Исроиллик келгиндилар уруш баҳона Фаластин ерларига ўрнашмоқда

Ғассан Олян ерларининг бир қисми янги исроиллик келгиндилар маҳалласи учун тортиб олинган.
Сурат тагсўзи, Ғассан Олян ерларининг бир қисми янги исроиллик келгиндилар маҳалласи учун тортиб олинган.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Фаластиннинг Баттир қишлоғида қадимий террасалар табиий булоқдан суғорилади, ҳаёт асрларча бир маромда давом этиб келган.

ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Баттир ўзининг зайтун боғлари ва узумзорлари билан машҳур. Аммо ҳозир бу ишғол қилинган Ғарбий Соҳилдаги сўнгги аҳоли пунктидир.

Алоқадор мавзулар:

Исроил янги келгиндиларга уй қуриш учун шахсий ерларни олиб қўйиш, бу ерда янги яҳудий турар-жойларини барпо қилишни маъқуллади ва ҳатто Исроил рухсатисиз ҳам янги турар-жойлар қурилмоқда.

"Улар бизнинг мусибатимиз эвазига ўз орзуларини рўёбга чиқариш учун ерларимизни тортиб олмоқда", дейди мулки мусодара қилинганлар орасида Ғассан Олян.

ЮНЕСКО Баттир атрофидаги келгиндилар режаларидан хавотир билдирди, аммо қишлоқ ягона ҳолат эмас. Барча аҳоли пунктлари халқаро қонунларга кўра ноқонуний ҳисобланади, гарчи бунга Исроил қўшилмаса ҳам.

"Улар халқаро қонунлар, маҳаллий қонунлар ва ҳатто Худонинг қонунларини ҳам писанд қилишмайди", дейди жаноб Олян.

Ўтган ҳафта Исроилнинг ички разведка бошқармаси бошлиғи Ронен Бар вазирларга хат ёзиб, Ғарбий Соҳилдаги яҳудий экстремистлар фаластинликларга қарши «террорчилик» ҳаракатларини амалга ошираётгани ва мамлакатга "беҳисоб зарар" етказаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Ғазо уруши бошланганидан бери, босиб олинган Ғарбий Соҳилда яҳудий аҳоли пунктлари кенгайиши тезлашди.

Исроил ҳукуматидаги экстремистлар бу ўзгаришлар мустақил Фаластин давлатининг барпо этилишига тўсқинлик қилади, деб мақтаноқда.

Улар шу мақсад йўлида Ғазодаги урушни чўзишга интилаётганидан хавотирлар ҳам бор.

BBC

Аҳоли пунктлари ўсишини кузатувчи Исроилнинг "Peace Now" ташкилоти вакили Ёнатан Мизрахининг айтишича, Ғарбий Соҳилдаги яҳудий экстремистлар аллақачон таранг ва беқарор вазиятни янада зўрайтириб, Исроил-Фаластин можаросига барҳам беришни ҳар қачонгидан ҳам қийинлаштирмоқда.

Унинг фикрича, 1200 кишининг ҳаётига зомин бўлган 7 октябрь ҳужумларидан кейин Исроил жамиятидаги "ғазаб ва қўрқув аралашмаси" келгиндиларнинг Ғарбий Соҳилда кўпроқ ер эгаллаб олишига ва жазосиз қолишини янада осонлаштирмоқда.

Pew тадқиқот марказининг июнь ойида ўтказган сўрови шуни кўрсатдики, исроилликларнинг 40 фоизи аҳоли пунктлари мамлакатни хавфсизроқ қилишига ишонади, бу 2013 йилдаги 27 фоиздан анча баланд. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 35 фоизи аҳоли пунктлари Исроил хавфсизлигига зарар етказишини айтди, илгари бу кўрсаткич 42 фоиздан кўпроқ эди.

"Менимча, бу жуда хавфли, - дейди Мизрахи. - Бу ҳар икки томонда ҳам нафратни кучайтиради."

Уруш бошланганидан бери Ғарбий Соҳилда фаластинлик тинч аҳолига нисбатан келгиндилар зўравонликлари кескин ошди.

