АҚШ ва Исроил ўртасидаги “жарлик”: Нетаняҳу Фаластин давлати бўлмаслигини айтди - Янгиликлар

Сурат манбаси, Reuters
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу АҚШ ҳукуматига Фаластин давлати барпо этилишига қарши эканини айтганини билдирди.
Матбуот анжуманида Нетаняҳу Ғазодаги урушни "мутлақ ғалаба" қилмагунча давом эттиришини айтди. Унинг наздида бу Ҳамаснинг йўқ қилиниши ва тутқунликда қолаётган исроиллик асирларнинг қайтарилишини англатади. Унга кўра, бунинг учун "анча ойлар" кетиши мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳамас бошқарувчи Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ғазода 25 минг фаластинлик ўлдирилди, бўлганинг 85% аҳолиси ўз уйини ташлаб қочишга мажбур бўлди.
Исроил эса ҳужумларини камайтириш ва урушни тугатиш йўлида музокараларни бошлаш босими остида қоляпти.
Исроилнинг иттифоқчилари, хусусан АҚШ, ва унинг кўплаб душманлари Исроилни анчадан бери мизғиб ётган "икки давлат ечими"ни қайта тиклашга ундашяпти. Бу ечим Исроил ёнида мустақил Фаластин давлати пайдо бўлишини кўзда тутади.
Кўпгина доираларда ҳозирги уруш икки томонни дипломатия столига қайтаришига умид қилишади. Чунки улар тинимсиз зўравонлик тўлқинларига бошқа муқобил ечимни кўришмаяпти.
Аммо, Нетаняҳунинг баёноти у буткул бошқа ниятда эканини намойиш қилмоқда.

Нетаняҳунинг сўзларига муносабат билдирар экан, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши воизи Жон Керби АҚШ ва Исроил бу масалада фарқли фикрда экани аён эканини айтди.
Пайшанбанинг биринчи ярмида Нетаняҳу Ғазодаги уруш тугагач, Исроил Иордания дарёсининг ғарбидаги ҳудудлар устидан хавфсизлик назоратини ўрнатиши шарт эканини айтган. Бу ҳудуд ҳар қандай келгуси Фаластин давлатининг ҳудуди бўлиши мумкин эди.
"Бу зарур чора, ва у (Фаластин) суверенитети ғоясига зид. Нима қилиш керак? Мен америкалик дўстларимизга тўғрисини айтаман, ва мен Исроил хавфсизлигига рахна соладиган воқеъликни бизга мажбуран тиқиштиришларини тўхтатдим", - деди у.
Нетаняҳу ўз сиёсий фаолиятининг аксар қисмида Фаластин давлатчилигига қарши бўлган ва ўтган ой ҳатто Фаластин давлати қурилишини бартараф қилганидан фахрланишини айтган.
Шундай экан, унинг охирги баёнотидан ажабланмаса ҳам бўлади.

Лекин, Вашингтон илгари сураётган дипломатик қадамни бу қадар очиқчасига рад этиши ва урушни давом эттиришдаги қатъияти Нетаняҳу ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари ўртасида кенгайиб бораётган жарликка ишора қилади.
Ҳамаснинг 7 октябрда 1300 исроилликни ўлдириши ва 240 нафарини гаровга олиши Исроил тарихидаги энг қонли ҳужум бўлар экан, АҚШ Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади.
Аммо, Ғазодаги ўлимлар сони ошиб борар ва даҳшатли суратлар кундан-кунга кўп тарқалар экан, Ғарб ҳукуматлари Исроилдан ўзини тийишни сўради.
Оқ Уй бир неча бор Исроилнинг ҳарбий сиёсатига аралашишга уринди: у ёппасига қилинадиган бомбардимон ўрнига аниқ нишонга ҳаводан ҳужум қилиш, пиёда аскарларни киритмасликка чақирди ва икки давлат ечими музокараларини тиклашга ундади.

Сурат манбаси, Reuters
Жаноб Кербининг айтишича, АҚШ урушдан кейин Ғазо қандай бўлиши борасида "ўта аниқ" фикр билдирган.
"Биз Ғазода Фаластин халқининг орзу ва ниятларини акс эттирадиган бошқарув ўрнатилиши, улар ўз овозига эга бўлишини истаймиз ва Ғазо қайта ишғол қилинишини истамаймиз", - деди у.
Вашингтоннинг маслаҳатлари, баъзида ҳатто АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен Исроилга сафарлар қилганида, очиқчасига рад этилган ёки эътиборга олинмаган.
Исроилнинг бу муносабати Америкадаги баъзи доираларда Байденнинг кўр-кўрона Исроилни дастаклашидан норозиликларга ва Исроил олдига қаттиққўл шартлар қўйиш чақириқларига сабаб бўлди.
Исроил бош вазирининг баёноти унинг тобора камайиб бораётган сайловчиларига ва ўз ҳукуматини тиркаб турган ўнг-қанот вазирларига ёқиб тушади.
Лекин, бу Ғазодаги урушнинг инсоний талафотларидан тобора даҳшатга тушаётган ички ва ташқи кузатувчиларни ваҳимага солади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













