Янгиликлар: Исроил қўшини илдамларкан, минглаб фаластинлик Ғазо марказидан қочмоқда Yangiliklar Dunyo

Сурат манбаси, AFP
БМТга кўра, Исроил ҳарбийлари қочқинлар жамлоқларига бостириб кира бошлагач, қарийб 150 минг фаластинлик Ғазонинг марказий ҳудудларидан қочишга мажбур бўлмоқда.
Йоланда Нелл
Би-би-си, Қуддус
Гувоҳлар ва Ҳамаснинг қуролли қанотлари хабар беришича, танклар Бурейж жамлоғининг шарқий чегарасига етган.
Исроил ҳарбийлари яқинда Бурейж, Нусейрат ва Мағази жамлоқларига нишонга олиш учун қуруқликдаги ҳужумларини кенгайтирганди.
Ҳамас бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг айтишича, пайшанба куни Исроил бомбардимони натижасида Ғазо бўйлаб ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар: Ғазога кирган Исроил аскарлари жиддий касалликка чалинмоқда
- Исроил ва Фаластин аҳолиси энг даҳшатлиси ҳали олдинда бўлиши мумкинлигидан қўрқиб яшамоқда
- Исроил аскарлари масжидда нима қилди? Ғазонинг энг сўнгги янгиликлари
- Янгиликлар. Бунақаси бўлмаган: Ҳамас орқасида ким турибди, Исроилни енгиб бўладими, у ердаги ўзбекларга нима бўлди ва Шавкат Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди?
Миср оташкесимга олиб келувчи жангларни тўхтатиш учун уч босқичдан иборат таклифларини олдинга сурганини тасдиқлади.
Ушбу режани кўриб чиқиш учун Қоҳирага Ҳамас ҳайъати келди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 11 ҳафталик жанглар натижасида Ғазода аксари тинч аҳолидан иборат 21300 киши ҳалок бўлган.
Исроил ҳарбийлари Бурейж ва Нусерат жамлоқлари дохил Ғазо марказидаги аҳолини эвакуация қилишга чақирди. Бу ерда бўлиб турган 90 минг маҳаллий аҳоли ва 61 минг қочиб келганларни жанубдаги Дейр ал-Балаҳ шаҳрига кўчишга буйруқ берди.
Пайшанба куни БМТ Дейр ал-Балаҳ аллақачон тўлиб тошгани сабаб бу одамларнинг борадиган жойи йўқлигидан огоҳлантирди. Бу шаҳарча бир неча юз минг қочқинга бошпана бўлиб турибди.
БМТнинг айтишича, Ғазонинг аҳолиси энг зич шаҳрига айланган Рафаҳга Исроил қўшинлари янги мавзелар сари илдамлаши натижасида сўнгги кунларда яна қарийб 100 минг одам келиб қўшилган.
60 яшар Умар тахминан 35 нафар оила аъзолари билан Бурейжга қочишга мажбур бўлганини айтади.
"Ўша пайт келди. Мен ҳеч қачон бундай бўлишини истамагандим, аммо кўчишимиз керакка ўхшайди. Биз Исроилнинг шафқатсиз уруши туфайли ҳозир Дейр ал-Балаҳдаги чодирдамиз", дейди у Reuters агентлиги билан телефон орқали суҳбатда.
28 декабр тафсилотлари
Юзлаб ўлим?..

Сурат манбаси, Anadolu
Ғазонинг Ҳамас назорати остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги рақамларини эълон қилди.
Вазирликнинг айтишича, Исроил ўтган 24 соат ичида Ғазода 241 та одамни ўлдирган.
Фаластин маъмурияти президенти Маҳмуд Аббос урушни ўз халқига нисбатан "оғир жиноят", деб атаган.
Исроил Мудофаа кучлари Бош штаби бошлиғи Ҳерци Ҳа-Леви эса, Ҳамас билан можаро ҳали яна "ойлар давом этиши"ни таъкидлаган.
Исроилнинг маълум қилишича, сешанба куни Ғазодаги юздан ортиқ объектга зарба берган.
Сўнгги янгилик Исроил ўзининг қуруқликдаги амалиётларини энди Ғазо марказида бошлаяжагига оид хабарлар манзарасида олинган.
Чоршанба куни эрта тонгда Ғазо Бўлгасидан қаттиқ портлаш садолари эшитилган.

