Ечинтирилган эркаклар орасидаги фаластинлик қизалоқ тақдири нима бўлди?

Исроил томонидан қўлга олинган бир гуруҳ Ғазолик эркаклар орасида кичик қизалоқни кўриш мумкин (айлана ичига олинган). Би-би-си таниш осон бўлган юзларни яширди

Сурат манбаси, Supplied

Сурат тагсўзи, Исроил томонидан қўлга олинган бир гуруҳ Ғазолик эркаклар орасида кичик қизалоқни кўриш мумкин (айлана ичига олинган). Би-би-си таниш осон бўлган юзларни яширди
    • Author, Фергал Кин
    • Role, Махсус мухбир
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Бир гуруҳ эркаклар орасидан қизалоқни пайқаб олиш унчалик ҳам осон эмас. Уни суратнинг орқароғидан топиш мумкин.

Аскарлар эркакларга ич кийимигача ечинишни буюришган. Бунда ҳатто баъзи қарияларни ҳам аяб ўтиришмаган. Маҳбуслар суратни олган кишига қараб туришибди. Аниқки, сурат исроиллик ҳарбий томонидан олинган.

Сурат биринчи бўлиб, Исроил Мудофаа Кучлари орасида асосли манбаларга эга журналистнинг Telegram аккаунтида эълон қилинган.

Суратда эркаклар хотиржамлигини йўқотган, даҳшатга тушган ва аллақачон ҳолдан тойган кайфиятда кўринади. BBC продюсери пайқаган кичик қизалоқ эса буткул бошқа томонга қарамоқда. Эҳтимол, камера кўрмаган бирор нарса унинг эътиборини тортгандир. Эҳтимол, у аскарлар ва уларнинг қуролларига қарашни шу қадар хоҳламаётгандир.

Ҳарбийлар маҳбусларга узоқ масофаларга чўзилган ва аллақачон бомбалар остида қолган бинолар қаршисида тўхташни буюришган. Ҳамда эркакларнинг қуроллари, ҳужжатлари ва Ҳамасга бўлган қайсидир маънодаги алоқадорликларини текшира бошлашган.

Урушнинг асл даҳшати кўпинча оддий инсонларнинг ҳаётларида бўй кўрсатади. Бир гуруҳ эркаклар орасида қизалоқнинг борлиги ва унинг тобора ҳарбийларга қарамасликка интилаётгани кўпдан-кўп саволларни вужудга келтиради.

BBC
Har tomondan tasodifiy o‘qlar yog‘ilib turardi. Biz Jabaliya qochqinlar lagerining markaziga, nazorat punktiga olib boradigan yo‘lga chiqdik.
Muhammad, 3 yashar Juliyaning otasi
Ga’zo (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Энг аввало, у ким эди? Унинг тақдири қандай кечди? Ваҳоланки, сурат яқинда олинган эди.

Бир вақт ичида юзлаб одамлар ўлдирилди, кўплари яраланди ва яна қанчадан қанчаси ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишди. Болалар ҳаво ҳужумлари остидаги вайроналар тагида ёки дори-дармонлар ва тиббиёт ходимлари етишмаслиги туфайли вафот этдилар.

BBC Arabicдаги "Бугун Ғазо" дастури билан ҳамкорликда биз қизалоқни излашни бошладик. Исроил BBC ёки бошқа халқаро ОАВнинг мустақил равишда Ғазога киришига рухсат бермайди. Шу сабабдан ҳам BBC ишончли фрилансер журналистлар тармоғига таянади. Бизнинг ҳамкасбларимиз суратда тасвирланган ҳудудда жойлашган ёрдам ташкилотлари билан боғландилар.

48 соат ичида жавоб хабарини олишга муваффақ бўлдик: "Биз уни топдик!"

Уч ёшли Жулия Абу Варда ҳали ҳам тирик эди. Журналистимиз Ғазо шаҳрида Жабалиядан қочиб келганлар жойлашган ҳудудга етиб борганида Жулия отаси, бобоси ва онаси билан бирга эди.

Жулия қушларга ўхшаш қаҳрамонлар қўшиқ айтаётган мултфилмни томоша қилар, бироқ Исроил дронининг қўрқинчли овози шаҳарни қоплаган бир маҳалда қўшиқ овозларини эшитиш қарийб имконсиз эди.

Жулия бирданига нотаниш одамнинг эътиборига тушганидан ҳайрон бўлди.

"Сен кимсан?" отаси, ҳазиллашиб сўради ундан.

«Жуулиияаа» деб жавоб берди у, сўзни чўзиб.

Би-би-си Жулия ва унинг отаси Муҳаммадни Ғазо шаҳрида излаб топди
Сурат тагсўзи, Би-би-си Жулия ва унинг отаси Муҳаммадни Ғазо шаҳрида излаб топди

Жулия жисмоний жиҳатдан ҳеч бир жароҳат олмаган. Жемпер ва жинси кийиб олган қизалоқнинг сочлари эса ёрқин кўк гулчалар билан безатилган эди. Аммо унинг юз ифодаси шубҳали кўринарди.

Шундан сўнгра унинг отаси, Муҳаммад сурат ортидаги воқеаларни айтиб бера бошлади.

