Исроил суди ялпи иш ташлашни тўхтатиш буйруғини чиқарди

Сурат манбаси, Reuters
Исроилдаги меҳнат баҳслари бўйича маҳкама ялпи иш ташлаш маҳаллий вақт билан соат 14:30 да тўхтатилиши керак, деган буйруқ чиқарди.
Мамлакатдаги энг қудратли Histadrut касаба уюшмаси ҳукуматдан гаровдаги исроилликларни Ҳамас қўлидан озод этиш бўйича зудлик билан музокара бошлаш талаби забастовка эълон қилган, иш ташлашга жуда идора-ташкилотлар қўшилдилар, натижада банклар, мактаблар ва аэропортлар фаолиятларида узилиш кузатилди.
Фаоллар кўплаб йўлларни тўсиб қўйганлари оқибатида Тел-Авивдаги Бен-Гурион аэропортида бир неча самолёт рейслари кечикди.
Банклар тўла ёпилди, шифохоналар чекланган хизматларни кўрсатди.
Исроил ҳукумати ушбу иш ташлашни сиёсий деб атаб тўхтатишга ҳаракат қилди.
Суднинг забастовкани тушдан кейин тўхтатиш буйруғига қарамасдан, фаоллар уни соат 18 гача давом эттиришларини хабар қилдилар.
Иш ташлаш эълон қилинганидан кейин Исроилдаги айрим шаҳарлар ва ҳокимликлар унда иштирок этмасликларини маълум қилдилар.
Айрим хусусий корхоналар фаолиятини давом эттирган.

Сурат манбаси, Reuters
Reuters ахборот агентлиги хабарига кўра, айрим иш берувчилар ўз ходимларининг иш ташлашга қўшилишларига рухсат берганлар.
Бундан олдин бутун Исроил бўйлаб протестлар бошланди.
Бунга Ҳамас гаровга олган олти исроилликнинг жасади Рафаҳдаги тонелларда Исроил Мудофаа кучлари томонидан топилгани ҳақидаги хабар сабаб бўлди.
Маҳаллий матбуот ҳисоб-китобларига қараганда, Қуддуси Шариф, Тел-Авив ва бошқа шаҳарлардаги норозилик намойишлари қатнашчиларининг сони ярми миллионгача етган.
Намойишчилар Бош вазир Бенжамин Нетаняҳудан гаровга олинган 97 исроилликни қайтаришни талаб қилдилар.
Исроил расмийлари ҳисоб-китобларига кўра, гаровга олинганларнинг учдан бири ҳалок бўлган.

Сурат манбаси, .
Гаровга олинган инсонлар оилалари форуми Бош вазир Нетаняҳудан жавобгарликни ўз зиммасига олишга чақирдилар ва келишувга нима халақит қилаётганини тушунтириб беришни талаб қилдилар.
Бош вазир Нетаняҳуга нисбатан босимлар кун сайин кучаймоқда, айримлар, у жараённи атайин чўзаяпти ва ўзининг сиёсий мақсадларига эришиш учун Ҳамас олдига янгидан-янги талабларни илгари сураяпти, деб ҳисоблайдилар.
Бош вазир Нетаняҳу келишувга эришишни хоҳлашини айтади, бироқ "гаровдагиларни ўлдираётганлар келишувни хоҳламаяптилар", дейди.
Ҳамаснинг юқори лавозимдаги мулозимлари айтишича, ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битимни имзолашдан бош тортган Исроил гаровдаги инсонларнинг ўлими учун жавобгардир.
Мухбирларга кўра, Бош вазир Нетаняҳу билан тез-тез келишмовчиликка бориб турадиган Мудофаа вазири Йоав Галлант ҳам келишувга чақирди, мухолифат раҳбари ва собиқ бош вазир Яир Лапид одамларни Тел-Авивдаги протестларга қўшилишга чақирди.
Боши берк кўчага кириб қолган музокаралар