У аллақачон ошган эди, аммо БМТ сўнгги 10 ой ичида 1270 га яқин ҳужумни ҳужжатлаштирди, бу 2022 йилдаги 856 тага нисбатан анча кўп.

B'Tselem инсон ҳуқуқлари ташкилоти билдиришича, худди шу даврда исроиллик келгиндиларнинг таъқиби сабабли фаластинликлар Ғарбий Соҳилдаги камида 18 қишлоқни тарк этган.

БМТ маълумотларига кўра, 7 октябрдан 2024 йил августигача Ғарбий Соҳилда 589 фаластинлик - камида 570 Исроил аскари қўлидан ва камида 11 нафари келгиндилар қўлидан ҳалок бўлган. Улар орасида ҳужумларни режалаштиргани айтилаётган айрим шахслар, шунингдек, қуролсиз тинч аҳоли ҳам бор. Худди шу даврда фаластинликлар беш келгиндини ва тўққиз нафар Исроил хавфсизлик кучлари ходимини ўлдирган.

Шу ҳафта Байтлаҳм яқинидаги Вади ар-Роҳилга келгиндилар ва исроиллик аскарлар кириб келганидан сўнг 40 ёшлардаги фаластинлик эркак отиб ўлдирилгани хабар қилинган эди. Исроил ҳарбийлари билдиришича, аввалроқ яқин атрофдаги Исроил автомобилига тошлар отилган.

Ўтган ой Жит қишлоғида ўнлаб келгиндилар тартибсизликлар уюштириши оқибатида 22 ёшли фаластинлик ҳалок бўлган ва бу халқаро қоралашларга сабаб бўлган эди. Исроил хавфсизлик кучлари тўрт кишини ҳибсга олди ва воқеани "жиддий террорчилик ҳодисаси" деб баҳолади.

Исроил фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи Yesh Din аниқлашича, 2005 ва 2023 йиллар оралиғида келгиндилар зўравонлиги бўйича 3 фоизи судланган.

Исроил ОАВларига сиздирилган Ронен Барнинг мактубида Исроилнинг Шин Бет хавфсизлик хизмати раҳбари радикал келгиндилар ҳуқуқ-тартибот идораларининг бепарволигидан янада дадиллашган.

"Ўта хавфли"

Келгиндилар фақат Ғарбий Соҳилнинг айрим қисмларида ташкил этилган яҳудий жамоаларида яшайди.

Кўпгина аҳоли пунктлари Исроил ҳукуматидан қонуний ёрдам олади; бошқалар яккам-дуккам, чекка ҳудудларда оддий уйларда яшайди, улар Исроил қонунларига кўра ноқонуний ҳисобланади. Аммо экстремистлар уларни кўпроқ ерларни ўзлаштириш учун қуришади.

Иброҳим ва Муҳаммаднинг машиналари тўхтатилди.
Сурат тагсўзи, Иброҳим ва Муҳаммаднинг машиналари тўхтатилди.

Июль ойида БМТ суди биринчи марта Исроилнинг Ғарбий Соҳилни, жумладан, Шарқий Қуддусни босиб олишини ноқонуний деб эълон қилганида, мамлакат барча аҳоли пунктларини қуришни тўхтатиб, имкон қадар тезроқ чиқиб кетиши кераклигини айтган эди.

Исроилнинг Ғарбдаги иттифоқчилари бир неча бор аҳоли пунктларини тинчлик йўлида тўсиқ деб атаган. Исроил бу қарорни рад этиб, "Яҳудий халқи ўз юртида босқинчи эмас" деди.

Ҳозирда экстремистлар Ғарбий Соҳилда аҳоли пунктларини қайтариб бўлмас ҳолга келтириш учун уриняпти, деган хавотирлар бор.

Улар Исроил тарихидаги энг ўнг қанот ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу экстремистлар Ғарбий Соҳилни аннекция қилиш режаларини илгари сурмоқда, шунингдек, уруш тугаганидан кейин Ғазони тартибга солишга очиқ чақирмоқда. Келгиндилар тарафдорлари ҳозир Исроил ҳукумати марказида, муҳим вазирликларда бор.