Оммавий кўмилдими?
Рафаҳдан олинган дрон тасвирлари ўнлаб фаластинликнинг оммавий қабрга қўйилганига далолат қилаётир.
Кўрилишича, Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги оммавий қабрга 80 га яқин номаълум фаластинлик жасади дафн этилган.
Ҳамас назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги манбаларининг Франс-Пресс ахборот агентлигига айтишича, масъуллар ораларида тутқунлар бор-йўқлигини текшириши учун бу жасадлар "ўликхоналар ва қабрлар"дан Исроилга етказилган.
Кейин эса, Ғазо жанубидаги Керем Шалом чегара ўтиш нуқтаси орқали яна ортга қайтарилган.
Исроил Армияси бу хабарларни текшираётганлигини айтган.
Фаластин тиббиёт манбаларига кўра, ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда ҳам олти фаластинлик ўлдирилган.
Олтовлоннинг ўтган тун Исроил Тулкаремдаги Нур Шамс қочқинлар жамлоғига уюштирган дрон ҳужуми қурбонига айланишгани айтилади.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшимча қилишича, ўтган бир кеча-кундузда Исроил ҳужумларида яраланганларнинг сони ҳам 400 кишига яқинлашган.
Агар, вазирликнинг сўнгги маълумотларига таянилса, 11 ҳафтадан ортиқ давом этаётган жангларда камида 20915 фаластинлик - аксарият болалар ва аёллар ўлдирилган.
Аммо ҳар икки томоннинг даъволарини ҳам мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконсизлигича қолаётир.
"Оғир жиноят"

Сурат манбаси, Reuters
Президент Аббос Ғазодаги уруш "ҳалокатдан ҳам", "кулини кўкка совуришдан ҳам ошиб тушганлиги"ни айтган.
У буни Фаластин халқи тарихидаги мисли кўрилмаган воқеъликка қиёс берган.
Фаластин маъмурияти президенти сўнгги уруш манзарасида илк бор Рамаллаҳдан туриб Миср телевидениесига интервью берган.
Маҳмуд Аббоснинг айтишича, ҳудуд таниб бўлмас аҳволга келган.
У Ғарбий Соҳил исталган вақтда портлаши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирган.
Фаластин раҳбари Вашингтонни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг оташкесимга чақирувчи резолюцияларига вето қўйиб, урушни чўзишда ҳам айблаган.
Исроил Мудофаа кучлари Бош штаби бошлиғи эса, ўзининг сўнгги матбуот анжумани чоғида "Исроилнинг ютуқлари тезда йўққа чиқиб кетмаслигини таъминлаш учун" уруш ҳали яна "кўп ой давом этиши"ни баён қилган.
"Гап террорчилик ташкилотини буткул йўқ қилиш ҳақида кетганда, бунинг қатъиятли курашдан бошқа енгил йўллари йўқ. Мўъжизавий ечимлар мавжуд эмас", - деб айтган у.
25 декабр тафсилотлари

Сурат манбаси, Reuters
Нима гап?
Ҳамаснинг айтишича, Исроилнинг янги ҳужуми камида 70 ғазоликни ўлдирган.
Янги баёнот билан Ғазонинг Ҳамас назорати остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги чиққан.
Вазирликка кўра, Исроил бўлга марказидаги "Ал-Мағозий" қочқинлар жамлоғига зарба берган.
Вазирлик воизи у ерда кўп одам яшагани боис, қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигини ҳам назардан соқит этмаган.
Исроил ҳарбийлари эса, Би-би-сига янги ҳаво ҳужумига оид хабарларни текшираётганликларини айтган.
Сўнгги янгилик Ғазога чегарадош Миср оташкесимга оид янги таклифни илгари сурганига оид хабарлар манзарасида бўй кўрсатган.

Сурат манбаси, Getty Images
Маълум бўлишича, ўнлаб ярадорлар Ал-Мағозийдан яқин атрофдаги Ал-Ақсо касалхонасига олиб кетилган.
Касалхонадан олинган тасвирларда эса, юзлари қонга беланган болалар ва ташқарида тахлаб қўйилган жасад қоплари кўзга ташланган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, якшанба кунги ҳужумдан учта уй зарар кўрган.