Сурат манбаси, Getty Images
Мухбирларга кўра, гаровга олинган инсонларнинг айримлари АҚШ ватандошлари бўлганидан Исроил билан Ҳамас ўртасидаги сулҳ келишувини имзолаш йўлида Президент Байденга нисбатан ҳам босимлар ортмоқда.
Гаровга олинганлар ўлими ҳақидаги хабарга АҚШ Президенти Жо Байден "бўшашиб кетгани ва ғазабга тўлгани" билан муносабат билдиргани хабари тарқалди.
2 сентябр куни мухбирлар Президент Байдендан, "гаровдагиларни озод қилиш учун Нетаняҳу етарли иш қилаяптими", деб сўрадилар.
"Йўқ", деб жавоб қайтарган АҚШ президенти гаровдаги инсонларни озод қилиш бўйича "якуний сулҳ яқин" эканини айтди.
Исроил билан Ҳамас тўғридан-тўғри эмас, АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида сулҳ музокараларини юритиб келишаяпти.
Бироқ бир неча ойлик музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.
Кўп ойлар мобайнида Исроил уруш фақат Ҳамаснинг ҳарбий ва сиёсий куч сифатида йўқ қилиниши деб якунланади, деб келди.
Ҳамас эса вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш эмас, доимий сулҳга кўнишини билдириб келади.
Яна бошқа бир неча масалалар сулҳга эришишга монеълик қилиб келади, улар орасида Исроилнинг Ғазодаги, хусусан, Миср билан чагарадаги ҳарбий ҳозирлиги, Ғазо ичкарисида эркин ҳаракатланиш, Ҳамас қўлидаги гаровдагиларни алмашиш кўзда тутилаётган Исроил қамоқхоналаридан озод этилиши талаб қилинаётган инсонлар сони ва номлари ҳам бор.
Ҳамаснинг асосий музокарачиси Халил ал-Ҳайя 1 сентябр куни "Ал-Жазира" телеканалига берган интервюсида, Исроил ҳарбийлари Миср чегарасидаги ва Ғазони қоқ иккига бўлган йўлаклардан чиқиб кетмагунча шартномага қўл қўймаймиз, деб айтди.
Айни пайтда Исроил ҳарбийлари Ғазонинг бир неча жойида Ҳамас жангчилари билан жанг қилишда давом этаяпти.
Исроил ҳарбийлари Ғазо шаҳридаги собиқ мактаб биносидаги Ҳамас қўмондонлик марказига зарба берганларини хабар қилдилар.
Хон Юнус шаҳрига авиа ҳужумда, фаластинлик тиббиёт вакиллари хабарига кўра, икки инсон ҳалок бўлган, 10 киши яраланган.
Ўтган йил 7 октябр куни Ҳамас Исроил ҳудудига қуролли ҳужумлар уюштирган, қарийб 1200 кишини ўлдириб, 250 одамни гаровга олган эди.
Бунга жавобан Ҳамасни йўқ қилишга ваъда қилган Исроил Ғазода йирик ҳарбий амалиёт бошлади.
2 сентябр куни Ҳамас назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлган инсонларнинг сони 40786 кишига етгани, 94224 инсон яраланганини хабар қилди.
21 август. АҚШ Исроил Бош вазирини сулҳ борасида танқид қилди - Исроил Ғазодан чиқмайдими?