Келгиндиларнинг манзилгоҳларига қарши бўлган дунё етакчилари яна бир бор икки давлат ечими - алоҳида Фаластин давлатини барпо этувчи узоқ кутилган тинчлик режасига иштиёқ билдираётган бир вақтда, бу ернинг ҳаммаси Исроилга тегишли, деб ҳисоблайдиган исроиллик диний миллатчилар мустақил Фаластин давлати орзусини буткул йўққа чиқариши мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, шунинг учун ҳам баъзи сиёсатчилар сулҳ битимларини қабул қилишдан бош тортмоқда.

"Улар можарога барҳам беришни ёки гаровдагиларни озод қилиш тўғрисида келишувга эришмоқчи эмаслиги сабаби, улар Исроил Ғазода ўрнашиши мумкин бўлган нуқтага етгунча курашни давом эттириш кераклигига ишонишади", дейди Тал Шнайдер, The Times of Israel газетасининг сиёсий мухбири.

"Улар узоқ муддатда уларнинг мафкураси адолатлироқ бўлишига ишонишади, - дея қўшимча қилади у. - Бу уларнинг ўз мантиғи."

Шу билан бирга, Исроил ҳукумати бешта янги аҳоли пункти, жумладан, Баттирдаги аҳоли пунктларини қуриш режаларини эълон қилди ва камида 23 квадрат километрлик рекорд даражадаги ер майдонини давлат учун олмоқчи. Бу шуни англатадики, Исроил бу ерни Исроил ерлари деб билади, хоҳ у босиб олинган Фаластин ҳудудларида бўладими ёки фаластинликларнинг хусусий мулки бўладими ёки иккаласи ҳам, фаластинликлар энди ундан фойдалана олмайди.

Келгиндилар таърифлаганидек, ердаги вазиятни ўзгартириб, улар етарли даражада исроилликларни кўчиришга ва уларни доимийга жойлаштиришга умид қилишади. Уларнинг узоқ муддатли умиди шуки, Исроил бу ерни расман бир кун аннекция қилади.

Давлат томонидан рухсат этилган ерларни эгаллашдан ташқари, экстремистлар тезда чеккароқ жойларда ҳам аҳоли пунктларини қурмоқда.

Хеврон шимолидаги ал-Кануб атрофларида, сунъий йўлдошдан олинган суратлар кўрсатишича, уруш бошланганидан буён бир неча ой ичида янги жойлар ва йўллар пайдо бўлган. Айни пайтда бутун Фаластин жамоаси бу ердан қувиб чиқарилди.

Биз 50 ёшли Иброҳим Шалалда ва унинг 80 ёшли амакиси Муҳаммад билан ал-Қанубга саёҳат қилдик, улар бизга ўтган ноябрь ойида келгиндилар томонидан уйлари вайрон қилинганини айтди.

Биз яқинлашганимизда, экстремист келгинди машинаси билан йўлни тўсди.

Тез орада қуролланган исроилликлар етиб келишди. Гуруҳ - бир неча Исроил Мудофаа Кучлари (ИМК) аскарлари формаларида, нишонлари бор ва улардан бири аҳоли пункти хавфсизлиги зобити - бизни текшириш учун тўхтатди.

Келгиндилар посбони икки фаластинлик фермерни машинадан мажбуран тушириб, уларни тинтув қилди. Икки соатдан сўнг ИМК аскарлари келгиндиларни тарқатиб юборишди ва Би-би-си машинасига йўлни давом эттиришга рухсат беришди.

Исроил Ғарбий Соҳилни 50 йил олдин Иорданиядан тортиб олиб, исроилликларга кўчиб боришга рухсат берди.

Бугунги кунда Ғарбий Соҳилда, Исроил томонидан аннекция қилинган Шарқий Қуддусни ҳисобга олмаганда, уч миллионга яқин фаластинликлар ва 130 дан ортиқ манзилгоҳларда ярим миллионга яқин исроиллик яҳудийлар яшайди.