Сурат манбаси, .
Фаластин Қизил Ярим Ой Жамиятининг маълум қилишича, Исроилнинг "шиддатли" ҳаво ҳужумлари Мағозий билан яна иккита - Ал-Бурейж ва Ал-Нусейрат қочқинлар жамлоғи ўртасидаги йўлни ёпиб қўйган.
Бу эса, "Тез ёрдам" ва қутқарув ходимларининг ишларини қийинлаштирган, дейди ташкилот.
Маҳаллий яшовчилардан бирига кўра, Исроилнинг сўнгги ҳужумида қизи ва набирасидан айрилган.
"Биз ҳаммамиз нишонмиз. Оддий одамлар таъқиб қилинишяпти. Хавфсиз ер йўқ. Ғазо шаҳридан кетинг дейишди. Энди эса, ўлиш учун бўлга марказига келдик", - деб айтган у.
Исроил Ҳамаснинг 7 октябрь кунги ҳужуми ортидан ўзининг жавоб амалиётини бошлаган.
Ҳамас ўша ҳужуми чоғида 1200 та одамни ўлдиргани ва 240 га яқинини гаровга олгани айтилган.
Ўшандан буён Ғазо бўлгасида берилган талафотлар сони 20 мингдан ошган, 50 мингдан зиёд инсон яраланган.
Ҳамаснинг айтишича, исроилликлар томонидан асосан аёллар ва болалар ўлдирилмоқда.
Би-би-си Ҳамаснинг бу даъволарини текшира олмаяпти.

Сурат манбаси, Reuters
Исроил аввалроқ тинч аҳоли ўртасидаги талофатлар олдини олиш бўйича чоралар кўришини таъкидлаган, Ҳамасни эса, одамлар зич яшайдиган ҳудудларга кириб олишда айблаган.
Исроил Армияси ҳозирга келиб Ғазо шимоли устидан деярли тўлиқ оператив назоратга эришганини даъво қилмоқда ва ўзининг қуруқликдаги амалиётини бўлганинг бошқа ҳудудларига кенгайтиришга ҳозирлик кўраётир.
Исроил ҳарбийлари ўзларининг Ғазода қаттиқ қаршиликка дуч келаётганликларини айтишмоқда.
Уларга кўра, шу дам олиш кунларида яна тўққиз нафар аскарларини бой беришган ва жами ҳарбий талафотларининг сони 154 тага етган.

Сурат манбаси, .
Янги таклиф
Миср томонидан илгари сурилган оташкесимга оид янги таклиф уч босқичдан иборат:
- Биринчи босқич 7-10 кунлик оташкесимни кўзда тутади. Ҳамас бу вақт оралиғида Исроил қамоқхоналаридаги баъзи фаластинлик маҳкумлар эвазига ўзи гаровда ушлаб турган барча инсонларни қўйиб юбориши лозим бўлади.
- Оташкесимнинг бир ҳафталик иккинчи босқичида Ҳамас янада кўпроқ маҳкумлар эвазига барча исроиллик аёл ҳарбийлар ва 7 октябрдан буён ўзи сақлаб турган жасадларни қайтариши ҳақида сўз боради.
- Бир ой давом этажак учинчи босқич эса, қолган тутқунлар ва яна қатор фаластинлик маҳкумларнинг қўйиб юборилиши, Исроилнинг Ғазо бўлгасидан чиқиб кетиши ва ҳаводан ҳужумларини буткул тўхтатишини назарда тутади.
Билвосита музокаралар Мисрда Қатар ва Америка вакилларининг иштирокида ўтказилади.
Исроил манбасининг "Maariv" нашрига айтишича, Мисрнинг ташаббуси музокараларга олиб келиши мумкин.
Ҳамас эса, Мисрнинг таклифини ўрганаётганлигини айтмоқда.
Ҳибслар