Сўнгги 21 кун ичида оила беш марта яшаш жойини ўзгартиришига тўғри келган. Ҳар сафар улар ҳаво ҳужумлари ва отишмалардан қочишади.

Сурат олинган куни эса улар Исроил дрони томонидан эвакуация қилиш ҳақида огоҳлантиришни эшитишган эди.

Бу воқеа ИМК Ҳамасга қарши ҳаракат қилаётган Ал-Халуфа туманида содир бўлганди.

"Ҳар томондан тасодифий ўқлар ёғилиб турарди. Биз Жабалия қочқинлар лагерининг марказига, назорат пунктига олиб борадиган йўлга чиқдик."

Оила ўзлари билан кийим-кечаклар, бир нечта банкали консервалар ва шахсий буюмларини олиб олишган эди.

Дастлаб ҳамма бирга эди: Жулиянинг отаси, онаси Амал, 15 ойлик укаси Ҳамза, бобоси, икки амакиси ва амакиваччаси.

Аммо бетартибликда Муҳаммад ва Жулия бошқалардан ажралиб қолишди.

"Мен оломон ва юкларимиз сабабли унинг онасидан анча ортда қолдим. У чиқиб кета олди, мен эса жойимда қолдим," дейди Муҳаммад.

Ота ва қиз охир-оқибат одамлар оқими билан бирга ҳаракат қиладилар. "Биз вайроналарни ва ерда ётган жасадларни кўрдик," дейди Муҳаммад. Табиийки, Жулия ҳам бу манзаларни кўрмаслиги имконсиз эди. Бир йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган урушда болалар бу каби даҳшатли ўлим манзараларига аллақачон одатланиб қолгандек.

Улар Исроил назорат пунктига етиб келишади.

"Ҳарбийлар танклар ва ер бўйлаб жойлаштирилган эди. Улар оммага яқинлашар ва тинч аҳолининг бошлари узра ўқ ёғдиришни бошлар экан, одамлар бир-бирларини итариб, бири бошқасини пана қилишга интиларди."

Алалоқибат, эркакларга ич кийимигача ечинишни буюришган эди. Бу ИМК томонидан яширин қуроллар ёки худкуш бомбаларни топиш учун одатий тартиб сифатида белгиланган буйруқлардан бири ҳисобланади. Муҳаммад айтганидек, уларни назорат пунктида олти-етти соат давомида ушлаб туришган. Суратда Жулиа хотиржам кўринади. Бироқ, отаси унинг кейинроқ қаттиқ безовталанганини эслайди.

"У бақирди ва онасини сўрай бошлади."

Оила қайта бирлашди. Кўчирилганлар кичик жойларга тўпланишган. Оила алоқалари яна мустаҳкам. Жабалиядан келган қариндошлар ҳақидаги хабар Ғазо бўйлаб тез тарқалди. Жулия ўзи ёқтирган одамлар билан овунди. У учун сақлаб келинган ширинликлар ва чипслар бор эди.

Кейинроқ Муҳаммад Жабалиядан Ғазо шаҳрига қочишдан аввал Жулия қаттиқ руҳий жароҳат олганини ҳикоя қилиб берди. Унинг севимли Яҳё исмли амакиваччаси бор эди. Унинг ёши еттида эди. Улар кўчада бирга ўйнашарди. Тахминан икки ҳафта олдин Исроил дрон ҳужуми пайтида Яҳё кўчада эди: У ҳалок бўлди.

"Аввал ҳаёт яхши эди. У югурар ва ўйнарди," дейди Муҳаммад. "Аммо энди, ўт очиш овоздари эшитиларкан , у бармоғини кўтариб, ʻсамолёт!ʼ дея қичқиради. Биз қамалиб қолдик, у эса юқорига қараб, устимиздаги дронни кўрсатади."

Жулиянинг суюкли амакиваччаси Яҳёни кўчада Исроил дрони ўлдирди
Сурат тагсўзи, Жулиянинг суюкли амакиси Яҳёни кўчада Исроил дрони ўлдирди

Unicef — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар агентлиги маълумотларига кўра, урушда 14 минг бола ҳалок бўлган.

"Кун сайин болалар ўзлари бошламаган урушнинг ҳисобини тўлашмоқда", дейди Unicef вакили Жонатан Крикх.

"Кўрган болаларимнинг аксарияти даҳшатли шароитларда ўз яқинларини йўқотишган."

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ғазо секторидаги деярли барча болалар — тахминан бир миллион бола — руҳий ёрдамга муҳтож.

Жулия каби болаларни омади чопган деб аташ мушкул. У кўрган ва йўқотган нарсалар ва у қамалган жойни кўз олдингизга келтирсангизчи. Ким билади, у келажакдаги тушларида нималарни кўраркин ва хотираларида нима муҳрланиб қоларкин. У ҳаёт исталган пайт даҳшатли тарзда тугаши мумкинлигини аллақачон билиб олган бўлса ҳам керак.

Жулиянинг омади — уруш, жанглар, очарчилик ва касалликларга қарамай, уни ҳимоя қилиш учун бор кучларини сарфлаётган оиласининг ёнидалигида.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002