Энди оёқсиз ва ёлғиз: Ғазонинг етим болалари азоблари Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Mahmoud Aki
- Author, Далия Ҳайдар
- Role, BBC News Араб
Ғазода ишлаётган тиббиёт ходимлари ота-онасидан айрилган етим болаларни аташда шундай атамани қўллаяптилар: ЯБТҚЙ - ярадор бола, тирик қариндоши қолмаган.
"Ғазо секторида жароҳатланган ва оиласидан ҳеч ким тирик қолмаган болаларни ифодалаш учун ЯБТҚЙ қисқартмасини қўллашмоқда ва бу қисқартма оз қўлланаётгани йўқ", дейди Би-би-сига "Чегара билмас шифокорлар" ташкилотидан доктор Таня Ҳаж-Ҳассан.
Алоқадор мавзулар:
Мажруҳ ва кимсасизлик ғазолик болалар тушган даҳшатни ифодалайди. Уларнинг ҳаёти сониялар ичида ўзгариб кетган - уларнинг ота-оналари, туғишганлари, бобо-бувилари ўлган, ҳеч нарса аввалгидек эмас.
Ҳамас 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилиб, қарийб 1200 одамни ўлдиргани ва 240 одамни гаровга олганидан сўнг Исроил ҳарбий кампанияни бошлади. Ҳамаснинг Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра урушда қарийб 19000 дан ортиқ одам ўлди, шулардан 7000 дан ортиғи болалардир.
Уйсиз етимлар
Бирорта ҳам оила аъзоси тирик қолмаган, мажруҳ болалардан бири Аҳмад Шабатдир. Уни Ғазо шимолидаги Индонезия касалхонасига олиб келишган. Уч яшарли Аҳмад ноябр ўрталарида Байт Ҳанумдаги уйларига авиазарба берилганда омон қолган. Аммо унинг отаси, онаси ва акаси ўлди.
Унга майда жароҳатлар етган эди. Кейинчалик унинг икки яшар укаси Умар ҳам тирик қолган экан. Катта оиланинг бошқа бир аъзоси топилгач, бу ака-ука ҳам топишди.
"Портлаш бўлгандан кейин Индонезия касалхонасига жароҳатланган бир болани олиб келишгани, унинг ҳеч кими йўқлиги ҳақида айтишди, биз дарҳол ўша ерга бордик, - Аҳмаднинг амакиси Иброҳим Абу Амша. - Аҳмаднинг ёнида бир бегона одам бор экан. Унинг айтишича, портлаш бўлганда Аҳмад учиб кетган ва уйидан 20 метрча наридан топилган".

Сурат манбаси, .
Аҳмад ва Умар ҳозир уйсиз, бошпанасиз етимлардир. Шу боис Иброҳим уларга ўзи ғамхўрлик қилишга қарор қилган. У аввалига уларни Шайх Радван шаҳрига олиб борган, аммо улар портлашдан кейин "Аҳмад ойна синиқларидан жароҳат олгач", улар бошқа жойга кетишди.
Улар БМТга алоқадор мактабда бошпана олиш учун Нусейрат лагерига боришди. Аммо янги жойда ҳам уларга ҳужум бўлган ва бу сафар Аҳмадга оғир жароҳат етди.
"Мактаб эшигидан югуриб чиқдим, Аҳмад ерда ётарди. Иккала оёғи йўқ эди. У мен томон судралиб келарди, қўлларини чўзиб ёрдам кутарди." Ўша вақтда Аҳмад билан бўлган оила аъзоси эса ўлган.
Ўз оиласи ва синглисининг болалари билан сарсон бўлиб юрган Иброҳим Аҳмадни даволаниш учун Ғазодан ташқарига юборишни истайди. "У кўп нарсани истарди, - дейди амакиси. - Футбол кўргани борганимизда футболчи бўлишини айтар эди."
Онамлаб йиғлайди
Аҳмад каби Муна Алван ҳам урушда етим қолган ва ёлғиз мажруҳ қизча. Уни ҳам Индонезия касалхонасига олиб келишган.
Бу икки яшар қизча, она деб йиғлайди, аммо онаси ўлган.
Мунани шимолий Ғазодаги Жабал ар-Раисдаги уйларига қўшни уйга авиазарба берилгач, вайроналар остидан тортиб олишган. Мунанинг ота-онаси, акаси ва бобоси ўлган. Мунанинг кўзига жароҳат етган, жағи синган.
Уни бошқа касалхонага ўтказишди. Уни холаси Хана олиб юрибди.

