Исроил Эрон ва Ҳизбуллоҳни огоҳлантирди – уруш Ливанга ёйилиши мумкинми? - Yangiliklar Dunyo

Сурат манбаси, AFP
Исроил огоҳлантиришича, агар Ҳизбуллоҳ унга чегара оша ҳужумларини давом эттирса, Исроил армияси уни Ливан чегарасидан йўқ қилишга киришади.
Исроилнинг фавқулодда тузилган уруш вазирлар маҳкамасининг аъзоси Бенни Гантцнинг айтишича, Ҳизбуллоҳни халқаро ҳамжамият ва Ливан ҳукумати тўхтатмаса, Исроил тўхтатади.
Ҳамас 7 октябрда ҳужум қилганидан бери, Исроил ва қўшни Ливанда жойлашган Ҳизбуллоҳ ўртасида чегара узра отишмалар авж олган.
Бу вазият Ғазо уруши минтақага ёйилиб кетиши бўйича хавотирларни кучайтирган.
"Дипломатик ечим учун зарур бўлган вақт тугаб боряпти", - деди Гантц. Исроил мудофаа кучлари маъмуриятининг собиқ раҳбари ва мухолифат сиёсатчиси Гантц уруш бошланиши билан Бош вазир Бенямин Нетаняҳунинг махсус жамоасига қўшилган.
Бу ҳафта Ҳизбуллоҳ Исроилга қарата ракеталар ва қуролланган дронлардан ҳужумларини оширган, Исроил қирувчи учоқлари эса зудлик билан жавоб қайтарган.
Ливан давлат матбуоти чоршанба куни Ҳизбуллоҳ жангчиси ва унинг икки қариндоши Исроил ҳаво ҳужумида ўлдирилганини хабар қилди. Ҳужум Ливаннинг чегарадан 2 километр масофадаги Бинт Жбейл шаҳрига қилинган.

Уруш бошланганидан бери Ливанда 100дан ошиқ одам ўлдирилди. Уларнинг аксари Ҳизбуллоҳ жангчилари, аммо талафотлар ичида оддий фуқаролар, хусусан уч журналист ҳам бор.
Исроил томонида камида тўрт оддий фуқаро ва тўққиз аскар ҳалок бўлган, чегарага яқин ҳудуддаги аҳоли кўчирилган.
Шиа мусулмон ташкилоти бўлмиш Ҳизбуллоҳни Ғарб давлатлари, Исроил, Кўрфаз араб давлатлари ва Араб лигаси террорчи ташкилот деб ҳисоблайди.
У 1980-йилларда минтақадаги энг қудратли шиа давлати - Эрон томонидан тузилган бўлиб, унинг мақсади Ливандаги фуқаролар уруши даврида Ливан жанубини эгаллаган Исроил кучларини йўқ қилиш бўлган.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳизбуллоҳнинг лидери Ҳассан Насруллоҳ Ҳамаснинг 7 октябрдаги Исроилга ҳужумини олқишлаган.
Ҳамас ўз иттифоқчилари, хусусан Ҳизбуллоҳни Исроилга қарши урушга қўшилишга ундаган, аммо шу вақтгача Ҳизбуллоҳ ўзини тийиб турганини кўриш мумкин.
Би-би-сининг Яқин Шарқдаги мухбири Ҳюго Бачеганинг ёзишича, Исроил-Ҳизбуллоҳ уруши Ливан учун фалокатли бўлиши мумкин. "Ливанда Ҳизбуллоҳ тарафдорларидан бошқа одамлар орасида бу урушга дастак кам. Ливан йиллаб давом этаётган иқтисодий инқироздан жабр чекяпти, сиёсий келишмовчиликлар эса уни ҳукуматсиз қолдирган", - дейди у.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