Сурат манбаси, AFP
Исроилнинг маълум қилишича, ўтган ҳафта Ҳамас ва "Исломий Жиҳод"нинг 200 нафар аъзосини қўлга олган, уларни сўроқ қилиш учун ўзининг ҳудудига олиб кетган.
Уларнинг баёнотида айрим маҳбусларнинг аҳоли орасида яширинган бўлишгани ва ўз ихтиёрлари билан Исроил томонига таслим бўлганликлари айтилади.
Исроил томонига кўра, Ҳамасни йўқ қилиш учун Ғазога киргани ва ўзининг ҳарбий амалиётини бошлаганидан буён 700 нафар фаластинлик жангарини қўлга олган.
22 декабрь
БМТ: Ғазо очарчиликка юз тутиши мумкин - Исроил қуруқликдан ҳужумларни кенгайтиришга ишора берди

Сурат манбаси, Anadolu
Исроил армияси Ғазо марказидаги ал-Бурейж қочқинлар жамлоғи аҳолисини жанубга эвакуация зарурлигидан огоҳлантирди. БМТ уруш тўхтамаса Ғазо аҳли очарликка юз тутишидан огоҳлантирди
Исроил ғазоликларни янаям жанубга эвакуация қилишга чақирди
Бу Исроилнинг ердаги амалиятини кенгайтиришидан дарак бериши мумкин. Чунки Исроил мақсади Ҳамасни йўқ қилиш эканлигини айтишда давом этмоқда.
"Хавфсизлигингиз учун зудлик билан Деир ал-Балаҳдаги бошпаналарга ўтишингиз керак", деб ёзди Исроил Мудофаа кучлари вакили Авичай Адраи ижтимоий тармоқларда.
Деир ал-Балаҳ ҳам сектор марказида жойлашган, бироқ у Бурейждан жануброқда.
Уруш бошланганига қарийб 11 ҳафта бўлди. БМТнинг гуманитар масалалар бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, Ғазонинг 30 фоиз ҳудуди Исроил ҳарбийларининг онлайн харитасида эвакуация ҳудуди деб белгиланган.


БМТнинг фаластинлик қочқинлар масалалари бўйича агентлиги Ғазонинг 1,9 миллион (аҳолининг 85%) аҳолиси сектор ичида кўчишга мажбур бўлганни айтган.
БМТ: Уруш тугамаса Ғазо очарчилик хавфи остида қолади
БМТнинг нинг айтишича, Исроил ва Ҳамас ўртасидаги урушга барҳам берилмаса Ғазо очарчиликка юз тутиши мумкин.
Халқаро ташкилотга кўра, тахминан 500 минг аҳоли "фалокатли шароитлар"га юз тутмоқда. 2,2 миллион одам яшайдиган минтақа кескин озиқ-овқат етишмаслигини ҳис қилмоқда.
"Ғазода ҳеч ким очликдан омонликда эмас. Юклар Ғазога кириб, бутун минтақага тарқалиши ҳамда фуқаролар зарурий ёрдамни бемалол олиши учун гуманитар йўл бўлиши керак", деган БМТ Озиқ-овқат дастуридан Синди Маккейн.
HRW: Meta Фаластин мавзусида тизимли цензура қиляпти
Халқаро Human Rights Watch ташкилоти Meta ташкилоти ўзининг Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларида модерация сиёсати ва тизими Фаластинни қўллаб қувватловчи овозларни ёпмоқда, деб айтмоқда.
Ташкилот "Метанинг бажарилмаган ваъдалари: Instagram ва Facebook да Фаластин мавзуларининг тизимли цунзураси" номли 51 саҳифадан иборат ҳисобот чиқарди.
Унда Фаластин дастагига айтилган тинч фикрлар ва фаластинлик инсонларнинг ҳуқуқлари ҳақидаги очиқ баҳслар асоссиз ўчириб ташлангани ҳужжатлаштирилгани айтилган.
Human Rights Watch 60 дан ортиқ давлатда интернетдаги цензура билан боғлиқ 1050 ҳолатни таҳлил қилганини ёзган.
Ташкилот ўз хулосаларини Meta ширкатига етгазган. Meta жавоб сифатида инсон ҳуқуқларига амал қилиш борасида ўз жавобгарлиги ва 7 октябрдан сўнг сўнг қабул қилган "инқирозга зудлик билан жавоб чоралар" каби инсон ҳуқуқлари асосий тамойилларига амал қилишини айтган.
21 декабр
Ҳамас шарти: Исроил урушни тўхтатмагунча тутқундагилар озод қилинмайди

