Янгиликлар: Исроил Ғазо урушида сунъий ақлни ишга солмоқда – ўлдириш қарорини энди ким беради? Isroil G‘azo Yangiliklar

Планшет ушлаб турган Исроил аскари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Планшет ушлаб турган Исроил аскари
    • Author, Амира Мҳадби
    • Role, BBC News Араб хизмати

Исроил бекорга мақтанмаганмиди? Янги хавотирлар...

Алоқадор мавзулар:

Исроил-Ғазо уруши: Исроилнинг қандай юксак технологиялари қўлланмоқда? Сунъий ақл-чи?

Исроил армияси - Исроил Мудофаа Кучлари (ИМК) дунёдаги энг илғор армиялардан биридир. 2022 йилги ҳисоботида у "инновацион технологияларнинг муҳим портфелини" яратиш учун қурол саноати билан ҳамкорлик қилгани билан мақтанган эди.

Ғазо уруши сабаб бўлиб, Исроил армияси янги, юқори технологияли қуроллардан фойдалана бошлади.

Сунъий ақл Исроилнинг қурол-яроғларида ҳам, нишонни аниқлашда ҳам катта роль ўйнамоқда. Аммо ИМКнинг таъкидлашича, ўлдириш қарорини барибир охир-оқибат аскар беради.

Ғазо секторидаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 22 мингдан ошди.

ИМК халқаро қонунларга амал қилишини ва тинч аҳоли орасида қурбонларни камайтириш учун эҳтиёт чораларини кўраётганини айтади.

Исроилнинг энг янги юқори технологияли қуроллари нималар?

"Барак" танклари

"Барак" танки

Сурат манбаси, Israeli Ministry of Defence

Сурат тагсўзи, "Барак" танки

"Барак" танки машҳур «Меркава» танкининг "бешинчи авлоди" сифатида кўрсатилган. У сунъий ақлдан бир неча усулда фойдаланади.

Асосий хусусият - танкчиларнинг люклар ёпиқ ҳолда ҳам танк атрофини кўра олишидир. ИМК "ишончли сенсорларнинг кенг инфратузилмаси" деб атайдиган қурилма ташқарини 360 даражада реал тасвирлаб беради.

Биринчи янги танклар 401-зирҳли бригаданинг 52-батальонига беш йиллик ишлаб чиқишдан кейин 2023 йил сентябрь ойи бошида етказиб берилган.

Барак модели, шунингдек, танк атрофида 360 градуслик "ҳимоя қалқони" яратадиган "Trophy фаол ҳимоя тизимлари" билан жиҳозланган. Тизим ўз ракетасини учириш орқали танкка таҳдид соладиган ҳар қандай хавфни бир зумда аниқлайди ва зарарсизлантиради, яъни танкка қарши ҳар қандай ракетани етиб келмасидан бурун портлатиб юборади.

"Spark" дрони

Spark drone

Сурат манбаси, Aeronautics

"Spark" дрони Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг "Бўронли булутлар" дастури доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, у разведка маълумотларини йиғиш ва жанговар ёрдам кўрсатиш учун учувчисиз учиш аппаратлари (ПУА) флоти ҳисобланади. У "Rafael Advanced Defence Systems" ва "Aeronautics Group" томонидан ишлаб чиқарилган.

ИМК янги дрон ҳақида кам гапирган. Унинг билдиришича, "у фаол навбатчи кучларнинг разведка маълумотлари асосида ҳужумкорлиги ва самарасини сезиларли яхшилайди", лекин буни қандай амалга ошириши аниқ эмас.

"Spike Firefly" дронлари

SPIKE FIREFLY

Сурат манбаси, Rafael Advanced Defence Systems

Бу худкуш дрон атиги 3 килограмм оғирликда бўлиб, унга портловчи каллак ўрнатилади.

Ишлаб чиқарувчи "Rafael Advanced Defence Systems" билдиришича, у асосан кўриш чизиғидан ташқарида қўлланади. Бу шуни англатадики, дрон ерда ҳаракат қилаётган аскар кўра олмайдиган душман позициялари устидан уча олади.

Кичкина, кўчма контейнердан чиқарилган дрон белгиланган ҳудудда учиб, 30 дақиқагача ҳавода қолади.

Планшет орқали уни бошқарадиган аскар ёрдамида маълумот тўплайди ва нишонни аниқлайди. У базага қайтиши ҳам, 350 граммли кўп йўналишли парчаланувчи каллак билан қуролланган бўлса, нишонга урилиши ҳам мумкин.

Темир ниш

"Elbit systems" мудофаа компанияси томонидан ишлаб чиқилган "Лазер ва GPS орқали бошқариладиган миномёт". ИМКга кўра, у Ғазо секторида биринчи марта 2023 йил октябрь ойида қўлланган.

Ишлаб чиқарувчининг тавсифига кўра, Темир ниш "барча жанговар шароитларда ишончли ишловчи» 120 мм аниқликдаги миномётдир. Отиш масофаси миномёт трубасига қараб 1-12 км.

Iron Sting mortar in action

Сурат манбаси, Elbit systems

Elbit'нинг билдиришича, жанговар каллак юқори даражада портловчилиги ва парчаланиш эффектига эга бўлгани боис қўш ҳимояли бетон қобиқни тешиб ўтади.

Урушда сунъий ақл қандай роль ўйнайди?

Қурол-яроғда сунъий ақлдан (СА) фойдаланиш уларнинг нишонга аниқ уришини таъминлаш ва тинч аҳоли ўлимини камайтириши даъво қилинса ҳам, БМТ, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) қуролли можароларда САдан фойдаланиш бўйича хавотир билдирган.

Ўтган йил бошида эълон қилинган ҳисоботида ХҚХК "Урушдаги ҳуқуқий мажбуриятлар ва ахлоқий масъулият машиналар ва дастурий таъминот ихтиёрига қолдирилмаслиги керак" деди. Ташкилот Исроилнинг сунъий интеллектдан фойдаланаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ беришдан бош тортди.

Бу хавотирлар автоном қурол тизимларига тегишли, яъни ишга туширилгандан сўнг ўзи нишонни аниқлаб, ўзи урадиган қуроллардир. Булар асосан ракетага қарши мудофаа тизимлари ва баъзи учадиган қуроллар бўлади.

2023 йилда ИМК разведка маълумотларини йиғиш ва нишонларни аниқлаш учун сунъий интеллектдан фойдаланди.

У ИМК томонидан 2021 йилда Ғазо секторидаги 11 кунлик урушда ишлатилган.

Iqtibos

2023 йил июнь ойида Исроилнинг Ynet News янгиликлар сайтига берган интервьюсида Исроил Мудофаа кучлари собиқ бош штаб бошлиғи Авив Кочави Нишонларни аниқлаш бошқармаси бўлинмасини "сунъий ақл билан қуролланган юзлаб офицер ва аскарлардан иборат" деб таърифлаган эди.

"Бу катта ҳажмдаги маълумотларни ҳар қандай одамга қараганда тезроқ ва самаралироқ қайта ишлайдиган ва нишонни аниқ белгилайдиган машинадир", дейди у.

"Биз Ғазо секторида йилига 50 та нишонни аниқлар эдик. Ҳозир бу машина бир кунда 100 та нишонни кўрсатмоқда ва уларнинг 50 фоизига ҳужум қилинмоқда", дея тушунтирди у 2021 йилги Деворлар муҳофизи операциясига ишора қилиб.

ИМК ва "Евангелия" нишонга олиш қуроли

"Евангелия" Исроилнинг сунъий ақл ёрдамида ривожлантирилган нишонларни аниқлаш палтформаси бўлиб, Нишонларни аниқлаш бошқармаси томонидан қўлланмоқда. 2023 йил 2 ноябрда ИМК ўз вебсайтида берган маълумотга кўра бу қурилма кунда 24 соат ишлаб туради.

ИМК маълумотига кўра, бу "автоматлаштирилган воситалардан фойдаланиб нишонларни тезда аниқлаб берувчи тизимдир ... Сунъий ақлдан фойдаланиш ва янгиланган разведка маълумотларини тез ва автоматик равишда олиш орқали у нишонни излаётган аскарга тавсия беради. Аскар эса зарбани йўналтиришдан олдин машина тавсияси ва инсон идентификацияси тўлиқ мос келишини таъминлаши керак.

Тизим Ғазо секторидаги Исроил разведка бўлинмалари томонидан тўпланган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш орқали ҳужум нишонларини аниқлаб беради. Бироқ ИМКга кўра, ҳужумга қарор бериш зобитлар ихтиёрида қолади.

Урушнинг 27-кунида ИМК Ғазо секторида 12 мингдан ортиқ нишон борлигини маълум қилди.

