Нетаняҳуни ҳибсга олиш қарорини Европа қўллаб-қувватлади, аммо АҚШ “ғазабланди”

Ўнгдан чапга: Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу, собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант ва Ҳамас қўмондони Муҳаммад Дейф.

Сурат манбаси, EPA / Reuters

Сурат тагсўзи, Ўнгдан чапга: Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу, собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант ва Ҳамас қўмондони Муҳаммад Дейф.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ президенти Жо Байден Халқаро Жиноят судининг Исроил Бош вазирига қарши уруш жиноятлари бўйича ҳибсга олиш ордерини “ғазаблантирувчи” деб атади. Бироқ Европа Иттифоқи ушбу қарорни ҳурмат қилишини билдирди.

Халқаро Жиноят суди Бенямин Нетаняҳу ва унинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант ва Ҳамас қўмондони Муҳаммад Дейфга қарши ҳам ҳибсга олиш ордерини чиқарган. Исроил уни июл ойида ўлдирилган деб ҳисоблайди.

Судялар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги уруш давомида уч кишининг "жиноий жавобгарлиги" учун "етарли асослар" бор деб ҳисоблашди.

Европа ва АҚШ ордерга нисбатан турли муносабат билдиришди, бир неча Европа мамлакатлари Халқаро Жиноят суди қарорларини ҳурмат қилишларини маълум қилишди. Буюк Британия ҳукумати суд мустақиллигини ҳурмат қилишини билдирди.

"Халқаро Жиноят суди нимани назарда тутмасин, Исроил ва Ҳамас ўртасида ҳеч қандай тенглик мавжуд эмас", дейилади Байден баёнотида. "Биз хавфсизлигига нисбатан таҳдидлар борасида ҳар доим Исроилни қўллаб-қувватлаймиз".

Бироқ, Европа Иттифоқи ва бутун Европадан расмийлар судни қўллаб-қувватлаш бўйича баёнотлар бердилар.

ЕИ ташқи сиёсат раҳбари Жозеп Боррел "суд қарори ҳурмат қилиниши ва амалга оширилиши керак" деди. Голландия ташқи ишлар вазири "биз ҳибсга олиш ордерлари бўйича ҳаракат қиламиз", деди, Италия эса судни қўллаб-қувватлашини ва у "ҳуқуқий рол ўйнаши керак, сиёсий эмас", деб қўшимча қилди.

Германия канцлери матбуот котиби Берлиннинг Исроил билан "ноёб муносабатлари" борлигини таъкидлаб, кейинги чоралар фақат Нетаньяҳу ва Галлантнинг ташрифи "кутилаётганда" кўриб чиқилишини маълум қилди.

ЕИдаги Исроилнинг икки яқин иттифоқчиси суд қарорига қарши чиқди. Венгрия бош вазири Виктор Орбан Нетаняҳуни таклиф қилишини ва "у келса, Халқаро Жиноят суди қарори Венгрияда амал қилмаслигига кафолат беришини" билдирди.

Чехия бош вазири Петр Фиала судни "демократик давлатнинг сайланган вакилларини исломий террористик ташкилот етакчилари билан тенглаштиришда" айблаб, унинг қарори "муваффақиятсиз қарор" эканлигини айтди.

Исроилга қарши Халқаро судга геноцид бўйича иш қўзғатган Жанубий Африка Республикаси, қарорни қўллаб-қувватлади ва "барча давлат томонларни Рим статути бўйича мажбуриятларига мувофиқ ҳаракат қилишга" чақирди.

Халқаро Жиноят суди Нетаняҳу, Галлант ва Ҳамас қўмондонини ҳибсга олишга ордер берди

Халқаро Жиноят суди Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантни инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар учун ҳибсга олишга ордер берди.

Улар камида 2023 йил 8 октябридан 2024 йил 20 майигача, яъни, айблов томони ҳибс ордери сўраб ариза билан мурожаат қилган кунгача юқорида айтилган жиноятларни содир этишда айбланмоқдалар.

