия, Янги Зеландия, Буюк Британия ва АҚШ дан иборат гуруҳ - кемаларга ҳужумларни "ноқонуний, қабул қилиб бўлмас ва қаттиқ беқарорлаштирувчи" деган ҳамда "фуқаро кемалари ва ҳарбий кемаларга мақсадли ҳужум қилишнинг қонуний асоси йўқ"лигини таъкидлаган.

Ҳар қандай қуролли жавоб Ҳусийларнинг базалари, қайиқлари ва қуролларига қарши қуролли ҳаракатни англатиши мумкин.

Қизил денгиздаги АҚШ, Британия ва Франция ҳарбий кемалари Ҳусийларнинг ракета ва дронларини уриб тушириши имкониятига эга, лекин бу қиммат ва уларнинг ҳар бирини уриб туширишга амин бўлмаслиги мумкин. Айниқса, Ҳусийлар Россия Украинада амалга ошираётгани каби бир вақтда бир нечта дронларни учиришга қарор қилса қийин бўлади.

Яман қашшоқ араб давлати бўлиши мумкин, аммо Ҳусийлар қўлида катта миқдорда ракета ва дронлар заҳираси бор.

Юк ташиш халқаро палатасининг айтишича, дунёнинг 20% контейнер кемалари Қизил денгизни айланиб, Жанубий Африка орқали сузмоқда.

Ҳизбуллоҳ раиси: Ҳамас етакчисининг ўлими жазосиз қолмайди

Иқтибос

Ҳизбуллоҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ Ҳамаснинг қудратли раҳбар ўринбосарини ўлдириш "жазосиз қолмаслиги"ни айтди.

Солиҳ ал-Арурий сешанба куни Байрутга қилинган дрон ҳужумида ҳалок бўлганди. Исроил ҳужумга жавобгарликни зиммасига олгани йўқ.

Насруллоҳ Арурийнинг ўлимини "йирик, даҳшатли жиноят, биз бунга жим қараб туролмаймиз", деган.

У Исроил Ливанга қарши уруш очгудек бўлса Ҳизбуллоҳнинг жавобида "ҳеч қандай чегара ва қоида" бўлмаслигини қўшимча қилган.

"Биз урушдан қўрқмаймиз. Бизга қарши уруш очмоқчи бўлаётганлар пушаймон бўлишади. Биз билан уруш жуда қимматга тушади", деган Насруллоҳ телевидение орқали қилган чиқишида.

У олдинроқ Ливанда ҳар қандай ўлдириш қизил чизиқ бўлишини айтганди.

3 январ: Ҳамас раҳбари ўлдирилиши уруш қиёфасини ўзгартирадими?

Ҳамас раҳбарлари Солиҳ ал-Арурий ва Яҳё Синвар

Сурат манбаси, Reuters

Ливан пойтахти Байрут четида Ҳамас сиёсий бюроси раиси ўринбосари Солиҳ ал-Арурий ўлдирилиши кўплаб кузатувчиларни ўйлантириб қўйди.

Ғазо уруши янада кенгаймаса эди, деган хавотир пайдо бўлди.

Чунки Ливан ҳудуди Ҳизбуллоҳ гуруҳи назоратида ва Ҳизбуллоҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ Байрут нишонга олиниши қизил чизиқдан ўтишни англатади деб огоҳлантирган.

Портлаш Байрут четидаги Дания мавзесида рўй берган.

Кўп қаватли бинога дрон билан ҳужум қилинган, бу ҳужумни Исроил уюштирган, деб кўрилаяпти.

Аввал кўп марта кузатилганидек, Исроил суиқасд учун масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ, бироқ Исроил матбуотида Ҳамаснинг ҳарбий амалиётлар учун масъул энг юқори лавозимдаги кишиси ўлдирилганидан хурсандчилик изҳор этилган мақолалар эълон қилди.

Кўплаб таҳлилчилар энди Исроилга қарши урушга Ҳизбуллоҳ ҳам қўшиладими, деган савол ўртага чиққанини айтмоқдалар.

Ҳамас билан Исроил ўртасида оташкесимга воситачилик қилиб келаётган Миср музокарадан чиқишини эълон қилгани ҳақида хабар тарқатмоқда Араб тилидаги матбуот.

Ҳамас раҳбарларидан бири Солиҳ ал-Арурий ўлдирилган бино

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Кўп қаватли бинога дрон билан ҳужум қилинган, деб кўрилаяпти.

ВВС мухбирига кўра, бундан кейин Ҳамаснинг Қатар ва Туркиядаги вакиллари ҳам эҳтиёткорроқ бўлиб қоладилар.

Туркия матбуоти Исроилга жосуслик қилган 34 одам ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди.

3 январ куни Эроннинг Кирмон шаҳрида икки портлаш рўй бериши оқибатида камида 103 одам ҳалок бўлгани, кўплаб инсонлар яралангани хабар қилинди.

Одамлар шаҳар қабристонида Эрон Инқилоб қўриқчилари қўмондонларидан бири Қосим Сулаймоний ўлдирилишининг тўрт йиллиги хотира маросимига бораётган бўлганлар.

Бомбалардан бири ахлат қутиси ичига қўйилгани, у масофадан туриб портлатилгани айтилмоқда.

Эрон расмийлари ҳалок бўлганлар орасида Инқилоб қўриқчилари корпуси раҳбарларидан ҳеч ким ҳалок бўлгани йўқ демоқдалар.

Эрон ҳам Ҳамас, ҳам Ҳизбуллоҳнинг иттифоқчиси ҳисобланади.

Исроил Ливан билан чегарасида ҳарбийлари сонини кўпайтирганини хабар қилди.

Шу куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Қизил денгиздаги кема қатнови масаласини муҳокама этишни режалаштирган.