Қуддусда исроиллик тадқиқотчи журналист Ювал Абраҳам Ғазо секторидаги урушда сунъий ақлдан қандай фойдаланишаётганини ўрганмоқда.

Унинг "Оммавий қатл фабрикаси" деб номланган мақола ҳисоботи фаластинлик ва исроиллик журналистлар гуруҳига тегишли мустақил онлайн +972 журнали ва Local call янгиликлар сайти учун ёзилган. Мақола Исроил разведкасининг етти нафар амалдаги ва собиқ аъзоси, жумладан, Исроил операцияларида иштирок этган ҳарбий разведка ва ҳаво кучлари расмийлари билан суҳбатларга асосланган.

Журналистнинг Би-би-сига айтишича, "Евангелия" тизими "жангчилар ва уларнинг оилалари уйлари" ҳамда ИМК ҳисоб-китобларига кўра ўлдирилиши керак бўлган тинч аҳолини ҳам ўз ичига олади. "Ғазо секторида тинч аҳоли ҳалок бўлганда, кўп ҳолларда бу аввалдан белгиланади ва атай амалга оширилади", дея иқтибос келтиради у ўзининг исмини ошкор қилмаган манбасидан. Шунингдек, у 16 ёшдан бошлаб нишонга олинадиган жангчилар ва Ҳамасга ҳужум қилинганда фаластинлик тинч аҳолига зарар миқёси мезонлари ишлаб чиқилганини айтди.

Бу иддаоларга жавобан ИМК расмийлари Би-би-сига шундай дедилар: "Ҳамаснинг ваҳшиёна ҳужумларига жавобан ИМК Ҳамаснинг ҳарбий ва маъмурий имкониятларини йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда. Ҳамаснинг исроиллик эркаклар, аёллар ва болаларга қасддан ҳужумларидан фарқли ўлароқ, ИМК халқаро қонунларга амал қилади ва тинч аҳолига етказилган зарарни камайтириш учун имкон қадар чора кўради".

Ғазодаги вайрон бўлган уйлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғазодаги вайрон бўлган уйлар

"Юқори аниқликдаги" тизимлар даврида тинч аҳоли орасида қурбонлар нега кўп?

Ювал Абраҳамнинг айтишича, унинг Исроил армиясидаги учта манбаси унга Ҳамаснинг юқори мартабали аъзоси деб кўрилган ҳар бир нишонга берилган зарбаларда бир неча юз фаластинлик тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтган.

Унинг таъкидлашича, у гаплашган манба унга "Ҳамаснинг юқори мартабали аъзосига зарба бериш учун улар (илгари) ўнлаб одамлар ўлимига кўз юмишган бўлса, ҳозир эса ўлдирилиши мумкин бўлган тинч аҳоли сони ўтмишдагидан 10-20 баравар кўп", деб айтган.

Ювалнинг Би-би-сига айтишича, унинг манбалари Ғазодаги ҳозирги урушга раҳбарлик қилаётган зобитлар "тинч аҳолига зарар бермаслик учун қабул қилинган барча олдинги протоколлардан воз кечганини" даъво қилган. "Улар бутунлай номутаносиб зарбалар бермоқда, чунки улар нишоннинг сифатига эмас, сонига эътибор қаратмоқда", дея Исроил ҳарбий разведкаси ходими сўзларидан иқтибос келтиради журналист.

Ўшанда ИМК вакили Ювал ёзганидек, +972 ва Local Call'нинг аниқ ҳужумлар ҳақидаги сўровларига жавоб бермаган, аммо умумийроқ гапирган: "ИМК ҳужумлар олдидан турли йўллар билан огоҳлантириш берган. Шунингдек, нишон яқинидаги одамларга қўнғироқлар орқали алоҳида огоҳлантириш берилган (уруш пайтида аҳолини огоҳлантириш учун 25 000 дан ортиқ жонли қўнғироқ суҳбати, миллионлаб овозли хабар, шунингдек, ҳаводан ташланган варақалар, матнли хабарлар юборилган). Умуман олганда, ИМК ғазоликлардан тирик қалқон сифатида фойдаланаётган террорчи ташкилотга қарши курашиш қийинлигига қарамай, тинч аҳолига ҳужумлар натижасида етказилган зарарни камайтиришга ҳаракат қилмоқда".