Сурат манбаси, Anadolu
Ҳамас Исроил урушни тўхтатишга рози бўлмагунча тутқундагиларни озод қилишдан бош тортди. Исроил Ғазо секторини бомбалашни бошлагандан бери камида 20 минг фаластинлик ҳалок бўлди.
Ҳамаснинг айтишича, фаластинлик гуруҳлар Исроил Ғазода урушни тўхтатмагунча тутқунларни озод қилиш истиқболини рад қилмоқда.
Телеграмда араб тилида чиқарилган баёнотда Ҳамаснинг айтишича, "Тажовуз тўлиқ тўхтатилмагунча маҳбуслар ёки айирбошлаш келишувлари ҳақида музокаралар ўтказилмаслиги борасида Фаластин миллий қарори бор".
Баёнотда яна қайси Фаластин гуруҳларига ишора қилингани номаълум. Ғазо секторидаги кичикроқ "Исломий жиҳод" ҳам исроиллик тутқунларни ушлаб турибди.
Айни дамларда Мисрнинг Қоҳирасида янги сулҳ борасида музокаралар кетмоқда. Бироқ чоршанба ўтган илк музокара натижасиз тугади, чунки Ҳамас жангларда яна бир вақтинчалик танафусга рози бўлмаслигини маълум қилди.
Ноябр охирида бўлган 6 кунлик сулҳ давомида 105 нафар исроиллик тутқун қамоқлардаги фаластинлик маҳбусларга айирбошлаб, қўйиб юборилганди. Тахминан яна 120 исроиллик тутқундаги эканлиги айтилади.
Исроил Ҳамас билан доимий ўт очишни тўхтатишни қайта-қайта рад қилиб келади.
Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир X ижтимоий тармоғида ёзган постида "Ҳамас фатҳ қилинмасдан ва барча тутқундагилар қайтмагунча Исроил кучларини тўтатиш муваффақиятсизлик" бўлишини айтди.
Американинг Wall Street Journal газетаси ёзишича, Ҳамас раҳбари Исмоил Ҳания бошчилигидаги ҳайъат мисрлик воситачиларга ҳар қандай келишувни муҳокама қилишдан олдин Исроил сектордаги ҳужумини тўхтатиши ва у ердан қўшинини олиб чиқиб кетиши кераклигини айтган.
Гуруҳ вакилларига кўра, шундай бўлган тақдирда ҳам Ҳамас қолган гаровдагиларни озод қилишга рози бўлиши учун Исроил қамоқхоналаридаги барча фаластинлик маҳбусларни озод қилишига тўғри келади.
Бу каби шартларни Исроил мутлоқ қабул қилолмаслиги айтилади.
Исроил Ғазо секторини бомбалашни бошлагандан бери камида 20 минг фаластинлик ҳалок бўлди

Ғазонинг Ҳамас томонидан бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 7 кунлик сулҳни ҳисобга олмаганда, можаро бошлангандан бери ҳар куни ўртача 300 га яқин одам ҳалок бўлган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда вазиятлар бўйича минтақавий директори Ричард Бреннан ушбу қурбонлар сонини ишончли, деб билишини айтди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
20 декабр
Исроил Ғазо урушида янги танаффус бўладими? АҚШ янги резолюцияга ҳам вето қўймоқчи