Бир кун олдин АҚШ Яманни назорат қилаётган Ҳусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқчи бўлган бир неча катерини йўқ қилганини хабар қилди.

Шу куни Ҳусийлар тижорат кемаларини икки марта ракета нишонига олгани хабар қилинди.

Ғазодаги тиббиёт мулозимлари бўлгада ҳалок бўлган инсонларнинг сони 22313 нафарга етди деб хабар тарқатдилар.

2 январ. Бир кунда 200 дан зиёд қурбон, суд Нетаняҳу ислоҳотини рад этди

Рафаҳ шаҳридаги қочқинлар жамлоғи

Сурат манбаси, Reuters

Ғазодан олинаётган хабарларга кўра, сўнгги 24 соат ичида Исроил 15 ҳаво зарбаларини уюштирган, оқибатда 207 инсон ҳалок бўлган, 338 киши жароҳатланган.

Ғазо тиббиёт расмийлари маълумотларига кўра, Исроил 7 октябрда Ғазога ҳужумларини бошлаганидан буён ҳалок бўлган одамларнинг сони 22185 га етган, 57035 инсон яраланган.

Ҳаво ҳужумлари Ғазо жанубидаги Хон Юнус, Рафаҳ ва Дейр ал-Балаҳ шаҳарларини нишонга олган.

Алоқадор мавзулар:

Бўлганинг Миср чегарасига туташ Рафаҳ ва Дейр ал-Балаҳ шаҳарлари атрофида бутун Ғазодан кўчирилган ўн минглаб инсонлар жон сақламоқдалар, Исроил ҳужумлари қурбонларига айланмоқдалар.

Ғазо шимолидаги Жабалия қочқинлар жамлоғида, Ғазо шаҳри ва денгиз қирғоғига жойларда Ҳамас жангчилари билан қаттиқ жанглар кечгани ва улар ўлдирилгани хабарини тарқатмоқда Исроил ҳарбийлари.

Хон Юнус ва Ал-Бурейж деб номланган жойдаги БМТ мактаби ёнида Ҳамаснинг ракета отиш тизимларини аниқлагани ва йўқ қилганини айтмоқда Исроил.

Маҳаллий одамлар Исроил ҳарбий самолётлари ва танклари, артиллерияси кўп сондаги қочқинлар бошпана топган Хон Юнус шарқи ва шимолини қаттиқ бомбардимонга тутганини хабар қилдилар.

Исроил Ғазода бутун йил урушмоқчи

Исроил ҳукумати Ғазо урушига сафарбар этилган айрим резервистларни ортга қайтаришга қарор қилганини эълон этди.

Исроил бош вазирининг маслаҳатчиси, ўтмишда Исроилнинг Буюк Британиядаги элчиси Марк Регевнинг айтишича, Ғазодаги уруш "қисқа масофага югуриш эмас, балки марафон".

Аскарлар уйига қайтиб дам олишади ва кейинроқ яна урушга юборилади, деди Марк Регев.

Исроил Мудофаа кучлари Ғарбий соҳилдаги Аззун шаҳрида тўрт фаластинликни қуроллини ўлдиргани ҳақида хабар қилди.

Исроилга кўра, охирги уч ойда Ғарбий соҳилда Ҳамас ва бошқа қуролли гуруҳларга қарши кенг миқёсли рейдлар ўтказган, 2550 кишини ҳибсга олган.

Шулардан 1300 таси Ҳамасга алоқадор кишилар, дейди Исроил.

Ўтган ҳафта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари комиссарлиги Ғарбий соҳилда инсон ҳуқуқлари вазияти тез суръатда ёмонлашаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилди, Исроил ҳукуматидан Ғарбий соҳилдаги тинч фаластинликларга нисбатан кўпайган қонли зўравонликларни тўхтатишга чақирди.

Исроил ўз ҳудуди Суриядан ракета ҳужумига тутилганини, бунга жавобан Суриядаги ҳарбий нишонларга зарба берганини хабар қилди.

Суриядаги SANA ахборот агентилиги хабар қилишича, пойтахт Дамашқ четидаги ҳужум оқибатида моддий зарар етказилган.

Олий суд Нетаняҳу ислоҳотини рад этди

Исроил Олий суди

Сурат манбаси, Reuters

Бош вазир Бенжамин Нетаняҳу илгари сурган суд ислоҳоти ҳақидаги қонунни Исроил Олий суди конституцияга зид деб топди.

Бу қонуннинг мақсади суд ваколатларини торайтириш эди.

Бош вазир Нетаняҳу ҳукумати парламент маъқулловига эришган қонун тарафдорлари фикрича, ҳеч ким сайламаган суд аъзолари демократик йўлда сайланган парламент аъзоларини қарорини йўққа чиқаради.

Бу қонунга қаршилар фикрича эса, суд тизими демократиянинг автократияга айланиб кетиши учун жиловлаб туриш вазифасини бажариб турадиган ҳокимиятлардан биридир.

Нетаняҳу ислоҳотига жамиятда кўпчилик қарши чиқди, бир неча ой мобайнида норозилик намойишлари давом этди.

Ҳатто Исроил ҳарбий учувчилари ҳам иш ташладилар.

7 октябрдаги Ҳамаснинг Исроилга ҳужумларидан кейин Олий суднинг суд ислоҳотига бағишланган қарорини ортга суриб турган маъқул, деган фикр айтилди, аммо январ ойида Олий Суд аъзоларидан айримларининг ваколат муддатлари ниҳоясига етиб қолган, шунинг учун ҳам бу борадаги қарорни кейинги қолдириб бўлмас эди.

Ислоҳотни конституцияга зид деб Олий Суднинг 15 аъзосидан сакизтаси овоз берган, етти нафари қарши чиққан.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002