Би-би-си ИМКдан айбловларга изоҳ беришини сўраган. Жумладан, Исроил Ғазодаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун нима қиляпти ва ҳалок бўлганлар сони ҳисобга олинса, кўрилаётган чораларни етарли бўладими деб сўраган.

ИМК бизнинг аниқ саволларимизга жавоб бермади, лекин биз "халқаро қонунларга мувофиқ ҳаракат қиляпмиз ва тинч аҳолига етказиладиган зарарни камайтириш учун мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўряпмиз" деди.

Исроилнинг айтишича, Ҳамас ўз туннеллари ва қўмондонлик марказларини Ғазо секторидаги фуқаролик инфратузилмаси ичига ва тагига жойлаштириб, Ғазо фуқароларидан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда.

Британия ҳарбий разведкаси собиқ полковниги Филипп Инграм Би-би-си билан суҳбатда Исроил ҳарбийлари учун "агар Ҳамас фуқаролик инфратузилмасида ёки унинг яқинида ҳарбий объектни жойлаштирса, бу уни қонуний ҳарбий нишонга айлантириб қўядиади, деди. Агар бу ерга ҳужум қилишдан мақсад ҳарбий нишонни йўқ қилиш бўлса, бу зарба бериш мумкин бўлган қонуний нишондир".

"Исроилнинг масъулияти тинч аҳоли қурбонларини минималлаштириш учун барча имкониятларни ишга солишдан иборат, аммо бу тинч аҳоли орасида қурбонлар сонини бутунлай йўқотиш дегани эмас. Бу пропорционал бўладими ёки йўқ, буниси энди Исроил қўмондонлари томонидан қабул қилинган сиёсий ва ҳарбий қарордир", дейди у.

Исроилнинг Ғазо марказига берган ҳаво ҳужуми қурбонлари

Сурат манбаси, Anadolu

Сурат тагсўзи, Исроилнинг Ғазо марказига берган ҳаво ҳужуми қурбонлари

"Ақлли" бомбалар ва "соқов" бомбалар

Ушбу урушда янги «ақлли» ва юқори аниқликдаги қуроллар ва нишонларни белгилаш тизимлари эски "соқов" қуроллар ўрнини тўлиқ эгалламаган.

АҚШ Миллий разведка бошқармасининг 2023 йил декабрь ойида эълон қилинган ва унинг CNN янгиликлар сайтига сиздирилган қисман баҳосига кўра: Исроил Ғазо секторига ташлаган 29 мингта снарядларнинг 40-45 фоизи аниқ йўналтирилмайдиган "соқов бомбалар"дир.

Пентагон разведка хизмати собиқ катта таҳлилчиси ва БМТнинг уруш жиноятлари бўйича собиқ терговчиси Марк Гарласконинг айтишича, бу бошқарилмайдиган бомбалар "нишонга олишда 30 метргача хато қилиши мумкин, бу Ҳамас штаби ва тинч аҳоли уйлари ўртасидаги фарқдир". Бу турдаги бомбалар қурбонлари ҳақида аввалроқ BBC Verify хабар берган эди.

ИМКнинг таъкидлашича, "тинч аҳоли кутилмаганда борлиги аниқланса, ҳужум бекор қилинади. Биз ҳар бир нишон учун мос келадиган қуролни танлаймиз, бу кераксиз зарар олдини олади.

ИМК айтишича "нотўғри қуроллар қўлланган"

2023 йилнинг 24 декабрь куни Ғазо секторидаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроилнинг Ғазо марказидаги Мағози қочқинлар лагерига уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 86 киши ҳалок бўлган.

Ҳужумда нотўғри қурол қўлланганини тан олган ИМК Би-би-сига "етказилган зарардан афсусдалигини" айтди.

Исроилнинг Kan news жамоат телерадиокомпаниясига берган интервьюсида исроиллик ҳарбий амалдор шундай деди: "Қуроллар тури ҳужумнинг табиатига мослаб танланади, бунинг натижасида катта зарар олдини олиш мумкин".

Ҳарбийлар айтишича, учоқлар Ҳамас жангарилари жойлашган ҳудудга туташ иккита нишонга зарба берган, бироқ ҳужумлар пайтида бошқа бинолар ҳам зарбага учраган.

Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳужуми Ҳамас жангарилари 7 октябрь куни Исроил жанубига ҳужум уюштириб, Исроилга кўра, 1200 киши, аксарияти тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгач ва 240 га яқин кишини гаровга олгач бошланган.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002