Сурат манбаси, Mohammed Al-Kahlout
"Биз Муна Наср касалхонасида эканини билдик, бориб кўргач, у эканини танидик", деб тушунтиради Ҳана.
"У шунчаки бақирарди, доим нимадандир қўрқарди, айниқса кимдир ёнига яқинлашса", деб қўшимча қилади у.
Мунанинг тирик опалари ҳам бор, аммо улар Ғазо шаҳрида.
"Уларни жанубга олиб келиш имкони йўқ, - дейди Хана. - Доим ўзимдан сўрайман, энди нима қиламиз? Ким ҳам унинг онаси ўрнини боса оларди?"
"Мен оёғимни ва оиламни йўқотдим"
Жанубий Ғазодаги Хон Юнус шаҳридаги Наср касалхонаси палатаси бурчагида, темир каравотда 13 яшарли Дунё Абу Муҳсин йўқотилган ўнг оёғига қарайди. Оёғи ўрни боғлаб қўйилган.
Узун жингалаксоч қиз, каравотнинг бир четида қизил бахмал кийимда, сассиз, чуқур маҳзун аҳволда ўтирибди.
Дунё укаси Юсуф ва синглиси билан ўз уйларида ухлаб ётганларида берилган зарбадан омон қолган.

Сурат манбаси, Mohamed Al-Kahlout
Аммо унинг ота-онаси, опаси ва акаси ўлган. Ўзи ўнг оёғидан ажралган.
"Отамни кўрганимда қўрқиб кетдим, тошлар орасида қонга беланиб ётарди. Атрофимизда одамлар турарди. Синглим бақирарди, - дейди Дунё. - Ўзимга қарадим. Оёғим йўқ эди. Оғриқ ҳис қилдим ва хаёлимдан "Оёғим қаёққа кетди?" деган ўй ўтди."
"Дунё қачон ва қандай қилиб касалхонага келтирилганини эслолмайди, у ерда ёлғиз қолганини, тиббий хизматчилар унинг яқинларини топиш учун қайта-қайта унга савол берганини эслайди, - дейди унинг аммаси Фадва Абу Муҳсин. - У менга "ҳамшира айтди, уларни Худо раҳмат қилсин деди. Биламан, онам ва отам ўлганини айтмоқчи эди" деди."
Касалхона палатасида ногиронлар аравачасида ўтирган Дунёнинг ёнида ўтирган холаси "мажруҳ бўлиб қолишдан олдин у ўйноқи, бақувват ва жуда ҳаракатчан эди", дейди.
Дунё шундай дейди: "Бугун мен ҳам оёғимдан, ҳам оиламдан айрилдим, лекин ҳали ҳам орзуларим бор. Мен протез оёқ қўйдирмоқчиман, саёҳат қилмоқчиман, шифокор бўлмоқчиман ва бу уруш тугаши ва фарзандларимиз тинч-тотув яшаши учун".
Ғазо бўлгасидаги етимлар сони
ЮНИСЕФнинг коммуникациялар бўйича менежери Рикардо Пиреснинг айтишича, ҳозирда "жанглар шиддати ва вазият тез ўзгариб бораётганини" ҳисобга олсак, Ғазо секторидаги етимлар сонини аниқ билиш қийин.
Пиреснинг қўшимча қилишича, ташкилот етим болаларни аниқлаш ва рўйхатга олиш учун Ғазо бўлгасидаги шифохоналар ва тиббиёт ходимлари билан боғланишга ҳаракат қилган, бироқ "ўта оғир шароитлар туфайли бу ҳаракатлар жуда секин кечмоқда".
Пиреснинг таъкидлашича, "тартибсиз ва гавжум" бошпаналар ва шифохоналар туфайли хавфсиз тиббий ёрдам топиш нафақат "деярли имконсиз", балки "болаларни аниқлаш, кузатиш ва қариндошлари билан топиштиришнинг одатий тизими деярли ишламайди".
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