Сурат манбаси, PA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали расмийси Бенямин Нетаняҳу томонидан билдирилган фикрларга қарши чиқиб, Исроил Бош вазирини "максималистик баёнотлар" беришда айблади ва уларни "сулҳ битимини якунига етказишда конструктив эмас" деб атади, деб хабар қилди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан бирга сафарга чиққан Би-би-сининг Давлат департаментидаги Би-би-си мухбири Том Бейтман.
Бу АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен томонидан олиб борилаётган минтақавий дипломатия жараёнининг қизғин даврида содир бўлди. Вашингтон сулҳ ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув борасида натижага эришишга ҳаракат қилмоқда.
Душанба куни Блинкен Қуддусда Исроил раҳбари билан уч соатлик музокаралар ўтказди.
У кейинчалик жаноб Нетаняҳу Вашингтоннинг баҳсли масалаларни ҳал қилиш ва Исроил ҳамда Ҳамасни битимга яқинлаштириш мақсадида таклиф қилинган "ўтиш таклифи"ни қабул қилганини айтди.
Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, кейинчалик Нетаняҳу гаровга олинганларнинг оилалари билан учрашувда Блинкенни Исроил қўшинлари Миср билан жанубий чегарасини ўз ичига олган "стратегик ҳарбий ва сиёсий активлар" деб таърифлаган Ғазо ҳудудларида қолиши кераклигига "ишонтирганини" айтган.
Бу фикрлар АҚШ маъмуриятини безовта қилган кўринади.
"Биз бош вазирнинг, хусусан, ушбу масалалар бўйича изоҳларини кўрдик", - деди ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган юқори мартабали расмий.

"Биз, албатта, жамоатчилик олдида музокаралар олиб бормаймиз, лекин айтишим мумкинки, давлат котиби Блинкен ва Қўшма Штатлар ишонч ҳосил қилган ягона нарса - сулҳ таклифини якунига етказиш зарурати".
"Агар Ҳаммас ҳам ушбу таклифни қабул қилса, айрим техник тафсилотлар бўйича музокаралар давом этишини кутамиз".
"Шуни ҳам қўшимча қилмоқчиманки, бу каби максималистик баёнотлар сулҳ битимини якунига етказишга конструктив ёрдам бермайди ва албатта, келишувга эришган тақдирда, техник музокаралар ва амалий масалаларни илгари суриш қобилиятини хавф остига қўяди", дейди у.
Юқори мартабали расмийнинг изоҳлари сешанба куни Блинкен ва Миср президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сиси ўртасида Эл-Аламейн соҳил шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар доирасида янгради.
Миср расмийлари Исроил қўшинларининг Ғазода Миср чегараси яқинида қолиши ғоясига қаттиқ қарши эканликлари айтилмоқда.
Мисрдан сўнг, Блинкен кейинги музокаралар учун Қатарга, яъни Яқин Шарқ бўйлаб саёҳатининг сўнгги манзилига йўл олди.
Би-би-си давлат котиби билан бирга саёҳат қилди ва Доҳа шаҳридан жўнаб кетишидан олдин уни қисқа суҳбатга тортди.
У илк бор АҚШнинг "ўтиш таклифи" Исроилнинг Ғазодан чиқиши бўйича "батафсил режани" ўз ичига олганини айтди.
"Келишувда Ғазодан Исроил мудофаа кучларининг чиқиш жадвали ва жойлашуви аниқ кўрсатилган ва Исроил бунга рози бўлди", - деди Блинкен.
У Би-би-сининг Нетаняҳу "Блинкенни Ғазода қўшин сақлаб қолишга ишонтиргани" борасида даъволари ҳақидаги саволига шундай жавоб берди: "Мен у айтган гапларга изоҳ бера олмайман, лекин мен кеча (душанба куни) уч соат давомида бевосита ундан эшитган нарсам ҳақида гапира оламан", деди.
"Бу Исроилнинг ўтиш таклифини қўллаб-қувватлаганлиги ва шу тариқа батафсил режани қамраб олди. Бу режа бошқа нарсалар қаторида жуда аниқ жадвал ва Ғазодан чиқиш учун жойлашувларни ҳам ўз ичига олади", дейди у.
"Тўлиқ чиқиш" ҳақида таклиф бўлганми ёки йўқми деган саволга жаноб Блинкен режа тафсилотларини бермаслигини айтди.
Ҳамас сўнгги сулҳ таклифларини аввалги музокараларда келишилган нарсаларга нисбатан "тўнтариш" деб атади ва Ғазо бўйича сулҳ режаси янги музокараларга эмас, балки июл ойидаги музокараларга асосланиши кераклигини қайта таъкидлади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