Аммо 2022 йилда лавозимга киришган ўта ўнгчи ҳукумат арбоби келгиндилар сонини икки баробарга кўпайтириб, миллионга етказишга ваъда бермоқда.

Безалел Смотрихнинг фикрича, яҳудийларнинг бу ерларга Худо берган ҳуқуқи бор. У собиқ бош вазир Бенямин Нетаняху 2022 йилги сайловлар уни ҳокимиятга қайтарганидан сўнг ўзининг бошқарув коалициясига қўшган яҳудий манзилгоҳлар қурилишини қўлловчи ўта ўнг партиялардан бирини бошқаради.

Жаноб Смотрих молия вазири бўлиб ишлайди, лекин айни пайтда мудофаа вазирлигида ҳам лавозимни эгаллаган, бу эса унга Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги сиёсатига кенг кўламли ўзгаришлар киритиш имконини беради.

У аҳоли пунктларига, жумладан, янги йўллар ва инфратузилмага катта давлат маблағларини йўналтирмоқда. Аммо у аҳоли пунктларини қуришни тезлаштириш учун ҳарбийлардан ваколатларни олиб, янги бюрократияни ҳам яратди.

Ўз тарафдорлари олдида сўзлаган ва яширинча ёзиб олинган нутқида Смотрих тизимнинг "ДНКсини ўзгартириш" ва "халқаро ва ҳуқуқий контекстда ютиш осонроқ" бўлган аннекцияни амалга ошириш устида ишлаётгани билан мақтанган.

"Ҳаётим миссияси"

Диний миллатчилар ўнлаб йиллар давомида Исроил сиёсати чеккасида эди.

Аммо уларнинг мафкураси бора-бора оммалашди. 2022 йилги сайловларда партиялар Исроил парламентидаги 120 ўриндан 13 тасини эгаллаб, Нетаняхунинг ўнг қанот коалициясида таъсирли шахсларга айланишди.

Уруш пайтида Безалел Смотрих ва Исроил миллий хавфсизлик вазири бўлган радикал Итамар Бен-Гвир бир неча бор ижтимоий бўлинишларни кучайтирадиган ва Исроилнинг Ғарбдаги иттифоқчиларини саросимага соладиган изоҳлар берди.

Исроил ҳарбийлари фаластинлик маҳбусга жинсий тажовуз қилганликда айбланган заҳирадаги аскарларни ҳибсга олганидан сўнг, жаноб Бен Гвир Исроил учун "энг яхши қаҳрамонларимизни" ҳибсга олиш «уят» эканлигини айтди. Шу ойда Смотрих ғазоликларнинг оч қолишини "оқлаш мумкин ва ахлоқан тўғри" бўлиши мумкинлигини айтди.

Аммо айнан Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторида ўта ўнглар доимий ўзгаришларни амалга оширишга интилмоқда. "Бу фаластинликлар ёки Исроилнинг бошқа араб қўшнилари билан ҳар қандай муросага қарши бўлган исроилликлар гуруҳидир", дейди фахрий исроиллик журналист ва The Economist мухбири Аншел Пфеффер.

Ғазо секторидаги урушда эса ўта ўнглар янги имкониятни кўрмоқда. Смотрих Фаластин аҳолисини мамлакатни тарк этишга чақириб, "чўлни гуллатиши" мумкин бўлган исроилликларга йўл беришга чақирди.

Жаноб Нетаняху Ғазо секторида яҳудий аҳоли пунктларини қайта қуришдан воз кечган бўлса-да, у гаровдаги исроилликларни уйларига қайтариш учун «ўйламасдан» ўт очишни тўхтатиш шартномасини имзоласа, унинг коалициясидаги ўта ўнгчилар коалицияни парчалаш билан таҳдид қилмоқда.

Экстремистлар мантиғига фақат озчилик исроиллик амал қилиши мумкин. Аммо бу урушни узайтирмоқда ва Ғарбий Соҳилнинг ландшафтини кескин ўзгартириб, тинчлик имкониятларига узоқ муддатли зарар етказмоқда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002