Сурат манбаси, Reuters
-Қатарда яшайдиган Ҳамас раҳбари Исмоил Ҳаниянинг "олий мақом" ҳайъат билан Мисрга боргани, уларнинг Миср жосуслик хизмати раҳбари Аббос Камол билан учрашиши хабар қилинмоқда, бу эса, мухбирларнинг ёзишича, Ғазода урушда ўт очишни тўхтатиш ҳаракатлари нақадар жиддийлигидан далолат беради.
Ҳамас фақат доимий оташкесим эвазига гаровда ушлаб турган исроилликларни озод этиши ҳақида айтиб келади, Исроил раҳбарияти бу шартга кўнмаяпти.
Лекин Исроил матбуоти ёзишича, Исроил Ҳамас Ғазодаги тоннелларда гаровда ушлаб турган аёллар, кекса ва бетоб эркакларнинг озод этилишини истайди, бунинг эвазига жиддий жиноятлар учун Исроил қамоқда ушлаб турган фаластинликларни озодликка чиқариши мумкинлигини билдирган.
Исроил президенти Исаак Ҳерцог дипломатларга "гаровдагиларни озод қилиш эвазига Исроил яна бир инсонпарварлик танаффуси ва қўшимча инсонпарварлик кўмаклари"га рози бўлган.
Гап 30, 40 гаровдаги инсон ҳақида бораётгани хабар қилинмоқда.
Ғазонинг ўзида эса Хон Юнус шаҳрида қақшатқич жанглар бораётгани хабарлари тарқаяпти.
Бир кун олдин камида 20 одам ҳалок бўлган Рафаҳ шаҳри 20 декабр куни ҳам ҳаво ҳужумига тутилган, у ердаги Қувайт шифохонаси нишонга олинган.
Чоршанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазода ўт очишни тўхтатиш мақсадида тайёрланган резолюция учун овоз бериши кутилмоқда.
Резолюция матни устида бораётган баҳслар туфайли овоз бериш 18 декабрдан буён ортга суриб келинаяпти.
Би-би-сига келиб тушган резолюция матнида ёзилишича, томонлардан тинч аҳолини муҳофаза қилиш бўйича халқаро қонунчилик талабларига бўйсуниш сўралади.
Бутун Ғазо бўлгаси бўйлаб зудлик билан кенгайтирилган инсонпарварлик танаффуси ва йўлагини барпо этиш талаб қилинган.
Барча гаровдаги инсонларни зудлик билан, бирор бир шартсиз озод этиш талаби илгари сурилган.
Резолюция Ғазони Фаластин давлатининг таркибий қисми деб кўрадиган икки давлат ечими деб кўришини таъкидлаган.
Аммо америкалик дипломат Би-би-сига ушбу резолюцияга ҳам вето қўйиш мақсадида эканликларини айтган, фақат мўъжиза юз берсагина бундай резолюция Хавфсизлик Кенгаши маъқулловидан ўтади, деган.
18 декабр. Исроил аскарларига оқ байроқ кўтарганларни отмасликни айтди, Ал-Жазира Исроилни Халқаро Жиноят судига бермоқчи

18 декабр куни 13 яшар Дунё Абу Муҳсин ҳалок бўлгани хабари тарқалди.
Журналистлар яқиндагина Дунёни Хон Юнусдаги Наср шифохонасида интервью қилишган, у шундай деган эди:
"Бугун мен ҳам оёғимдан, ҳам оиламдан айрилдим, лекин ҳали ҳам орзуларим бор. Мен протез оёқ қўйдирмоқчиман, саёҳат қилмоқчиман, шифокор бўлмоқчиман ва бу уруш тугаши ва фарзандларимиз тинч-тотув яшаши учун".
Дунё уйида ухлаб ётганларида рўй берган ҳаво ҳужуми оқибатида ота-онаси, укаси ва синглисидан айрилган, унинг бир оёғи узилиб кетган эди.
17 декабр тунида Наср шифохонаси болалар бўлимига Исроил артиллерияси ҳужуми Дунёни ўлдирган.
Шифохонада тасвирга олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Исроил шифохона нишонга олинган-олинмагани борасида изоҳ бергани йўқ, бироқ Ҳамас қаттиқ ўрнашиб олган Хон Юнусда террорчилар ва уларнинг инфратузилмаларини нишонга олаётганини айтади.