Халқаро Жиноят суди Ҳамас қўмондони Муҳаммад Дейфни ҳам ҳибсга олиш ордерини чиқарди.

Бироқ Исроил ҳарбийлари Муҳаммад Дейф шу йил июлида Ғазога уюштирилган авиа зарбада ўлдирилди, деб хабар тарқатганлар.

"Халқаро Жиноят судининг дастлабки тергов палатаси 2024 йил 21 ноябр куни Рим Статусининг 18- ва 19-бандларига мувофиқ Исроил шикоятини рад этувчи икки қарор қабул қилди", дейилади ХЖС баёнотида.

Хабар қилинишича, ўзининг биринчи шикоятида Исроил Халқаро Жиноят судининг юрисдикцияси Фаластин ҳудудлари ва Исроил фуқароларига татбиқ этилишини савол остига олган.

Иккинчи шикоятида Халқаро Жиноят суди Рим Статусининг 18-моддасига биноан Исроил ҳукуматига тергов бошланаётгани ҳақида янги хабар жўнатишни талаб қилган.

Шунингдек, Исроил суддан ҳамма ишларни, хусусан, Халқаро Жиноят суди прокурорларига тақдим этган Бош вазир Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳисбга олишга ордер чиқариш ҳақидаги аризаларни тўхтатишни талаб қилган.

Халқаро Суд, "икки айбланувчи атайдан ва онгли равишда Ғазо тинч фуқароларини тирик қолиш учун зарур нарсалар, жумладан, озиқ-овқат, суд, дори-дармон ва тиббий воситалар, шунингдек, ёыил-и ва электрдан маҳрум қилганлар", деб топди.

"Ушбу хулоса Нетаняҳу ва Галлантнинг халқаро инсонпарварлик ҳуқуқларни поймол этиб инсонпарварлик кўмакларини етказишга халақит қилиш ва ўз ихтиёрларида бўлган барча имконли воситалар билан ёрдам беришга ноқобилликдаги ролларига асосланган", дейилади халқаро суд баёнотида.

Халқаро Жиноят маҳкамасига кўра, Ғазога инсонпарварлик ёрдамларини етказиш қаршисига қатор шартлар қўйилган, аслида бу шартларга эҳтиёж бўлмаган.

"Инсонпарварлик кўмакларини етказиш операцияларини чеклашга аниқ ҳарбий эҳтиёж ёки халқаро инсонпарварлик ҳуқуқларига мос келадиган бошқа оқлов топилмади", деди ХЖС.

ХЖС баёнотида айбланувчиларнинг Ғазога дори-дармон ва тиббий буюмлар, шу жумладан, оғриқ қолдирувчи воситаларни етказишга тўсиқ қўйиш ва атайин кечиктириш билан даволашга муҳтож одамлар бошидан кечираётган азоб-уқубатлари учун масъул эканликлари алоҳида уқтирилган.

Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиётини бошлаганидан буён Йоав Галлант унинг асосий раҳбарларидан бири эди.

Бироқ шу йил 5 ноябрида Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ўнг қанот ҳукуматида мўътадил овоз сифатида кўриб келинган мудофаа вазири Йоав Галлантни истеъфога чиқарди.

Бунинг сабабини Исроил бош вазири маъмурияти икки раҳбар ўртасида "ишонч инқирози" юзага келгани билан изоҳлади.

Ғазо урушидан олти ой олдин, 2023 йил мартида Бош вазир Нетаняҳу ўртадаги сиёсий қарама-қаршиликлар сабаь Йоав Галлантни лавозимидан бўшатган эди.

Бироқ Галлант истеъфоси Исроилда шунчалар катта норозиликларга сабаб бўлдики, оқибатда Нетаняҳу қарорини бекор қилишга мажбур бўлганди.

Телеграм каналимиз: