Видео: 200 минг фаластинлик Ғазо шимолига қайтди, Трампнинг ғазоликларни кўчириш таклифига Миср ва Иордания кескин муносабат билдирди
Ўн минглаб фаластинликлар шимолий Ғазога қайта бошлади. Ҳамас буни фаластинликларни кўчиришни истаганлар устидан ғалаба деди. Трампнинг ғазоликларни Иордания ва Мисрга кўчириш таклифига икки давлат кескин жавоб қайтарди.
1,5 йиллик урушдан сўнг эришилган сулҳ доирасида ўн минглаб фаластинликлар Ғазо шимолидаги уйларига қайта бошлади.
Исроил томони Ҳамас асрдагиларни озод қилиш шартларига кўнмади, деган важ билан шимолга ўтадиган йўлакни ёпиб келаётган эди.
Икки ўртада келишув амалга ошгач, маҳаллий вақт билан тонгги 7 да одамлар шимолга қуйила бошлади. Ўз навбатида ҳар биттаси 20 дақиқа давом этаётган текширувлардан сўнг шимолга автомобиллар ҳам ўта бошлаган.
Фаластинлик она Reuters агентлигига шимолий Ғазодаги уйига қайтаркан ўзини "қайта туғилган"дек ҳис қилаётганини айтган.
"Биз ўз заминимиз, ватанимиз, Ғазо шаҳрига қайтаётганимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Алҳамдулиллаҳ, тўғриси биз чарчадик, аммо якунда ғалаба қозондик. Жангчиларга раҳмат. Аллоҳга шукур, мен қайта туғилгандек бўлдим ва биз яна ғалаба қозондик", деган у.

Сурат манбаси, Reuters
Ғазо хавфсизлик расмийлари йўлак очилганидан сўнг 200 минг ғазолик шимолга ўтганини маълум қилди.
Ҳамас ғазоликларнинг шимолга қайтишини "кўчириш режалари" устидан қозонилган ғалаба тимсоли эканлигини айтди.
"Кўчирилганларнинг қайтиши халқимиз учун ғалабадир. Бу ишғол ҳамда кўчириш режаларининг барбод бўлганидан ва мағлуб бўлганидан дарак беради", деган Нетсарим йўлаги очилишидан сўнг Ҳамас ҳаракати.
Ko‘chirilganlarning qaytishi xalqimiz uchun g‘alabadir. Bu ishg‘ol hamda ko‘chirish rejalarining barbod bo‘lganidan va mag‘lub bo‘lganidan darak beradi
Ҳамаснинг иттифоқчиси "Исломий жиҳод" буни "халқимизни кўчиришни орзу қилиб юрганларга жавоб" деган.
Якшанба куни Исроил Бош вазири Нетаняҳу йўлак Ҳамас асирдаги Арбел Яҳудни озод қилиш борасида "чекинганидан" кейин очилганини ҳақида айтган.
"Ҳамас чекинди ва келаётган пайшанба [30 январ] гаровдагиларни озод қилишнинг қўшимча босқичисини амалга оширади", деган Бенямин Нетаняҳунинг X даги идораси берган баёнотда.
Трампнинг ғазоликларни қўшни давлатларга кўчириш таклифи кескин қаршиланди

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазодаг фаластинликларни Миср ва Иордания қабул қилиб олиш истаги икки давлат томонидан кескин рад қилинди.
Трамп Иордания қироли Абдулло Иккинчига мурожаат қилганини ва энди Миср президенти билан бу борада гаплашмоқчи эканлигини айтганди.
Журналист билан суҳбатда Трамп "сиз эҳтимол 1,5 миллион аҳоли ҳақида гапиряпсиз. Биз шунчаки уни тозалаймиз", деган. У ушбу қадам вақтинчалик ёки узоқ муддатга чўзилиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Ҳамас ва Фаластин мухторияти маъмурияти ушбу таклифни қоралаган. Иордания ва Миср расмийлари ҳам унга қарши чиқди.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги "келгиндиларни жойлаштириш ёки ерларни аннекцияси қилиш ё фаластинликларни ўз ерларидан кўчириш ёки кўчиришга тарғиб қилиш ё фаластинликларнинг илдизини вақтинча ёки узоқ муддатга ўз ерларидан қўпориш" каби ҳар қандай уринишларни рад қилди.
Иордания ташқи ишлар вазири қироллик фаластинликларни кўчиришни қабул қилмасликда "қатъий ва собитлигини" таъкидлади.