Сурат манбаси, Reuters
Исроил аскарлари 15 декабр жума куни оқ мато кўтариб чиққан гаровдаги уч исроилликни отиб ўлдирганидан кейин Исроил Мудофаа кучлари оқ байроқ кўтарганларни отмасликка чақирди.
7 октябрдаги Ҳамас ҳужумларида Исроилда гаровга олинган 28 ёшли Йотам Хаим, 22 ёшли Самер Талалка ва 26 ёшли Алон Шамриз Ғазонинг Шежайя ҳудудида оқ матога овқат қолдиқлари билан "SOS" ва "Ёрдам беринг, гаровдаги 3 одам" деб ёзиб Исроил аскарлари қаршисига чиқишган.
Уларни отиб ўлдиришган.
Душанба куни Исроил Мудофаа кучлари генерали генерал Герцл Ха-Леви ҳарбий раҳбарият билан ушбу ҳодисани муҳокама қилган, ҳатто душманнинг қуролли аскари ҳам оқ байроқ кўтарганда отиш тақиқланганини эслатган.
Алоқадор мавзулар:
Ғазодаги манбалар бўлга шимолидаги Жабалия қочқинлар жамлоғидаги аянчли вазият ҳақида хабар бермоқдалар.
Исроил армиясининг сўнгги авиа зарбалари оқибатида камида 110 инсон ҳалок бўлган.
Камида 50 инсон вайроналар остида қолганлари хабар қилинмоқда.
Би-би-си мухбири Рушди Абу Алуф Жабалиядаги шифохона ёнида олинган фото суратни кўргани, бу суратда кўплаб ўлган болалар ва аёлларнинг жасадлари акс этганини айтди.
Исроил Ғазода қуруқлик амалиётларини бошлаганидан буён Жабалияни қуршаб олган, охирги ҳужумларда у ерда тоннел, кўплаб портловчи моддалар ва ҳарбий техника топилганини хабар қилди.
Жабалияга Исроил ҳарбийлари қутқарувчиларнинг ўтишларига рухсат бермааётгани оқибатида бинолар вайроналари остида қолган инсонларни қутқариш имконсиз бўлиб қолган.
Шунингдек, Исроил армияси Ғазо ва Исроил ўртасидаги Эрез чегарадан ўтиш нуқтаси яқинида Ҳамаснинг энг йирик тоннелини топганини, у Эрез постидан 400 метр узоқликда эканини хабар қилди.
Исроилга кўра, бу тоннелни қуришга миллион доллар маблағ кетган, унинг ичида автомобил билан ҳам юриш мумкин.
Бу тоннел узунлиги яна 4 километрга чўзиладиган бошқа тоннеллар тармоғига уланган, дейди Исроил.
Исроилга борган АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Мудофаа вазири Йоав Галлант ва бошқа Исроил расмийлари билан учрашган.
Америка мудофаа вазири ташрифи Ғазода ўт очишни тўхтатиш чақириқлари ортиб бораётган вақтга тўғри келмоқда.
Дам олиш кунлари Британия, Германия ва Франция ўт очишни тўхтатиш чақириқлари билан чиқдилар, Ғазо бўлгасида ҳалок бўлган инсонларнинг сони ҳаддан зиёд ошиб кетгани Исроилнинг Британиядек иттифоқчиси оҳанги ўзгаришига олиб келди.
18 декабр куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида яна Ғазода ўт очишни тўхтатиш резолюцияси учун овоз берилади, Хавфсизлик Кенгашининг бундан олдинги мажлисларида АҚШ вето қўйгани учун ижро учун мажбурий резолюция қабул қилишнинг имкони бўлмаган.
Британиянинг собиқ мудофаа вазири Бен Уоллес Daily Telegraph газетасида мақола эълон қилди, Исроил раҳбарлари "чинни идиш дўконига кириб қолган филдек" ҳаракат қилаяптилар, деган таърифни қўллади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти Исроилни очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланаётганликда айблаб чиқди.

Сурат манбаси, Reuters
16 декабр шанба куни Ғазода "Ал-Жазира" телеканалининг мухбири ва оператори Самир Абудақанинг дафн маросими бўлиб ўтган.
15 декабр жума куни Исроил дрони Хон Юнус шаҳридаги мактабни бомбалаган.
Оқибатда "Ал-Жазира" телеканали мухбирлари Самир Абудақа ва Воил ал-Дандуҳ оғир яраланганлар.
"Ал-Жазира" хабар қилишича, қаттиқ бомбардимон шифокорларнинг Самир Абудақа олдига етиб боришларига имкон бермаган, тўрт соат давомида кўп қон йўқотиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Исроил ҳарбийлари "тез ёрдам" ўтишига қўйиб берганлари, бироқ йўл бузилгани оқибатида машина ҳодиса жойига етиб боролмаганини айтдилар.
"Ал-Жазира" ўз мухбири ўлими ҳодисасини Халқаро Жиноят Судига олиб чиқишга қарор этганини хабар қилди.
"Ал-Жазира" Самир Абудақа ўлдирилишини қотиллик деб атади.
Журналистларни Ҳимоя қилиш ташкилоти хабар қилишича, 7 октбярдан буён Ғазода камида 64 журналист ҳалок бўлди, уларнинг аксари фаластинликлардир.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

















